A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръонда ахлоқ хусусидаги қирқ оят
PDF Босма E-mail

Ҳар бир оят инсон учун улкан тарбия ва ахлоқ манбаи саналади. Уларнинг ҳар бири инсонни комиллик сари етаклайди. Қуйидаги қирқ оят инсонга бу борада гўзал ўгитлар беради.

Оли Имрон сурасининг 103-ояти:
«Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони» (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро садоқатда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда  сизларни ундан қутқарди. Шояд, ҳак йўлни топгайсизлар, деб  Аллоҳ ўз оятларини сизларга шундай баён қилади».
Оятда келган арқон, асли Қуръон бўлиб, уни ўзига дастурул амал қилиб олган банда ҳак йўлни топиб, саодатга эришиши баён қилинмоқда. Барча мусулмонлар Қуръон воситасида бирлашиб, баҳамжиҳат бўладилар ва асло фирқаларга бўлинмайдилар. Бу мусулмонларнинг биринчи вазифасидир.

Анфол сурасининг 46-ояти:
«Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сутлашиб кетурсиз ва «шамолингиз» (обрўйингиз) кетиб қолур. Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир».

Наҳл сурасининг 90-ояти:
«Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур».

Исро сурасининг 23-ояти:
«Рjббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!»

Зуҳо сурасининг 9-10-оятлари:
«Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг!»

Ушбу оят билан етимлар хусусида бағрикенг бўлишимиз ва эшигимиз тагига келган гадоларни ҳам ёмон сўзлар билан ҳайдамаслигимиз лозимлиги уқтирилган.

Нур сурасининг 22-ояти:
«Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир».

Бу оятда инсоннинг кечиримли бўлиши уқдирилади. Банда кечиримли бўлса, Аллоҳ ҳам унга нисбатан кечиримли бўлиб, уни мағфират этади.

Фуссилат сурасининг 33-ояти:
«Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, «Мен мусулмонлардандирман»,  деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?!»
Бу оят Аллоҳга ишонган, Унга дуо қиладиган, Қуръони Каримда билдирилган солиҳ амалларни бажарадиган, мусулмонликдан ифтихор туядиган банданинг Аллоҳ наздида қанчалар юксак қадрланишига ишорадир.

Аъроф сурасининг 199-ояти:
«Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жохиллардан эса юз ўгиринг!»
Инсон кечиримли бўлиш билан яхшилик сари юз тутади, жоҳиллардан узоқ бўлиш билан эса ёмонликлардан ўзини сақлаган ҳисобланади.

Нисо сурасининг 86-ояти:
«Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зотдир».

Нисо сурасининг 1-ояти:
«Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Роббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир».
Аслида, оятда таъкидланганидек, инсонлар бир-бирларига бегона эмас. Шундай экан, душманликка на ҳожат ва айниқса, қариндошлар ўртасидаги боғлар мустаҳкамроқ бўлиши лозим. Бунинг учун эса улар ўртасида ўзаро севги ва ҳурмат туйғулари бўлиши лозим.

Моида сурасининг 2-ояти:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳнинг (ҳажга доир) шиорларини, «Ҳаром ой» (ҳаж ойлари)ни, қурбонликларни, (уларга тақиб қўйилган) тақинчоқларни, Парвардигорларининг фазли ва розилигини топиш нияти билан Байтул-Ҳаром (Каъба)га борувчиларни (уларга қаршилик қилишни) ҳалол деб ҳисобламангиз! Ҳалол (қилинган ҳолат)га чиққанларингизда эса  ов қилаверингиз. Сизларни Масжидул-Ҳаромдан тўсувчи қавмнинг адовати тажовуз қилишингизга ундамасин! Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик килмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир».
Кўриниб турганидек, яхши ва эзгу амалларда ўзаро кўмаклашиш тавсия этилган бўлиб, гуноҳ ва зарарли ишларда бир кишининг бошқасига ёрдамлашиши тақиқланган.

Бақара сурасининг 267-ояти:
«Эй, иймон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ Зотдир».
Бу оятда ҳалол ишлаб топилган даромаддан ва яхши нарсалардан бошқаларга бериш айтилган бўлиб, ёмон ва ҳалол бўлмаган нарсаларни эҳсон қилмаслик таъкидланган.

Оли Имрон сурасининг 134-ояти:
«Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар».
Ҳақиқий тақводор кишилар мўл-кўлликда бўлган пайтларида ҳам танг аҳволда бўлган пайтларида ҳам яхшилик қилишни канда қилмайдилар.

Исро сурасининг 34-ояти:
«Етимнинг молига, то у вояга етгунича, яқинлашмангиз, илло, чиройли йўсинда бўлса, майли. Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир».
Етимнинг моли омонатдир, унга ҳомийлик қилаётган киши мана шу омонатга хиёнат килмасликка ахд килади. Инсон бу аҳдига содиқ бўлиши лозим. Албатта, бу қиёмат кунида сўралажакдир.

Нисо сурасининг 58-ояти:
«Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир».
Омонатга хиёнат қилмасликка Қуръони Каримда алоҳида урғу берилади.

Нисо сурасининг 114-ояти:
«Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўкдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу − яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз».
Ушбу оятда мунофиқларнинг ўзаро шивирлашиб яширинча гаплашишларида хайр йўқлиги, бироқ одамлар ўртасини ислоҳ қилиш учун бўлса, яхшиликка эканлиги уқдирилади.

