ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ ҚУРЪОН ТАФСИРЛАРИ ВА ТАРЖИМАЛАРИ ҲАҚИДА | ||||
|
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ ҚУРЪОН ТАФСИРЛАРИ ВА ТАРЖИМАЛАРИ ҲАҚИДА
Ўзининг сўнги Китобини инсоният учун битмас-туганмас маънавий маъдан қилиб нозил этган Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин! Бу илоҳий армуғонни инсониятга беминнат улашган севикли Пайғамбармиз Муҳаммад Мустафога дуруд ва салавотларимиз бўлсин!
Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги ва тугал дини Исломни бутун башарият учун дин ўлароқ индирар экан, унинг бош манбаси бўлмиш Қуръони Каримни ҳам барча халқлар учун бирдек дастуриламал қилиб белгилади. Олдинги илоҳий китоблар маълум қавм ва халққа юборилган бўлса, Қуръони Каримнинг хитоблари бутун башариятга қаратилди. Бинобарин, барча халқ ва элатларга Қуръон маъноларини ўрганиш ва унга амал қилиш лозим бўлди. Бироқ Қуръон фақат араб тилида нозил қилинар эди. Бу тилда сўзлашмайдиган халқлар Қуръонни тушуниш учун ё ўзлари араб тилини ўрганишлари, ёки Қуръон оятларини уларнинг тилларига ўгириб, таржима қилиб бериш керак бўлди. Ёшу қари, эркагу аёл, ишчию раҳбар – барча бирдек араб тилини ўрганиб, шу орқали Қуръон маъноларини ўзлаштириши мушкул, балки имкони йўқ иш экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Айниқса, араб бўлмаган халқларни даъват қилишда ва улардан янги мусулмон бўлганларга динни ўргатиш учун Қуръон маъноларини таржима қилишдан бошқа чора йўқ. Шунинг учун ҳам Қуръони Карим ер юзига илк нозил қилинган кезлардан бошлаб у бошқа тилларга таржима қилина бошланди. Бевосита Қуръон Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, тавсиялари билан даъват юзасидан айрим оятлар араб тилидан бошқа тилларга таржима қилиш йўлга қўйилди. У Зот кишиларга Ислом таълимотларини етказиш асносида, ўрни келганда, айрим Қуръон оятларини бошқа тилларга таржима қилдирганлар ва бунга рухсат сўраганларга изн ҳам берганлар. Буюк ватандошимиз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳиҳ»ининг охирги бобларидан бирда «Аллоҳ таолонинг: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Тавротни келтириб ўқинглар» (Оли Имрон сураси, 93-оят), деган сўзига биноан Таврот ва ундан бошқа Аллоҳнинг китобларини араб ва бошқа тилда тафсир қилиш жоизлиги ҳақида» деган сарлавҳа очиб, унда қуйидаги ҳадисни келтиради:
وَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ: أَخْبَرَنِي أَبُو سُفْيَانَ بْنُ حَرْبٍ: أَنَّ هِرَقْلَ دَعَا تَرْجُمَانَهُ، ثُمَّ دَعَا بِكِتَابِ النَّبِيِّ فَقَرَأَهُ: «بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ، مِنْ مُحَمَّدٍ عَبْدِ اللهِ وَرَسُولِهِ إِلَى هِرَقْلَ، وَ «يَا أَهْلَ الْكِتَابِ تَعَالَوْا إِلَى كَلِمَةٍ سَوَاءٍ بَيْنَنَا وَبَيْنَكُمْ» الْآيَةَ. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Менга Абу Суфён ибн Ҳарб хабар бердики, Ҳирақл таржимонини чақириб, кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини опкелтирибди. У уни ўқибди: «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳнинг бандаси ва Расули Муҳаммаддан Ҳирақлга: «Эй аҳли китоблар! Бизга ҳам, сизга ҳам баробар сўзга келинг...» (Оли Имрон сураси, 64-оят).
Ушбу ривоятдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа халқларни Исломга давъат қилиб йўллаган мактубларида Қуръон оятлари ҳам бўлган ва уларни ё борган элчи, ёки мактуб қабул қилган тарафнинг таржимони таржима қилиб берган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни инкор қилмаганлар, балки тасдиқлаганлар. Имом Бухорий мазкур бобда яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудийлар ўртасида ҳакам бўлган чоғлари Тавротнинг айрим оятлари таржима қилиб берилганини ҳам сарлавҳадаги гапига далил сифатида келтиради. Имом Сарахсий ўзининг «Ал-Мабсут» номли кўп жилдлик машҳур асарларида «Китаабус-солаат» («Намоз китоби») бобида (1-жуз, 37-бет) қуйидагиларни ёзади: «Ривоят қилинадики, форслар Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ўзларига «Фотиҳа» сурасини форс тилида ёзиб беришларини сўрадилар...». Тожуш-шарийъанинг «Ҳидоя»га ёзган ҳошияси «Ан¬Ниҳоя» китобида (1-жуз, 86-бет) бу ҳақда батафсилроқ маълумот беради: «Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга «Фотиҳа»ни форс тилида ёзиб беришни сўраб мактуб ёзишди. Шунда у киши «Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳиим» – «Ба номе...», деб ёзди ва Набий алайҳиссаломга кўрсатгандан кейин уларга юборди». Демак, буюк саҳобий ўзининг араб тилини билмайдиган миллатдошларига Қуръони Карим маъноларини таржима қилиб берган экан ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқлаган эканлар. Юртимиз Ислом нури билан мунаввар бўлан илк даврларданоқ халқимизга Қуръон маънолари таржима қилиб берилган. Ислом фотиҳлари бизга Форс юртлари орқали кириб келгани учун уларнинг ичида форслар ва форс тилини биладиганлар кўп эди. Аждодларимиз қадимдан форслар билан қўшни бўлиб яшашгани, ўлка узоқ давр Форс давлатлари бошқарувида бўлгани учун ерли халқ форс тилидан хабардор бўлган. Ушбу омиллар сабаб, Қутайба ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бошлиқ келган фотиҳлар юртимизда илк мусулмон бўлган аҳолига Қуръон сураларини форс тилига ўгириб беришган. Ҳатто араб ҳарфларини ўргангунларига қадар ўша маъно таржималарини қироат қилишларига ҳам рухсат берилган. Бу Куфа фақиҳларининг фатволари асосида бўлган. Кейинроқ Қуръони Каримни туркий тилга таржима қилиш ҳам йўлга қўйилган. Туркийшунос олим, филология фанлари доктори марҳум Қозоқбой Маҳмудовнинг таъкидлашича, Қуръонни туркий тилларга тафсир қилиш ҳижрий III-IV асрларда ёки мелодий сананинг Х асрларида бошланган. Даврлар оша Қуръон турли муаллифлар томонидан ҳар хил савияда туркий тилларга, жумладан, эски туркий тилга тафсир қилинган. Уларнинг кўпи, асосан, чет эл кутубхоналарида сақланади. Манбаларда таъкидланишича, ҳозирда жаҳон қўлёзмалар хазиналарида 100га яқин туркий тафсир ва таржималарнинг қўлёзмалари мавжуд. Ўтган асрнинг бошларида яшаб ижод қилган муфассирларимиздан Муҳаммад Зариф Кошғарий ўзнинг тафсирида туркий тиллардаги 28 та тафсирни санаб ўтган. Қуръон тафсирларининг энг қадимги нусхалари юзасидан туркиялик олим Абдулқодир Эрдаган ҳам кўпгина илмий изланишлар олиб борган. Араб ҳарфида битилган энг қадимий туркий тафсир деб Абу Алий Жубоий Ҳузистонийнинг (в. 916 м.) асари қайд этилади, бироқ бу тафсирнинг бирор нусхаси ҳали топилмаган. Яна илк туркий тафсирлардан айрим парчалар ҳам сақланиб қолган, бироқ улар айтарли эмас. Юртимизда араб тилида битилан тафсирлар жуда ҳам кўп. Шунингдек, қардош туркий тиллар: турк, татар, қозоқ, қирғиз тилларидаги тафсир ва таржималар ҳам талайгина. Аммо биз ҳозир бугунги кунгача амалга оширилган туркий ўзбекча тафсир ва таржималардан бизга маълум бўлганлари ҳақида сўз юритиш билан чекланамиз.
