A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Араб алифбоси
PDF Босма E-mail

Тажвид илми ҳарфлар асосига қурилган. Тажвид илмининг илк босқичи ҳарфлар талаффузини пухта ўзлаштириб олишдир. Шу сабаб аввал араб тилидаги ҳарфлар ва уларнинг талаффузини бирма-бир кўриб чиқамиз.
Араб алифбосида 29 та ҳарф бор[1]. Ундаги ҳар бир ҳарф алоҳида, сўз бошида, ўртасида ва охирида келган шаклларга эга. Ҳар бир ҳарфнинг ёзилиши унинг қандай вазиятда турганига боғлиқ. Ҳарфларнинг кўпчилиги (23 таси) ҳар икки томондан бошқа ҳарфларга қўшилиб ёзилади. Қолган 6 та ҳарф эса фақат бир томондан қўшилиб ёзилади[2].
Кўпчилик ҳарфлар имло нуқтаи назаридан бир-бирига ўхшаш шаклларга эга бўлиб, уларни фарқлайдиган белги уст ёки тагига қўйилувчи нуқталардир. Нуқталар сони бир, икки ёки учта бўлиши мумкин.
Араб алифбосида ҳарфлар бошқа кўпгина халқларникида бўлгани каби бош ва кичик шаклларга эга эмас. Алифбодаги ҳарфлар қуйидагилар:[3]
-ا алиф(ун),ء    -ҳамза(тун), ب   -ба(ун),ت   -та(ун), ث -са(ун),   ج -жийм(ун),   ح- ҳа(ун),خ -хо(ун),  د -дал(ун),  ذ-зал(ун),  -ر   ро(ун),  ز   -за(ун)ёки зай,   س-сийн(ун),ش  -шийн(ун),  ص-сод(ун),  ض-дзод(ун),[4]  ط -то(ун),  ظ -зо(ун),  ع -ъайн(ун), -غ   ғойн(ун),  ف -фа(ун),  ق-қоф(ун),  ك -каф(ун),   ل-лам(ун),     م-мийм(ун),  ن -нувн(ун),   ه- ҳа(ун),    و-вав(ун),   ى-йа(ун)
Ҳар бир тил ўз нутқ тизимига эга. Араб ва ўзбек тилларида ҳар икки тил учун хос бўлган, бир хил талаффуз қилинадиган товушлар бор. Айни пайтда ҳар бирининг ўзигагина хос, бошқасида учрамайдиган товушлари ҳам бор. Биз ўз она тилимизда талаффуз кўникмасини гўдаклигимиздан ҳосил қилганмиз. Бироқ ўзбекча сўзлашиш кўникмаси араб тилида гапириш ёки арабча матнни ўқий олиш учун кифоя қилмайди. Арабча ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш учун эса баъзи-бир янги кўникмаларни ҳосил қилиш керак бўлади.
Алиф ( ا )
Алиф – алифбонинг дастлабки ҳарфи. У ўзи алоҳида равишда бирон товушни билдирмайди. Алифнинг ёзув тизимидаги вазифаси унинг олдидаги, устида ёки тагидаги белги ва ҳаракатларга боғлиқ бўлади. Агар алифдан олдин фатҳа келса, чўзиқ “а" (аа) тарзида ўқилади. Шунингдек, алифнинг усти ёки остида ҳамза бўлса, у ана ўша ҳамза учун таянч вазифасини ўтайди. Алиф фақат ўн томондан бошқа ҳарфларга бириктирилиши мумкин. Мисоллар:[5]
ٱلْكِتَابُ ، ثَوَابٌ ،ٱلرَّحْمَانُ ، حَالَ ، قَالَ ، بَأْسٌ
إِنَّ رَبَّكَ لَبِالْمِرْصَادِ ، فَأَنْزَلْنَا بِهِ ٱلْمَاءَ
Агар алифдан олдинги ҳарф йўғон ўқилувчи (тафхим) бўлса, у ҳолда алиф “а” эмас, балки “о”, деб ўқилади:
قَالَ ، فِى ٱلْغَابِرِينَ ،ٱلظَّالِمِ ، خَلَقَ ، مِنَ ٱلصَّالِحِينَ
Қуръони каримда алиф ҳарфининг миқдори 38285 тани ташкил қилади.
Ҳамза(  ء )
Махражи – ҳалқумнинг энг қуйи қисми. Ҳамза товуш пайчаларида пайдо бўладиган жарангсиз, шовқинли, портловчи ундош. Унинг талаффузида товуш пайчалари ўзаро жипслашиб, вужудга келтирган жуда қисқа тўхталиш натижасида тўсилган ҳавонинг сиртга интилиши кучидан ажралади. Портлаб отилган ҳаво оғиз бўшлиғига ўтади ва шу аснода енгил томоқ қирилишини эслатувчи товуш талаффуз қилинади. Юмшоқ танглай кўтарилган, бурун бўшлиғига ўтиш йўли ёпиқ бўлади.
