Қуръони Карим Аллоҳ томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га 23 йил — рисолат даври (610 — 632 йиллар)да нозил қилинган илоҳий Китоб бўлиб, у 114 сура, 6210 оят, 77434 сўздан таркиб топган.1. Машҳур фиқҳшунос олим Муҳаммад Юсуф Мусонинг кўрсатишича, фиқҳий-ҳуқуқий масалалар бўйича Қуръонда қуйидаги соҳаларда оятлар мавжуд: 1. Ҳаққуллоҳ (амалий ибодатлар) бўйича — 140 оят; 2. Шахсий ҳуқуқ (оила, талоқ, васият ва бошқа) бўйича — 70 оят; 3. Муомала ёки фуқаролик ҳуқуқи (олди-сотди, ижара, гаров, қарз, ширкат ва бошқалар) бўйича — 70 оят; 4. Жиноят ва жазо бўйича — 30 оят; 5. Суд, суд жараёни, гувоҳлик ва унга боғлиқ бўлган масалалар бўйича — 20 оят.2. 6. Давлат ҳуқуқи соҳасида — 3 оят. 3. ҳаммаси бўлиб, Қуръонда — 333 та ҳуқуқий оят бор.
Қуръоннинг бошқа илоҳий китоблардан асосий фарқи шундан иборатки, у фақатгина ақийдавий-ғоявий манба эмас, балки қонун ва ахлоқ ҳамдир. Машҳур файласуф ибн Рушднинг (ваф. 595 ҳ.й) фикрича, бу Қуръоннинг буюк мўъжизаси ҳисобланади.4. Демак, Қуръони Карим диний ва эътиқодий масалалар билан бир қаторда, ҳуқуқнинг барча соҳаларини ўзида акс эттиради. Жиноят ҳуқуқи ҳам шулар жумласидандир. Қуръони Каримда кўплаб жиноятлар ҳақида сўз юритилган бўлиб, уларни икки гуруҳга бўлиб ўрганиш мумкин.5:
1. Аниқ жазо белгиланган жиноятлар. 2. Аниқ жазо белгиланмаган жиноятлар.
Аниқ жазо белгиланган жиноятлар:
Зино. Инсоният наслини сақлаш, турли оғир касалликларнинг олдини олиш ва одамларни ҳайвонлардан фарқли тарзда яшашларини таъминлаш мақсадида Ислом динида никоҳсиз жинсий яқинлик қилиш кескин қораланиб, унга нисбатан қўлланадиган аниқ жазо чоралари Қуръони Каримда белгиланган: «Зинокор аёл ва зинокор эркакнинг ҳар бирига юз дарра урингиз! Агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчи бўлсангиз, Аллоҳнинг дини (ҳукми)да сизларни уларга (зинокорларга) нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин! Уларнинг жазоланишига бир гуруҳ мўминлар ҳозир бўлсин!» (Нур, 2) 6.
Юз дарра уриш жазоси уйланмаган эркак ва турмушга чиқмаган аёл учундир. Суранинг шу жойидаги уйланган эркак ва турмушдаги аёлга бериладиган жазо ҳукмига доир оят матни Қуръондан Пайғамбаримиз амри билан олиб ташланган. Демак, мазкур оятнинг қироати мансух, ҳукми боқийдир. 8.
Юқоридаги оятнинг ҳукми бўйдоқ ёки тул, бева (яъни оиласиз) зинокорларнинг жазосидир. Изоҳда келтирилаётганидек, агар оилали эркак ва хотинлар зинокорлик қилсалар, уларниг жазолари тошбўрон қилиб ўлдирилмокдир.9.
Туҳмат. Ҳар бир замонда ёмон ниятли фосиқ одамлар мавжуд бўлган. Жамиятдаги барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида ёмон ниятли кимсаларнинг ўйлаб топган уйдирмалари бирор-бир покиза аёлни бадном қилиш ниятида бўлса, бу қилмиш туҳмат сифатида белгиланиб, уларга нисбатан аниқ белгилаб берилган жазо чораларини қўллаш ҳам Қуръони Каримда кўрсатилган.10: «Иффатли аёлларни (зинокор деб) ҳақоратлаган, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон даррадан урингиз ва абадул-абад уларнинг гувоҳликларини қабул қилмангиз! Ана ўшалар фосиқ кишилардир» (Нур, 4)».