1. «ЎРТА ОСИЁ ТУРКИЙ ТАФСИРИ»
Ҳозирча бизга маълум бўлган энг қадимий туркий тафсир заҳматкаш олим Қозоқбой Маҳмудов томонидан нашрга тайёрланган «Ўрта Осиё туркий тафсири»дир. Унинг муаллифи номаълум. Айрим маълумотларга кўра, у имом Замахшарийнинг шогирдларидан бирининг қаламига мансуб, деб тахмин қилинади. Қўлёзманинг боши йўқолган, таржима ва тафсир Каҳф сурасидан бошланиб, Қуръоннинг охиригача давом этган. Бу нодир тафсир нафақат Қуръоннинг ўзини ўрганиш учун, балки туркий тилда сўзлашувчи халқлар тиллари тарихини ўрганишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тафсир ҳақида тадқиқотчининг асарга кириш қисмида берган маълумотларидан биз учун ҳозир керакли бўлган айрим жойларини иқтибос қилиб келтирамиз: «Россия Шарқшунослик институтининг Санк-Петербург бўлимида сақланаётган 197 рақамли «Туркий тафсир»ни Закий Валидий Тўфон 1914 йили Қаршидан топиб, Бухоро амири кутубхонасига олиб бориб берган. Бу тафсир тил хусусияти жиҳатидан X-XIV асрларда ёзилган ёзма обидаларга яқин туради. «Туркий тафсир» ҳажм жиҳатидан анча катта ёзма обидалардан бири ҳисобланади. Асар 294 бетдан иборат, формати ўртача ҳажмга эга. Асарда 79 та сура тафсир қилинган. Унинг дастлабки қисмида ҳар қайси саҳифада ўн қатордан сура ва оятлар ёзилган. Келтирилган сура, оятлар остида майда настаълиқ хати билан туркча изоҳлар берилган. Айрим ўринларда сура, оят учун берилган туркча изоҳлар билан бирга форсча шарҳлар ҳам келтирилган. Ёзма обиданинг дастлабки юз саҳифасидаги сура, оятлар келган ҳар қайси араб сўзи остига туркий тилдаги таржимаси берилган, ёзма ёдноманинг бу қисмида араб тилига хос жумла тузилишга риоя қилинган. Шунингдек, тафсирнинг икки юз бетга яқин қисмида суралар, оятлар кенг кўламда шарҳ (тафсир) қилиниб, ҳар қайси бетида 35-40 қатордан иборат туркий тилга хос насрий таржима текстлари жойлаштирилган, шарҳ майда қилиб ёзилган. Тафсир тилидаги насрий баён билан қилинган таржималарда умумтуркий жумла тузилиши мавжуд бўлиши билан бирга, ўзгачаликлар ҳам учрайди. Биз ўрганаётган тафсир тилида қорахонийлар даври ёзма ёдномалар тилининг анъанаси устун бўлса ҳам, ўғуз, қипчоқ қабила тилларининг таъсири ҳам мавжуд. Шунга кўра, Тафсир бир гуруҳ туркий қабила тиллари хусусиятларини акс эттиради ва тарихан ўзбек тилининг ривожланишини кўрсатувчи муҳим ёзма манбалардан бири ҳисобланади. Тафсирнинг ўзбек тили билан узвий боғлиқ томонлари асл туркий сўзларнинг фонетик, грамматик ва лексик хусусиятлари орқали ифодаланган. Туркий тилда ёзилган энг йирик ёзма обидалардан бири «Туркий тафсир» ҳисобланади, шунга кўра, Туркий тафсирда Урхун-Енисей, қадимги уйғур ёзма обидаларига ва XI-XII аср ёзма ёдгорликларига хос асл туркий лексик қатламлар учрайди. Шунингдек, бу ёзма обида диний фалсафа билан боғлиқ бўлгани учун асарда араб, форс-тожик сўзлари ҳам истеъмолда бўлган. Туркий тафсирда лингвистик белгилар бир томондан Урхун-Енисей, қадимги уйғур ёзма ёдгорликларини эслатса, иккинчи томондан XI-XIV асрларга хос тил хусусиятларни ифодалайди. Туркия олими Ф.Кўпрулизода ҳам «Туркий тафсир» X-XI асрларда ёзилиб, темурийлар даврида кўчирилган, деб таъкидлайди. Биз Тафсир ёзма обидасининг фонетик, грамматик, лексик хусусиятларига кўра, асар XII асрда ижод қилинган, кўчирилганда баъзи ўзгаришлар киритилган, деб қараймиз. Асардаги текст хусусиятлари ва тил фактлари бир томондан XIII-XV аср ёзма ёдгорликларига мос келади, иккинчидан, XI-XIV аср ёзма обидалари тили билан ўхшаш ҳолатга эга. Учинчидан, асарнинг тексти ва тил хусусиятлари эски ўзбек тили ёзма обидалари билан узвий боғланган. Тўртинчидан, тафсир ҳозирги ўзбек ҳамда туркий тилларнинг диахроник ва синхроник хусусиятларини очишга ёрдам беради» (Иқтибос тугади). Тадқиқотчи асарни жуда чуқур ва тўлиқ ўрганган. Аввал унинг нутқий ўгирмасини – транскрипциясини тайёрлаган. Кейин уни жонли ўзбек тилига ўгирган. Биз унинг нутқий ўгирмасини Қозоқбой Маҳмудов домладан олиб, электрон нусхасини тайёрладик. Манбаларда таъкидланишича, қадимги туркий тафсирлардан яна бири Муҳаммад Ҳожи Давлатшоҳ Шерозий томонидан милодий 1333 йили кўчирилган Қуръон тафсири бўлиб, у ҳозирда Туркиянинг «Мусулмон ва турк халқлари асарлари» музейида сақланади.
2. «ТАФСИРИ КОШҒАРИЙ»
Муаллиф ҳақида: Ўтган асрда яшаб ижод қилган олимларимиздан бири, «Ҳожи Қори» тахаллуси билан донг таратган тадқиқотчи олим Муҳаммад Зариф Кошғарий аслида тошкентлик ўзбеклардан. У 1872 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган ва Бухорода таҳсил олган. Таълимни битиргач, Кошғарга кўчиб кетган ва ўша ерда Қуръони Каримни тафсир қилишга киришиб, бу ишни якунига етказган. Унинг бундан бошқа асарлари ҳам борлиги айтилади. Муфассир 1959 йилда Ғулжада вафот этган.
Асар ҳақида: Тафсир 20 аср бошларидаги адабий ўзбек тилида битилган. Унда аввал оят матни, сўнг унинг маъно таржимаси берилган ва шундан сўнг тафсир қилинган. Тафсирда оятни оят билан шарҳлаш усули устувор. Шу билан бирга, сураларнинг бир-бирларига боғлиқлиги ҳам очиб берилган. Муфассир оятларни шарҳлашда ҳадислар келтирар экан, улар ҳақида ҳам батафсил баҳс олиб боради. Оят тафсирида агар турлича талқинлар айтилган бўлса, уларни бирма-бир келтиргач, ўзи танлаган фикрни айтиб, буни исботлашга ҳаракат қилади.