Ўзбек тилида бундай товуш йўқ. Бироқ унга яқин товушни араб тилидан ўзлашган баъзи сўзларнинг талаффузида учратиш мумкин. Масалан: “муаррих”, “масъул”, “маъмур” ва ҳ.к.
ٱلْحَمْدُ ، ٱلَّذِينَ ، ءَاتَي ، ءَامِّينَ ، أَصْلَحَ ، إِهْدِنَا ، فَأْتُوا
فَأْوُوا ، فَأْذَنُوا ، أَءُلْقِىَ ، أَءِنَّا ، يَنْأَوْنَ ، مَنْ ءَامَنَ
" هَلْ أَتَى عَلَى ٱلإنْسَانِ حِينٌ مِّنَ ٱلدَّهْرِ لَمْ يَكُنْ شَيْئًا مَّذْكُورًا "
Қуръони каримдаги ҳамза ундошиниг миқдори 28718 тадир.
Ба ( ب )
“Ба” ҳарфи лаб ўртаси ундоши, жарангли. Талаффуз жараёнида икки лаб бир-бирига ёпишиб туради. Бу товуш ўзбек тилидаги “б” каби талаффуз қилинади. Бироқ, араб тилидаги “б” ўзбек тилидаги каби сўз ўртаси ва охирида жарангсизлашмайди, яъни “п”га айланмайди. Масалан:
بَرِئَ ، بَصَلِهَا ، بَرْقٌ ، بِهِمْ ، بِسَاحَتِهِمْ ، يَبْتَغُونَ ، مَآبٍ
وَإِلَى رَبِّكَ فَارْغَبْ ، لاَ نُكَذِّبُ بِآيَاتِ رَبِّنَا
Қуръони каримда “ба” ҳарфи 11490 марта такрорланиб келган.
Та ( ت )
Махражи – тил учи ва олдинги икки тиш туби. “Та” танглай олди товуши, тиш ортида талаффуз қилинади, жарангсиз. Ўзбек тилидаги “т” каби талаффуз қилинади. Мисол:
تَتَوَفَّاهُمْ ، كِدتَّ تَرْكَنُ ، تَأْكُلُونَ ، تَشْرَبُونَ ، تَجْرِى ، جَنَّاتٍ
قُلْ تَعَالَوْا أَتْلُ ، هَلْ تَنْقِمُونَ ، بَلْ تَأْتِيهِمْ
Қуръони каримдаги “та” ҳарфининг миқдори 12864 тани ташкил этади.
Са( ث )
Махражи – тилнинг икки тарафи ва олдинги икки устки тишлар ораси. Танглай олди сирғалувчиси, жарангсиз, шовқинли. У устки ва остки тишлар ўртасида талаффуз қилинади. Бундай товуш ҳозирги замонавий ўзбек тилида йўқ. Уни талаффуз қилишда тил учи тишлар орасига жойлаштирилади ва у юқоридаги тишларга маҳкам жипслашиб туради. Шунда тил учи билан пастки тиш орасида кичик тирқиш қолади. Нутқ аъзоларининг шундай ҳолатида “са” куч билан талаффуз қилинади. Масалан:[6]
أَثْخَنْتُمُوهُ ، إِنْ يَثْقَفُوكُمْ ، لَبِثْتُمْ ، أُورِثْتُمْ ، ثَالِثُ ثَلاَثَةٍ
أُنْثَى ، مِنْ ثَمَرَةٍ ، يَوْمَئِذٍ ثَمَانِيَةٌ ، أَمْثَالُكُمْ ، هَلْ ثَوِّبَ
“Са” ҳарфининг Қуръони каримдаги миқдори 1414 тадир.
Жийм ( ج )
Махражи – тил ўртаси ва унинг рўпарасидаги танглай. “Жийм” танглай ва тил олди ундоши, жарангли, шовқинли товуш. У ўзбек тилидаги “ж” ҳарфининг талаффузига тўлиқ мос келади. Масалан:
ٱجْتَنِبُوا ، تَجْرِى ، تُجْزَوْنَ ، حَاجَجْتُمْ ، يُنْجِيكُمْ ، مَنْ جَاءَ
أَوْ كَظُلُمَاتٍ فِى بَحْرٍ لُّجِّىٍّ ، وَ جِهَادٍ فِى سَبِيلِهِ
Қуръони каримда ушбу ҳарф 3317 марта такрорланиб келган.
