A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Тажвид илмининг қисқача тарихи
Муаллиф:    17.11.2013 00:57    PDF Босма E-mail

Тажвид илмининг тамал тоши қироат соҳаси мутахассислари ва тилшунос олимлар томонидан қўйилган[1]. Баъзилар унинг асосчиси Халил ибн Аҳмад, деса, яна баъзилар Абул Асвад Дувалий, деб келтиришади. Бу жараён Ислом ўлкаларининг ҳудуди кенгайиб, кўплаб ажам халқлари Исломни қабул қилишлари билан бошланди. Сабаби – ажамий ва арабий тиллар бир-бири билан аралашиб, қироатда камчилик ва нуқсонлар кўзга ташланди. Буни ўз вақтида пайқаган масъул кишилар Аллоҳ таолонинг Китобини соф ҳолида асраш, турли хил хатолардан сақланиш мақсадида Қуръони Карим ҳарфлари устига нуқта ва турли шакллар қўйишни жорий қилдилар. Усмоний Мусҳаф бундай нуқталардан холи бўлган. Масалан, "ف" ، "ق" ، "ت" ҳарфларининг нуқталари қўйилмаган. Чунки у даврда аксарият кишилар Қуръонни ёд билган, кейинчалик эса юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ҳарфлар усти ёки остига нуқта ва белгилар қўйишга эҳтиёж сезилган. Шу тариқа секин-асталик билан Қуръони каримни ўқувчи ҳар бир киши амал қилиши лозим бўлган тажвид қоидалари амалга тадбиқ қилина бошланди.
Тажвид илмига оид илк китоб Абу Муҳозим Ал-Хоқонийга тегишлидир. Мазкур китоб ҳижрий учинчи асрнинг охирларида ёзилган.

Турли хил қироатларнинг пайдо бўлиши

Биз Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан етти ҳарфда нозил бўлганидан хабардормиз. Хўш, ушбу етти ҳарф нимани англатади ва ундан кўзланган мақсад нима? Шу ва шунга ўхшаш саволларга қуйида жавоб бериб ўтамиз.
Ибн Ҳошим айтади: «Қуръоннинг етти хил қироатда ўқилишига сабаб қуйидагилардир: халифа Усмон розияллоҳу анҳу даврида Қуръони Карим Мусҳаф шаклига келтирилгач, унга бир қори саҳобий қўшиб, турли ўлкаларга жўнатилган ва ўша юрт вакиллари мазкур саҳобийдан Қуръонни ўргана бошлаганлар. Ўша даврда Қуръон ҳарфлари усти ва остига нуқта ҳамда ҳар хил белгилар қўйилмаган эди. Шу сабаб ҳар бир юрт вакили Қуръонни ўзларига юборилган саҳобийдан эшитганларидек ўқиган, ўрганган қироатларига хилоф келадиган бошқа қироатларни тарк қилганлар. Буни Қуръонни эҳтиётлаш, хатоликлардан сақланиш мақсадида қилганлар. Шу зайл турли юрт қироатлари ўртасида фарқлар кўзга ташлана бошлади».[2]
Қуръони Каримдаги мазкур фарқлар бир-бирига зид эмас. Зеро, Аллоҳ таолонинг сўнгги ва мўъжизакор Китоби бўлмиш Қуръон бундай камчилик ва нуқсонлардан холидир. Бу фарқлар фақат баъзи-бир сўзлардагина учрайди. Ўз ўрнида бу Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига қилган кенглиги ва раҳматидир.
Қуръон қироатидаги турлихиллик саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ўрганган нарсага амал қилиб ўқишлари замирида юзага келган, десак, хато қилмаган бўламиз. Юқорида таъкидланганидек, халифа Усмон розияллоҳу анҳу турли шаҳарларга Мусҳафнинг нусҳасини юборибгина қолмай, балки унга қўшиб моҳир қори саҳобаларнинг бир қанчасини ҳам жўнатган. Ўз-ўзидан турли ривоятлар замирида турли қироатлар пайдо бўлди. Масалан, Қуръони Каримнинг Ҳужурот сураси, 6-оятидагиفَتَبَيَّنُواсўзини оламиз. Аллоҳ таоло айтади:
Бу ердаги فَتَبَيَّنُوا сўзини нуқтасиз ҳолида فَتَثَبَّتُوا деб ҳам ўқиш мумкин. Ушбу сўзларнинг иккиси ҳам «текшириб кўринглар» маъносини ифодалайди. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга мазкур сўзни икки хил қироатда ўқишни таълим берганлар. Ҳозирда ҳам ҳар бир юрт қайси саҳобий ёки ровийдан таълим олган бўлса, ўша қироат бўйича Қуръони Каримни ўқийди. Айни пайтда Ислом оламида икки хил қироат машҳур: биринчиси, имом Ҳафс ривояти билан имом Осим қироати. Иккинчиси, имом Варш ривояти билан имом Нофеъ қироати.
Бизнинг диёрда биринчи қироат асосида Қуръон ўқилади.

