Саййидимиз Солиҳ алайҳиссолату вассалом | ||||
|
Normal 0 false false false RU X-NONE X-NONE
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила
Меросхўрлик
Аллоҳ ўз набийлари бўлган Ҳуд алайҳиссаломнинг таълимотларини қабул қилмаган Од қавмини ҳалок қилганидан.. Улар ўлиб, ерлари бирорта уйсиз, жойсиз, бирор экинсиз ва бирор ҳайвонсиз қолганидан кейин, мана шуларнинг барчасидан кейин.. Улардан бошқа Самуд номли қавмнинг маданияти пайдо бўлди. Улар Од қавмидан кейин келдилар, Аллоҳ уларга ўзларидан аввалгиларга берганидан кўпроқ неъмат ато этди, улар тоғларнинг ўртаси ва қояларнинг орасида улкан, ҳашаматли қасрлар қурдилар, боғ-бўстонлар барпо қилдилар, қўзларни қувонтирдилар.. лекин.. не ажабки, уларнинг ақллари қосир бўлиб бутлар ва тошларга ибодат қилардилар, ...
Рисолат
Бу куфр ва жоҳилиятнинг олдида Аллоҳ уларга ўзларининг ораларидан Солиҳ исмли бир кишини элчи қилиб юборди, у уларнинг шарафлилари ва ақллиларидан эди, у Роббисига иймон келтирди, Аллоҳ бу жоҳил ва адашганларни ҳидоят қилиш учун уни танлади. Солиҳ (алайҳиссалом) қавмни Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилди ва унинг тавҳидига чақирди, Унга шерик келтиришдан қайтарди. У сизларни яратди, ерни сизлар учун барпо қилди, Ўз фазли ва неъматларидан сизларга ато этди, деб Солиҳ уларни ўзлари ясаб олган зарар ҳам, фойда ҳам беролмайдиган ва Аллоҳдан бирор нарсани беҳожат қилолмайдиган бутларга ибодат қилишдан қайтарди, сўнгра ўзи ҳам уларнинг ораларидан (яъни ўзлари каби инсон) эканини, уларга фойдаси тегишини хоҳлаётганини, уларнинг саодатларига интилаётганини эслатди, Аллоҳга истиғфор айтиб тавба қилишга буюрди, У эшитувчи ва ижобат қилувчидир, истиғфор айтганларниниг тавбаларини қабул қилади.
Инкор қилиш
Лекин қулоқлар эшитмади, қалблар (иймон учун) очилмади, кўзлар кўрмади, унинг келтирган рисолатини инкор қилдилар, уларнинг куфрлари бу чегараларда тўхтамади, балки улар Солиҳ (алайҳиссалом)га шундай дедилар: «Эй Солиҳ! Биз сени ақлли ва фаросатли деб биламиз, биз сендан ўз ишларимиз ҳақида сўраб маслаҳат олардик, сенга нима бўлдики, бугун арзимас, майда-чуйда нарсаларни гапиряпсан? Сен бизларни даъват қилаётган истиғфор ўзи нима? Бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган бутлар ва олиҳаларга (илоҳлар) ибодат қиламиз. Сен бизларни даъват қилаётган нарсада ҳозир бизнинг шубҳамиз бор, сенинг сўзларингга (қалбимиз) таскин топмайди, сени тасдиқлаб, аждодларимизнинг урф-одатларини тарк қилмаймиз».
Огоҳлантириш
Саййидимиз Солиҳ (алайҳиссалом) улардан шу сўзни эшитганида, уларга сабр ва ҳикмат ила шундай жавоб қилди: «Эй қавм! Мен сизларга айтаётган сўз ҳақдир, сизлар ибодат қиладиган тошлар эса ботилдир! Мен эса сизларга мол-дунё, қасрлар ва бўстонлар ато этганидан кейин Унга куфр келтирганингиз Аллоҳдан (Унинг сизлар куфр қилганингиз учун сизларга қарши ишлайдиган куч-қудратидан) қўрқаман. Эй қавм, Аллоҳга истиғфор айтинглар, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга юборган элчисиман. Мен сизлардан мол-дунё ва раислик сўрамайман, сизларни ҳидоят топиб фикр юритишингизни хоҳлайман. Менинг ажрим, мени сизларга элчи қилиб юборган оламлар Роббиси зиммасидадир, Унинг Ўзи мени яхшилик билан мукофотлайди, агар сизлар иймон ва Ислом даъватига жавоб қилсангиз (уни қабул қилсангиз), сизларга ундан кўпроғини ато этади».