Ҳа ( ح )
Махражи – ҳалқум ўртаси. “Ҳа” ҳарфи бўғизнинг ҳалқум қисмида пайдо бўлувчи жарангсиз, шовқинли, сирғалувчи ундош. Унинг талаффузида бўғиз мушаклари таранглашиб, бир-бирига яқинлашиб келади. Улар жуда тиғизлашади ва натижада ўртада тор йўлак ҳосил бўлади. Ташқарига отилаётган ҳаво ана ўша тор йўлакдан ўта туриб, мускуллар устидан “сирғанади”. Натижада жарангсиз шовқин тарзида “ҳа” ундоши талаффуз қилинади. Бунда товуш пайчалари мустаҳкам, юмшоқ танглай кўтарилган, бурун бўшлиғига олиб борувчи йўл берк бўлади. Хуллас, ушбу ҳарфни талаффуз қилиш жараёнида барча нутқ аъзолари таранглашган ҳолатда бўлади.
Ўзбек тилида бундай товуш йўқ. Мисоллар:
فَاصْفَحْ عَنْهُمْ ، سَبِّحْهُ ،ٱلْحَقُّ ، حَصْحَصَ ، وَ ٱنْحَرْ ، مِنْ حَسَنَةٍ ،ٱلْحَجَّ
لاَ أَبْرَحُ حَتَّى ، غَفُورٌ حَلِيمٌ ، أَمْ حَسِبْتُمْ
Қуръони каримда “ҳа” ҳарфи 4138 марта такрорланган.
Хо (   خ )          
Махражи – ҳалқумнинг энг юқори қисми. “Хо” шовқинли, жарангсиз, чуқур танглай орқа товуши. Бу ундош талаффузи ўзбек тилидаги қаттиқ “х”га тўлиқ мос келади. Масалан: “хабар”, “хос”, “хаёл”...
يَخْرُجُونَ ،ٱخْرُجْ ، إِخْرَاجًا ، خَالِدِينَ ، خُلِقُوا ، خِلاَفَ ، خِلاَلٌ
كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ ، مِنْ خَيْرٍ ، يَوْمَئِذٍ خَاشِعَةٌ
Мазкур ҳарф Қуръони каримда жами 2492 марта такрорланиб келган.
Дал (  د )
Махражи – тил учи ва олдинги икки тепа тишнинг туби. Мазкур ҳарф танглай олди товуши, тиш ортида талаффуз қилинади, жарангли. У ўзбек тилидаги каби жарангсизлар таъсири остида ўз жаранггини йўқотмайди. Бинобарин, унинг “т”лашуви юз бермайди. Масалан:
أَنْدَادًا ، مِنْ دَابَّةٍ ، دَكًّا دَكًّا ، دَرَجَاتٌ ،ٱلدِّينُ ، وَ عَدَّدَهُ
ٱشْدُدْ بِهِ أَزْرِى ، قَد دَّخَلُوا ، يُرِدْ ثَوَابَ ، قَدْ بَيَّنَّا لَكُمْ
Қуръони каримдаги “дал” ҳарфининг миқдори 5991 тани ташкил этади.
Зал ( ذ  )
Махражи – тилнинг икки тарафи ва олдинги икки устки тишлар ораси. У танглай олди сирғалувчиси, шовқинли, жарангли ундош ҳисобланади. Уни тўғри талаффуз қилиш учун нутқ аъзоларини “са”( ث ) ҳарфининг талаффуз қилиниши каби ҳолатга олиб келинади. Талаффуздаги ягона фарқ – товушнинг иштироки.Муқобил товуш ҳозирги замонавий ўзбек тилида мавжуд эмас. Мисоллар:
ذَرْهُمْ ، ٱلأَذْقَانَ ، ٱلْمُنْذِرِينَ ، مَحْذُورًا ، ذَلَّلْنَا ، عُذْتُ
نَبَذْتُهَا ، ذِى ٱلذِّكْرِ ، إِذ ذَّهَبَ ، لِيُنْذِرَ ، مَنْ ذَا ٱلَّذِي ، سِرَاعًا ذَلِكَ
رَبُّكُمْ ذُو رَحْمَةٍ وَاسِعَةٍ ، وَٱلذَّاكِرِينَ ٱللهَ كَثِيرًا وَ ٱلذَّاكِرَاتِ
Қуръони каримда “зал” ҳарфи 4932 марта такрорланиб келган.
