Ҳарфларнинг махражлари | ||||
|
Ҳарфларнинг махражлари
Махражнинг луғавий маъноси, бир нарсанинг чиқиш жойидир. Истилоҳда эса, ҳарфнинг чиқиш ва бошқасидан ажралиш жойидир. Араб тилидаги ҳарфлар йигирма тўққизта бўлиб, Халил ибн Аҳмад ва Ибни Жазарийларнинг қавлига кўра, ўн еттита махраждан чиқади. Сибавайҳ ва Шотибий махражларни ўн олтита дейишган. Улар жавф (оғиз бўшлиғи) махражини тушириб, ундаги ҳарфларни бошқа ердаги махражларга тарқатишган. Масалан, ي нинг махражи тилнинг ўртасида, дейишган. Фарро ва Қутрублар эса махражларни ўн тўртта дейишган. Улар ҳам жавф махражини тушириб ل- ن - ر махражларини битта қилишган. Амалда эса биринчи қавл, яъни махражни ўн еттита эканлиги олинган.
Махражни билиш
Бирорта ҳарфнинг махражини билиш учун ўша ҳарфни сукунли ёки ташдидли қилинади ва олдига алифни ёки бошқа хоҳлаган ҳарфни ҳаракатли ҳолатда қўйиб, нутқ қилиб кўрилади. Шунда овоз қаерда тугаса, ўша ер махраж бўлади.
Ушбу ўн еттита махраж бешта аъзода жойлашган бўлиб, улар: 1. Жавф - оғиз бўшлиғи. Унда битта махраж бор. 2.Ҳалқ – ҳалқум. Унда учта махраж бор. 3. Лисан – тил. Унда ўнта махраж бор. 4. Шафатайн - икки лаб. Унда иккита махраж бор. 5. Хойшум – димоғ. Унда битта махраж бор.
Оғиз бўшлиғи
Оғиз бўшлиғида битта махраж бўлиб, ундан учта мад ҳарфлари чиқади. Яъни ا ўзидан аввалги ҳарф фатҳали бўлганида, و ўзидан аввалги ҳарф заммали бўлганида, ي ўзидан аввалги ҳарф касрали бўлганида мад ҳарфлари чиқади. Бу ҳарфлар мад, жавф ҳамда ҳаво ҳарфлари деб аталади. Мад (чўзиқ) дейилишининг сабаби, ушбу ҳарфлар ҳалқумнинг паст қисмидан бошлаб оғизнинг охиригача давом этади ва оғиз ичида бирор нуқтага суянмайди . Шу сабабдан ҳар қанча чўзилиши мумкин. Оғиз бўшлиғидан чиққанлини учун, жавф ҳарфлари дейилади. Ҳавоий дейилишининг сабаби, оғизда ҳаво билан чиққанлиги учундир. Бу ҳарфларни оғиз бўшлиғидан чиқиш шарти, ўзи сукунли бўлиб, ундан аввалги ҳарфнинг ҳаракати ўзига мос бўлишидир. Агар аввалги ҳарфнинг ҳаракати ўзига мос бўлмаса و икки лабдан ي эса тил ўртасидан чиқади.
Ҳалқум
Ҳалқумда учта махраж бор: 1. Ҳалқумнинг энг туби, кўкракдан кейин келадиган ер ва ундан иккита ҳарф ه ва ء чиқади. 2. Ҳалқумнинг ўртаси. Ундан иккита ҳарф ح ва ع чиқади. 3. Ҳалқумнинг юқориси, оғизга уланган жойи, ундан ҳам иккита ҳарф خ ва غ чиқади. Бу ҳарфлар ҳалқумдан чиқганлиги учун ҳалқий ҳарфлар деб аталади.
Тил махражлари
Тилда ўнта махраж бўлиб, улар билан танишишимиздан аввал тилни ҳарф махражларида иштирок этадиган қисмларини айтиб ўтамиз. 1. Тилнинг энг охири туби ҳалқумга яқинроқ ери. 2. Тилнинг ўртаси. 3. Тилнинг чети. 4. Тилнинг учи. Тилдаги биринчи махраж ق махражи бўлиб, тилнинг туби ва унинг тўғрисидаги тепа танглайдан чиқади. Бу икки ҳарф лаҳавия деб аталади. Лаҳа кичик тил деганидир. Бу ҳарфлар тил яқинидан чиққанлиги учун шундай деб аталади. Иккинчиси ك махражи. Ушбу ҳарф тилнинг туби ق нинг махражидан сал берироқдан чиқади. Учинчиси тил ўртаси бўлиб, ундан ва унинг рўпарасидаги танглайдан учта ج- ش- ي ҳарфлари чиқади. Булар шажр (танглай билан тиш орасидаги бўшлиқ) га нисбат берилиб, шажрия ҳарфлари деб аталади. Эътибор беришимиз керак бўлган нарса бу ердаги ي ҳарфи мад эмас, балки ҳаракатли ёки фатҳадан кейин сукунли бўлган йо дир. Мадли йо эса айтиб ўтганимиздек оғиз бўшлиғидан чиқади. Қолган махражларда тиш ҳам иштирок етгани учун, тишларнинг арабча атамаси билан қисқача танишиб чиқамиз.
Тишларнинг адади ўттиз иккита бўлиб, ўн олтитаси тепада, ўн олтитаси пастда жойлашган бўлади. Улар қуйидаги тартибда жойлашгандир:
1. Саниййа – кўплиги санаая, курак яъни олд тиш дегани. Улар тўртта бўлиб, иккитаси тепада иккитаси пастда жойлашган. 2. Робаъийя – бу тиш, санаая тишларининг атрофидаги тўртта тишдир. 3. Наб - кўплиги аняаб, наб қозиқ тиш бўлиб у ҳам тўрттадир. Наб робаъийядан кейин келади. Бундан кейинги тишлар озиқ тишлар бўлиб, адрос деб аталади. Биттаси дирс дейилади. Адрос ҳам бир неча турга бўлинади: 1. Дооҳик кўплиги доваҳик, булар набдан кейинги тишлар бўлиб, улар ҳам тўрттадир. 2. Тооҳин кўплиги товаахин, бу тишлар ўн иккита бўлиб, учтадан дооҳиклардан кейин жой олган озиқ тишлардир. 3) Наажиз кўплиги наваажиз, булар ақл тишлар бўлиб, улар ҳам тўрттадир.
Бу тишлардан ўн саккизтаси махражларда ишлатилади. Улардан ўн олтитаси тепадаги тишлар ва иккитаси пастки санаая тишлардир.
Тилдаги тўртинчи махраж ض ҳарфининг махражидир. Бу ҳарфни тилнинг ўнг ёки чап тарафини тепа адрос тишларига теккизиб чиқарилади. Ўнг тарафдан чиқариш қийинроқ, чап тарафдан чиқариш осонроқдир. Икки тарафдан чиқариш эса яна ҳам қийинроқ ва азизроқдир. Айтишларича, Умар розияллоҳу анҳу икки тарафдан чиқарган эканлар.
Бешинчиси ل нинг махражидир. Ломни тилнинг олд ёнини, тўғрисидаги юқори тишлар милкига теккизиб чиқарилади.
Олтинчиси ن нинг махражи бўлиб, у тилни учи ва унинг тўғрисидан юқори саная тишлариниг милкидан ل махражининг тагроғидан чиқади.
Еттинчиси ر махражидир. Тил учи бир оз тил юзасига кириб, юқори саная тишлар милкидан ن махражининг пастроғидан чиқади. Ушбу охирги учта ҳарф тилнинг учидан чиққани учун залақийя (залақ тилнинг учи, ўткир жойи) деб аталади.
Саккизинчиси ت- د - ط махражи. Бу ҳарфлар тил учи ва юқори саная тишларининг тубидан чиқади ва натъийя ҳарфлари деб аталади. Натъ танглайнинг олд қисмидир.
Тўққизинчи махражданص- س- ز ҳарфлари чиқади. Буларнинг чиқиш жойи тил учи ҳамда тепа ва паст тишлар орасидир. Ушбу ҳарфларнинг лақаби асалийядир. Асала эса тилнинг учидир.
Ўнинчи махраж ظ - ذ- ث ҳарфларининг махражи бўлиб, улар тил учи ва юқори санаая тишларининг учидан чиқади. Бу ҳарфлар милкка яқин бўлгани учун лисавийя (лисса милк) деб аталади.
Икки лабдаги махражлар
Лабда иккита махраж бор. Биринчиси ف ҳарфининг махражи. Уни пастки лабнинг ичига юқори санаая тишларнинг учини теккизиб чиқарилади.
Иккинчиси م- ب- و ҳарфларининг махражидир. و мад бўлмаган ҳолда икки лабни йиғиштириб, юмалоқроқ шаклга келтириб, орасини бир оз очиб чиқарилади. ب م ҳарфларини эса икки лабни юмиб нутқ қилинади. Мана шу лабдан чиқадиган тўртта ҳарф шафаҳийя деб аталади. Шафа лаб деганидир. Димоғ
Димоғда битта махраж бўлиб, ундан ғунна ( ёқимли жарангли товуш) чиқади. Ғунна م ن ҳарфларига хосдир.
|