005. Моида (дастурхон) сураси | ||||
|
800x600 Normal 0 false false false RU X-NONE X-NONE MicrosoftInternetExplorer4 Мадинада тушган, 120 оятдан иборат
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан) 1. Эй мўминлар, аҳдномаларга вафо қилинглар. Сизларга билдирилганидан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Лекин эҳромдаги овни ҳалол санаманглар. Аллоҳ нимани хоҳласа, албатта? шунга буюради. Яъни Аллоҳга берган аҳд-паймонларингизга, ўрталарингиздаги битимларга вафо қилинглар. Сизларга туя, сигир, қўй-эчки каби покиза уй ҳайвонлари ҳалол қилинди. Лекин ўлган ва Қуръони Каримда баён этилган бошқа ҳайвонлар истеъмолга яроқсиздир. Эҳромдалик пайтингизда қуруқлик жониворларини овлаш ҳаром, лекин сувдагиларини овласа бўлади. 2. Эй мўминлар, Аллоҳ дини рамзларини, ҳурматли ойни, аталган қурбонликни, ҳадялик белгиларини, Парвардигор фазли ва ризосини тилаб Байтул Ҳаромни кўзлаб чиққанларни беҳурмат қилманглар. Эҳромдан чиқиб поклангач, ов қилишингиз мумкин. Масжидул-Ҳаромдан тўсганларга нафратингиз асло ҳаддан ошишингизга сабаб бўлмасин. Яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ёрдамлашинглар, гуноҳ ва зулм устида ҳамкорлик қилманглар ва Аллоҳдан қўрқинглар. Аллоҳнинг азоби шиддатлидир. Яъни Аллоҳ таолонинг ягона илоҳ эканига аломат бўлган Унинг дини шиор-рамзлари – Байтуллоҳ (Каъбаи муаззама), Сафо ва Марва, қурбонликка аталган ва бўйнига алоҳида белгилар осилган жониворлар, самовий Китоблар, фарз амаллар, шунингдек, Аллоҳ таолонинг фазли-карами, розилигини истаб ҳаж ва умра қилиш мақсадида Байтуллоҳни қасд қилиб чиққанларга ҳурматсизлик кўрсатманглар. Уруш ҳаром қилинган ҳурматли ойлар ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир. Эҳромдан чиқиб поклангандан кейин ов қилиш мумкин. Мусулмонлар қасос олиш мақсадида ё бир дўстни хурсанд қилиш учун адолат ва инсофни қўлдан беришмасин. 3. Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номига сўйилган, бўғилиб ўлган, урганда, йиқилганда, сузишганда ўлган, йиртқич еган, лекин сўйишга улгурилмаган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар ҳам, чўп билан фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди. Буларнинг ҳаммаси гуноҳдир. Бугун кофирларнинг динларингиздан умидлари узилди, энди улардан эмас, Мендан қўрқинглар. Бугун динларингизни мукаммал, неъматимни тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Ислом динини танладим. Ким очликда гуноҳга мойиллик кўрсатмай мажбур бўлса, Аллоҳ, албатта, кечирувчи ва раҳмлидир. Ибн Касир тафсирига кўра, жоҳилият даврида кишилар қимор чўплари билан фол очиб, қисматларини синашган. Агар киши ночорликдан оч қоладиган бўлса, ўлган жониворнинг гўштидан очликни кетказиш миқдорида еса бўлади, аммо ортиқчаси мумкин эмас. 4. (Эй Муҳаммад), ўзларига нима ҳалол қилинганини сўрашади. «Барча покиза нарсалар сизларга ҳалол қилинди. Аллоҳ сизларга билдирганидай овчи ит каби ўргатилган жониворлар тутиб келтирганини еяверинглар ва Аллоҳ номини зикр қилинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳнинг ҳисоби, албатта, тездир», денг. Хоҳ ит, хоҳ йиртқич қуш бўлсин, ов ҳайвонлари овлаган нарсанинг ҳалол бўлиши учун бешта шарт бор: а) ов ҳайвони ўргатилган бўлиши керак; б) уни ов қилиш учун