A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръоннинг етти ҳарфда нозил бўлиши
PDF Босма E-mail

Қуръони Карим етти ҳарфда нозил қилингани ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Жаброил менга (Қуръонни) бир ҳарфда ўқиб берарди. Бас, мен ундан то етти ҳарфга етгунича зиёда қилишни сўрайвердим» (Муттафақун алайҳ).
Бу ерда «ҳарф» деганда «услуб», «тур», «хил» маънолари англашилади.
Бундан келиб чиқадики, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз умматларига енгиллик, кенглик ва раҳмат бўлиши учун Аллоҳ таолодан Қуръонни бир неча ҳарфда нозил қилишини сўраган эканлар. Шу зайл Қуръон етти ҳарфда нозил бўлди.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётлик пайтларида Ҳишом ибн Ҳакимнинг Фурқон сурасини ўқиганини эшитган эдим. Унинг қироатига қулоқ тутсам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга ўргатмаган бошқа услубда ўқияпти. Шунда мен намозда ўтирган ҳолида унинг ёқасидан тутмоқчи бўлдим, аммо сабр қилиб, намозини тугатиб олишини кутдим. У салом бериб, намоздан чиққач, ёқасидан олиб, «Ҳозир мен эшитган қироатни сенга ким ўргатди?!» – дедим[1]. У бўлса: «Расулуллоҳнинг ўзлари ўргатганлар», – деб жавоб берди. Мен: «Ёлғон айтяпсан! Чунки  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга сен ўқигандан бошқача (қироат)ни ўргатганлар», – дедим-да, уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига олиб бордим ва: «Мен манави Фурқон сурасини бошқача услубда ўқиганини эшитдим, Сиз уни менга ўргатмаган эдингиз», – дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга қарата: «Уни ўз ҳолига қўй!» – дедилар. Сўнгра Ҳишомга: «Эй Ҳишом, ўқи!» – дедилар. Ҳишом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га мен эшитган услубда қироат қилиб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бу (сура) шундай нозил қилинган», – деб айтдилар. Мен ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ўзлари ўргатганларидек қироат қилиб бердим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бу (сура) шундай нозил қилинган. Дарҳақиқат, Қуръон етти ҳарфда нозил қилинган. Бас, ундан қодир бўлганингизча ўқинглар!»[2] дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳадисдаги «етти ҳарф»дан мурод нима экани борасида уламолар ўртасида ихтилофлар бор. Абу Ҳотим ибн Ҳиббон ушбу мавзуга доир ўттиз беш қавлни келтириб ўтган. Ибн Арабий айтади: «Бундан мурод нима эканлиги ҳақида бирон ривоят ёки хабар келмаган». Халил ибн Аҳмад: «Етти ҳарфдан мурод етти қироатдир», деган. Айтиладики: «Етти ҳарф арабларнинг етти қабиласини англатади». Бу фикрни Абу Убайд ва Саълаба айтганлар. Муҳаммад ибн Али Шавконий айтади: «Ҳадисдаги етти ҳарфдан мурод арабларнинг тилларидир. Зеро, арабларнинг етти хил тили мавжуд. Ушбу тиллар баъзи сўзларда бир-биридан фарқ қилади, аммо аксарият қисми бир-бирига мувофиқ».
Кўпчилик уламолар имом Абулфазл ар-Розийнинг бу борада билдирган фикрини маъқуллаганлар. У ҳам бўлса, баъзи ўзгариш ва турли хилликларда кўзга ташланади. Улар қуйидагилар:
Биринчиси: исмларнинг бирлик, иккилик, кўплик[3], музаккар ва муаннасда фарқланиши. Масалан:
وَعَلَى ٱلَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍصلى 
Бу ердаги бирлик шаклда келган مِسْكِينٍ сўзи кўплик шаклида مَسَاكِين бўлиб ҳам ўқилади.
فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ
Иккиликдаги أَخَوَيْكُمْ сўзи кўплик шаклида إِخْوَتِكُمْ деб ҳам ўқилиши мумкин.
