
Флориданинг Панама шаҳридаги Акбар клиникасида ўтказилган бир тажриба Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи эканлигини яна бир бор тасдиқлади. Тажриба Қуръоннинг инсонларга раҳмат ва шифо сифатида туширилган оятларига суяниб ўтказилган эди. Ҳали ҳам Америкада яшаётган ва тадқиқот олиб бораётган мусулмон олим Аҳмад ал-Қадий бошқарган бу тажрибада Қуръоннинг инсон вужудига физик таъсири (шифобахш хусусияти) бор-йўқлиги аниқланиши ва бу таъсир компьютерлардан иборат энг замонавий текширув жиҳозлари билан ҳисоб-китоб қилиниши керак эди.
Тажриба учун танланган кўнгиллилар мусулмон эмас, арабча ҳам билмайдиган турли ёшдаги аёл ва эркаклар эди. Яъни тажриба Қуръонни ҳеч танимаган ва билмаган инсонларда ўтказилиши мақсад қилинди. Кўнгиллиларга Қуръоннинг асл арабча матни билан бирга инглизча таржимаси ҳам эшиттирилди. Бу орада Қуръон турли овозларда ўқилган, бу билан товушларнинг хусусияти ва таъсирини аниқлаш ҳам кўзда тутилган эди.
Тажриба бир йил давом этди. Натижа, бир сўз билан айтганда, фавқулодда бир ҳодиса бўлди! Чунки Қуръонни тинглаган кўнгиллиларнинг 97 фоизидаги руҳий таранглик (стресс) очиқ-ойдин юмшаган ва бу ижобий таъсир физиологик акс таъсирларнинг мухтор асаб силсиласида акс этиши билан юзага келган эди. Тажрибанинг яна бир ўзига хос ютуғи шу эдики, унда руҳий тарангликни юмшатувчи Қуръон таъсирининг миқдори ўлчанди. Бу ютуқнинг қўлга киритилишида махсус тайёрланган асбоб ва жиҳозларнинг хизмати, албатта, ниҳоятда катта бўлди. Чунки Қуръон тинглаган кишининг мушакларидаги электрик имкониятнинг ўзгариши, теридаги электрон ҳаракати, юрак уриш суръати ва тери хароратининг ўзгариш тарзлари улар ёрдамида ўлчанди. Шу билан бирга, бу ўзгаришлар вужуднинг бошқа аъзоларига, уларнинг вазифаларига қандай таъсир қилаётганлиги ва мухтор асаб силсиласининг ўзгариш ҳажмлари ҳам ҳисобга олинди.
Бу тажрибадан кўриндики, Қуръон вужуд муҳофаза кучини ҳаракатга келтирувчи бир таъсирга ҳам эга экан. Айниқса, бир қанча касалликларни, жумладан, юрак хуружини даволашда Қуръонга мурожаат қилиш зарурлиги ҳам ойдинлашди. Тажрибанинг биринчи қисми натижалари Шимолий Америка Ислом Тиббий Конгрессининг 17 йиллиги (Миссоури, 1984 август) қатнашчиларига тақдим этилганида катта бир шов-шув ва олқиш билан кутиб олинди. Чунки Қуръони Карим маънавий жиҳатдан шифобахш бўлиши билан бирга, моддий ва жисмоний бир даво ҳам эканлиги, унинг мўъжизавий бошқа сифатлари ҳам борлиги маълум бўлган эди. Ваҳоланки, Қуръонни эшитаётган кўнгиллиларнинг ҳеч қайсиси унинг нима эканлигини мутлақо билмас эдилар. Шунга қарамай, Қуръоннинг Аллоҳ каломи эканлигини уларнинг вужудларидаги зарралар тасдиқладилар. Бошқа нарсалар ўқиб эшиттирилганда юзага келмаган таъсирлар Қуръон эшиттирилиши билан юзага чиқишининг ўзи улкан мўъжиза эди. Ва бу: «Биз Қуръонни мўминларга шифо ва раҳмат сифатида туширдик» («Ал-Исро» сураси, 82) оятининг вужуддаги зарралар томонидан тасдиқланишидан бошқа нарса эмас!
Айни пайтда тажрибаларнинг иккинчи қисми кутилмоқда. Аммо олимлар тажрибани давом эттиришга ҳожат қолмаганини билдирдилар. Чунки бу илмий исботлар ҳар қандай шубҳа ва эътирозларни чилпарчин қилган эди.
Баъзи китоблар асосида Абу Муслим тайёрлади |