қўйиб юборилиши даркор; в) унга шариат талаб қилганидай таълим берилган бўлиши, яъни итга овни тутганда ўзи емаслиги, қушга ов ортидан кетганида чақирилса, дарҳол изига қайтиши ўргатилган бўлиши лозим, агар бундай қилмаса, у овчининг буйруғига бўйсунмаган ҳисобланади; г) ов жонивори қўйиб юборилганда «Бисмиллоҳ» айтилиши шарт. Бу тўрт шарт Қуръони Карим ояти каримасидан тушунарли, бешинчи шарт эса мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа мўътабар санаганларидай, ов ҳайвони ўлжасининг бирор ерини қонатиши керак. Агар юқоридаги шартлардан бирортаси бажарилмаса, ов қилинган нарса ҳаром бўлади. Агар ўлмай, овчининг қўлига келиб тушса-ю, ўзи сўйиб олса, унда ҳалол бўлади. 5. Бугун сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китобийларнинг таомлари сизларга ва сизларники уларга ҳалолдир. Покдомон мўминалар ва олдин китоб берилганларнинг иффатли, зино қилмаган ва ўйнаш тутмаган покдомон аёллари сизларга ҳалолдир. Ким иймонни инкор қилса, унинг амали беҳуда кетади ва охиратда зиёнкорлардан бўлади. Ҳозирги пайтда китобийлардан саналган тоифаларнинг аксарияти ўзларига туширилган самовий китобларга ҳам, динга ва Худога ҳам ишонмай қўйишган. Уларни китобий, деб ҳам бўлмайди, сўйган нарсалари, таомлари ва аёллари китобийларники каби ҳалол ҳисобланмайди. Лекин самовий китобларга, Аллоҳ таоло ҳукмларига ва динга куфр келтирмаганларнинг таомлари ҳалолдир ва аёлларига уйланса бўлади. 6. Эй мўминлар, намоз ўқимоқчи бўлсангизлар, юзингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари билан ювинглар, бошингизга масҳ тортинглар ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювинглар. Булғансангизлар, покланинглар. Агар бемор ё мусофир бўлсангизлар ёхуд бирингиз ҳожатхонадан келса ё аёлларига қўшилса-ю, сув топилмаса, пок тупроқ билан юзи ва қўлларини сийпасин. Аллоҳ сизларга тангликни хоҳламайди, лекин поклашни ва шукр қилишларингиз учун неъматларини тўкис беришни истайди. «Булғаниш» деганда уйқуда ёки жинсий манзараларни кўрганда-эшитганда эҳтилом бўлиш, хотини билан жинсий алоқа қилганда маний чиқиб булғаниш тушунилади. Беморликда киши сув ишлата олмаса ёки сафарда бўлганида етарли сув топа олмаса, таҳорат ва ғусл ўрнига тоза ер жинси – тупроқ, қум кабиларни юз ва икки қўл чиғаноғигача сийпалаб, таяммум қилади. Бу нарса Аллоҳ тарафидан бандаларга берилган раҳмат ва енгилликдир. 7. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ҳамда «Эшитдик ва итоат қилдик» деганингизда сизлардан олган аҳдини эсланглар ва Аллоҳдан қўрқинглар. Аллоҳ дилларингиздагини, албатта, билувчидир. 8. Эй мўминлар, адолатли гувоҳ сифатида Аллоҳ йўлида ҳақни тутинглар. Бир қавмнинг душманлиги адолатсизлигингизга сабаб бўлмасин. Адолатли бўлинглар, бу тақвога яқиндир. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ қилмишларингиздан, албатта, хабардордир. 9. Аллоҳ иймон келтириб, яхши ишларни қилганларга мағфират ва улуғ мукофотларни ваъда қилди. 10. Кофир бўлиб, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар дўзах эгаларидир. 11. Эй мўминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини – бир қавм қўл кўтармоқчи бўлганида сизлардан қайтарганини эсланглар ва Аллоҳдан қўрқинглар. Мўминлар Аллоҳга таваккал қилишсин. 