
«Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик». (Қуръон 15:22) Бу оятда келган лаваақиҳ сўзи лақиҳ сўзининг кўплик шакли бўлиб, лақаҳа сўзидан олинган, ўзи урчитиш ёки ҳосилдор қилиш маъноларини билдиради. Бу ерда, шамол булутларни бир-бирига яқинлаштиради ва конденсация юз беради, натижада чақмоқ чақиб ёмғир ёғишига сабаб бўлади, шу нарса урчитиш сўзи билан ифодаланмоқда. Қуръоннинг қуйидаги оятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат тасвирланади: «Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра бирга тўплашини, сўнгра уйиб қўйишини кўрмаяпсанми?! Бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсан. У Зот осмондан, ундаги тоғлардан дўл тушириб, у билан Ўзи хоҳлаган кишиларга мусибат етказур ва уни Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Унинг чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказгудек бўлур». (Қуръон 24:43) «Аллоҳ шундай Зотки, шамолларни юбориб, улар ила булутни қўзғатар ва у (булут)ни осмонда Ўзи хоҳлаганича ёяр ва бўлак-бўлак қилар, бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасан. Қачон у(ёмғир)ни Ўз бандаларидан хоҳлаган кимсаларга етказса, улар дарҳол шод бўлурлар». (Қуръон 30:48) Гидрология борасидаги ҳозирги замон маълумотлари Қуръонда шу мавзуга тааллуқли оятлар билан тўлалигича мувофиқ келади. Сувнинг айланиши Қуръони Каримнинг бошқа бир қатор ўринларида ҳам тасвирланган, жумладан, 7:57, 13:17, 25:48-49, 35:9, 36:34, 45:5, 50:9-11, 56:68-70 ва 67:30.
|