Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. 2. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Қадр кечаси нима эканлигини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?! 3. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. 4. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. 5. У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир.
Бу сура Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил қилган кечанинг сифати билан «Қадр сураси» деб номланган. «Қадр» улуғ ва шараф маъносидадир. «Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик», яъни қадри улуғ ва шарафли кечада тушира бошладик.
Сура ўз ичига олган нарсалар
Маккада нозил бўлган бу сурада Қуръони Карим нозил бўлишининг бошланиши, Қадр кечасининг бошқа кун, бошқа тун ва бошқа ойлардан афзаллиги баён этилган. Бу кечада фаришталар, жумладан, Жаброил (алайҳиссалом) раҳм қилувчилар раҳмлиси Аллоҳ ҳузуридан солиҳ мўмин бандаларга нур, фазилат ва хайр-барака билан тушади.
Қуръоннинг Қадр кечасида нозил бўлиши
«Қадр кечасида нозил қилдик», дейилишидан мурод Қуръон оятлари шу кеча нозил бўла бошлади, демакдир. Чунки Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарлик Рамазон ойида келган. Шунинг учун бу сурада «Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик», дейилади. Духон сурасининг 1 − 6-оятларида ҳам бундай марҳамат қилинади: «Ҳо. Мим. Очиқ-равшан китоб − Қуръонга қасамки, албатта, Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантиргувчи бўлдик. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур). (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир. Дарҳақиқат, Биз (башариятга пайғамбарлар) юборгувчи бўлдикки, (бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган раҳмат — меҳрибонликдир. Албатта, Унинг Ўзигина (барча нарсани) Эшитгувчи, Билгувчидир». Бақара сурасидаги: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» мазмунли 185-оят ҳам муборак Рамазон ойида Қуръони Карим нозил бўла бошлаганини билдиради. Анфол сурасидаги: «(Эй мўминлар,) агар сизлар Аллоҳга ва (ҳақ билан ноҳақликнинг) ажралиш кунида — икки жамоа тўқнашган кунда, (яъни Бадр жангида) бандамиз (Муҳаммад)га нозил қилганимиз (оятлар ва фаришталардан иборат) нарсага иймон келтиргувчи бўлсангизлар», мазмунли 41-оятда Қуръони Карим нозил бўлган вақт эмас, балки Рамазон ойининг ўн еттинчиси — Бадр кунида урушга тааллуқли ҳукмлар, фаришталар ва ғалаба ҳақидаги оятлар нозил бўлгани мўминларга эслатилади. Бадр куни ҳақ билан ботилнинг ораси ажратилгани боис «Фурқон куни» деб таърифланяпти.
Нозил бўлиш сабаблари
Ибн Абу Ҳотам ва Воҳидий Мужоҳиддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилдан Аллоҳ йўлида минг ой силоҳ кийиб юрган бир кишини зикр қилганларида мусулмонлар ажабланишди. Шунда Аллоҳ таоло бу сурани туширди: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси нима эканини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир». Яъни Бани Исроилдан бир киши Аллоҳ йўлида силоҳ кийиб юрган минг ойдан ҳам афзалроқдир. Ибн Жарир Мужоҳиддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:« Бани Исроилдан бир киши кечани бедор ўтказиб, кундузи душманга қарши курашар эди. Шу тариқа минг ой курашда давом этди. Аллоҳ таоло «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» оятини тушириб, бу кеча Бани Исроилдан бир кишининг (минг ойлик) амалидан яхшироқ эканини билдирди».