Асарнинг нашри ҳақида: Тафсир 1344 ҳижрий сана 21 зулқаъда ойида (милодий 1926 йил 2 июнь) тугаллангани асарнинг сўнгида қайд қилинган. Зариф Кошғарийнинг ушбу асаридан 30-пора тафсири 1987 йили Қатарда нашр қилинган. Тафсирнинг шу озгина қисми катта ҳажмдаги 735 саҳифага жойлашганидан асарнинг тўлиқ шакли қанчалар кетта эканини тахмин қилиш мумкин. Ушбу нашр муқаддимасида ношир Ҳасан Абдулҳамид тафсирнинг ушбу 30-порага бағишланган қисми Кошғарда 1356/1937 нашр қилиниб, қолган қисми Ғулжа шаҳрида қўлёзма шаклида сақланаётганини айтган.
3. «ОЛТИНХОН ТЎРА ТАФСИРИ»
Муаллиф ҳақида: Бу тафсир муаллифи Ўрта Осиё ҳудудида «Олтинхон Тўра», Покистонда «Тўра Соҳиб» номи билан машҳур бўлган улуғ ватандошимиз Саййид Маҳмуд ибн Саййид Назар Тарозийдир. У киши 1895 йили Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистонга туташ қадимий Тароз (ҳозирги Жамбул) шаҳрида таваллуд топган. Олтинхон Тўра муфассир, муҳаддис, адиб, шоир, етук олим, жонкуяр ватанпарвар инсон эди. Ёшлигиданоқ ноёб истеъдод ва ўткир қобилиятга эга бўлган. Қуръон тиловатига ҳам моҳир бўлган. Ҳофиз ва Саъдий асарларидан кўп нарсаларни ёд олган. У киши Тошкентдаги «Кўкалдош», кейинчалик Бухоро мадрасаларида ўқиган, араб ва форс тилларини пухта эгаллаган. Юрт озодлиги учун илмий-амалий фаолиятлар олиб борган ва Ватанни куйлаб бир қатор шеърлар битган. Саййид Махмуд Тарозий Қуръони Каримни ўзбек тилига ўгирган биринчи таржимондир. У киши бу машаққатли ишни Ҳиндистонда эканида бошлаб, ўн йилда тамомлаган. Олтинхон Тўранинг 40 йилдан ортиқ давом этган сўнгги илмий-исломий ва адабий-маърифий фаолияти муқаддас шаҳарлар – Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварада кечади. Асосий асарларини шу ерда яратди. У киши ҳукумат таклифи билан бир неча йил Ҳарами Шарифда ҳам дарс беради. Олтинхон Тўранинг 20 га яқин асари мавжуд. Жумладан, «Қуръони Каримнинг таржимаси ва тафсири», «Нурул-басар фи сийрати Хайрил-башар» (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида), Имом Нававийнинг «Риёзус-солиҳин» («Солиҳ кишилар бўстони») номли турт жилдли асарининг таржима ва шарҳи, «Ақоидул-Ислом» («Ислом дини ақийдалари»), Имом Таҳовийнинг «Ақийдаи Таҳовийя» асарига манзума ва шарҳ, Абу Ийсо Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадия» асарининг таржима ва шарҳи, «Мусаддасоти Маҳмудия» ва бошқалар. Олтинхон тўра раҳматуллоҳи алайҳ 1991 йил 26 июнь куни Маккаи Мукаррамада вафот топди.
Асар ҳақида: Асарга биз шартли равишда «Олтинхон Тўра тафсири» деб ном бердик. Унинг асл номи «Қуръони Карим: Туркистон тилига таржимаси ва ҳошияси» деб аталган. Олтинхон Тўра раҳматуллоҳи алайҳ ватандошларнинг таклифлари турткиси билан ва диний зурарат бўлиб тургани эътиборидан Қуръони Каримни туркий тилга таржима ва тафсир қилган. Бу асар ўз даврида ўзбекзабон ўқувчилар қўлидаги она тилимизда битилган ягона тафсир бўлган. Муаллифнинг ташаббуси ва ўлкадаги диний раҳбарларнинг ҳаракати билан Собиқ Иттифоқ пайтидаёқ ушбу тафсир Ўзбекистонга олиб келинган ва торроқ доирада бўлса- да, тафсирхонларга тарқатилган. У ўз даврида ўлка мусулмонлари учун катта янгилик бўлган. Айниқса, илмли, мухлис кишиларда катта қувонч ва қизиқиш уйғотган. Ўша пайтдаги бир қатор аҳли илмлар асарнинг Диний идорага келтирилгани ҳақида эшитганлари заҳоти Пойтахт сари йўл олганлар ва тафсирни олиб, кўзларига суртиб, ўзгача бир шавқ билан қайтганлар. Асарнинг чет элларда чоп қилинган барча нашрлари араб алифбосида, яъни эски туркий алифбода босилган. Унда Қуръони Карим матнининг ҳар бир қатори остига оятнинг маъно таржимаси берилган. Тафсир ва изоҳлар саҳифа ҳошиясидан жой олган. Асар бундан қарийб бир аср олдинги ўзбек тилида битилган. Ушбу тафсирнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у жуда ҳам оммабоп ва халқчилдир. Унда оятлар бироз эркинроқ таржима қилинган ва керакли ўринларда оятларга қисқача тафсир берилган. Келтирилган маълумотларга баъзан манба кўрсатилган бўлса-да, ўқувчини қийнамаслик учун кўпинча бу ҳақда тўхталинмаган. У анъанавий ўзбек тилини ўзида акс эттириши билан ажраб туради.
Асарнинг нашрлари ҳақида: Бу тафсир 1956 йили Бомбайда, 1975 йили Корочида, 1980 йили Жиддада ва 1993 йили Қатарда нашр қилинган. Кейинроқ 2006 йили Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ томонидан тафсирнинг кирилча нашри тайёрланиб, Тошкентда чоп қилинди.
4. «БАЁНУЛ ФУРҚОН ФИ ТАРЖИМАТИЛ ҚУРЪОН»
Муаллиф ҳақида: Муаллиф «Ҳиндистоний домла», «Ҳожи Ҳидистоний», «Мавлавий домла» каби номлар билан шуҳрат қозонган, Ўрта Осиё ҳудудида илм-маърифат зиёсини таратишда беқиёс хизмат кўрсатган улуғ олим, буюк устоз Муҳаммаджон домла Мавлавий мулла Рустам ўғли Хўқандийдир. У киши 1892 йилда Қўқон музофотига қарашли «Ҳожа Муҳаммад Валий» қабристонига яқин Чорбоғ қишлоғида илм-маърифатли оилада дунёга келган. Ота-оналари илм шайдоларидан бўлганидан фарзандларининг ёшликданоқ илм олишига жиддий эътибор беришган. Шунинг учун ҳам Муҳаммаджон ўн тўрт ёшида ҳофизи Қуръон бўлиб етишган. Дастлаб Қўқон ва Бухоро мадрасаларида, кейинчалик Афғонистоннинг Балх ва Мозори Шариф шаҳарларида имл таҳсил қилган. Сўнгра устозларининг тавсиялари билан Ҳиндистонга сафар қилиб, Ажмир шаҳридаги «Усмонийя» мадрасасида яна саккиз йил илм олган. Шу эътибордан у киши «Ҳиндистоний» тахаллусини олган. Муҳаммаджон Ҳиндистоний домла раҳматуллоҳи алайҳ 1989 йил 97 ёшларида оламдан ўтди ва «Мавлоно Яъқуб Чархий» мозорига дафн этилди. Ҳожи Домла раҳматуллоҳи алайҳ ўнлаб, юзлаб шогирдлар тарбиялаб, юрт хизматига камарбаста қилиб, эл-юртга илм, дин-диёнат нурини таратиш билан бирга, келгуси авлодларга катта илмий мерос ҳам қолдирган. У киши Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар бўлимида таржимон бўлиб ишлаган кезлари бир қатор арабча китобларни форс ва ўзбек тилларига ўгирган. Замахшарийнинг «Навобиғул калим» ҳамда «Мақомоти Замахшарий» асарларини араб тилидан форс тилига, имом Барзанжийнинг «Мавлид» асарини ўзбек тилига, Бусирийнинг «Қасидаи Бурда»сини форс тилига, араб шоири Фараздақнинг имом Зайнулобидинга бағишланган қасидасини ўзбек тилига таржима қилган. Кейинроқ имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ини, Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асарини, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг «Фиқҳул акбар»ини, Абдураҳмон Жомийнинг «Шарҳи Мулло», Муҳаммад Хайриободийнинг «Мирқотул-мантиқ» асарларини шарҳ қилган. «Усули Шоший», «Нурул анвор» ва «Мухтасари маоний» каби асарларни ўзбек ва форс тилларига таржима қилган. Абдулқодир Бедил ғазалларига шарҳ битган. Домланинг шоҳ асари, ҳеч шубҳасиз, Қуръони Каримга ёзган тафсирлари ҳисобланади.