12. Аллоҳ Бани Исроилнинг ваъдасини олди ва улардан ўн икки сардорни тайинладик. Аллоҳ: «Агар намозни адо, закотни ато этсангизлар, пайғамбарларимга ишониб, уларни қўлласангизлар, Аллоҳга чиройли қарз берсангизлар, Мен, албатта, сизлар билан биргаман, гуноҳларингизни ўчираман ва остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киритаман, шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, унинг тўғри йўлдан адашгани аниқдир», деди. Аллоҳга чиройли қарз (қарзи ҳасана) бериш деганда Унинг динини, Китобини, пайғамбарларини ҳимоя қилиш йўлида мол-дунё сарфлаш назарда тутилган. 13. Аҳдномани бузганлари учун уларни лаънатладик ва дилларини қотириб қўйдик. Улар калималарни ўрнидан ўзгартиришади, ўзларига эслатмаларнинг кўп қисмини унутишади. (Эй Муҳаммад,) уларнинг ҳамиша хиёнат қилишганини кўрасиз, озгинасигина бундан мустасно. Шунда уларни афв этиб кечираверинг, Аллоҳ, албатта, яхшилик қилувчиларни севади. Ҳофиз ибн Ражаб Ҳанбалийнинг айтишларича, яҳудийлар ўз аҳдномаларини бузганлари учун, биринчидан, лаънатга учрашди, иккинчидан, диллари қора бўлиб, қаттиқ тошга айланди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар бўлишлари ҳақидаги Тавротдаги сўзларни ўзгартириб, эслатмалардан маҳрум бўлиш каби балоларга гирифтор бўлишди. Аммо улар орасида Абдуллоҳ ибн Салом каби озчилик яҳудийлар ҳам борки, улар Исломга кириб, икки дунё саодатига мушарраф бўлишди. 14. «Бизлар насоролармиз», деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик. Улар эса қилинган эслатмаларнинг кўпини унутишди. Биз қиёматгача улар ўртасига душманлик ва нафрат солдик. Яқинда Аллоҳ уларнинг қилмишлари хабарини беради. Шунинг учун насронийларнинг католик, православ, протестант каби кўплаб оқимларининг ҳаммасида бир-бирларига душманчилик ва нафрат кучли, улар ўртасида тинмай тортишув, уруш-жанжаллар чиқиб туради. 15. Эй китоб аҳли, мана, Китобдан яшириб юрган нарсаларингизнинг кўпини сизларга баён қилиш, кўпини афв этиш учун элчимиз келди. Ҳақиқатан, сизларга Аллоҳдан нур ва равшан Китоб келди. 16. У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни нажот йўлига йўллайди, Ўз иродаси билан зулматлардан нурга чиқаради ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилади. Охирги замон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг тавсифлари самовий китобларда мажуддир. У Зот сизлар яширган ҳақиқатларнинг кўпини ошкор баён этадилар, зарур бўлмаганларига кўз юмиб қўя қоладилар. Сарвари оламнинг ўзлари нурдирлар, Китоблари эса ҳар бир ҳақиқатни очувчи адолат тарозисидир. Аллоҳ таоло Китоби ёрдамида Ўз розилигини истаган бандаларини нажот, омонлик йўлига йўллаб қўяди, куфр ва залолат зулматидан қутқаради. 17. «Масиҳ ибн Марям Аллоҳдир» деганлар, ҳақиқатан, кофир бўлишди. (Эй Муҳаммад,) «Агар Аллоҳ Масиҳ ибн Марямни, унинг онасини ва Ер юзидаги барчани ҳалок қилмоқчи бўлса, ким Аллоҳни бундан қайтара олади?» денг. Ҳолбуки, осмонлар ва Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир, У нимани хоҳласа, яратади ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. Насороларнинг яъқубия фирқаси ақийдасига кўра, Аллоҳ Исо Масиҳ алайҳиссалом таналарига ўрнашган эмиш. Шунинг учун улар худо Исо Масиҳнинг ўзидир, деб ишонишади. Бу ақийда, шаксиз, куфрдир, бундай ўйлаганлар кофирдир. Агар Аллоҳ таоло Исо Масиҳни, унинг онасини ва Ер юзидаги бутун жаҳон аҳлини ҳалок қилмоқчи бўлса, на Исо Масиҳ, на бошқа бирор кимса Аллоҳ таолони бундан қайтара олмайди. Аллоҳ таоло ягонадир, у туғмаган ва туғилмаган. Исо алайҳиссалом Аллоҳ таоло яратган бандалардан биридир, лекин пайғамбардир, Аллоҳ азиз қилган зотдир, аммо худо эмасдир. 