Тафсир ва баён
«Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик», яъни Қуръони Каримни нозил этишни Қадр кечасида бошладик. Қадр кечаси муборак кечадир. «Биз у (Қуръон)ни муборак кечада нозил қилдик» (Духон, 3); «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда... Қуръон нозил қилинган» (Бақара, 185). Сўнг йигирма уч йил мобайнида воқеа ва ҳодисаларга илоҳий ҳукмни баён этиб, бўлиб-бўлиб туширишни тамомладик. Маҳмуд Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: «Аллоҳ таоло Қуръонни уч усул билан улуғлаган. Биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган. Иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган. Учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган.« Қадр кечаси нима эканини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир». Яъни Қадр кечаси нима эканини сизга нима билдирди? Бу сўроқ Қадр кечаси шаънини кўтариш, қадрини улуғлаш, шарафини баён этиш учундир. Маҳмуд Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) яна айтади: «Қадр кечаси ишлар тақдир ва ҳукм этиладиган кечадир. Духон сурасининг 4-оятида ҳам:«У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур)», деб баён этилган». Қадр кечасида қилинган амал минг ойда қилинган амаллардан яхшидир. Имом Аҳмад ва Насаийлар Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишларича, Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Сизларга Рамазон ойи, муборак ой келди. Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади», деб марҳамат этганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим« Саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким Қадр кечасида иймон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади», деганлари келтирилган. «У (кеча)да фаришталар ва Руҳ, яъни Жаброил алайҳиссалом Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар». Яъни фаришталар, жумладан, Жаброил алайҳиссалом бу кечада келгуси (йилгача) тақдир қилинган амаллар билан осмондан ерга тушадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Аллоҳ таоло Бароат кечасида тақдир қилинган нарсаларни тайин этади. Қадр кечаси келганида уни ўз эгаларига топширади», деганлар. Улар Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир ишни қила олишмайди. Марям сурасининг 64-ояти мазмуни бундай: «Биз фақат Парвардигорингизнинг амри билангина нозил бўлурмиз». Оятда зикр этилган «Руҳ» Жаброилдирлар (алайҳиссалом). У зотнинг шарафлари юксак бўлгани учун номлари ажратиб зикр қилинган. Фаришталарнинг ерга тушиб, оладиган фойдаларидан бири – улар осмонда яшовчиларда кўришмаган тоатлар турини ерда кўришади. Аллоҳга тасбеҳ айтувчиларнинг овозидан хушҳол бўлган гуноҳкорларнинг оҳларини эшитиб: «Келинглар, бизнинг Роббимизга тасбеҳимиздан кўра яхши бўлган овозни эшитамиз», дейишади. Бу кечада ерда қилинган тоатнинг даражаси ортиқ бўлгани учун фаришталар ҳам, савоблари кўпайишини кўзлаб, ерда тоат қилишни исташади. «У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир». Қуръон нозил бўлиши ва фаришталар ҳозир бўлишлари сабаб яхшиликлар билан ўралган бу кеча бошдан-охир фақат саломатлик, омонлик, яхшилик ва баракот билан тўладир, унда ёмонлик йўқдир. Қуёш ботганидан тонг отгунигача бу ҳол давом этади. Тонг отгунча фаришталар жамоа-жамоа бўлиб раҳмат билан ерга тушишади.
Сурадан ўрганганларимиз
1. Қуръони Карим муборак Рамазон ойи кечаларидан бири Қадр кечасида нозил бўла бошлаган. 2. Қадр кечаси шараф ва улуғлик, ҳукм ва тақдир кечасидир. Аллоҳ таоло унда ажал, ризқ ва бошқа ишларни тақдир қилиб уларни мукаллаф фаришталар — Исрофил, Микоил, Азроил ва Жаброилга (алайҳимуссалом) топширади. 3. Қадрли кечада қилинган амал бошқа пайтлардаги минг ойлик амалдан яхшидир. Мана шу кечада минг ойда ҳам топилмайдиган кўп яхшиликлар тақсим қилинади. 4. Фаришталар, жумладан, Жаброил (алайҳиссалом) барча осмондан, «Сидратул мунтаҳо»дан ҳам тушишади. Улар тонг отгунча одамларнинг дуосига «омин» деб туришади. 5. Қадр кечаси Аллоҳ фақат омонлик, тинчлик, хайр ва барака туширувчи кечадир. Бу кечада шайтон бирор ёмонлик қилиш ва озор беришга қодир бўлмайди. Бу кеча барча яхшиликлар ва баракотларни, ризқлар тақдири, диний ва дунёвий манфаатларни қамраб олади. Имом Аҳмад Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам :«Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда иймон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ аввалгию кейинги гуноҳларини кечиради. У тоқ рақамли кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир», дедилар».
Қадр кечаси қайси кеча?
Аксар уламоларнинг фикрига кўра, Қадр кечаси ҳар Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир. Имом Муслим ва Термизий Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилган ҳасан саҳиҳ ҳадис бунинг далилидир. Зирр (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъбга (розияллоҳу анҳу): «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Ким бир йил тунлари қоим бўлса, Қадр кечасини топади», деб айтганлар», деганида, Убай ибн Каъб: «Аллоҳ Абу Абдураҳмон (яъни Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин, ҳақиқатда у Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар у нарсага суяниб қолмаслигини хоҳлаб айтмасди, — деди. Сўнгра қатъий қасам ичиб: — Йигирма еттинчи кечада», деди. Шунда мен: «Эй Абу Мунзир, нима далил билан бундай дейсан?» дедим. У зот: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади», деб жавоб берди.
Қадр кечасининг аломатлари
Қадр кечасининг аломатларидан бири — қуёш ўша куни шуъласиз оқариб чиқади. Абу Довуд ат-Тайолисий Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечаси ҳақида: «У кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Қуёш ўша куни оч қизил ҳолатда чиқади», дедилар». Ибн Абу Осим ан-Набил Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечаларнинг биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас. Гўё ой борга ўхшайди. У кеча тонг отгунигача шайтонлар чиқмайди», дедилар».
Қадр кечасини кечалар орасига яширишнинг ҳикмати
Қадр кечасини яширишнинг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёматни яшириш ҳикмати кабидир. Қадр кечаси мукаллафлар тоат этишга рағбат ва ҳаракатни кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги учун яширилган.
|