وَلاَ يُقْبَلُ مِنْهَا شَفَاعَةٌ
Оятдаги يُقْبَلُ сўзи музаккар жинсида бўлиб, у муаннас шаклда تُقْبَلُ тарзида ҳам ўқилади.
Иккинчиси: феълларнинг ўтган (мозий) ёки ҳозирги-келаси замон (музорий), буйруқ майли (амр)да тусланишидаги турли хил шакллар. Масалан:
فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا
Оятдаги تَطَوَّعَ  сўзиيَطَّوَّعُ   деб ҳозирги-келаси замонда ҳам ўқилиши мумкин.
قَالَ رَبِّى يَعْلَمُ ٱلْقَوْلَ فِى ٱلسَّمَاءِ وَ ٱلأَرْضِصلى
Бу ерда ўтган замондаги قَالَ феъли буйруқ майлида قُلْ деб ҳам ўқилади.
Учинчиси: эъроб, яъни ҳарфлар ҳаракатининг турли хиллиги. Масалан:
وَلاَ تُسْئَلُ عَنْ أَصْحَابِ ٱلْجَحِيمِ
Бу ердаги لاَ تُسْئَلُ сўзи жазмда لاَ تَسْئَلْ деб ҳам ўқилади.
Тўртинчиси: баъзи ҳарфларнинг тушиб қолиши ёки зиёдалашиши. Масалан:
وَسَارِعُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ
Оят бошидаги وَسَارِعُوا сўз олдидаги «вав» ҳарфи тушиб қолиб, سَارِعُوا деб ҳам ўқилади.
Бешинчиси: баъзи сўзларнинг ўрин алмашиниши, яъни олдинга ёки орқага ўтиши. Масалан:
وَقَاتَلُوا وَ قُتِلُوا...
Ушбу оятда قَاتَلُوا сўзи олдин, قُتِلُوا кейин келмоқда. Шунингдек, قُتِلُوا аввал, сўнг قَاتَلُوا ўқилиш шакли ҳам мавжуд.
Олтинчиси: ҳарфларнинг ўрин алмашинишидаги турли хиллик. Масалан:
هُنَالِكَ تَبْلُوا كُلُّ نَفْسٍ مَّآ أَسْلَفَتْ
Оятдаги تَبْلُوا  сўзи икки «та» билан تَتْلُوا деб ҳам ўқилиши мумкин.
Еттинчиси: лаҳжалардаги турли хилликлар, яъни араб лаҳжаларида баъзи сўзлар талаффузининг бир-биридан фарқланиши мавжуд. Масалан, خُطوَاتٌ сўзини خُطُوَاتٌ ёки خُطْوَاتٌ деб ўқиш мумкин. Шунингдек, بيُوتٌ сўзи بُيُوتٌ ёки بِيُوتٌ деб ўқилади[4].
Юқорида келтирилган мисоллар ҳақидаги тўлиқроқ маълумотни Шайх Али ибн Мустафонинг «Муҳаззабу тафсирил жалолайн» номли китобидан олишингиз мумкин.
Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил қилинишидан кўзланган ҳикмат.
Маълумки, арабларнинг лаҳжалари турлича бўлиб, уларнинг асоси бир. Агарда Аллоҳ таоло Қуръонни бир услубда, бир ҳарфда нозил қилганида, бу нарса умматга машаққат туғдирган бўларди. Шу сабаб Меҳрибон Аллоҳ таоло бандаларига Ўз Динини осон қилгани каби, Китобини мўмин бандалар ёд олишлари, ўқиб амал қилишлари учун енгил қилиб қўйди, Ҳабиби Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га уни етти ҳарфда қироат қилишга изн берди[5]. Шунингдек, бунинг яна бир ҳикмати шуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг рост Пайғамбар эканликларини тасдиқловчи мўъжиза сифатида Қуръон У кишига шу зайлда нозил бўлди. Зеро, фақат Қурайш лаҳжасинигина биладиган кишининг бошқа лаҳжаларда илоҳий хабарларни келтириши мўъжиза бўлмай нима ахир!?

«Тажвид қоидалари» китобидан