18. Яҳудийлар ва насоролар: «Бизлар Аллоҳнинг ўғилларимиз ва Унга суюмлимиз», дейишади. «У ҳолда нега гуноҳларингиз сабабидан сизларни азоблайди? Ҳолбуки, сизлар ҳам У яратган инсонсизлар. У хоҳлаганини кечиради, хоҳлаганини азоблайди. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир ва қайтиш фақат Унгадир», денг. Агар яҳудийлар ва насоролар, ҳақиқатан, Аллоҳга севимли бўлишганида Аллоҳга осийлик қилишмас, дунё ва охиратнинг азоб-уқубатларига мубтало бўлишмас эди. 19. Эй китобийлар, пайғамбарлар узилишидан сўнг: «Бизларга тушунтирувчи ҳам, огоҳлантирувчи ҳам келмаган», демасликларингиз учун элчимиз келди. Демак, сизларга тушунтирувчи ҳам, огоҳлантирувчи ҳам келди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. Масиҳ Исо алайҳиссаломдан кейин 600 йилгача инсониятга пайғамбар келмади. Бутун дунё куфр ва жаҳолат зулматига тамоман ғарқ бўлди. Шундай пайтда Аллоҳ таоло олам аҳлига раҳм-шафқат қилиб, йўлбошчиларнинг сарвари Муҳаммад алайҳиссаломни бирор қавм ё халққа эмас, балки бутун дунёга Пайғамбар қилиб юбордики, у Зот жоҳилларга нажот йўлини кўрсатдилар, ғафлатда ётганларни огоҳлантирдилар, нодонларга таълим бердилар, ҳаммага Аллоҳ таолонинг динини етказдилар. 20. (Эй Муҳаммад,) Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга инъомини – орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, подшоҳлар қилганини, дунёда ҳеч кимга бермаганини сизларга ато этганини ёдга олинглар». 21. «Эй қавмим, Аллоҳ сизларга ёзган Муқаддас заминга киринглар, ортингизга қайтмангки, унда зиёнкорга айланасизлар», деганини эсланг. 22. Улар: «Эй Мусо, у ерда зўравонлар бор, улар чиқиб кетмагунича асло кирмаймиз, чиқишсагина кирамиз», дейишди. 23. Улардан тақводор ва Аллоҳ марҳаматига муяссар бўлган икки киши: «Улар устига дарвозадан кириб боринглар, агар кирсангизлар, албатта, ғолиб бўласизлар, агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳга таваккал қилинглар», дейишди. 24. Улар: «Эй Мусо, модомики, улар бор экан, ҳаргиз у ерга кирмаймиз, сен ва Парвардигоринг бориб, икковлон уруш қилаверинглар, биз бу ерда ўтириб турамиз», дейишди. 25. У: «Эй Парвардигорим, ўзим ва биродаримдан бошқага гапим ўтмади, энди биз билан бу итоатсиз қавмни ажратиб юбор!» деди. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўз юртларини ташлаб, Шом мамлакатида муҳожир бўлиб туриб қолдилар. Бир қанча вақт бу кишининг фарзандлари бўлмади. Кейин Аллоҳ таолодан: сенга кўпгина фарзандлар берамиз ва Шом мамлакатини улар тасарруфига ўтказамиз, уларни пайғамбарлик, дин, Китоб ва салтанат билан сийлаймиз, деган ишорат бўлди. Аллоҳ таолонинг бу ваъдаси Мусо алайҳиссалом замонида рўёбга чиқди: Бани Исроил Фиръавн зулмидан нажот топди. Бани Исроилга буюрилдики, Шом ҳукмдори Амолиқага қарши жанг қилинглар ва Шомни фатҳ қилинглар. Аммо улар Амолиқадан қўрқиб, уйларида ўтириб олишди. Бу исёнлари сабабли улар қирқ кун саҳрода адашиб қолиб кетишди. Қавмнинг ўн икки сардоридан фақат икки нафари Аллоҳдан қўрқувчи солиҳ кишилар эди, охири уларнинг ҳаракати билан Шом фатҳ қилинди. 