Бу ояти каримада инсон қадр-қиммати ва шаънининг нақадар устун эканлиги баён этилган. Ҳаттоки, ўша номақбул ишни бир киши кўрган тақдирда ҳам, зинокорларнинг айбини бўйнига қўйиш жуда мушкул иш. Чунки бир кишининг кўрсатмаси бирор-бир кишини зинокор деб ҳисоблаш учун асос бўла олмайди. Бу ҳолат Ислом шариатидаги айбсизлик презумпцияси деб баҳоланса, муболаға бўлмайди.
Ўғрилик. Инсоннинг қадр-қиммати, соғлиги ва мулкига қаратилган жиноятлар ҳар қандай замонда, ҳар қандай ҳуқуқ тизимида жиноят деб ҳисобланган. Шундай экан, Ислом динида ҳам бировнинг мулкига қаратилган жиноятлар оғир жиноятлар сирасига киритилиб, жамиятда бундай ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида маълум даражадаги жазо Қуръони Каримда белгилаб қўйилган: «Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қилмишларига яраша жазо ва Аллоҳдан (берилган) азоб сифатида қўлларини кесингиз! Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Моида, 38).12.
Шариатда бу жазо учун белгиланган молнинг микдори — 10 дирҳамлик пул-буюм ёки шунча баҳоланувчи бошқа матоҳ бўлиб, уни ўғирлаган шахс балоғат ёшига етган бўлиши, ўғирланган нарса аниқ бировнинг мулки бўлиб, уни кўчадан эмас, сақланадиган жойидан махфий равишда олган бўлиши шарт. Шу шартлар мукаммал бўлгандан кейин ўғрининг ўзи иқрор бўлиб, гуноҳини тан олса ёки уни инкор қилган такдирда икки киши гувоҳлик берсагина, мазкур жазонинг ижро этилиши белгиланган.13.
Диндан қайтиш, исён. «Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига қарши жанг қиладиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрувчиларнинг жазоси — ўлдирилиш ё чормихланиш ёки оёқ-қўлларининг қарама-қарши томондан кесилиши ёхуд ердан (ватандан) қувғин қилинишдир. Ана шу (жазо) улар учун бу дунёда шармандалик ва охиратда улар учун улкан азоб (ҳам бор)дир» (Моида, ЗЗ)14.
Бу оят нозил бўлишининг сабаби Имом ал-Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилганидек, Укл ва Урайна қабилаларидан бир гуруҳ одамлар Мадинага келиб, Расулуллоҳ ҳузурида ёлғондан иймон келтирадилар. Сўнгра Мадинанинг об-ҳавоси ёқмай, қорин оғриқ касалига учраганларини айтгач, Расулуллоҳ шаҳар ташқарисига чиқиб, ўзлари учун садақага келган туяларнинг сутидан ичишга рухсат берганларида, улар бориб туякаш чўпонни ўлдириб, туяларни ҳайдаб олиб кетадилар. Диндан қайтган бу мунофиқлар ортидан бир гуруҳ мусулмонларни юбориб, уларга жазо беришни буюрадилар. Бориб уларнинг қўл-оёқларини кесиб, кўзларини ҳам ўйиб, чалажон ҳолларида шаҳардан ташқаридаги Ҳарра деган жойда қолдириб кетадилар. Расул (алайҳиссалом) кўз ўйиш, қулоқ ва бурунни кесиш каби қийноқларни таъқиқлаб, садақа ва эҳсон беришга тарғиб этдилар.15.
Демак, келтирилган ояти каримада ер юзидаги бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар Аллоҳ ва унинг расулига қарши урушадиган кимсалар билан тенглаштирилиб, уларга аниқ жазо чораларини қўллаш билан бу жиноятнинг Аллоҳ наздида қанчалик оғир эканлигига ишорат бордир. Аллоҳга ва унинг Расулига қарши борадиган кимсалар фақат золим кофирлардир. Ер юзида бузғунчилик қилиб, исён кўгарадиган инсонлар Аллоҳ наздида ана ўша золим кофирлар билан тенг бўлиб, улар учун оғир жазо чораларини қўллаш белгилаб қўйилган. Ояти каримада жиноятчига мазкур бир неча жазо чораларидан бирини қўллаш мумкинлиги баён этилган.
