A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон тартили - Биринчи дарс
PDF Босма E-mail

 

 

Бисмлаҳир Роҳманир Роҳим

Биринчи дарс

Режа:

1. Тартил илмининг асослари

2. Товуш.

3. Нутқ товушлари.

4. Ундош ва унли товушлар.

5. Ҳарф.

6. Овоз ҳақида сўз.

Таянч сўзлар ва атамалар

 

Тартил

Тартил илмининг асослари

Фарзи айн

Нутқ аъзолари

Ҳарф

Фарзи кифоя

Нутқ товушлари

Унли товушлар

Ундош товушлар

 

 

 

 

 

 

 

 

ТАРТИЛ ИЛМИНИНГ АСОСЛАРИ

Уламоларимиз ҳар бир илмга киришдан олдин унинг ўнта асосини баён қилишни одат қилганлар. Биз ҳам ушбу анъанага кўра тартил илмига киришишдан олдин унинг асослари билан танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деган умиддамиз.

Исми:

«Тартил» арабча сўз бўлиб, Қуръоннинг ўқилиш сифатига, кайфиятига ва уни ўргатадиган илмга нисбатан ишлатилади. Бу илм яна «тажвид», «тиловат ҳаққи» каби номлар билан ҳам аталган. Биз умумийроқ маънони кўзлаб, мазкур номни танладик.

Таърифи:

Тартил («ротл» ўзагидан олинган) сўзи луғатда бирор нарсани дона-дона қилиб теришни англатади. Масалан, «роттала каламаҳу» сўз бирикмаси «гапини тартил қилди», яъни шошилмай, нутқ товушларини бир-биридан ажратиб, дона-дона қилиб, ифодали гапирди, деган маънони англатади. Араблар бир-биридан қочмаган, бир-бирига киришиб ҳам кетмаган, маржондек терилган тишга нисбатан ҳам «муроттал» – «тартилланган» сўзини ишлатадилар. Шунингдек, бу сўз «куйламоқ», «оҳангга солмоқ» мазмунларига ҳам эга.

Истилоҳда эса у Қуръони Каримни Аллоҳ таоло нозил қилган ҳайъатда, юқоридаги луғавий маънолар далолат қилган сифатда шошилмай, дона-дона қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган тарзда ўқишни билдиради. Кейинроқ Қуръонни тартил билан ўқишни ўргатадиган илм ҳам «тартил илми» деб номланган.

Мавзуси (предмети):

Қуръон ҳарфлари, товушлари ва бошқа қироат қоидалари.

Асосчиси:

Бу илмнинг амалий асоси ваҳийдир. Яъни, Қуръонни махсус кайфиятда ўқишни Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган.

Ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан тартили билан қабул қилган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига айнан шундай нозил қилган.

Ўз навбатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қуръонни Жаброил алайҳиссаломдан қандай қабул қилган бўлсалар, худди шу тарзда ўз саҳобаларига ҳарфма-ҳарф ўргатганлар. Бу муқаддас Китоб саҳобаи киромлардан бизгача юзлаб, минглаб ишончли, мўътабар қорилар воситасида ҳеч бир ўзгаришсиз етиб келган.

Аммо унинг назарий қоидаларини ишлаб чиқиб, алоҳида фан сифатида шакллантирилишига келсак, бу борада биринчи бўлиб Халил ибн Аҳмад, Сибавайҳи каби арабшунос олимлар баҳс юритганлар. Кейинроқ у қироат илми уламолари томонидан ривожлантирилиб, алоҳида фан сифатида ажралиб чиққан.

Нисбати:

Тартил илми шаръий илмлардан ҳисобланади. Бу илмнинг бошқа кўплаб илмлардан фарқи – уни фақат назарий жиҳатдан билиш, китобдан ўрганиш кифоя қилмайди, балки уни тўлиқ ўзлаштириш учун мутахассис қорилардан оғзаки ўрганиш ҳам керак бўлади.

Мақсади:

Мусулмонларнинг Қуръони Каримни тўғри, гўзал суратда ўқий билишларини таъминлаш.

Фазли:

Бу илм энг шарафли илмдир. Чунки у борлиқдаги энг улуғ Китоб ‒ Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони Каримга бевосита боғлиқдир. Зотан, илмнинг шарафи унинг ўрганадиган мавзусига қараб белгиланади.