26. (Аллоҳ): «Энди бу ер қирқ йил уларга ҳаромдир, улар Ер юзида саргардон юришади, итоатсиз қавм учун қайғурма», деди. 27. (Эй Муҳаммад,) уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни очиқ етказинг. Иккови қурбонлик қилганида биридан қабул этилиб, иккинчисидан қабул қилинмади. У: «Сени, албатта, ўлдираман», деди. «Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади; 28. агар мени ўлдиришга қўл кўтарсанг, мен сени ўлдиришга қўл кўтармайман, бутун оламлар Парвардигоридан қўрқаман; 29. менинг гуноҳимни ҳам, ўз гуноҳингни ҳам зиммангга олиб, дўзахийлардан бўлишингни истайман. Мана шу золимларнинг жазосидир», деди. 30. Нафси укасини ўлдиришни яхши кўрсатиб, уни ўлдирди ва зиёнкорлардан бўлди. 31. Аллоҳ унга укасининг ўлигини қандай кўмишни кўрсатишга ер титувчи қарғани юборди. У: «Минг афсус, укамнинг ўлигини кўмишда шу қарғачалик бўла олмадим-а!», деб надомат чекувчилардан бўлди. Сийрат уламолари ёзишларича, Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари бир қориндан бир ўғил, бир қиз бўлиб туғилишар эди. Бир туғилган қиз иккинчи туғилган ўғилга никоҳ қилинар эди. Шу қоидага мувофиқ Қобил билан туғилган қизни Ҳобилга, Ҳобил билан туғилган қизни Қобилга бермоқчи бўлишди. Қобил бунга кўнмаганида Одам алайҳиссалом ҳар икки ўғилга қурбонлик қилишни буюрди. Осмондан тушган ўт куйдириб, Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлди, Қобилнинг қурбонлиги қолиб кетди. Шунга ҳасад қилиб Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирди, ўликни нима қилишни билмай, бир мунча вақт кўтариб юрди. Охири бир қарға бошқа бир қарғани ерга кўмаётганини кўриб, у ҳам укасини кўмди. Парвардигор ушбу воқеани баён қилиб, бир бегуноҳ жонни ноҳақ ўлдириш оғир гуноҳ экани, бу барча инсонлар қатлига тенгланиши, бир инсонни ўлимдан қутқариш эса барча инсонларни ўлимдан қутқаришга тенг экани хабарини бермоқда. 32. Шу сабабдан Бани Исроилга: «Ким қотиллик қилмаган ва Ер юзида фасод ёймаган бир жонни ўлдирса, гўё барча инсонларни ўлдирган бўлади, ким унга ҳаёт бағишласа, гўё барча инсонларга ҳаёт бағишлаган бўлади», деб ёздик. Пайғамбарларимиз уларга аниқ ҳужжатлар келтиришди. Шундан кейин ҳам уларнинг кўпи Ер юзида ҳаддан ошиб юрибди. 33. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига уруш очувчи, Ер юзида фасод ёювчиларнинг жазоси ё ўлдириш, ё дорга осиш, ё қўл-оёғини қарама-қарши тарафидан кесиш, ё шаҳридан сургун қилишдир. Бу уларга шу дунёнинг ўзидаги расволикдир, охиратда эса қаттиқ азоб бор. 34. Қўлларингизга тушмасдан олдин тавба қилганлари мустасно, билингларки, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Мусулмонлар билан уруш қилиш Аллоҳ ва Унинг пайғамбари билан урушиш, демакдир. Ер юзида фасод тарқатиш, яъни бузуқлик қилиб юришнинг турлари кўп: ўзгалар ҳаққига тажовуз қилиш, пайғамбарларни беҳурмат қилиш, диндан чиқиб муртад бўлиш кабилар. Қўл-оёқни қарама-қарши тарафидан кесишнинг маъноси – ўнг қўл билан чап оёқни кесиш ёки аксинча. Мамлакатдан сургун қилиш деганда, бирор узоқроқ ерга олиб бориб қамаб қўйиш кўзда тутилади. Бу Имом Абу Ҳанифанинг сўзларидир. Агар талончи-босқинчилар одам ўлдирган ва мол-мулкини ҳам олган бўлишса, улар ўлдирилади, бордию молини олиб ўзини ўлдирмаган бўлишса, қўл-оёқлари кесилади. Агар одам ўлдирмаган ва молини олмаган бўлишса, шаҳардан сургун қилинади. Агар қўлга тушишдан олдин тавба қилишса, у ҳолда айбларидан ўтилади. Лекин «ҳаққул-абд» (банданинг ҳақи) кечилмайди, олган молини тўлаб беради, одам ўлдирган бўлса, қасоси олинади. 35. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, Унга яқинлашиш йўлларини изланглар ва йўлида жиҳод қилинглар, шундагина нажот топасизлар. 36. Агар кофирлар қўлида Ер юзидаги ҳамма нарса бўлса-ю, яна шунча нарсани қиёмат кунидаги азобдан қутилиш учун бермоқчи бўлишса ҳам, улардан қабул қилинмайди ва уларга аламли азоб бор. 37. Улар дўзахдан қутулмоқчи бўлишади, аммо чиқа олишмайди, уларга доимий азоб бор. Қиёматда азобга гирифтор бўлганлар садақа (фидя) ёки пора каби нарсалар ёрдамида азобдан қутула олишмайди. 38. Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар, бу уларнинг қилмишларига яраша Аллоҳ белгилаган жазодир. Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир. 39. Ким зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, Аллоҳ, албатта, унинг тавбасини қабул қилади. Аллоҳ шаксиз кечирувчи ва раҳмлидир. Ўғрининг ўғрилиги ўз иқрори ва гувоҳларнинг шоҳидлиги билан ҳоким ҳузурида тасдиқланса ҳамда ўғирланган мол ўн дирҳамдан кам бўлмаса, ўнг қўли кесилади, иккинчи бор ўғирлик қилса, чап оёғи кесилади. Яна ўғрилик қилса, то тавба қилмагунича қамаб қўйилади. Ўғирлаган моли бор бўлса, эгасига қайтарилади, йўқотилган бўлса, тўлаш вожиб эмас («Тафсири Аҳмадий»). 40. (Эй Муҳаммад), осмонлару Ер Аллоҳнинг мулки эканини, кимни хоҳласа, азоблашини, кимни хоҳласа, кечиришини ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирлигини билмасмидингиз?! 41. Эй Пайғамбар, тилларида «иймон келтирдик» деб, диллари иймон келтирмаганлар ҳамда яҳудийларнинг куфрга ошиқишларидан хафа бўлманг. Улар ёлғонни хўб эшитишади, ҳузурингизга ҳеч қачон келмаганлардан ҳам эшитишади. Сўзлар ўрнига қўйилганидан кейин жойини ўзгартиришади ва: «Сизларга бу берилса, олинглар, берилмаса, эҳтиёт бўлинглар», дейишади. Аллоҳ кимни адаштирмоқчи бўлса, буни тўса олмайсиз. Аллоҳ уларнинг дилини поклашни хоҳламади, уларга бу дунёда расволик, охиратда қаттиқ азоб бор. 42. Улар ёлғонни кўп эшитувчи ва ҳаром еювчилардир. Агар олдингизга келишса, ўрталарида ҳакамлик қилинг ё юз ўгиринг. Юз ўгирсангиз, улар ҳеч зарар етказа олишмайди. Агар ҳакамлик қилсангиз, адолат билан қилинг, Аллоҳ одилларни севади. 43. Ўзларида Таврот бўлатуриб, унда Аллоҳнинг ҳукми туриб, нега сизни ҳакам қилишади ва кейин яна юз ўгириб кетишади? Улар иймонли эмаслар. 44. Биз Тавротни туширдик, унда ҳидоят ва нур бор. Итоаткор пайғамбарлар, Аллоҳ китобини сақлашга масъул руҳонийлар ва уламолар яҳудийларга у билан ҳукм қилишади. Улар бунга гувоҳ қилингандирлар. Одамлардан эмас, Мендан қўрқинглар, оятларимни арзонга сотманглар. Ким Аллоҳ туширгани билан ҳукм юритмаса, ўша кофирлардандир. Имом Бағавий ривоят қилишларича, Хайбарда бир яҳудий эр ва яҳудий хотин ўртасида зино содир бўлган. Тавротда зинокорни тошбўрон қилиш ҳақида ҳукм бор эди. Лекин