Одам ўлдириш. Инсонга ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган неъматдир. Бировнинг ҳаётига зомин бўлиш, яъни одам ўлдириш инсонлар ҳуқуқ тушунчасини идрок эта бошлаганларидан бери жиноят сифатида тавсифланади. Лекин бу жиноятга жазо белгилаш турли даврларда турлича бўлганини кўриш мумкин. Қуръон нозил бўлишидан аввалги даврларда кўрилган жазолардан фарқли ўлароқ, Қуръони Каримда бу жиноят учун қуйидагича жазо тайинланган: «Эй, иймон келтирганлар! Сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос (олиш) фарз қилинди: озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан. Биродари томонидан афв этилса (хун тўлашга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва хунини яхшилаб тўлаш (зарурдир). Бу (ҳукм) Роббингиз томонидан енгиллик ва марҳаматдир. Бас, кимки шундан кейин ҳам ҳаддидан ошса, унга аламли азоб (берилур)» (Бақара, 178)16.
Шайх Абдулазиз Мансур ушбу оятнинг маъноларини қуйидагича тафсир этадилар: Яъни енгиллик ва илоҳий марҳаматлардан кейин ҳам, қотил ва бошқалардан ўч олса ёки хун олгандан кейин ҳам қасос олса, охират азобига маҳкумдир.
Шофеий мазҳаби бўйича қулнинг эвазига ҳур кишидан қасос олинмайди. Ҳанафий мазҳаби бўйича эса қасосда ҳур билан қулнинг фарқи йўқ. Моида сурасининг 45-оятидаги «жонга-жон» жумласи бунга далилдир. Шунингдек, бир тўда кишилар бир кишини ноҳақ қатл қилса, унинг қасоси учун тўданинг ҳаммаси қатлга маҳкумдир.17.
Юқорида эслатиб ўгганимиздек, Аллоҳ бандасининг ҳаққини ўзи кечиб юбормайди. Шунинг учун ҳам у қасос олишга адолатли тарзда изн беради. Лекин ояти кариманинг давомида қасос олиб, бировнинг қонини тўкиш ўрнига (бунга банданинг ҳаққи бўлса ҳам) қотилни афв қилиб, товон олишга даъват борлигини кўриш мумкин. Бу оят ҳам банданинг ҳаққи нақадар муҳимлигини кўрсатади. Банда ўз ҳаққидан фақатгина ўзи кечиши мумкин. Бу шариатдаги адолат ва жиноятчиликка қарши курашнинг бир кўринишидир.
Қасддан тан жароҳат етказиш. «Биз унда (Тавротда) уларга жонга-жон, кўзга-кўз, бурунга-бурун, қулоққа-қулоқ, тишга-тиш ва жароҳатларга қасос (олинур) деб, битиб қўйдик. Кимки у (қасос)ни садақа қилиб (кечиб) юборса, у (гуноҳларига) каффоратдир. Аллоҳ нозил этган (оятлар) билан ҳукм қилмайдиганлар − ана ўшалар золимлардир» (Моида, 45)18.
Оятдаги каффорат сўзи эваз, бадал, афв каби маъноларни англатади. Демак, жабр кўрган банда жиноят учун қасос олмай, уни кечиб юборса, қилган гуноҳларига афв ато этилар экан.
Бизга маълумки, Қуръон ўзидан аввал нозил қилинган илоҳий китобларни тасдиқлайди. Таврот ҳам шулар жумласидандир. Аллоҳ таоло бу оятда яҳудийларга улар учун нозил қилинган Тавротда қасддан етказилган тан жароҳатлар учун қасос олиниши кўрсатиб берилганини эслатиб ўтади. Оятнинг давомида қасосни кечиб юборган банданинг гуноҳлари ҳам ўчирилиши ёзиб қўйилган. Модомики Аллоҳ яҳудийларга нозил қилган ҳукмларни Қуръон орқали тасдиқладими, айтиш мумкинки, улар ҳақ ҳукмлардир. Шундай қилиб, Қуръон оятларида юқорида санаб ўтилган ижтимоий хавфли қилмишлар учун аниқ жазо чоралари белгилаб қўйилган.