Заифлар
Эй укаларим, барча қавмларда насиҳатни севадиган ақлли инсонлар топилади. Самуд қавмида оз сонли заифлар бор эди. Улар кўрдиларки, бойлик жаҳолат олдида фойда беролмайди, улар ақллари билан фикр юритиб, Солиҳ уларни даъват қилаётган нарса ҳақ ва маъқул (ақлга сиғадиган нарса) эканини билдилар. Яна Аллоҳ ҳақиқатан ҳам борлиқни яратгани, бутлар, гарчи ота-боболари ва аждодлари ибодат қилган бўлса ҳам, барибир, фойда бермаслигини билдилар. Бу оз сонли жамоанинг қалби янги дин учун очилди, улар Исломни (қабул қилганликларини) эълон қилдилар, иймонга кирдилар. Шундай қилиб Солиҳ (алайҳиссалом) билан бирга қавмидан баъзи мўминлар пайдо бўла бошладилар (баъзи инсонлар иймон келтира бошладилар). Улар Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва у Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик берардилар.
Сабр ва кураш
Мутакаббирлик қилганлар эса ўз қайсарликларида қаттиқ туриб олдилар ва ибодатларини ушлаб олиб, Аллоҳнинг элчиси бўлган Солиҳга шундай дедилар: «Сени шайтонлар сеҳрлабди-ку, жинлар ҳақида гапира бошладинг». Сўнгра уни динидан қайтаришга ҳаракат қилдилар. Лекин у сабр қилди, уларнинг озорлари ва макрларини кўтарди ва ўз даъватини давом эттириб шундай деди: «Эй қавм! Агар мен ҳақ динни тарк этиб сизлар каби куфр келтирсам, сизлар Аллоҳнинг (менга берадиган) азобини мендан ҳеч кетказа олмайсизлар, лекин агар сизлар Исломга кириб, ҳидоятга эргашсангиз, ундан кейин, албатта, Аллоҳ сизларни Қиёмат кунида Жаннатга киргизади. Эй қавм, албатта, сизлар ожиз қолгансизлар, ақлингизни йўқотгансиз, ҳавои нафсингизга эргашгансизлар. Сизлар кофирлардан бўлдингиз».
Қўрқинч
Ундаги кучли иймонни, сабр ва (ўз фикрини) мустаҳкам тутишини кўргач, мутакаббирлар оз сонли мўминларнинг кўпайиб, кучга тўлишидан қўрқиб қолдилар. Улар, эй укаларим, моллари ва ўз манфаатларидан, давлатлари ҳамда салтанатларидан ажраб қолишдан қўрқдилар. Агар мўминларнинг сони кўпайса, эртага улар қандай яшайдилар? Бу масаланинг ечими йўқ эди. Кофирлар Солиҳни салтанатлари қизиқтиради (деб ўйлардилар), ундан баъзи нарсаларни сўрасак, уларни тақдим қилолмайди, ундан кейин иймон келтирган инсонлар унинг ожизлиги ва заифлиги кўрингач, ундан узоқлашадилар деб ўйлашди.
Мўъжиза талаб қилиш
Иймон келтирмаган (келтирмайдиган) кофирларнинг одатига кўра, улар инсонларни иймондан узоқлашиб ўзлари каби бўлишларини хоҳлардилар. Солиҳ қавмидаги бу кофирлар агар (уларга Аллоҳ юборган) элчиларидан қийинроқ бир нарса талаб қилсалар, у ўша ишни қилолмаса, албатта, уларнинг хоҳлаганлари рўёбга чиқади!!! Бу кофирлар Солиҳ (алайҳиссалом)нинг олдига келадилар ва у уларга рост сўзлаётган, ҳақиқатан ҳам уларни ишонтиришга ҳаракат қилаётган бўлса, Аллоҳнинг элчиси эканини исбот қилиш учун мўъжиза кўрсатишини талаб қиладилар. Улар унга шундай дедилар: «Агар биз даъватингга иймон келтиришимизни хоҳласанг, биз сени тасдиқлашимиз учун бизга мўъжиза келтир. Агар ундай бўлмаса, биз бутларга ибодат қилган ҳолимизда мана шундай қоламизмиз?»
Туя
Албатта, Солиҳ (алайҳиссалом) бу ишни фақат Аллоҳнинг амри ила қила оларди. Эй укаларим, албатта, Аллоҳ биладики, кофирларнинг кўплари мўъжизани кўрмагунларича иймон келтирмасдилар, лекин уларнинг куфрлари ва даъволари ҳар иккиси ҳам ботил бўлиб чиқди, албатта, Аллоҳ уларга ғаройиб бир туяни (мўъжиза қилиб) юборди, унинг мўъжизаси шунда эдики, бир кун сув ичса, бошқа куни ҳеч сув ичмасди. Саййидимиз Солиҳ (алайҳиссалом) уларга шундай деди: «Бу Аллоҳ сизларга мўъжиза қилиб юборган туядир. Қишлоқда сув ичишлик энди бундан кейин навбат билан бўлади: бир кун сизлар учун, бир кун у туя учун бўлади, яъни бир кун сизлар сув ичасизлар, бир кун туя сув ичади. Сизлар бу буйруқ ва низомни ўзгартирмаслигингиз лозим».