обрў-шарафидан қўрқиб, бу ҳукмни ижро этишолмади. Ўзаро маслаҳат билан шундай қарорга келишди: «Мадинада пайдо бўлган Пайғамбар Китобида ушбу гуноҳ учун тошбўрон қилиш эмас, дарра уриш жазоси бор экан, Бани Қурайза яҳудийлари мусулмонлар билан қўшни яшайди, ўрталарида муносабат ҳам бор. Бир неча одамни улар ҳузурига юбориб сўралсин: агар даррага ҳукм қилишса, қабул қилинсин, агар тошбўронга ҳукм қилинса, ижро этилмасин». Сўнгра улар келиб, бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломдан сўрашди. Расули акрам: «Менинг ҳукмимга рози бўласизларми?» деб сўрадилар. Улар: «Ҳа», дейишди. Шунда Жаброил алайҳиссалом тошбўрон қилиш ҳукмини олиб тушдилар. Буни эшитиб, келганлар ваъда ва аҳдларидан қайтишди. Кейин уларнинг устози ва машҳур олими Ибн Сурайёни олдириб келиб, қасам билан сўрашди. У ночор Тавротда тошбўрон ҳукми борлигини тан олди. Шундан кейин Саййиди олам зинокор икки яҳудийни тошбўрон қилишга буюрдилар. 45. Биз унда уларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб ёздик. Ким ундан кечса, ўзига каффорот бўлади. Ким Аллоҳ туширгани билан ҳукм юритмаса, ўша золимлардандир. 46. Уларнинг изларидан Марям ўғли Исони ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб юбордик ҳамда унга ҳидоят ва нур бўлган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва тақводорлар учун эслатма бўлмиш Инжилни бердик. 47. Инжил аҳли ундаги Аллоҳ туширган нарса билан ҳукм юритсин, ким Аллоҳ туширгани билан ҳукм юритмаса, ўша фосиқлардандир. 48. (Эй Муҳаммад,) сизга ўзидан олдинги Китобни тасдиқловчи ва сақловчи ҳаққи-рост Китобни туширдик. Энди улар ўртасида Аллоҳ туширгани билан ҳукм юритинг, ўзингиздаги Ҳақдан узилиб, уларнинг хоҳишларига эргашманг. Ҳар бирларингизга алоҳида шариат ва йўл кўрсатиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳлаганида ҳаммаларингизни бир уммат қилиб қўяр эди, аммо У берган нарсасида сизларни синашни истади. Яхши ишларга шошилинглар, барчангизнинг қайтишингиз Аллоҳгадир. Сўнгра У тортишган нарсаларингизнинг хабарини беради. Ушбу ояти каримадаги «сақловчи» деб ўгирилган «муҳаймин» сўзи ишончли, омонатдор, ғолиб, сақловчи каби кўплаб маъноларни билдиради ва буларнинг ҳаммаси Қуръони Карим сифатларига мувофиқ тушади. Аллоҳ таолонинг Таврот, Инжил ва бошқа самовий китобларидаги омонатлари Қуръони Каримда сақланган ҳамда у китобларнинг ўз замонларига хос бўлган хитобларини амалдан қолдирган, тугалланмаган мазмунларни камолига етказган. Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида келган ҳадисда айтилишича, Муҳаммад алайҳиссаломгача келган барча пайғамбарлар бир-бирларига ота бир биродар саналишади, барчаларининг шариат ва йўллари бир, фақат фуруъ (қисм)лари фарқланади. Юқоридаги ояти каримада ана шу фарқларга ишора қилинган. 49. Улар ўртасида Аллоҳ туширгани билан ҳукм юритинг, уларнинг хоҳишларига эргашманг ва Аллоҳ сизга туширган ҳукмдан чалғитиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг. Агар юз ўгиришса, билингки, Аллоҳ баъзи гуноҳлари сабабли уларни жазолашни истабди. Албатта, инсонларнинг кўпи фосиқдир. 50. Жоҳилият ҳукмронлигини исташадими? Комил иймонлилар учун Аллоҳдан яхшироқ ҳукм юритувчи борми? 