Қуръоннинг етти хил ҳарфда нозил бўлиши

Қуръони Карим етти ҳарфда нозил қилингани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Жаброил менга (Қуръонни) бир ҳарфда ўқиб берарди. Бас, мен ундан то етти ҳарфга етгунича зиёда қилишни сўрайвердим» (Муттафақун алайҳ).
Бундан келиб чиқадики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига енгиллик, кенглик ва раҳмат бўлиши учун Аллоҳ таолодан Қуръонни бир неча ҳарфда нозил қилишини сўраган эканлар. Шу зайл Қуръон етти ҳарфда нозил бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликлари пайтида Ҳишом ибн Ҳакимнинг Фурқон сурасини ўқиганини эшитган эдим. Унинг қироатига қулоқ тутсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ўргатмаган бошқа услубда ўқияпти. Шунда мен намозда ўтирган ҳолида унинг ёқасидан тутмоқчи бўлдим, аммо сабр қилиб, намозини тугатиб олишини кутдим. У салом бериб, намоздан чиққач, ёқасидан олиб: «Ҳозир мен эшитган қироатни сенга ким ўргатди?» – дедим[3]. У бўлса: «Расулуллоҳнинг ўзлари ўргатганлар», – деб жавоб берди. Мен: «Ёлғон айтаяпсан! Чунки  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга сен ўқигандан бошқача (қироат)ни ўргатганлар», – дедим-да, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим ва: «Мен манави Фурқон сурасини бошқача услубда ўқиганини эшитдим, Сиз уни менга ўргатмаган эдингиз», – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қарата: «Уни ўз ҳолига қўй!» – дедилар. Сўнгра Ҳишомга: «Эй Ҳишом, ўқинг!» – дедилар. Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мен эшитган услубда қироат қилиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу (сура) шундай нозил қилинган», – деб айтдилар. Мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари ўргатганларидек қироат қилиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу (сура) шундай нозил қилинган. Дарҳақиқат, Қуръон етти ҳарфда нозил қилинган. Бас, ундан қодир бўлганингизча ўқинглар!»[4] дедилар. (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти)
Ҳадисдаги «етти ҳарф»дан мурод нима экани борасида уламолар ўртасида ихтилофлар бор. Абу Ҳотим ибн Ҳиббон ушбу мавзуга доир ўттиз беш қавлни келтириб ўтган. Ибн Арабий айтади: «Бундан мурод нима эканлиги ҳақида бирон ривоят ёки хабар келмаган». Халил ибн Аҳмад: «Етти ҳарфдан мурод етти қироатдир», деган. Айтиладики: «Етти ҳарф арабларнинг етти қабиласини англатади». Бу фикрни Абу Убайд ва Саълаб айтганлар. Муҳаммад ибн Али Шавконий айтади: «Ҳадисдаги етти ҳарфдан мурод арабларнинг тилларидир. Зеро, арабларнинг етти хил тили мавжуд. Ушбу тиллар баъзи сўзларда бир-биридан фарқ қилади, аммо аксарият қисми бир-бирига мувофиқ».
Кўпчилик уламолар имом Абулфазл ар-Розийнинг бу борада билдирган фикрини маъқуллаганлар. У ҳам бўлса, баъзи ўзгариш ва турли хилликларда кўзга ташланади. Улар қуйидагилар:
Биринчиси: исмларнинг бирлик, иккилик, кўплик[5], музаккар (русча «мужской род»), муаннас (русча «женский род»)да фарқланиши. Масалан:
وَعَلَى ٱلَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ صلى  ، سورة ٱلبقرة ، آية ١٨٤
Бу ердаги бирлик шаклда келган «мискийн» сўзи кўплик шаклида «масакийн» бўлиб ҳам ўқилади.
فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ ، سورة ٱلحجرات ، آية ١٠
Иккиликдаги «аховайкум» сўзи кўплик шаклида «ихватикум» деб ҳам ўқилиши мумкин.
وَلاَ يُقْبَلُ مِنْهَا شَفَاعَةٌ ، سورة ٱلبقرة ، آية ٤٨
Оятдаги «йуқ.балу» сўзи музаккар жинсида бўлиб, у муаннас шаклда «туқ.балу» тарзида ҳам ўқилади.
Иккинчиси: феълларнинг ўтган (мозий) ёки ҳозирги-келаси замон (музорий), буйруқ майли (амр)да тусланишидаги турли хил шакллар. Масалан:
فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا ، سورة ٱلبقرة ، آية ١٨٤
Шунингдек, бу сўз يَطَّوَّعُ   деб ҳозирги-келаси замонда ҳам ўқилиши мумкин.
قَالَ رَبِّى يَعْلَمُ ٱلْقَوْلَ فِى ٱلسَّمَاءِ وَ ٱلأَرْضِ صلى ، سورة ٱلأنبياء ، آية ٤
Бу ерда ўтган замондаги «қола» феъли буйруқ майлида «қул» деб ҳам ўқилади.
Учинчиси: эъроб, яъни ҳарфлар ҳаракатининг турли хиллиги. Масалан:
وَلاَ تُسْئَلُ عَنْ أَصْحَابِ ٱلْجَحِيمِ ، سورة ٱلبقرة ،آية ١١٩
Бу ердаги «ла тусъалу» сўзи жазмда «ла тасъал» деб ҳам ўқилади.
Тўртинчиси: баъзи ҳарфларнинг тушиб қолиши ёки зиёдалашиши. Масалан:
وَسَارِعُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ ، سورة آل عمران ، آية  ١٣٣
Оят бошидаги «ва сари-ъув» сўз олдидаги «вав» ҳарфи тушиб қолиб, «сари-ъув» деб ҳам ўқилади.
Бешинчиси: баъзи сўзларнинг ўрин алмашиниши, яъни олдинга ёки орқага ўтиши. Масалан:
وَقَاتَلُوا وَ قُتِلُوا... ، سورة آل عمران ، آية ١٩٥
Ушбу оятда «қоталув» сўзи олдин, «қутилув» кейин келмоқда. Шунингдек, «қутилув» аввал, сўнг «қоталув» ўқилиш шакли ҳам мавжуд.
Олтинчиси: ҳарфларнинг ўрин алмашинишидаги турли хиллик. Масалан:
هُنَالِكَ تَبْلُوا كُلُّ نَفْسٍ مَّآ أَسْلَفَتْ ، سورة يونس ، آية ٣٠
Оятдаги «таб.лув» сўзи икки «та» билан «татлув» деб ҳам ўқилиши мумкин.
Еттинчиси: лаҳжалардаги турли хилликлар, яъни араб лаҳжаларида баъзи сўзлар талаффузининг бир-биридан фарқланиши мавжуд. Масалан, خُطوَاتٌ сўзини «хутуват» ёки «хутват» деб ўқиш мумкин. Шунингдек, بيُوتٌ сўзи «буйувтун» ёки «бийувтун» деб ўқилади. [6]
Юқорида келтирилган мисоллар ҳақидаги тўлиқроқ маълумотни Шайх Али ибн Мустафонинг «Муҳаззабу тафсирил жалалайн» номли китобидан олишингиз мумкин.

Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил қилинишидан кўзланган ҳикмат

Қуръони Каримни етти ҳарфда нозил қилинишидаги ҳикмат шуки, ушбу Китоб араб тилида туширилган. Маълумки, арабларнинг лаҳжалари турлича бўлиб, уларнинг асоси бир. Агарда Аллоҳ таоло Қуръонни бир услубда, бир ҳарфда нозил қилганида, бу нарса умматга машаққат туғдирган бўларди. Шу сабаб Меҳрибон Аллоҳ таоло бандаларига Ўз Динини осон қилгани каби, Китобини мўмин бандалар ёд олишлари, ўқиб амал қилишлари учун енгил қилиб қўйди, Ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга уни етти ҳарфда қироат қилишга изн берди.[7] Шунингдек, бунинг яна бир ҳикмати шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рост Пайғамбар эканликларини тасдиқловчи мўъжиза сифатида Қуръон У кишига шу зайлда нозил бўлди. Зеро, фақат Қурайш лаҳжасинигина биладиган бир кишининг бошқа лаҳжаларда илоҳий хабарларни келтириши мўъжиза бўлмай нима ахир!?


Зиёвуддин Раҳим ва Одилхон қори Юнусхон ўғлининг «Тажвид қоидалари» китобидан

[1] Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан тажвидли ҳолида нозил қилингани ҳаммамизга маълум. Бу ерда тажвиднинг илм сифатида дунёга келишига сабаб бўлган кишилар ҳақида сўз кетмоқда.
[2] Доктор Муҳаммад Рашод Халифа, «Ал-қироатул-мутаватиро», 36-бет.
[3]Бу ерда Умар розияллоҳу анҳунинг шижоати, мункар ишларга қарши туриши ва Исломни соф ҳолида сақлашга қилган жудду жаҳди ёққол ифодаланмоқда. У киши Ҳишомнинг қироатини эшитиб, у Қуръонни нотўғри ўқияпти, деб бунинг олдини олмоқчи бўлган.
[4] Яъни  қайси услубни осон, деб билсангиз, ўша услубда ўқинг, дедилар.
[5] Араб тилидаги исм (яъни  от, сифат, сон, олмош) ва феъллар ўзбек тилидагидан фарқли ўлароқ бирлик, иккилик ва кўплик сонда бўлади. Ўзбек тилида эса иккилик сон мавжуд эмас.
[6] Шайх Қозий, «Китабул-вофий», 7-бет
[7] Ўша манба, 7-8 бетлар

Янгиланди ( 05.05.2017 16:32 )