Ро ( ر  )
Араб тилида битта титровчи ҳарф мавжуд. У “ро” ҳарфидир. Махражи – тил учи ва қисман тил ўртаси. Мазкур ҳарф тил учининг қаттиқ танглайга мунтазам урилиб туриши жараёнида талаффуз қилинади, яъни “ро”нинг талаффузида тил учи титрайди. Ушбу ҳарф талаффузи ўзбек тилидаги “р”никига мос келса-да, бироқ араб тилидаги “ро” ўзбек тилидагига қараганда анча қаттиқ талаффуз қилиниши билан ажралиб туради ва араб тилидаги “ро”нинг айтилишида тил учи кўпроқ титрайди. Масалан:
يَغْفِرْ لَكُمْ ، ٱلرِّجَالُ ، شَهْرُ رَمَضَانَ ، تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ ، مُحَرَّرًا ، ٱلأَبْرَارِ
ٱلرَّحْمَانِ ٱلرَّحِيمِ ، وَٱصْبِرْ لِحُكْمِ رَبِّكَ ، غَفُورٌ رَحِيمٌ
“Ро” ҳарфи Қуръони каримда жами 12401 марта такрорланган.
За ёки зай ( ز أو زاى)
Махражи – тил учи ва олдинги икки юқори ҳамда пастки тишлар ораси. “За” шовқинли, жарангли ундош. У танглай олдида пайдо бўладиган оддий тиш орти сирғалувчисидир. Ушбу ундош ўзбек тилидаги “з” ҳарфи каби талаффуз этилади. Масалан:
أَزْكَى ، رِزْقًا ، فَعَزَّزْنَا ، أَنْزَلَ ، فَإِنْ زَزَلْتُمْ ، نَفْسًا زَكِيَّةً ، زَيَّنَ
ٱلْمِصْبَاحُ فِى زُجَاجَةٍ صلى ٱلزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ ، بَلْ زُيِّنَ
Ушбу ҳарфнинг Қуръони каримдаги адади 1599 тани ташкил қилади.
Сийн ( س )
Махражи – тил учи ва олдинги икки юқори ҳамда пастки тишлар ораси. У шовқинли, жарангсиз ундош ҳисобланади. Ушбу ҳарф тишлар ортининг фаол иштироки билан пайдо бўладиган оддий танглай олди сирғалувчисидир. “Сийн” ҳарфининг талаффузи ўзбек тилидаги “с”никига мос келади:
ٱلسَّمَاءِ ، لاَ يُسْئَلُ ، تُسَاقِطْ ، مَسْطُورًا ، أَسَرُّوا ، يُسَبِّحُونَ
عَسَى ، قَسَمْنَا ، سَوَاءٌ ،ٱلشَّمْسُ ، مِنْسَأَتَهُ ، رَجُلاً سَلَمًا ، سِرَاجًا
وَ بَنَيْنَا فَوْقَكُمْ سَبْعًا شِدَادًا ، بَلْ سَوَّلَتْ لَكُمْ أَنْفُسُكُمْ أَمْرًا
Қуръони каримдаги “сийн” ҳарфининг умумий миқдори 6010 тадир.
Шийн ( ش )
Махражи – тил ўртаси. “Шийн” шовқинли ҳамда жарангли ундош. У тил олдида талаффуз қилинувчи танглай олди товуши. Мазкур ҳарф ўзбек тилидаги “ш” каби талаффуз қилинади. Мисоллар:
فَبَشَّرْنَاهُ ،ٱشْتَرَاهُ ،ٱلرُّشْدُ ،ٱشْدُدْ ،ٱلْمَنْفُوشِ ، يُنْشِئُ ، فَمَنْ شَهِدَ
حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ، أُوْلَئِكَ هُمْ شَرُّ ٱلْبَرِيَّةِ
“Шийн” ҳарфи Қуръони каримда 2421 марта такрорланиб келган.
Сод ( ص )
Махражи – тилнинг учи ва олдинги икки тиш туби. “Сод” танглай олдида талаффуз қилинувчи тиш орти сирғалувчиси, шовқинли, жарангли ундош. Унинг талаффузида тил учи пастки тиш тизмасининг ички томонига бир оз тегиб туради. Тилнинг ўртаси қаттиқ танглайга қараб кўтарилади ва ҳаво ўтиши учун тор тирқиш ҳосил бўлади. Аъзоларнинг ана шундай ҳолатида ҳаво сирғалиши билан “сод” ҳарфи талаффуз қилинади. Бироқ, шуни эсдан чиқармаслик керакки, итбоқ (эмфатик, яъни кучли талаффуз қилинадиган) товушларда оддий ҳарфлардагига нисбатан ҳаво ўтиш йўли анча тор бўлади, тил ва бошқа барча аъзолар ниҳоятда таранглашади, ҳаво сирғалиб куч билан ташқарига отилади.
“Сод” товуши ўзбек тилида мавжуд эмас. Мисоллар:
حَرَصْتُمْ ، أَصْطَفَى ، يَصْطَفِى ، يَصْدُرُ ، تَصْدِيَةً ، فَانْصُرْنَا ، صِنْوَانٌ
وَ لَمَنْ صَبَرَ ، عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ ، عَمَلاً صَالِحًا
Қуръони каримдаги “сод” ҳарфининг миқдори 2072 тадир.
