Яманлик олим Шайх Абдул Мажид бошчилигидаги бир гуруҳ мусулмон олимлари эмбриологияга оид ҳамда Қуръон ва Саҳиҳ Ҳадисларда келган бир қатор илмий маълумотларни йиғишиб, уларни инглиз тилига таржима қилишди. Ундан сўнг эса Қуръоний кўрсатмага амал қилишди: «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз». (Қуръон 16:43 ва 21:7) Қуръон ва Саҳиҳ Ҳадисларда келган эмбриёлогияга оид барча хабарлар йиғилиб инглизчага ўгирилгач, Эмбриология Фанлари Профессори ва Канададаги Торонто Университетининг Анатомия Бўлими раҳбари профессор Кеит Муурга тақдим этилди. У ҳозирги кунда Эмбриология соҳасида энг эътиборли шахслардан ҳисобланади. Унга тақдим этилган маълумотлар ҳақида ўз фикрини билдиришини сўрашганда, уни яхшилаб ўрганиб, таҳлил қилиб чиққач, Доктор Муур, Қуръон ва Саҳиҳ Ҳадисларда келтирилган эмбриологияга оид хабарларнинг асосий қисми шу соҳага тегишли бўлган сўнгги кашфиётлар билан тўла-тўкис мувофиқ ҳолда экани ва ўртада ҳеч қандай қарама-қаршиликлар йўқ эканини таъкидлайди. Шу билан бирга у баъзи бир оятларнинг илмий жиҳатдан қанчалик асосли экани ҳақида фикр билдира олмаслиги, яъни уларни асосли ёки асоссиз, деб айта олмаслиги, зеро бу хабарлар унинг ўзига ҳали маълум бўлмаган нарсалар эканини қўшимча қилади. Шунингдек, бундай хабарлар эмбриологияга оид замонавий қўлёзмалару изланишларда ҳам ўрганилмаган экан. Шундай оятлардан бири қуйидагича: «Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди». (Қуръон 96:1-2) Арабча алақ сўзи, қотган қон, қуюқ қон деган маънодан ташқари, осилиб турмоқ, чирмашиб олмоқ маъносини ҳам билдиради, худди зулукнинг чирмашиши каби. Доктор Кеит Муурнинг эмбрион дастлабки босқичларда зулюксимон шаклда бўлишидан хабари йўқ экан. Буни текшириб кўриш мақсадида у эмбрионнинг бошланғич пайтдаги ҳолатини ўта кучли микроскоп остида ўрганиб чиқади ва кузатган нарсасини зулукнинг фотосуратлари билан солиштириб кўради ва бу иккисининг бир-бирига нақадар ўхшаш эканидан ҳайратда қолди! Баҳонада, у Қуръонда келган эмбриология оид хабарлардан илгари билмаган нарсаларини билиб, ўз билимини ошириб олди. Доктор Кеит Муур Қуръон ва Ҳадисларда келган эмбриологияга оид маълумотлар бўйича саксонга яқин саволга жавоб берар экан, бу маълумотлар эмбриология соҳасидаги сўнгги кашфиётлар билан тамоман мувофиқ келишини таъкидлайди. У айтган эдики: «Агар менга ушбу саволлар ўттиз йил илгари берилганида, илмий маълумотлар камлигидан уларнинг ярмига ҳам жавоб бера олмаган бўлардим». 1981 йилда Саудия Арабистонининг Даммам шаҳрида ўтказилган Еттинчи Тиббиёт Анжуманида Доктор Муур қуйидагиларни айтганди: «Инсоннинг ривожланиш жараёни ҳақида Қуръонда келган хабарларга ойдинлик киритишга ўз ҳиссамни қўшганимдан бағоят ҳурсандман. Эндиликда, бу хабарлар Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам)га Худо (Аллоҳ)дан келганига шубҳа қилмайман, чунки бу билимларнинг барчаси бир неча асрлардан кейингина инсонлар томонидан кашф этилди. Шу нарса мен учун Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳнинг Расули эканига далил сифатида етарлидир». Аввалроқ Дотор Кеит Муур «Инсоннинг Ривожланиши» номли китоб ёзган эди. Қуръондан ўрганган янги маълумотларни ҳам унга киритиб, 1982 йилда китобнинг 3-нашрини тайёрлайди. Ушбу китоб ягона муаллиф томонидан ёзилган энг яхши тиббиёт асари мукофотини қўлга киритган. Бу китоб дунёдаги асосий тилларнинг кўпларига таржима қилинган ва тиббиёт билим юртларида биринчи курсда эмбриология фанидан асосий дарслик сифатида фойдаланиб келинади. АҚШнинг Ҳюстон шаҳрида жойлашган Бейлор Тиббиёт Коллежининг Акушерлик ва Гинекология Бўлими раҳбари Доктор Жо Ли Симпсон қуйидагиларни эътироф этади: «… бу ҳадислар, Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам)нинг сўзлари, у яшаган давр (7 асрни назарда тутмоқда) илмига доир билимларга асосланган, дейиш тўғри бўлмайди. Бундан, нафақат генетика ва дин (Ислом назарда тутилмоқда) ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқлиги келиб чиқади, балки дин (Ислом) турли анъанавий илмий қарашларга Илоҳий кўрсатмаларнинг қўшилиши билан, илм-фанни ҳам тўғри йўлга бошлай олиши ҳам аён бўлади… Қуръонда баъзи хабарлар келганки, улар асрлар ўтиб исботланмоқда, буларни бари Қуръон Худо томонидан юборилган эканининг тасдиғидир».
|