Асар ҳақида: Асарнинг номи «Баёнул фурқон фи таржиматил Қуръон» – «Қуръон таржимасида фарқловчи баён»дир. У муаллиф вафотидан 10 йилча олдин ёзилган. Шогирдларнинг нақл қилишларича, муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ ушбу тафсирнинг таълифи ҳақида, жумладан, шундай деганлар: «Арабий, форсий тафсирлар жуда ҳам кўп битилган, аммо ўзбек тилида тафсир, деярли, йўқ. Шу боис ушбу улуғ ишни баҳоли қудрат бажаришга бел боғладик. Кўпчиликка тушунарли бўлиши учун тафсирни Андижон лаҳжасида баён қиламиз. Камчиликларимиз бўлса, муҳтарам ўқувчиларимиздан ислоҳ қалами ила тузатишларини умид қилиб қоламиз». Бу тафсир лисоний – оғзаки услубдаги тафсир бўлгани боис, ўзига хос тузилишга, ёзилиш усулига ва алоҳида руҳиятга эга. Шунинг учунми, асарда кўпинча оятларнинг таржимаси сўзма-сўз бўлмай, тафсир аралаш берилган. Баъзан оятнинг тафсири унинг таржимасидан олдин келади. Бир хил оятлар бироз фарқли таржима қилинган. Ўша пайт урфига кўра, таржимада ёрдамчи сўзлар ажратилмаган. Шунингдек, унда келтирилган хабарларга кўпинча манба кўрсатиб ўтирилмаган, балки ҳикоя тарзида айтиб ўтиб кетилган. Асар бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотмаган.
Асарнинг нусхалари ва нашрлари ҳақида: Ҳожи Ҳиндистоний домла раҳматуллоҳи алайҳ Қуръони Каримни тафсир қилишга умрларининг сўнгги йилларида бел боғлаганлар ва бу ишни тақрибан бир йилда тамомлаганлар. Муаллиф асарни имло қилган, яъни оғзаки айтиб турган, шогирдлари туркий алифбода ёзиб борган. Жумладан, асарни хатга туширишда марғилонлик марҳум Асадуллоҳхон домла, қўқонлик Иброҳимжон домлалар котиблик қилган. Кейин 1983-84 йилларда андижонлик динпарвар мухлис инсонлардан, Ҳожи Ҳиндистоний домланинг муҳибларидан бири, тутинган ўғли марҳум Орифхон Ҳожи даданинг ташаббуслари билан Абдурраззоқ деган наманганлик хаттот тарафидан тафсирни ўша асл алифбо асосида олти мужаллад қилиб кўчирилиб, тарқатилган ва хаттот баъзан асарни кўчириб сотган ҳам. Шу тариқа тафсир ўша пайтлардаёқ айрим кишиларнинг хонадонларига кириб борган. Унда бир-бирига мазмунан ўта боғлиқ бўлган бир ёки бир нечта оятнинг матни битилиб, тагига оятларнинг таржима ва тафсири берилган. Бу китоб Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, заҳматкаш олим Сайфиддин Рафиддинов томонидан 2006 йилда кирил алифбосида, айрим тўлдириш ва изоҳлар билан нашрга тайёрланиб, «Мовароуннаҳр» нашриётида чоп этилди.
5. «ҚУРЪОНИ КАРИМ. ЎЗБЕКЧА ИЗОҲЛИ ТАРЖИМА»
Муаллиф ҳақида: Шайх Алоуддин Мансур, таниқли ўзбек уламоларидан. 1952 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида туғилган. У киши замонасининг атоқли олимларидан таҳсил олиб, илмини камолга етказди. Олим Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча изоҳли таржимасини тайёрлашдек улкан вазифани шараф билан адо этди ҳамда унинг таржимаси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси ўтказган танловда энг яхши деб топилди. Шундан кейин у 2000 йилда Қорасув шаҳрида «Қуръони Каримни ўрганиш илмий маркази» ташкил этиб, Қуръони Карим маъноларини рус (Алишер Аҳмад билан ҳамкорликда) ва қирғиз тилларига таржима қилди. Сўнгги йилларда у Қуръони Каримнинг имкони борича кенгроқ тафсирини тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Олимнинг «Имом Аъзам − буюк имомимиз» номли асари ҳам бор.
Асар ҳақида: Асар илк нашрларида «Қуръони Карим. Ўзбекча изоҳли таржима» деб аталган. Бу ҳақда Раҳматуллоҳ қори Обидов шундай ёзади: «Бунинг камчилиги шундаки, биринчидан, муаллифнинг таржима китобига мутлақ «Қуръони Карим» деб ном бериш хатодир, чунки Қуръони Карим араб тили ва алфавитида ёзилган» (Ўрта Осиё олимларининг тафсир соҳасидаги хизматлари. Тошкент Ислом университети нашрёт матбаа бирлашмаси. 2009 й). Бу таржима Қуръони Карим маъноларининг замонавий ўзбек тилида битилган илк таржимаси ҳисобланади. Бу эса муаллиф учун катта шараф ва ютуқ эканида шубҳа йўқ. Унда Қуръоннинг арабча матни берилмаган. Суралар номлари ва оятларнинг ададларини бериш билан чекланилган. Ҳар бир сура аввалида сура ҳақида мухтасар маълумот берилиб, кейин керакли ўринлардагина оятлар изоҳ қилинган. Ушбу таржима илк уруниш бўлгани учун биринчи нашрларида айрим камчиликларга йўл қўйилган бўлса-да, кейинги нашрларида улар бартараф этиб борилган.