Бақара сурасининг 148-ояти:
«Ҳар бир (диндор) учун ўзи юзланадиган тарафи (қибласи) бор. Бас, хайрли ишларда ўзиб кетингиз! Қаерда бўлмангиз, Аллоҳ ҳаммангизни (маҳшаргоҳга) келтиражак. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир».
Бу оятда эса мусулмонларнинг доимо эзгу ишларда бир-бирларидан ўзишга ҳаракат қилишлари айтилади.

Оли Имрон сурасининг 133-ояти:
«Роббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз».
Аллоҳнинг мағфирати жуда кенг, бироқ мўмин банда мана шу мағфиратга эришиш учун солиҳ амал қилишни кечиктирмаслиги, эзгулик учун шошилиши лозим.

Раъд сурасининг 24-ояти:
«(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши?!»
Инсоннинг бу дунёга келтирилишидан асосий мақсад Парвардигорининг розилигини қозонишдир. Аллоҳ бандаларини синаш учун унга турли синовлар юборади. Ана шу йўлда сабр қилганлар эса яхши оқибатга − жаннатга ноил бўладилар

Нисо сурасининг 36-ояти:
«Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди».
Фақат ва фақат Аллоҳга ибоат қилинади, Ундан бошқасига ибодат қилиш эса ширкдир. Аллоҳ бундай бандаларни севмайди.

Анъом сурасининг 120-ояти:
«Гуноҳнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам тарк этингиз! Албатта, гуноҳ қилганлар қилмишлари туфайли жазоланурлар».
Аллоҳ, шубҳасиз, бандаларини кўриб тургувчидир. Шу боис хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ яширин − гуноҳ қилишни тарк этиш лозим.

Анъом сурасининг 151-ояти:
«Айтинг: «Келингиз, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз − Биз сизларни хам, уларни ҳам ризқлантирурмиз − фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ тақиқлаган (жон)ни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир»».

Аъроф сурасининг 56-ояти:
«Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир».

Моида сурасининг 32-ояти:
«Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир». Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир».

Исро сурасининг 32-ояти:
«Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир».

Моида сурасининг 28-ояти:
«Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз».
Ҳар бир банда ҳаромдан узок бўлиши, фақат ҳалол ризқдан ризқланиши ва оиласига ҳам ҳалол луқма едириши лозим. Ҳаромдан тийилмаган банда охир-оыибат бунинг ёмон оқибатини кўради. Зеро, Аллоҳ бундай ҳаракат учун Ўзидан қўрқишини таъкидламокда.

Моида сурасининг 90-ояти:
«Эй, иймон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимлик), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд, (шунда) нажот топсангиз».

Бақара сурасининг 275-ояти:
«Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) қўпадилар. Бунинг сабаби: уларнинг: «Байъ (савдо-сотиқ) ҳам судхўрликнинг худди ўзи» деган гаплари (ақийдалари)дир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган. Бас, ким Роббидан насиҳат етгач, (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввалги ўтгани   ўзига ва унинг иши Аллоҳга (ҳавола). Ким яна (судхўрликка) қайтса, ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда абадий қолувчилардир».

Моида сурасининг 3-ояти:
«Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло, (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир). Яна бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўшти) ва фол чўпларидан қисматингизни исташингиз (ҳам ҳаром қилинди). Бу ишингиз фосиқликдир. Бугунга келиб, энди кофирлар динингиз (мағлубияти)дан ноумид бўлдилар. Шунинг учун улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз! Ана, энди, бугун  динингизни камолга етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим. Кимки, гуноҳга мойиллигидан эмас, балки очарчиликда (мазкур ман этилган нарсалардан ейишга) мажбур бўлса, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир».

Исро сурасининг 37-ояти:
«Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан».
Кибру ҳаво энг ёмон хулқлардан бири бўлиб, у инсонга фойдадан кўра зарар етказади. Ҳеч ким кибрли инсонни ҳурмат қилмайди, ундан узоқ бўлишга интилади.

Ҳужурот сурасининг 11-ояти:
«Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Иймондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир».

Ҳужурот сурасининг 12-ояти:
«Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир».

Исро сурасининг 36-ояти:
«(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)».
Ҳар ким билган нарсасини, ишини қилиши лозим, билмаган ишига эса аралашиб ўзига зиён қилмаслиги керак.

Исро сурасининг 23-24-оятлари:
«Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишигизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!»
Қуръондаги энг муҳим хусуслардан бири фарзанднинг ота-она олдидаги бурчи ниҳоятда катта эканлигини билдиришдан иборат. Бизни дунёга келтириб вояга етказган ота-онамизни ҳар доим эъзозлаб, азизлаб кафтимизда кўтариб юришимиз лозим.

Исро сурасининг 26-ояти:
«Қариндошга, мискинга ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!»

Нисо сурасининг 59-ояти:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Бордию бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз − Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз − уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир».
Ўзимиздан катталарга итоат этишимиз, уларнинг айтганларини бажаришимиз лозим. Бу ишнинг мақбул иш экани Қуръонда алоҳида таъкидлаб ўтилмоқда.

Анфол сурасининг 27-ояти:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингизга қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!»
Омонатларга хиёнат қилмаслик мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир. Аллоҳ ва Пайғамбарнинг омонати эса омонатларнинг энг буюгидир.

Қалам сурасининг 4-ояти:
«Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!»
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам ): «Мен макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман», деганлар. Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг биринчи даражадаги комил инсон эканларига шубҳа йўқдир.
Юкоридаги оятлар инсоннинг гўзал ҳаёт қуриши ва солиҳ банда бўлиши учун Қуръони каримда кўрсатилган муҳим хусуслар бўлиб, уларни ўзида жамлаган ҳар бир банда Аллоҳнинг розилигига эришиб, мукофотга (жаннатга) ноил бўлади.