Дзод ( ض )
Махражи – тилнинг ўнг ва чап ёнлари билан остки ҳамда устки озиқ тишлар ораси. Танглай олди товуши, шовқинли, жарангли, тиш орти портловчиси. У барча сифатлари билан “д” ҳарфига мос келгани ҳолда, биргина фарқ бор. У ҳам бўлса, “дзод”нинг талаффузида аъзоларнинг куч билан таранглашувидир. Яъни, тил учи танглай олдига тортилиб, қаттиқ жипслашади. Тил орқаси юмшоқ танглайдан узоқлашиб, ҳаво оқими шиддат билан ташқарига отилади ва “дзод” талаффуз қилинади. Талаффуз қилиш жараёнида бурун бўшлиғини танглай билан боғловчи тирқиш ёпиқ бўлади. Шу сабаб ҳаво оқими фақатгина оғиз бўшлиғи орқали ташқарига чиқади. “Дзод” ҳарфини тилнинг ўнг томонидан чиқариш нисбатан осонроқ саналади.
Бундай товуш ўзбек тилида йўқ. Мисоллар:
مَنْضُودٍ ، مَنْ ضَلَّ ، مُسْفِرَةٌ ضَاحِكَةٌ ، وَٱلضُّحَى ، فَمَنِ ٱضْطُرَّ
خُضْتُمْ ، وَٱخْفِضْ جَنَاحَكَ ، بَلْ ضَلُّوا عَنْهُمْ ، أَنْقَضَ ، وَلاَ ٱلضَّآلِّينَ
* * *
ٱللهُ ٱلَّذِى خَلَقَكُمْ مِنْ ضَعْفٍ ثًمَّ جَعَلَ مِنْ بَعْدِ ضَعْفٍ قُوَّةً ثُمَّ جَعَلَ مِنْ بَعْدِ قُوَّةٍ ضَعْفًا وَشَيْبَةً
Қуръони каримда “дзод” ҳарфи 1687 марта такрорланиб келган.
То (  ط )
Махражи – тил учи ва олдинги икки тиш туби. У шовқинли, жарангсиз, тиш орти сирғалувчиси. Унинг талаффузи “дзод” ҳарфиникига тўлиқ мос бўлгани ҳолда, жарангнинг йўқлиги билан фарқланади. Нутқ аъзоларининг ҳолати оддий тиш орти жарангсиз портловчиси “т”нинг талаффузи кабидир. Фарқ шуки, тил учи танглай олдига тортилганда қаттиқ жипслашади. Тил орқаси юмшоқ танглайдан узоқлашади ва шу лаҳзада ҳаво оқими шиддат билан отилиб чиқади. Ушбу ҳарфни талаффуз қилиш чоғида бурун бўшлиғининг йўлаги ёпиқ бўлади. Шу сабабли ҳаво оқими фақат бўғиз бўшлиғи орқали тўғри сиртга йўл олади.
Бундай товуш ўзбек тилида мавжуд эмас. Мисоллар:
أَنْ يَطَّوَّفَ ، شَطَطًا ، تُشْطِطْ ، أَحَاطَتْ ، يَنْطِقُ ، فَإِنْ طِبْنَ ، مِنْ طِينٍ
كَلِمَةً طَيِّبَةً ، بَلْ طَبَعَ ، طَيْرًا أَبَابِيلَ ، تَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ
Қуръони каримда “то” ҳарфи 1276 марта такрорланиб келган.
Зо ( ظ )
Махражи – тилнинг икки тарафи ва олдинги икки устки тишлар ораси. Танглай олди ундошларидан, шовқинли, жарангли тиш орти сирғалувчиси. Талаффуз қилиниш услуби “сод” товушиники билан тўлиқ мос келади. Биргина фарқ – “зо” жарангли, “сод” эса жарангсиз ундошлар ҳисобланади.
Мазкур ундош ҳам ўзбек тилида мавжуд эмас. Мисоллар:
ظَهَرَ ، ظَلَمُوا ، أَوَعَظْتَ ،ٱلظَّالِمِينَ ،ٱلظَّانِّينَ ، يَنْظُرُونَ ، ظَاهِرَةً
مَنْ ظَلَمَ ، فَلاَ يُظْهِرُ عَلَى غَيْبِهِ أَحَدًا ، بَلْ ظَنَنْتُمْ
“Зо” ҳарфи Қуръони каримда 850 марта келган.
ъайн ( ع )
Махражи – ҳалқум ўртаси. У портловчи ундошдир. Мазкур ҳарф бўғизнинг ниҳоятда таранглашиб жипслашгач, бир лаҳза тўхташидан сўнг бирданига бўшашуви оқибатида нафас кучи билан ташқарига отилган пайтда талаффуз қилинади. Бунда товуш пайчалари тўлқинланиб ҳаракатга келади. Юмшоқ танглай кўтарилиб, бурун бўшлиғига ўтиш йўли ёпиқ бўлади.