Асарнинг нашрлари ҳақида: Етмиш йиллик мустабид тузум қулаб, динга йўл очила бошлаган пайт, мустақилликнинг ҳаётбахш шабадалари эса бошлаган кезларда оммага илк бор тақдим этилган Қуръон маънолари таржимаси Алоуддин Мансур домла тайёрлаган Қуръони Каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси бўлди. У 1990 йил «Шарқ юлдузи» ойномасининг 3-сонидан бошлаб муштарийлар эътиборига ҳавола этилди. Бу биринчи тажриба бўлгани боис, аввало, Қуръони Каримни, араб тилини, дин тарихини биладиган мутахассис ва ижодкорлардан иборат махсус таҳрир ҳайъати назоратида босилган. Мажалла 170 минг ададда нашр қилинар эди. Таржима анча тузатишлар, тўлдиришлар билан мукаммал ҳолга келтирилиб, 1992-93 йилларда «Чўлпон» ва «Ғофур Ғулом» нашриётларида қайта-қайта нашр қилинди. Муаллифнинг таъкидлашича, ушбу таржиманинг босма адади (тиражи) жами икки миллионга етган. Асар 1995 йилда ўзбек тилидан туркманчага таржима қилиниб, Туркманистонда ўн минг нусхада чоп этилди. 2001 йилда Бишкек шаҳрида лотин алифбосида ва қозоқ тилига ўгирилган нусхаси нашр қилинди. Таржимон ушбу таржимаси асосида «Қуръони Азим тафсири» номли ўзбекча тафсирга ҳам қўл урган. Унинг биринчи жилди Фотиҳа ва Бақара суралари тафсирига бағишланган бўлиб, 2013 йилда Бишкекда нашр қилинган. Ҳозирда тафсирнинг етти жилди босмадан чиққан бўлиб, уларда Қуръони Каримнинг тақрибан ярмидан кўпи ўзбек тилига таржима ва тафсир қилинган.
6. «ТАФСИРИ ҲИЛОЛ»
Муаллиф ҳақида: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ 1952 мелодий сана 15 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг Андижон вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасасига ўқишга киради. Сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳадида таҳсилни давом эттиради. Олий маъҳадни битириб, «Совет шарқи мусулмонлари» журналида ишлайди. Кейин Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетига ўқишга кириб, факультетни 1980 мелодий санада имтиёзли тамомлаб, юртга қайтади. Сўнгра Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, айни пайтда Олий маъҳадда дарс бера бошлайди. Кейин мазкур маъҳадда мудир ноиби, сўнгра мудир лавозимларида ишлайди. Диний идоранинг 1989 йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинланади. У киши мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси ҳисобланади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сўнгги йилларда илм-маърифат ва диний маданиятни оширишда бемисл хизмат кўрсатдилар. У киши бир қатор халқаро ташкилотлар аъзоси эди: – Маккаи Мукаррамадаги «Бутун Дунё Ислом Робитаси»нинг таъсис мажлиси аъзоси. – Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти аъзоси. – Бутун дунё Даъват уюшмаси аъзоси. – Бутун дунё Уламолари кенгаши уюшмаси аъзоси. – Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси аъзоси. – Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё муфаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси аъзоси. – Бутун дунё масжидлар уюшмасининг аъзоси. – Иорданиядаги Оли Байт муссасасига қарашли Исломий фикрлар академияси аъзоси. Шайх ҳазратлари Миср Араб Республикаси, Ливия Жамоҳирияси ва Россия федерациялари каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари юзлаб бебаҳо асарлар муаллифидир. «Иймон», «Васатийя – ҳаёт йўли», «Дин насиҳатдир», «Исломда инсон ҳуқуқлари», «Сунний ақийдалар», «Руҳий тарбия» (3 жуз), «Кифоя шарҳи мухтасари виқоя» (3 жуз), «Одоблар хазинаси» («Ал адабул муфрад» китоби таржима ва шарҳи, 4 жуз), ҳадислар шарҳига бағишланган «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи (39 жуз) ана шулар жумласидандир. У кишининг шоҳ асари Қуръони Карим тафсирига бағишланган «Тафсири Ҳилол» эканида шубҳа йўқ.
Асар ҳақида: Асар мустабид тузум якун топиб, халқимиз ўз динига қайта бошлаган кезлари илк битилган тафсир бўлгани учун уни тун зулматини ёритиб чиққан янги ой номи билан «Тафсири Ҳилол» деб аталган. «Тафсири Ҳилол» ўзбекзабон халқлар энг кўп севиб ўқийдиган тафсирдир. Ҳатто бугунги китобхонлар «тафсир» деса, шу китобни тушунадиган бўлиб қолган ва асар бу тақдирловга тўла ҳақлидир. Асарда оятлар таржимасида анъанавий тил услуби ҳам қўлланган ва шу боис унда Қуръонга хос бўлган салобат барқ уриб туради. Ҳар бир сурани ўрганишга киришишдан олдин унинг номи, Маккий ёки Маданийлиги, оятлари сони айтиб ўтилиб, сўнг шу суранинг мавзуси ҳақида қисқача маълумот берилган. Ҳар бир оятни рақамлаб, аввал матннинг арабчаси, сўнгра ояти кариманинг маъно таржимаси берилган ва шундан сўнг оятнинг тафсирига ўтилган. Таржимада оятлар маъносидаги умумийлик сақланган. Оятларнинг маъно таржимаси йўғон ҳарфларда ёзилган. Маънони тушунишга хизмат қиладиган, аммо асл матнда бўлмаган сўзлар оддий ҳарфларда ва қавсда берилган. Оятларнинг мазмунан бир-бирига боғлиқлиги очиб берилган. Баъзи оятларнинг нозил этилиши сабаблари ҳақида ривоятлар келган бўлса, улар ҳам келтирилган. Зарурат туғилганда тарихий воқеалар, қиссалар ҳам берилган. Айрим шахслар, қавмлар ҳақида қисқача маълумотлар ҳам тақдим этилган. Тафсирнинг энг муҳим жиҳати ва қиймати шундаки, унда фақат саҳиҳ, ишончли хабарларга таянилган ҳамда келтирилган ҳадис ва бошқа асарларнинг манбалари кўрсатилган. Оятлар мазмунини бугунги кунга боғлаб изоҳланиши асосий аҳамиятга эга. Китобда «Тафсири Ҳилол» ўқувчиларига» деган сарлавҳа остида берилган муқаддимада, шунингдек, кейинги нашрлар муқаддималарида Қуръони Карим тарихи, тафсир илми ва муфассирлар ҳақида жуда ҳам қимматли маълумотлар тақдим қилинган. Умуман олганда, асарда ўзгача юксак руҳият, ихлосу муҳаббат нури балқиб туради. Унинг муқаддас заминда, муҳташам қалбда вужудга келганини ҳар қандай дили уйғоқ ўқувчи дарҳол пайқаб олади. У туркий ва ўзбек тилида битилган тафсирларнинг гултожисидир. Асарда анъанавийлик билан замонавий қарашлар бирлашган. Оятлар шундай равон ва кенг кўламда тушунтириладики, унинг ўхшашини топиш жуда ҳам мушкул. Муфассиримиз оятлардан шундай маънолар кашф қиладики, уларни бошқа жойда учратмайсиз.
Асарнинг нашрлари ҳақида: «Тафсири Ҳилол»нинг биринчи нашри 1991 йили Қуръони Каримнинг 30-жузи тафсири билан бошланган. Сўнгра 29, 28, 27- жузлар тафсири бирин-кетин китобхонлар қўлига етиб борди. Кейин муаллиф чет элда илк бора 26-жузининг тафсирни нашр қилдирди. Сўнгра Бақара сурасининг, сўнг Оли Имрон ва Нисо сураларининг тафсири алоҳида китоб бўлиб чоп қилинди. Шу зайлда Қуръони Каримнинг ҳозирги ўзбек тилидаги тўлиқ илк тафсири вужудга келди. Муаллиф Ватанга қайтгач, 2006 йили «Тафсири Ҳилол» 6 жузда тўлиқ нашр қилинди. 2008 йил тафсирнинг тўлдирилган иккинчи нашри, 2013 йил учинчи нашри чоп этилди. Тафсирдан оятларнинг маъно таржималари ажратилиб, алоҳида бир жуз этиб ҳам нашр қилинган.