Аниқ жазо белгиланмаган жиноятлар:
Қуръони Каримда, гарчи жазо белгиланмаган бўлса-да, лекин ҳар қандай ман этилган хатти-ҳаракатни амалга ошириш жиноят ҳисобланади.19. Уларга қуйидаги оятларни мисол қилиб келтирсак бўлади: «Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!» (Бақара, 188)20.
Ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ноҳақлик билан ўзгалар ҳақини ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйингки, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин».21.
Юқоридаги оят мазмунида ўзганинг мол-мулкини ўзлаштириш ва пора бериш каби жиноятлар тақиқланмоқда. Шунингдек, Қуръони Каримда судхўрлик.22 (Бақара, 276 — 278; Оли-Имрон, 130), била туриб ёлғон гувоҳлик бериш ёки кўрсатма беришдан бош тортиш.23 (Бақара, 282; Нисо, 135), маст қилувчи ичимликларни ичиш.24 (Бақара, 119; Нисо, 43; Моида, 90), қимор ўйнаш, фол очиш, бутларга сиғиниш, ўзгалар ҳақида ёмон гумон қилиш, бировнинг айбини топиш учун жосуслик қилиш, ғийбат.25 (Ҳужурот, 12) , харидор ва буюртмачини алдаш, савдо қоидаларини бузиш.26 (ал-Исро, 35) каби қилмишлар жиноят деб тавсифланиб улардан қайтарилгандир.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, шариатнинг жиноят ва жазо билан боғлиқ қоидаларини ўрганиш нафақат илмий, балки амалий аҳамиятга ҳам эга. Мамлакатимизда инсонпарварлик, адолат, қонунийлик, халқчиллик тамойилларини ўзида мужассамлаштирган қонунларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнида маънавиятимизнинг асосини ташкил этадиган Ислом меросидан ҳам самарали фойдаланиш мумкин.
Нигора ҲАКИМОВА, Тошкент Ислом университети, тадқиқотчи
1 А.Ш.Жўзжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги, ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. — Т.: Тошкент Ислом университета, 2002. —Б. 63. 2 Абдулваҳҳоб Халлоф. Илму усули-л-фикҳ ва хулосату-ташриъи-л-исломий. — Қоҳира, 1950. — Б.293. 3 А.Ш.Жўзжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги, ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. — Т.: Тошкент ислом университета, 2002. — Б.65. 4 Шайх Муҳаммад Хузарийбек. Тариху-т-ташриъи-л-исламий. — Б.24. 5 Қаранг: М. Ражабова. Шариатда жиноят ва жазо. —Т.: Адолат, 1996. —Б.26. 6 А. Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. — Т.: «Тошкент Ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2004. — Б.350. 7 Гарчи ушбу оятни ўқиш бекор қилиниб, Қуръони Каримдан олиб ташланган бўлса-да, лекин унинг ҳукми амалда сақланиб қолган. 8 А. Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. — Т.: «Тошкент Ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2004. — Б.350. 9 Қаранг: Алоуддин Мансур. Қуръони Карим ўзбекча изоҳли таржима. —Т.: Чўлпон, 1992. — Б.250. 10 Фақат бирор-бир аёлни зинода айблаб, исбот тариқасида тўрт нафар гувоҳ келтира олмаган кишигина оятда кўрсатилган тартибда жазоланган. 11. А. Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. — Т.: «Тошкент Ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2004. — Б.350. 12 Мазкур нашр. — Б. 114. 13 Мазкур нашр. — Б. 114. 14 Мазкур нашр. —Б.113. 15 Ал-Бухорий. Ҳадис. («Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ»), 4-жилд. —Т.: «Қомуслар бош таҳририяти», 1992. —Б.296. 16 А. Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. — Т.: «Тошкент Ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2004. — Б.27. 17 Мазкур нашр. — Б.27. 18 Мазкур нашр. —Б. 115. 19 Қаранг: А. Уда. Ат-Ташриъу-л-жиноийу-л-исломий. 1-жилд—Байрут.: «Дору иҳёу-т-туроси-л-арабий», 1985. 20 А. Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. — Т.: «Тошкент Ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2004. — Б.29. 21 Мазкур нашр. — Б.29. 22 Мазкур нашр. — Б.47, 66. 23 Мазкур нашр. —Б.48, 100. 24 Мазкур нашр. —Б. 123.
|