Бундай товуш ўзбек тилида йўқ. Мисоллар:
أَنْعَمْتَ ، مِنْ عِلْمٍ ، سَمِيعٌ عَلِيمٌ ، وَ ٱلْعَادِيَاتِ ، عَلَى ، تَعْلَمُونَ
وَ لاَ تَعْتَدُوا ج إِنَّ ٱللهَ لاَ يُحِبُّ ٱلْمُعْتَدِينَ ، أَمْ عِنْدَهُمُ ٱلْغَيْبُ
Қуръони каримда “ъайн” ҳарфи 9405 марта такрорланиб келган.
Ғойн ( غ )
Махражи – ҳалқумнинг энг юқори қисми. Шовқинли, жарангли, чуқур танглай орқа товуши. Бу ҳарфнинг талаффузи ўзбек тилидаги “ғ”га тўлиқ мос келади. Масалан:
مِنْ غِلٍّ ، أَفْرِغْ عَلَيْنَا ، لاَ تُزِغْ ، فَسَيُنْغِضُونَ ، غَالِبِينَ ، وَ ٱسْتَغْفِرُوا
وَ مَنْ يَبْتَغِ غَيْرَ ٱلإِسْلاَمِ دِينًا فَلَنْ يُقْبَلُ مِنْهُ ، عَزِيزٌ غَفُورٌ
“Ғойн” ҳарфи Қуръони каримда 1221 марта такрорланиб келган.
Фа( ف )
Махражи – олдинги икки устки тиш учи ва остки лабнинг ташқи тарафи. “Фа” шовқинли, жарангсиз ундош. У лаб ва тиш ўртасида пайдо бўлади. Ўзбек тилидаги “ф” ҳарфи бизга араб тилидан кирганлиги боис кўпинча ушбу ҳарф “п” бўлиб талаффуз қилинади. Шу сабаб Қуръони каримни тиловат қилганда бунга эътибор қаратиш лозим. Масалан, кўп ҳолларда “фий сабийлил-лаҳи” жумласи “пий сабийлил-лаҳи”, “афваажа” сўзи эса “аппажа” тарзида хато талаффуз қилиб кетилади. Шу сабаб “ф” ҳарфини махсус машқлар орқали пухта ўзлаштириб олиш керак бўлади. Масалан:
نَخْسِفُ ، لاَ تَخَفْ ، فِى ، تَعْرِفُ ، أَنْفُسُكُمْ ، بِالْفَتْحِ ، وَٱلْفَجْرِ
وَمَا ٱخْتَلَفَ فِيهِ ، خَفَّفَ ٱللهُ عَنْكُمْ ، وَإِنْ فَاتَكُمْ
Қуръони каримдаги “фа” ҳарфиниг миқдори 8746 тани ташкил қилади.
Қоф ( ق )
Махражи – тилнинг туби билан юқори танглай. Бунда у ҳалқумга яқинроқ бўлади. Чуқур танглай орқаси ундоши, жарангсиз. Тил ўзагининг иштироки билан талаффуз қилинади. У ўзбек тилидаги “қ” ундоши каби талаффуз қилинади. Мисоллар:
خَلَقَكُمْ ، يَنْقَلِبْ ، وَ لَئِنْ قُلْتَ ،ٱلْقَوِىُّ ، أَقَامُوا ، يَوْمَ ٱلْقِيَامَةِ
يُنْفِقُ قُرُبَاتٍ ، طَرَائِقَ قِدَدًا ، حَقَّ قَدْرِهِ
Қуръони каримда “қоф” ҳарфининг адади 7034 тани ташкил этади.
Каф ( ك )
Махражи – тилнинг туби билан юқори танглай. “Каф” ҳарфининг махражи “қоф”никига қараганда енгилроқ, у тил ўртасига яқин, ҳалқумдан узоқ. Ушбу ҳарф танглай ўртаси ундоши, жарангсиз. “Каф” ҳарфи ҳам ўзбек тилидаги “к” ҳарфи каби талаффуз қилинади. Мисоллар:
نَكْتَلْ ، بِشِرْكِكُمْ ، مَنَاسِكَكُمْ ، يَنْكُثُونَ ، مَنْ كَانَ ، مَا لَكُمْ ، عَلِيًّا كَبِيرًا
* * *
كَىْ نُسَبِّحَكَ كَثِيرًا * وَ نَذْكُرَكَ كَثِيرًا * إِنَّكَ كُنْتَ بِنَا بَصِيرًا
Қуръони каримда “каф” ҳарфи 10497 марта такрорланиб келган.