7. «ҚУРЪОНИ КАРИМ: ТАРЖИМА ВА ИЛМИЙ ТАРИХИЙ ИЗОҲЛАР»
Таржимонлар: 1. 1–3 суралар таржимони: Фалсафа фанлари доктори, шарқшунос олим Муталлиб Усмонов Аҳмедович. Кириш ва илмий тарихий изоҳлар ҳам унга тегишли. Муталлиб Усмон 1924 йил 10 декабрда Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ қишлоғида туғилган. У 1947‒1952 йилларда Ўрта Осиё давлат университетининг шарқ факултетида хорижий Шарқ мамлакатлари тарихи бўйича таълим олади. 1957‒1961 йиллар давомида Московада Ижтимоий фанлар аспирантурасида таҳсил олади. У қатор илмий ва амалий вазифаларда хизмат қилган. Жумладан, 1984 йилдан 1987 йилгача Ўзбекистон ФА Фалсафа ва ҳуқуқ институтида атеизм секторининг мудири бўлган. Муталлиб Усмон 1987 йилдан ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига ишга ўтади ва у ерда Қуръон таржимаси гуруҳининг бошлиғи, исломшунослик бўлими мудири, етакчи илмий ходим вазифаларида ишлайди. Муталлиб Усмонов қатор халқаро илмий анжуманларда иштирок этиб, Маъруза ўқиган. Унинг таҳрири остида тайёрланган «Ислом» спровичниги бир неча марта нашр қилинган. Унинг дин ва Ислом тарихига доир ҳамда фалсафага оид жуда кўп мақола ва рисолалари эълон қилинган. У 1994 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи билан мукофотланган ва шу йил 18 декабрда оламдан ўтган.
2. 4–9 суралар таржимони: Филология фанлари номзоди Абдусодиқ Ирисов. 1928 йил 20 февралда Тошкентда туғилган. 1946-1951 йилларда Ўрта Осиё давлат университети (Ҳозирги ТошДУ) шарқ факултетининг хорижий Шарқ мамлакатлари тарихи бўлимида ўқиган. 1952-1962 йилларда «Ғунча» журналида масъул котиб ва бош муҳаррир вазифаларида ишлаган. 1960 йилдан ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида дастлаб кичик илмий ходим, сўнг катта илмий ходим бўлиб хизмат кўрсатган. «Ибн Синонинг «Саламон ва Ибсол» қиссаси мавзусида номзодлик ёқлаган. Халқаро анжуманларда бир қатор мавзуларда маъруза ўқиган. У ўз илмий фаолияти даврида 50 дан ортиқ китоб ва рисолалар ёзган. Унинг 300 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалари чоп қилинган.
3. 10–16 суралар таржимони: Филология фанлари доктори, профессор Ҳожи Исматулла Абдуллаев. 1927 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Шарқшунос, манбашунос, адабиётшунос олим. Ўрта Осиё Давлат университетида (ҳозирги Миллий университетда) таҳсил олган. Санк Петербург университетида аспирант бўлган. 1993 йилдан Наманган давлат университетида шарқ тиллари кафедраси мудири. Қўлёзма ва тошбосма манбалар асосида 20дан ортиқ китоб чоп эттирган.
4. 17 сура таржимони: Филология фанлари номзоди, профессор Убайдулла Уватов. Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 1940 йили таваллуд топган. 1958 – 1964 йилларда Тошкент давлат университети талабаси. ТошДУ араб тили ўқитувчиси, ЎзФА шарқшунослик институтида етакчи илмий ходим, Имом Бухорий халқаро маркази директори ловзимларида хизмат кўрсатган. Бир қатор араб давлатларида таржимонлик қилган. Қатор илмий асарлар муаллифи. 2008–2013 йилларда Имом Бухорий халқаро маркази директори.
Асар ҳақида: Асар номини «Қуръони Каримнинг маънолари таржимаси ва илмий тарихий изоҳлари» дейилса, бизнингча, яна ҳам тўлиқ ва тўғрироқ бўлар эди. Ушбу таржима Муталлиб Усмон бошчилигидаги шарқшунос олимлар тарафидан яратилган бўлиб, тўлиқ эмас. Унда Қуръони Каримнинг ярми, яъни Фотиҳа сурасидан бошлаб, Исро сураснинг сўнгигача таржима ва изоҳ қилинган. Масъул муҳаррир Муталлиб Усмон таржимага кириш олдидан ёзув ва ёзма манбалар, Ислом ва Қуръон тарихи ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари хусусида қисқача ва қимматли маълумотлар бериб ўтади. Муаллиф ушбу муқаддиманинг аввалида мавзуга холис ёндашмоқчи эканини, уни ёритишда Ғарб ва рус шарқшуносларининг асарлари билан чекланмай, асл манбаларга, мусулмон тарихчиларининг асарларига таянишини, айрим шарқшунослар тарафидан шу пайтгача оширилган кўплаб тадқиқотлар бир ёқлама, фақат атеистик руҳда бўлганини таъкидлайди. Шу боис, муаллифнинг берган маълумотлари мусулмон олимларининг сўзларига деярли ҳамоҳанг келади. Ўрни келганда айрим Ғарб шарқшуносларининг нохолис, асоссиз фикрлари кучли далиллар билан танқид оситига олинади. Нашрда саҳифа ўртасида Мадина мусҳафи асосида Қуръони Каримнинг арабча матни берилиб, ҳар саҳифадаги оятларнинг маъно таржимаси матн атрофида йўғон ҳарфда берилган. Бош таржимон Муталлиб Усмон ўз сўзбошисида таъкидлаганидек, таржима илмий академик савияга эга. Шу боис, унда оятлар деярли сўзма-сўз ўгирилган ва айрим тўлдирувчи сўзларни ҳам матн зимнида бор деб эътибор қилинган. Шунинг учун ҳам таржимада бирорта ҳам қавс ишлатилмаган. Тўлдирувчи изоҳлар ҳаволада берилган. Айрим ўринларда маълум калиманинг таржимаси учун берилган сўзнинг танланиш сабабини ҳам ёритиб ўтишга ҳаракат қилинган. Баъзи бир шарқшуносларнинг «сура», «оят» каби сўзларни ҳам таржима қилишга урунишлари нотўғри, асоссиз экани уқтирилган. Изоҳларда, ўзбек тилидаги бошқа тафсир ва изоҳлардан фарқли равишда, тарихий шахс ва воқеалар ҳақида замонавий тарихшунослик тарафидан ҳам ёндошиб, унинг манбаларида ўрганиладиган маълумотлар ҳам келтирилган. Таржима анча мукаммал амалга оширилганига қарамай, биринчи тажрибалардан бўлгани боис, унда айрим мулоҳазали жойлар ҳам бор. Мисол учун, Анфол сурасининг 27-оятининг маъно таржимасида «Расул» сўзини «элчи» деб ўгирилиши ўқувчининг маънони нотўғри тушунишига замин ҳозирлаб қўйган.
Асарнинг нашри ҳақида: Асарнинг оммавий нашри йўқ. Унинг махсус нашри 2004 йил декабр ойида бош таржимон ва масъул муҳаррир марҳум Муталлиб Усмон таваллудининг 80 йиллик тантанаси арафасида «Фан» нашрётида амалга оширилган. Асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий кенгашининг 2004 йил 22 сентябрдаги 8 мажлис қарори билан институт номидан нашр қилинган.