Унга амал қилишнинг ҳукми:

Тартил илми қоидаларига амал қилиш борасида кишилар икки босқичга бўлинадилар:

А) Омма мусулмонлар.

Ҳар бир мусулмон киши Қуръони Каримни қўлидан келганича бехато, маъносига футур етмайдиган ва қироат дуруст бўладиган даражада тиловат қила олиши фарзи айн ҳисобланади. Иложи борича яхшироқ ўқишга интилиш тавсия этилади. Бунга бир қанча оят ва ҳадислар ҳамда уламоларнинг ижмоълари далолат қилади.

Бу қисм тартилнинг зарурий қисми ҳисобланади ва истеъмолда «зарурий тажвид» дейилади.

Б) Мутахассислар, қорилар, қироатдан таълим берувчилар.

Уларга Қуръонни ҳар қандай каттаю кичик, ошкораю махфий хатолардан ҳоли ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларига монанд даражада ўзлаштириш ва уни шу тарзда бошқаларга етказиш фарзи айн бўлади. Чунки улар Қуръони Карим лафзини авлоддан-авлодга нақл қилиш масъулиятидаги кишилар ҳисобланадилар.

Тартилнинг бу қисми тазйиний, яъни зийнатловчи ҳисобланиб, «тазйиний тажвид» деб юритилади.

Уламоларимиз махфий қироат қилганда ҳам тазйиний қоидаларга тўла риоя этиш шартмас, дейдилар.

Уни ўрганишнинг ҳукми:

Тартил илмини ўрганишда ҳам кишилар икки гуруҳга ажратиладилар:

А) Омма мусулмонлар.

Ҳар бир мусулмон учун тартил илмини Қуръони Каримни ўзига вожиб бўлган тарзда ўқий олишига кифоя қилгудек, яъни Қуръони Каримнинг маъносига футур етмайдиган, арабий лафзидан чиқмайдиган даражада бехато қироат қила олишига етарли миқдорда ўрганиши фарзи айндир. Бошқача қилиб айтганда, таратилнинг зарурий қоидаларини билиши лозим. Буни назарий билим орқали ўзлаштирадими, амалий суратда эгаллайдими, фарқи йўқ, муҳими ‒ дуруст қироат қила олишдир. Бундан ортиғини ўрганишга улар тарғиб қилинадилар.

Б) Мутахассислар, қорилар, Қуръони Каримни нақл қилиш масъулиятидаги кишилар.

Улар учун тартил илмини ўз фаолиятларига яраша, яъни Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларига мувофиқ тарзда ўқишга ва бошқаларга таълим беришга етарли даражада мукаммал ўрганишлари фарздир. Яъни улар тартилнинг тазйиний қоидаларини ҳам ўрганишлари керак. Шу жиҳатдан қироат илми фарзи кифоя ҳисобланади.

Самараси:

Қуръони Каримнинг ҳар қандай ўзгаришдан муҳофаза қилинишининг таъминланиши. Қуръонни бехато ўқиш, уни Набий алайҳиссаломнинг қироатларига мувофиқ ўқиш, натижада Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига эришиш.

ТОВУШ ВА ҲАРФ ҲАҚИДА

Қуръон ўқишни ўрганар эканмиз, демак, нутқ, талаффуз устида сўз боради. Шунга кўра, Қуръон ўқиш қоидалари ва кўрсатмаларини яхши англаш учун инсонда нутқ товушлари қандай ҳосил бўлиши ва шунга боғлиқ айрим тушунчалар билан танишиб олиш лозим.

Товуш

Товуш бирор жисмнинг ҳаво қатламларини тебратиши натижасида ҳосил бўлади. Биз ушбу тебранишдан вужудга келган тўлқинларни қулоғимиз ёрдамида идрок қилишимиз натижасида ўша овозни эшитамиз. Инсон бир сонияда йигирматадан йигирма мингтагача бўлган тебранишдан вужудга келган овозни идрок қилиш қобилиятига эга. Аммо ушбу ададлардан кам ёки кўп бўлган тебраниш билан ҳосил бўлган овозни инсон қулоғи эшита олмайди.

Овоз

Инсон овози товуш пайчаларининг титраб, ҳаво қатламларини тебратиши натижасида ҳосил бўлади. Ўпкадан чиқаётган ҳаво нафас йўли орқали бўғизга ўтади. Бўғизда товуш пайчалари жойлашган бўлиб, инсоннинг иродасига кўра, чиқаётган ҳаво таъсирида пайчалар титрайди. Натижада товуш ҳосил бўлади. Ҳосил бўлган товушни нутқ аъзолари қабул қилиб олади.

