A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Тажвид ўрганувчилар учун фойдали маслаҳатлар
PDF Босма E-mail

Тажвид илмини ўзлаштиришда энг биринчи босқич киши нутқини арабий ҳарфлар талаффузига ўргатишдир. Ҳарфлар талаффузини тўлиқ ўзлаштиргач, кейин секин-аста қироат қоидалари ўрганила бошланади.
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, киши агар ҳарфларни тўғри талаффуз қилмаса, у ҳолда унинг намози ҳам, намоздан ташқаридаги қироати ҳам дуруст бўлмайди. Киши тўғри ўқишга қодир бўла туриб, ҳарфларни нотўғри талаффуз қилса ёки оҳангга солиб, хато қироат қилса, бунинг учун у гуноҳга муносиб бўлади.
Тажвид илмини ўрганиш лозимлиги намозни адо этиш ва мўъмин банда Қуръонни доимо тиловат қилиб юриши лозимлигидан келиб чиққандир. Зеро, тажвидсиз намозни рисоладагидек ўқиш мумкин эмас. Шу сабаб ҳар бир мўъмин банда ўз имконияти даражасида ушбу илмни ўзлаштиришга ҳаракат ва жудду жаҳд қилиши керак.[1]
Юқорида айтиб ўтганимиздек, тажвид илмидаги энг биринчи босқич – ҳарфларнинг махражлари ва талаффузини мукаммал ўзлаштириш, тилни унга ўргатишдир. Шу йўл билан баъзи ўхшаш ҳарфлар орасидаги фарқлар ҳам кўзга ташланади, уларни бир-биридан ажратиш осонлашади.
Иккинчи босқич – нутқнинг фасоҳати билан боғлиқ. Бу, аввало ҳарфларни соф арабий усулда талаффуз қилиш ҳамда идғом, ихфо, мад, тарқиқ, тафхим ва шу каби қоидаларни амалда қўллаш билан бўлади.
Сўнгги босқич – тажвид илмини мукаммал эгаллаган, моҳир қорилар босқичи. Бу нарса вақф аломатларини билиш ва оятлар маъносига қараб тиловат қилишда намоён бўлади.
Қуръонни мукаммал ўқишга ёрдам берадиган нарсалардан бири, авваламбор, қироат илмидан дарс қилишдир. Агар киши қироат илмини яхши эгаллаган бўлса, у учун тажвид илмини ўзлаштириш нисбатан осон кечади. Жумладан, биз сизларга тақдим қилаётган ушбу китобни яхши ўзлаштириш учун ҳам араб тилидан бир оз хабардор бўлиш талаб этилади. Ҳозирги пайтда бизда “Муаллимус-соний”, “Мабдаул-қироат” ва “Шифоҳиййа” каби ўқиш китоблари мавжуд. Агар мазкур китоблар аввал ўқиб тугатилгандан сўнг тажвид илмига киришилса, бу нарса кишига фақатгина енгиллик туғдиради. Айниқса, ”Шифоҳиййа” китоби жуда ҳам фойдали.
Тажвид илмини ўрганишда инсондан талаб қилинадиган асосий нарса доимо, муттасил равишда нутқи ва талаффузини яхшилашга қаратилган махсус машқларни бажариб юришидир. Шу йўл билан у мукаммал қироат қилиш даражасига эришади.
Қуръон ўқишни ўрганишга мосланган машқлар икки хил усулда олиб борилиши мумкин:
1)      Тўғри ўқилган қироатни эшитиш. Бунда у моҳир қориларнинг бирига қулоқ тутади ҳамда Мусҳафга қараб, унинг кетидан сўзма-сўз кузатиб боради ва унга тақлид қилиб, ҳарфларни рисоладагидек талаффуз қилишга ҳаракат қилади. Мисол тариқасида машҳур мужаввид қорилардан ҳисобланмиш Халил Ҳусорий, Миншавий, Абдулбосит ва Али ибн Абдурроҳман ал-Ҳузайфийларнинг қироатини олиш мумкин. Чунки мазкур қорилар (айниқса ал-Ҳузайфий) бошқаларга қараганда тажвид илмига алоҳида эътибор берган ҳолда тиловат қиладилар. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бизда ушбу қориларнинг тиловати ёзилган диск ва кассеталар мавжуд. Бундан ташқари Қуръони карим тиловатини ўргатувчи махсус электрон дарсликлар ёки устоз-шогирд машғулотлари ҳам диск ва кассеталар шаклида чиқарилган. Ана ўшаларни олиб, фойдаланиш мумкин.[2]
2)      Ҳарфларни қандай талаффуз қилинишини ўзлаштиргач, уни янада мукаммалроқ бажаришга ҳаракат қилиб, мунтазам шу нарса устида шуғулланиш. Бунда тилга қийин бўлган ҳарфлар, бирон жумла ёки оятни алоҳида қоғозга ёзиб олиб, уларни кўпроқ талаффуз қилиш ва такрорлаш ҳам яхши натижа беради. Машқлар давомида кишининг тили тиловатга келишмаслиги, қийинчиликка учраши табиий, албатта. Ана шундай ҳолларда мўъмин киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Тили қийналиб ўқувчига икки баробар кўп ажр берилади” деган ҳадисларини эсга олса, қалбида таскинлик топиб, шижоати яна ошади. Шунингдек, агар тил қироатга келишмаса, Мусо алайҳис саломнинг қуйидаги дуосини ўқиш ҳам яхши натижа беради:
“Парвардигорим, Ўзинг қалбимни кенг қилгин. Ишимни осон қилгин. Тилимдан тугунни-дудуқликни ечиб юборгин. (Токи қавмим) сўзимни англасинлар” (Тоҳа, 25-28).
Лекин, тилим ҳеч қироатга келишмаяпти, деб ҳар хил баҳоналар қилиш, тажвид илмига беэътибор бўлиш яхши эмас. Чунки, Аллоҳ таоло айтади:
“Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?” (Қамар, 17, 22, 40).
Банда ниятини поклаб, ихлос билан тажвид илмини эгаллашга киришса ва Аллоҳга дуо қилиб, унга осон қилишини сўраса, албатта Аллоҳ бу банданинг йўлини енгил қилади, уни Қуръонни тўғри ўқишликка муваффақ этади, қулфи дилини очади. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг Каломини тўғри ва тажвид қоидаларига мос ҳолда тиловат қилиб, унга чиройли амал қиладиган бандалардан қилсин!

Зиёвуддин Раҳим ва Одилхон қори Юнусхон ўғлининг “Тажвид қоидалари” китобидан

[1]Тажвид илми бўйича мутахассис бўлмаган кишилар тиловат қоидаларини назарий жиҳатдан, номма-ном билишлари шарт эмас. Асосийси, амалий жиҳатдан қоидаларни пухта ўзлаштириб, Қуръони каримни тўғри ўқий олиш малакасига эришсалар, улар учун шунинг ўзи кифоя қилади.
[2]Масалан, “Al-Qori ” (Sound Vision) электрон дарслиги фойдаланиш учун жуда қулай. Унда ҳарфларнинг талаффузи яхши тушунтирилган ҳамда ўхшаш ҳарфлар орасида фарқлар расмлар орқали изоҳланган. Шунингдек, унда 30 пора Қуръон тиловати ҳам мавжуд. “Al-Qori ” дастуридан компютер орқали фойдаланиш мумкин.