Лам ( ل )
Махражи – тилнинг ўртасидан учигача бўлган жой. “Лам” тиш олди танглай ундошидир. Унинг талафузида тил учи танглай олдига ёпишиб туради ва икки ёнда қолган тор тирқишлар орқали ҳаво оқими ўтиб туради, нутқ аъзолари таранглашмайди. Араб тилидаги “лам” ўзбек тилидаги “л” ҳарфига нисбатан юмшоқроқ талаффуз қилинади. Фақат “Аллоҳ” сўзи бундан мустасно. Мисоллар:[7]
لَسَلَّطَهُمْ ، أَنْزَلْنَا ، ظَلَّلْنَا ، فَضَّلْنَا ، عَلَى ٱلله ، ٱللَّطِيفُ ، لاَ قِبَلَ لَهُمْ
هُدًى لِّلْمُتَّقِينَ ، وَ لاَ ٱلضَّآلِّينَ ، لاَ مُبَدِّلَ لِكَلِمَاتِهِ
“Лам” ҳарфи Қуръони каримда 14707 марта такрорланиб келган.
Мийм ( م  )
Махражи – икки лаб ораси. Бурун (ғунна) товуши, бу ундош икки лаб ўртасида талаффуз қилинади. Унинг талаффузида нутқ аъзолари таранглашмайди, худди “ба”никидаги сингари икки лаб бир-бирига ёпишиб туради. Мазкур ҳарф ўзбек тилидаги “м” каби талаффуз қилинади. Мисоллар:
مَخْمَصَةٍ ، مَرَضٌ ، مَرْيَمَ ، عَمَّ ، مِمَّ ، لَمَّا ، إِذَا ٱلْمَوْءُودَةُ ، مِن مَّلْجَإٍ
هُم مُّؤْمِنُونَ ، وَ مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ ، أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلاً
“Мийм” ҳарфининг Қуръони каримда миқдори  25732 тани ташкил этади.
Нувн ( ن )
Махражи – тил учининг қуйи қисми. “Нувн” танглай олди товуши бўлиб, тил олдида талаффуз қилинади. Унинг талаффузида ҳам нутқ аъзолари таранглашмайди. Араб тилида “мийм” ва “нувн” ҳарфлари сирғалувчи бурун (яъни, ғунна) товушлари ҳисобланади.
“Нувн” ҳарфи ўзбек тилидаги “н” сингари талаффуз қилинади. Масалан:
وَ ٱنْحَرْ ، رَبِّ ٱلْعَالَمِينَ ، نَحْنُ نُسَبِّحُ ، قُلْ نَعَمْ ، جَنَّاتٍ ، يَنْهَوْنَ
وَ أَنْزَلْنَا إِلَيْكُمْ نُورًا مُّبِينًا ، قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ ٱلنَّاسِ
Қуръони каримда “нувн” ҳарфи 27269 марта такрорланиб келган.
Ҳа ( ه )
Махражи – ҳалқумнинг энг қуйи қисми. “Ҳа” (ушбу ҳарф ҳойи ҳавваз, деб ҳам юритилади) жарангсиз, шовқинли, сирғалувчи ундош. У бўғизда, товуш пайчаларининг ўзаро яқинлашган ва енгил таранглашган ҳолатида талаффуз қилинади. Талаффуз пайтида юмшоқ танглай кўтарилган, бурун бўшлиғига ўтиш йўли ёпиқ туради. Шунингдек, товуш пайчаларининг яқинлашувидан пайдо бўлган тирқиш орқали сиртга йўналаётган ҳаво оқими уларда бир оз қаршиликка учрайди. “Ҳа” товуши талаффузида нутқ аъзолари эркин вазиятда бўлади. Бундай товуш ўзбек тилида мавжуд. Масалан: “ҳаргиз”, “ҳазил”, “ҳаво” сўзларидаги “ҳ” ва араб алифбосидаги “ҳа” товуши бир-бирига айнан ўхшаш. Мисоллар:
بَنَاهَا ، طَحَاهَا ، ضُحَاهَا ، قُلُوبُهُمْ ،ٱهْدِنَا ، سَمْعِهِمْ ، هُدًى ، أَبْصَارِهِمْ
* * *
وَعْدَ ٱللهِ حَقٌّ ، إِنَّ ٱللهَ رَبِّى وَ رَبُّكُمْ فَاعْبُدُوهُ صلى هَذَا صِرَاطٌ مُّسْتَقِيمٌ
Эслатма: الْعِهْنِ ، عَهْدٌ ، مَعَهُمْ  сўзларидаги “ҳа” ҳарфини “ъайн” таъсирида ҳойи ҳутийга алиштириб юбормаслик лозим. Бунинг учун ушбу сўзларни шошилмасдан, дона-дона қилиб талаффуз қилиш талаб этилади.