Нутқ товушлари

Нутқ аъзоларининг (ўпка, нафас йўли, товуш пайчалари, бўғиз, лак-лук, бурун бўшлиғи, тил, тил ости тоғайи, танглай, тиш ва лабларнинг) талаффуз вақтидаги харакати натижасида ҳосил бўладиган товушлар «нутқ товушлари» дейилади.

Нутқ товушларини бошқа товушлардан фарқи шундаки, улар фақатгина сўз маъноларини ифодалаш ва фарқлаш учун хизмат қиладиган товушлардир.

Ундош ва унли товушлар

Нутқ товушлари икки катта қисмга бўлинади: ундош ва унли.

Талаффуз вақтида ўпкадан келаётган ҳавонинг нутқ аъзоларидан бирига урилиши натижасида ҳосил бўладиган нутқ товушлари ундош товушлар дейилади. Мисол учун, «б» товуши ҳавонинг лабларга урилиши натижасида ҳосил бўлади.

Ўпкадан келаётган ҳавонинг оғиз бўшлиғида ҳеч қандай тўсиққа учрамаслиги натижасида пайдо бўлган товушлар унли товушлар деб аталади. Масалан, «а», «и» каби.

Араб тилида 28 та ундош ва 6 та (3 та қисқа ва 3 та чўзиқ) унли товуш бор.

Ҳарф

Нутқ товушлари ёзувда барча тилларда ҳам маълум шакллар билан ифодаланади. Бу шакллар ҳарфлар деб аталади.

Товушни ҳарф билан аралаштирмаслик лозим. Товушларни талаффуз қиламиз ва эшитамиз, ҳарфларни эса ёзамиз, кўрамиз ва ўқиймиз. Масалан: «бā» товуши деганда, икки лабдан ҳосил бўлиб, қулоғимизга чалинаётган, бизга маълум бўлган нутқ товушини, «бā» ҳарфи деганда эса уни ёзувда ифодаловчи шаклни тушунамиз.

Араб тилида 29 та ҳарф бор. Улар ёрдамида 31 та товуш (28та ундош, 3та чўзиқ унли) ифодаланади.

Овоз ҳақида сўз

Нутқ товушларини тўғри, равон талаффуз этиш учун овозни тўғри тасарруф этиш лозим. Овознинг тўғри ҳосил бўлишида нафас олиш ва чиқаришнинг аҳамияти катта.

Нафасни доимо бурундан қорин бўшлиғига олиб, оғиздан чиқариш керак. Шунда нафас сиғими (базаси) кенгаяди ва овоз эркин, тўла ҳосил бўлади. Нафасни кўкракка олиш овозни қийнайди ва бузади. Бунинг белгиси ‒ нафас олганда тўш кўтарилади.

Юқорида айтиб ўтилганидек, овоз бўғиздаги товуш пайчалари деб аталмиш чўзилувчан мускулларнинг ўпкадан келаётган ҳаво таъсирида тебраниши натижасида ҳосил бўлади. Дастлабки пайдо бўлган товуш заиф ва ҳеч қандай сифатсиз, жарангсиз бўлади. Сўнг ҳалқум, бурун ва оғиз бўшлиғидаги аъзоларга урилиб, қайтиб, уларнинг қайтаргичлари таъсирида маълум тус ва куч касб этади, натижада ранг-баранг, жарангдор ва кучли овоз ҳосил бўлади. Овозни ишлатишда ана шу қонуниятни назарда тутиш лозим.

Овознинг сифати асосан унинг йўналиш даражасига боғлиқ. Бурундан чиқққан овоз хунук, ёқимсиз бўлади. Бу ҳолатда ўқиш димоғда ўқишдир. Товуш фақат қаттиқ танглайдан чиққанда, яъни товуш пайчаларидан кўра танглайнинг иштироки фаоллашиб кетганда рангсиз «оқ товуш», яъни шанғиллаган товуш ҳосил бўлади. Бу турдаги овоз чидамсиз, сифатсиз ва зерикарли овоз ҳисобланади. Юмшоқ танглайдан чиқиб, қаттиқ танглайга тегиб ўтган товуш жарангдор, ёқимли саналиб, бунда товуш пайчаларининг ҳаракати эркин, фаол бўлади. Мана шу тўғри ва чидамли овоздир.