Кофирлардан хавфсираш
Солиҳ кофирлар туяни ўлдиришлари мумкинлигини биларди. Шунинг учун Солиҳ қавмга бир неча марта бориб шундай деди: «Унга бирор ёмонлик қилишни ният қилманг, агар унга озор берсангиз, сизларга азоб яқин келади». Ушбу сўзларни етказиб уларни огоҳлантирди, кофирлар мўъжизани аниқ унинг нубувватига далолат қилаётганини кўрдилар ва мўминларнинг адади мана шу ҳолатда кўпайиб кетишидан қўрқиб қолдилар. Албатта, кофирлар ўзлари иймон келтиришни хоҳламасдилар ва ўзларидан бошқалар ҳам иймон келтиришини хоҳламасдилар. Шунинг учун улар Солиҳга қарши бошқа йўл топиш ҳақида ўйладилар.
Фитна уюштириш
Бу ажойибу ғаройиб туяга қарадилар, мана шу аниқ ва очиқ-ойдин мўъжиза сабабидан давлатларини йўқотишдан қўрқиб қолдилар, ҳақиқатан ҳам бу мўъжиза қалбларни жозибалантириб, нафсларни ўзига жалб қилар эди. Буларнинг барчаси кофирларни бу мўъжизани, яъни туяни йўқотиш ҳақида ўйлантирарди. Албатта, у хатарлидир. Бу хатарни даф қилиб бўлмайди, фақат ўлдириш билангина даф қилиш мумкин бўлади. Унга фитна уюштириш йўллари ҳақида ўйлай бошладилар. Охири баъзилари туянинг сув ичиш жойига боришни ва сув ичиб қайтаётган вақтда уни ўша ерда ўлдириб, Солиҳнинг ғаройиб ва хатарли мўъжизасидан қутилишга иттифоқ қилдилар.
Туянинг фожеаси
Ҳақиқатда... кофир бўлган бир жамоа туя томон йўлга отланди. Унинг сув ичиш жойидан қайтишини кутардилар, у қайтаётганида улардан бири унга ўқ узди, яна бири эса найза санчиб қўйди, у ерга йиқилди, бу билан кифояланмай, ўлган туяни сўйиб юбордилар! Сўнгра Солиҳнинг олдига қайтиб шундай дедилар: «Сен бизни агар туяни ўлдирсак, азоб келишидан огоҳлантирган эдинг, қани энди туяни келтирганинг каби азобни ҳам келтиргин-чи?! Қани бўл! Биз сендан ҳам туянгдан ҳам қўрқмаймиз». Солиҳ (алайҳиссалом) уларга шундай жавоб қилди: «Азоб ва (хунук) уқубат олдидан «роҳатланинглар». Мен сизларни туяни ўлдирмаслигингиз ҳақида огоҳлантирган эдим. Сизлар уни ўлдирдингиз, ана энди (азоб-уқубатни) кутинглар».
Жонсиз таналар
Шундай деб сўзини давом эттирди: «Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Азоб яқиндир, сизларга тез орада келади. Улар эса истеҳзоли оҳангда азобларини тезлатишини сўрадилар. Солиҳ ва унинг аҳлини улар ухлаётганларида ўлдиришга янгидан қарор қилдилар». Лекин Аллоҳ мўмин бўлган Ўз элчисини ва у билан бирга бўлган мўминларни унутмади. Бир кеча Аллоҳнинг ваъийди ва азоби келди, қаттиқ момақалдироқ билан бирга даҳшатли овоз гумбурлади. Кофирлар абадий ҳаракатлана олмайдиган жонсиз таналарга айланди. Солиҳ (алайҳиссалом) уйғонди, кофирлар билан нима содир бўлганини кўрди, Аллоҳ кофирларни ҳалок қилиб, уни ва мўминларни қутқариб қолганини тушуниб шундай деди: «Эй қавмим, батаҳқиқ, мен сизга Роббимнинг юборганини етказдим ва насиҳат қилдим. Лекин сиз насиҳат қилувчиларни севмас экансиз».
Охир-оқибатда
Мана энди... Эй укаларим, иймон келтиришни хоҳламайдиган ва мўъжиза ҳам унга бирор фойда бермайдиган, мўъжизани ўзи талаб қилиб, сўнгра унинг натижасидан қўрқиб қоладиган кофирнинг аҳволини кўрдингизми? Улар ўзлари мўъжиза талаб қилдилар, Аллоҳ уларга туяни тақдим этди. Солиҳ унга озор бермасликлари ҳақида огоҳлантирди. Унга озор бериб ўлдирдилар. Солиҳ уларни азобдан огоҳлантирди. Улар азобни талаб қилдилар. Солиҳ уларга азобни ваъда қилди, шундай улар: «Бизларга азобни тезлатгин, дедилар. Улар мўъжизадан ибрат (фойда) олдиларми? Йўқ! Ибрат (фойда) олмадилар». Қиссанинг ниҳоясида сизлар билан хайрлашаман. Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
|