Қуръони каримда “ҳа” ундоши 14849 марта келган.
Вав (  و )
Махражи – икки лаб ораси.[8] “Вав” икки лаб ўртасида пайдо бўлувчи жарангли, сирғалувчи товуш. Унинг талаффузи ўзбек тилидаги “в”га мос келади, фақат бир оз фарқлироқ (бу ҳақда қуйида тўхталамиз). Масалан:
وَٱلْوَالِدَاتُ ، وُجُوهٌ ، وَلِيُّهُمْ ، هُوَ وَٱلَّذِينَ ، وَٱلشَّمْسِ ، وِلْدَانٌ ، وُعِدْنَا
جَنَّاتٍ وَ عُيُونٍ ، هُوَ وَٱلْمَلاَئِكَةُ ، مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَآءَنَا
“Вав” Қуръони каримда 24816 марта такрорланган.
Йа (  ى )
Махражи – тил ўртаси.[9] “Йа” ҳарфи ўрта танглай сирғалувчи товушидир. Ушбу ҳарф талаффузи ҳам ўзбек тилидаги “й”га мос келади. Масалан:
يُحْيِيكُمْ ، إِنْ يَقُولُونَ ، لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ ، ٱلدُّنْيَا ، بُنْيَانٌ
* * *
وَ إِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا
Қуръони каримда “йа” ҳарфи 21964 ўринда келган.



[1]Баъзилар араб алифбосидаги ҳарфлар сонини йигирма саккизта, деб келтирадилар. Улар бу ҳолатда ҳамзани ҳарф қаторига киритмайдилар.
[2]Биз ушбу китобимизда араб тилидаги ҳарфларнинг фақатгина алоҳида кўринишини келтирдик. Ҳарфларнинг сўз бошида, сўз ўртаси ва охирида келадиган шаклларини Мунаввара Алихўжа Эшон қизининг “Қуръон ўқиш қоидалари” номли китобининг 8-29 бетларидан олишингиз мукин. Тошкент.: Мовароуннаҳр нашриёти, 2003.
[3]Ҳарф ва сўзларнинг ўқилиши берилганда аслият инобатга олинди. Бинобарин, “бе” ёки “те” эмас, “бá” , “та” деб, истеъло ҳарфлар фатҳа ҳаракатини олганида “а” эмас, “о” тарзида келтирилди. Бу усул гарчи тилга бир оз қийинроқ бўлса-да, лекин аслиятга яқиндир.
[4]Биз бу ҳарфни мазкур кўринишда келтиришимизга сабаб, ушбу ҳарфнинг “д” билан “з” ҳарфларининг ўртасида талаффуз қилишинидир. “Дзод” ҳарфининг тахминан 70% “д”, 30% “з” ҳарфидан иборат. Бу ҳолатда “д” ва “з” алоҳида эмас, балки ушбу икки ҳарф бир-бирига киргизилиб талаффуз қилинади. Буни яхшироқ тушуниш учун қуйида берилган махражларга мурожаат қилишингиз мумкин.
[5]Ҳарфлар талаффуз қилинишига  келтириладиган  мисолларнинг деярли барчаси Қуръони каримдан олинган.
[6]Ҳарфларни талаффуз қилишни ўзлаштиришда кўзгу ва техник жиҳозлардан фойдаланиш яхши натижа беради.
[7]“Аллоҳ” сўзининг ўқилишига доир қоидалар қуйида баён қилинади.
[8]“Вав” ҳарфи уч хил: аслий “вав”, мадли “вав” ва лийн “вав”ларга бўлинади. Аслий “вав” замма, фатҳа ёки касра ҳаракатларидан бирини олади. Мадли “вав”нинг махражи ҳалқум билан оғиз орасидаги бўшлиқдир. Мадли “вав”дан аввалги ҳарф ҳаракати замма бўлади. Лийн “вав” эса, икки лаб ўртасида талаффуз қилинади, лекин орада бироз очиқ жой қолади. Лийн “вав”дан олдинги ҳарф фатҳа ҳаракатини олади.
[9]“Йа” ҳарфи ҳам уч хил: аслий “йа”, мадли “йа” ва лийн “йа” турларига бўлинади. Аслий “йа” бирон ҳаракат (замма, фатҳа ёки касра)га эга бўлади. Мадли “йа”нинг махражи – ҳалқум билан оғиз орасидаги бўшлиқ. Мадли “йа”дан олдинги ҳарф ҳаракати касра бўлади. Лийн “йа” эса, тил ўртасида талаффуз қилинади. Лийн “йа”дан аввалги ҳарф ҳаракати фатҳа бўлади.