8. «ҚУРЪОНИ КАРИМ МАЪНОЛАРИНИНГ ТАРЖИМА ВА ТАФСИРИ»
Таржимон ҳақида: Шайх Абдулазиз Мансуров, машҳур ўзбек уламоларидан. 1944 йилда Фарғона вилоятининг Миндон қишлоғида туғилган. Замонасининг бир неча атоқли уламо ва фузалолари қўлида таълим олган. 1975-1979 йилларда Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институтида, 1980-1981 йилларда Судандаги «Умму Дурмон» университетида таҳсил олган. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлар идорасида «Масжидлар ва фатво бўлими» мудири, «Мовароуннаҳр» нашриёти директори, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада бўлим мудири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университетида проректор лавозимларида ишлади. У кишининг Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржимасидан ташқари «Ахлоқ-одобга доир ҳадислар», «Мусулмончиликдан илк сабоқлар», «Ҳаж ибодати қоидалари», «Минг бир фатво», «Ислом гиёҳвандликка қарши» каби бир неча асарлари бор. Шунингдек, «Минг бир ҳадис», «Унвонул-баён», «Атвоқуз-заҳаб» асарларини араб тилидан ўзбекчага ўгирган. 2006 йил августидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари вазифасида ишлаб келяпти.
Асар ҳақида: Асар «Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири» деб аталган. Унда саҳифа ўртасида Мадина мусҳафидан Қуръони Карим матни қўйилиб, оятларнинг маъно таржимаси матн атрофида берилган. Таржиманинг хусусиятларидан бири шуки, унда тафсир мазмунида ва маънони тушунарлироқ қилиш учун матнда йўқ сўзлардан кўп фойдаланилган ва бу тур иборалар қавсга олинган. Айрим оятларнинг мазмунини ёритиш учун ҳаволада изоҳ ҳам берилган. Китоб охирида Қуръон ва қироат илмига доир бир қатор муҳим маълумотлар илова қилинган.
Асарнинг нашрлари ҳақида: Асар бир жилдан иборат бўлиб, 2001, 2004, 2007, 2009 йилларда тўрт бора нашр қилинган. Ушбу нашрлар асносида айрим тузатиш ва тўлдиришлар амалга оширилган. Илгарги нашрлари Қуръоннинг матнига муқобил равишда саҳифаланган бўлса, кейингиларида унга мувофиқ тарзда чоп қилинган.
9. ТАФСИРИ ИРФОН
Муаллиф ҳақида: Усмонхон Алимов, таниқли дин арбоби, муфтий. 1950 йилда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Кўп йиллар Самарқанд вилоятидаги «Имом Бухорий» жомеъ масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. 2000 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили вазифасида фаолият олиб борди. 2006 йил августидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий. У кишининг «Муҳаддислар султони», «Имом ал-Бухорий баракоти», «Ҳазрати Имом мажмуи», «Фарзанд тарбияси» ва бошқа асарлари бор.
Асар ҳақида: Тафсирда ҳар бир сура аввалида сура номининг изоҳи ва унда ёритиладиган мавзулар ҳақида қисқача маълумот берилган. Оятнинг арабча матни остига унинг ўзбекча ўгирмаси йўғон ҳарфда берилиб, кейин тафсирга ўтилган. Оятлар кўп ўринларда бошқа оятлар мазмуни билан ҳам тафсир қилинган. Келтирилган маълумотларнинг манбалари кўрсатилган ва мўътабар асарлардан олинган. Суранинг фазилати ҳақида келган хабарлар бўлса, сура сўнгида илова қилинган.
Асарнинг нашрлари ҳақида: «Тафсир Ирфон» 2012 йилдан чоп этила бошлаган. Даставвал 30-ва 29- пораларнинг тафсири нашр қилинди. Кейин Қуръони Каримнинг бошидан, Фотиҳа сурасидан бошлаб тафсир қилина бошланди. Асарнинг 2015 йилги охирги жузида 11-13 поралар, яъни Ҳуд ва Юсуф суралари тафсири берилган.
ХОТИМА ЎРНИДА
Сўзимизга хотима ясар эканмиз, таъкидлаш жоизки, бу ерда зикр қилинган ўзбек тилидаги мазкур таржима ва тафсирлардан ташқари айрим суралар ёки жузлар билан чекланган туркий ёки ўзбекча таржима ва тафсирлар, шунингдек, бошқа тиллардан туркийга ўгирилган тафсирлар ҳам бор. Жумладан, Яқуб Чархийнинг форс тилида битган «Тафсири Чархий» асарининг туркий тилдаги иккита – «Ҳамадоний» ва «Тошкандий» таржимаси бор. Шунингдек, «Ал Итқон» тафсири ҳам туркий тилга ўгирилган. Шарқшунос олим Шамсуддинхон Бобохонов Қуръоннинг 30-порасини таржима ва изоҳлар билан 1991 йилда чоп эттирган. Хулоса қилиб айтганда, туркий халқларнинг билимдон вакиллари Қуръони Карим маъноларини ўз халқларига етказишда намунали ўрнак кўрсата олганлар. Биз юқорида Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржима ва тафсирлари ҳақидагина сўз юритдик. Агар умуман туркий тилларда қилинган таржима ва тафсирлар ҳақида гапирилса, асарлар адади икки юздан ошиб кетиши аниқ. Бу ҳақда қатор илмий тадқиқотлар ва асарлар ҳам битилган. Турк олими Абдулқодир Эрдаган туркий ва исломий манбалар музейида сақланаётган тўққизта туркий тафсир ва таржима устида илмий тадқиқот олиб бориб, улардан учтасини энг қадимий деб топган. Доцент Иброҳимжон Усмонов ва Гулноза Саидова биргаликда нашрга тайёрлаган «Мовароуннаҳр туркий тафсирлари тарихидан [таржима и тафсири и туркий]» (Тошкент–2012) номли асарнинг кириш қисмида туркий тафсирлар ҳақида анча тўлиқ маълумотлар берилган. Шунингдек, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти 2013 йил битрувчиси Ғойибов Мақсуджон ўзининг «Қуръони Карим маъноларининг ўзбек тилига қилинган таржималари қиёсий таҳлили» номли битирув малакавий ишида ушбу мавзуда сўз юритиб, бир қатор қимматли маълумотларни келтирган. Улуғ аждодларимизнинг туркий тиллардан ташқари, араб, форс тилларида ёзган тафсирлари ҳам талайгина ва оламшумул қийматга эгадир. Буларнинг барчаси сиз билан биз – бугунги кун ўзбек мусулмонларига шараф бўлиш билан бирга, улкан масъулият ҳам юклайди. Қуръони Каримнинг ўзбек тилига оид таржима ва тафсирлари билан танишар эканмиз, устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг «Тафсири Ҳилол» асарлари бу бўстоннинг гултожиси, ушбу гўзал маржоннинг сархалқаси эканига гувоҳ бўламиз. Халқимиз тафсир деганда, аввало, шу асарни тушунадиган бўлиб қолгани ҳам бежиз эмас, китоб бу эътиборга юз фоиз ҳақли. Хусусан, унинг бугунги кунимиз учун жуда ҳам муносиб ва етарли даражада битилгани алоҳида эътиборга моликдир. Шуни таъкидлаш ўринлики, Қуръони Каримни бошқа тилга таржима ва тафсир қилишга нисбатан қарашлар замонга қараб ўзгариб ҳам турган. Дастлаб умумий равишда рухсат берилган бўлса, кейинроқ бунга унча ҳожат қолмагани ва бир қатор диний мақсадлар юзасидан Қуръон маъноларини бошқа тилларга ўгиришга кўпчилик олимларнинг раъйи бўлмаган. Аммо сўнгги асрларга келиб, мусулмон умматининг араб тилидан узоқлашиб кетгани, турли сабабларга кўра диний илмларни ўрганишга ҳиммат ва имкониятлар ноёблашиб борганини кузатган олимларимиз Қуръони Каримни бошқа тилларга таржима ва тафсир қилишга алоҳида эътибор қаратдилар ва буни диний зарурат, вожиб амал эканини таъкидлаб махсус фатволар чиқардилар. Хусусан, бошқа дин вакиллари ва динсизлар тарафидан Қуръон маънолари таржималарини нашр қилиш ҳаракатлари жадаллашгач, уламолар Қуръоннинг асл ҳолини сақлаш, унинг маъноларини халққа софлигича етказиш учун бу ҳаракатни мусулмон уламолари қўлга олишлари лозимлигини таъкидлаганлар. Бугунги кунда Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги маъно таржимаси ва тафсири бир неча жиҳатдан жуда ҳам долзарбдир: 1. Мусулмонлар ўз диний манбаларидан хабардор бўлишлари керак, бу диний ва ижтимоий заруратдир. Қуръони Карим − Аллоҳ таолонинг инсоният учун юборган рисолати, илоҳий мактуб. Уни ўқиб, уқиш ҳар бир мусулмоннинг зиммасида фарздир. Унинг маъноларини бевосита, бандаларнинг сўзлари аралашмаган ҳолида ўқишнинг ҳам ўзига хос манфаатлари бор. Тушуниш қийин бўлган ўринларда эса ўзбекча тафсирлар жуда ҳам қўл келади. Фиқҳ ва бошқа илмлар орқали Қуръони Каримнинг ҳукмларини ўрганиш ўз йўлига, аммо илоҳий каломнинг асл хитоблари билан танишиш ўзгача нур, ҳаловат ва илм бўлиши аниқ. Зеро, асл, барибир, асл, унинг қиймати ҳеч қачон пасаймайди. Баъзан «Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ҳамма ҳам тушуна олмайди, биз Қуръонни мужтаҳидлар орқалигини тушунишимиз мумкин», деган маънодаги қарашлар ҳам учраб туради. Бу гап ҳам қайсидир маънода ўринли бўлса-да, умумий қоида эмас. Чунки Қуръоннинг аксар қисми муҳкам – маънолари равшан бўлган оятлардан иборат. Умуман олганда, Қуръон анча-мунча одам тушуна оламайдиган тилсим, мавҳум нарса эмас. Аллоҳ таоло бир нечта оятларда Қуръонни «У очиқ-ойдин, равшан китобдир» деб таърифлайди. Қамар сурасида бир неча марта: «Батаҳқиқ, биз Қуръонни эслатма олувчилар учун осон қилиб қўйдик», дейди. Қуръон ҳамма учун – олиму жоҳил учун хитоб қилади, ҳидоят бахш этади. Унинг ҳар бир инсон учун мустақил мурожаати бор. Айрим оятларни тушунишда, улардан ҳукм олишда олимларга қулоқ осиш эса бошқа масала, ўқувчининг савиясига кўра турлича кечади. 2. Қуръони Каримнинг номини эшитганки мусулмон дарҳол ўзини ўнглаб, чин юракдан эҳтиром кўрсатиши табиий. Шу боис, мусулмонларга таъсир ўтказмоқчи бўлганлар ҳамиша шу тарафдан келишади. Бугунги кундаги ғулувга кетган, адашган тоифалар, радикал оқимларнинг асосий қуролларидан бири ҳам Қуръони Карим оятларини ўз қарашларига кўра талқин қилиш экани сир эмас. Бунинг олдини олиш ва муолажа қилишнинг ягона самарали йўли Қуръоннинг аслича, аҳли сунна эътиқодига кўра тафсирини тақдим қилишдир. Бу эса қадимдан тажрибадан ўтган ва ўзини оқлаган услубдир. Мисол учун, имом Мотуридий ва имом Насафийлар ўз тафсирларини айни шу мақсадга қаратганлар. Шунингдек, ҳанафий мазҳабига нисбатан айтиладиган турли таъналарга жавоб бўлиши ва бемазҳабликнинг олдини олиш учун ҳам ҳукм оятларининг ҳанафий мазҳабига кўра қилинган тафсири жуда ҳам муҳим. Одатда диний мавзуларда илк берилган маълумот кишининг қалбида ўзгача қиймат топиб, онгида мустаҳкам ўрнашиб қолади. Агар ўша маълумот тўғри бўлса, айни муддао, аммо нотўғри бўлса, уни тўғрилаш жуда ҳам қийин. Айниқса, ўша ўзи билган ғояни ҳақ деб қаттиқ ишониб бирор фаолият олиб борган бўлса, кейин унинг ноҳақлигини кўтариш жуда ҳам оғир, ҳатто киши учун ўлимдан ҳам қаттиқ ҳисобланиб қолади. Шу боис, биринчи берилган маълумотнинг соф бўлишини таъминлашга интилиш лозим. 3. Қуръонни бир йўсинда, илмий-асосли ва мўътадил мазҳабда таржима ва тафсир қилиниши жамиятнинг тотувлиги, мусулмонлар сафининг, мақсадларининг бирлашишига хизмат қилади. Баъзи кишилар Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларнинг таржимаси турли тоифаларга қурол бўлади, деб ўйлайдилар. Аслида эса тоифагарчиликка таржиманинг алоқаси йўқ, чунки ушбу таржималар бўлмаган жойларда ва даврларда ҳам ўша оқимлар бўлган ва ҳозир ҳам бор. Қолаверса, шу пайтгача чиққан мўътазила, хавориж, шиа ва яна бошқа ўнлаб тоифалар ҳамда бугунги кундаги оқимлар ҳеч қандай таржимасиз, балки асл матннинг ўзидан ўз раъйларига кўра маъно чиқариб олиш оқибатида адашганлар. Бинобарин, таржима ва тафсирни маълум бир йўсинда тақдим қилиниши тоифагарчиликка эмас, аксинча, бирдамликка, қарашларнинг бирлашишига сабаб бўлади, деб қатъий айтиш мумкин. Қуръон ва ҳадислар таржима қилинса, одамлар улардан ўзларича ҳукм оладилар, деган гумонга ваҳимадан бошқа нарса эмас. Чунки оддий ўқувчилар оятлардан ҳеч қачон ҳукм ола билмайди, чунки улар оят-ҳадисни аранг тушуниб олади, ундан ҳукм олишга йўл бўлсин! Қолаверса, бугунги кунда оят-ҳадисларнинг таржима ва шарҳида фиқҳий мазҳабларнинг бу борадаги қарашлари, хусусан, юртимизда амалда бўлган ҳанафий мазҳабининг хулосалари бериб борилмоқда. Ўзи бундай хилофли ўринлар саноқли ва улар ҳам ўз ўрнида изоҳлаб қўйилмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳанафий мазҳабини қувватлашга ҳам хизмат бўлмоқда. Шунинг учун мазкур хатарга ҳеч қандай ўрин йўқ. Шу билан бирга, ихтилоф қилиш табиатида бор одам эплаб топиб, ихтилоф қилаверади. Аммо ўша бир-иккит бетайинни деб бутун халқни Қуръону ҳадисдан ман қилинмайди. Унақа одамлар барча замонларда бўлган. Ҳатто асри саодат ҳам улардан холи бўлмаган. Лекин ҳеч ким уларни деб бошқаларни илмдан ман қилмаган. Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони Каримга халқимизнинг азиз фарзандлари тарафидан қилинган хизматларни Ўз даргоҳида қабул этиб, уларнинг ўтганларини раҳмат, қолганларини саломат қилсин. Биз ёш авлодларни ўша буюк зотлар изидан адашмай бориб, уларнинг бой меросларидан тўғри ва унумли истефода қилиб боришимизни насиб этсин.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид 2016 йил 29-май.
|