Демак, тўғри товушнинг вужудга келиши учун овозни товуш пайчаларида керагича ҳосил қилиб, сўнг юмшоқ танглайга йўналтириш лозим. Бунинг учун нафасни қорин бўшлиғига олиб, нутқа аъзолари томон эркин чиқариш керак. Баъзан овозни очиш учун товушни бироз дўриллатиб, йўғонроқ чиқаришга ҳаракат қилиш ҳам мумкин. Бундай машғулот тонгда, уйқудан уйғонганда бажарилса, янада фойдалидир.

Соф овоз соҳиби бўлишни орзу қилган кишилар товуш йўлларини шамоллашдан сақлашлари лозим. Томоқ яллиғланиб турганида уни кўп ишлатиш овоз бойламларининг уриниб, шикастланиб қолишига олиб келади. Овозни нотўғри баландликда, ортиқча куч билан ишлатиш ҳам овоз мускулларининг ўзига хос бўлмаган ҳолатда ишлашига сабаб бўлади.

Овозни бузадиган ҳолатлардан яна бири, уни ғайритабиий ишлатишдир. Масалан, асли йўғон бўлган овозни мажбурлаб, беўхшов ингичкалатиш ёки аслида унчалик баланд бўлмаган овозни кўтараман деб, ноўрин бақириш ана шундай нотўғри тасарруфлардандир.

Ёш болалар ва ўсмир ёшдагиларга кўп ва қаттиқ бақиришдан сақланишлари, овозларини жиддий эҳтиёт қилишлари тавсия этилади. Чунки уларнинг товуш ҳосил қилиш аъзолари нозик ва ҳали етилмаган бўлади.

Муҳтарам муаллимлар ўқувчиларининг овозларини қандай бошқараётганларини, унга бўлган муносабатларини кузатиб, меъёрга солиб туришлари ва овозни бузадиган омилларга йўл қўйишларининг олдини олишлари керак.

Овозни меъёрга келтириш бир-икки машқ қилиш билан эмас, балки овозни мунтазам тўғри ишлатиш билан амалга оширилади. Овозни тўғри ҳосил қилиш айниқса ҳалқумда айтиладиган товушларни осон ва тўла ўзлаштиришда катта аҳамиятга эга.

Овоз ва нафасни тўғри йўлга қўйиш борасида махсус қўлланмалар ва машғулотлар ҳам бор. Биз имкониятимиздан келиб чиқиб, бу тўғрида бироз тўхталдик, холос. Қизиққан кишилар тегишли манбаларга мурожаат қилиб, билимларини такомиллаштирсалар, янада мақсадга мувофиқ бўлади.

Овоз ёзувидан қандай фойдаланиш керак?

Аввал ўрганиладиган дарс матнини китобдан бир қатор ўқиб оласиз. Кейин эса оғзаки дарсни тинглайсиз. Улардаги таълимот ва мулоҳазаларни яхши фаҳмлаб олганингиздан сўнг машқлар устида шуғулланишга киришасиз. Ишни машғулотни эшитишдан бошлайсиз. Бунда аввал товушнинг ёҳуд калима ёки жумланинг айтилишига эътибор билан қулоқ соласиз, уни яхши англаб олганингиздан сўнг, берилган вақтдан фойдаланиб, сиз ҳам унга эргашган ҳолда галма-гал талаффуз қилишга ўтасиз. Буни ҳам муваффақиятли ўзлаштирганингиздан кейин ўзингиз мустақил равишда мунтазам машқ қилаверасиз ва агар имкони бўлса, ўрганганларингизни устоз кўригидан ўтказиб оласиз.

1-топшириқ:

Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

Тартил деганда нимани тушунасиз?

Тартил илмининг яна қайси номларини биласиз?

Тиртил илмининг асослари деганда нималарни тушундингиз?

Товуш ва овоз ҳақида нималарни тушундингиз?

– Нутқ товушлари билан бошқа товушларнинг фарқи нимада?

Нутқ товушлари қандай ҳосил бўлади?

Ундош ва унли товушлар қандай фарқланади?

Араб тилида нечта ундош ва нечта унли товуш бор?

– Товуш билан ҳарфнинг қандай фарқи бор?

Араб ҳарфлари нечта ва улар нечта товушни ифодалайди?

 

 

 

Ушбу дарсликларни Телеграмдаги QURAN.UZ каналида ҳам тинглашингиз мумкин.

@quranuz_kanali