Қуръони Карим ҳар бир даврда қиёматга кадар мўъжиза бўлиб қоладиган илоҳий Китобдир. Инсон ушбу китобга эргашгани сари юксала боради. Қуръони Карим ваҳий бўлган пайтларда араб тили балоғат ва фасоҳатда энг юксак даражага кўтарилган эди. Қуръон нозил бўлгач, фасоҳат ва балоғатда тенгсиз бўлган шоирлар Қуръон қаршисида бўйин эгишга мажбур бўлдилар. Қуръон услуб ва тил жиҳатдан мукаммалдир.
Қуръон сураларининг ўқилишида ҳам ўзига хос оҳанг мавжуд бўлиб, бу ҳам унинг ўзига хос бўлган мўъжизасидир. Унинг сўзлари оҳанги билан инсоннинг руҳиятига кириб боради, қалбини лиммо-лим қилади.
Сўз уч овозни ифодалайди:
1. Ҳарф маҳраж ва ҳаракатлари билан тараннум саслари. 2. Руҳнинг маъносини ифодаловчи, руҳан ҳарфлар ила инсоннинг қалбига таъсири. 3. Ақлни ҳайратга солувчи таъсир.
Қуръони Каримда ифодаланган маънони англаш ва англатиш жараёнида қалбларга бахш этиладиган нурли илҳомлар инсонни илоҳий ўйларга чўмдиради. Ўлик қалблар уни тинглаш орқали ҳаётга қайтадилар.
Қуръони Карим ўтган кавм ва миллатларнинг ҳаётларини мисол келтириш билан инсонга катта сабоқ беради, уни қиссадан ҳисса чиқариб олишга чорлайди.
Қуръони Карим инсонга ато этилган китобларнинг энг буюгидир. Инсон унда ўз сажиясини, маънавиятини ва ҳар турли шифони кўради. Гўзал ахлоки ва инсонийлиги билан бутун дунёга ўрнак бўлган Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳам инсонларга ҳақиқий саодатга элтувчи йўлларни кўрсатади.
Қуръони Карим доимий бир машъала бўлиб инсонларнинг йўлини ёритиб туради. Унинг асослари воситасида фақирлик, сафолат, жаҳолат ва бутпарастлик сингари ёмонликлар узоқлашади. Қуръон асосларига амал қилинсагина, инсонлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-муҳаббат алоқалари мустаҳкамланиб, ҳақиқий маънодаги ҳуррият ва маданият юзага келади
Инсоният Қуръони Каримдек неъматни бергани учун Аллоҳга шукр ва ҳамд айтиши лозим. Чунки асрларнинг кўҳналашган фалсафаси ва нотўгри фикрлар унинг воситасида ойдинликка чиқади. Қуръон инсонларга ҳам диний, ҳам дунёвий билим беришига кўра мукаммаллик касб этади. У инсонлар ўртасида ўзаро муомала маданиятидан тортиб илмда ҳайратга сабаб бўладиган кашфиётларни ўзида жамлагандир. Ақлли бандалар учун Қуръони Карим улкан илм хазинасидирки, бу хазинани уммонлар чексизлиги билан ҳам қиёслаб бўлмайди.
|