51. Эй мўминлар, яҳудий ва насронийларни дўст қилманглар, улар бир-бирлари билан дўстдирлар. Сизлардан ким уларни дўст қилса, у ҳам улардандир. Аллоҳ золим қавмларни асло ҳидоят қилмайди. Ояти каримадаги «авлиё» сўзи «валий»нинг кўплик шаклидир. «Валий» сўзи «дўст» деб таржима қилинган бўлса-да, унинг маъноси бундан кенгроқ ва чуқурроқдир, яъни у яқин кишилар, ўзаро бирлашганлар, бир-бирларига ёрдамчилар ва уларнинг тузган иттифоқлари маъноларини англатади. Яҳудий ва насоролар кофирлик туфайли бир-бирлари билан дўстлашиб, иттифоқ тузишади ва биргаликда Исломга қарши кураш олиб боришади. Мусулмонлардан ким мазкур кофирларни дўст тутса, улар билан бирлашса, уларни ўзига яқин тутса, шубҳасиз, мусулмон жамоаси билан алоқаларини узган, ўзи ҳам кофирлар сафидан жой олган бўлади. Шунинг учун мўминлар улар билан дўстлашишдан қайтарилмоқда. Аммо бундан ана шу қавмларга душманлик қилиш, Қуръони Каримнинг китобийларга нисбатан яхши муомалада бўлиш ҳақидаги кўрсатмаларини инкор этиш маъноси келиб чиқмайди. 52. Дили хасталарнинг: «Бизларга бирор бало келишидан қўрқамиз», деб улар олдига югурганини кўрасиз. Шоядки, Аллоҳ зафар берса ё Ўз тарафидан бирор ишни зоҳир қилса-ю, улар дилларида яширганларига пушаймон бўлишса! 53. Мўминлар: «Сизлар биланмиз, деб таъкидлаб Аллоҳ номига қасам ичганлар шуларми?» дейишади. Амаллари беҳуда кетди, ўзлари зиёнкорлардан бўлишди. 54. Эй мўминлар, сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ Ўзи севадиган ва улар эса Аллоҳни севадиган бир қавмни келтиради. Улар мўминларга меҳрибон, кофирларга қаттиққўл бўлишади, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишади, маломатгўйнинг маломатидан қўрқишмайди. Бу Аллоҳнинг марҳаматидир, уни хоҳлаганига беради. Аллоҳ карами кенг, билувчидир. 55. Сизларнинг дўстингиз, ҳақиқатда, фақат Аллоҳдир, Унинг Пайғамбари ва бўйсунган ҳолларида намозларини адо, закотларини ато этувчи мўминлардир. 56. Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва мўминларни дўст тутганлар Аллоҳнинг фирқасидирлар ва ўшаларгина ғолибдирлар. Қуръони Карим очиқ-равшан баён этадики, мусулмонлардан қайси бир жамоа ё фирқа (Аллоҳ асрасин) муртад бўлиб Исломдан қайтса, бундан Ислом динига ҳеч қандай зарар етмайди, балки уларнинг ўзи зиён кўради. Парвардигор улар ўрнига бошқа бир саодатманд қавмни пайдо қиладики, улар Аллоҳга чексиз муҳаббатли бўлишади, Аллоҳ ҳам уларни дўст тутади. Улар мусулмонларга ҳамиша меҳрибон, кофирларга эса қаҳрли, забардаст, қаттиққўл бўлишади. Аллоҳга шукр, Қуръони Каримнинг ушбу ваъдаси ҳар аср, ҳар замонда рост бўлиб келди. Бир ўлка мусулмонларидан ҳимматсизлари ва очкўзлари дунё умидида диндан қайтса, Аллоҳ Ўз карами билан бошқа бир жамоани Исломга киритади, улар илм ва ақлда олдингилардан афзал бўлишади, Аллоҳ йўлида, Ислом учун жон нисор қилишади, ҳақни ошкор этишда маломатчининг маломатидан қўрқишмайди. Ҳеч бир замон бундай фидойи мусулмонлардан холи бўлмаган. 57. Эй мўминлар, сизлардан олдин китоб берилганлардан динингизни масхара ва калака қиладиганларини ҳамда кофирларни дўст тутманглар. Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқинглар. 58. Намозга чақирсангизлар, масхара ва калака қилишади, чунки улар беақл қавмлардир. 59. «Эй аҳли китоб, бизларни фақат Аллоҳга ҳамда ўзимизга ва бизлардан аввал туширган нарсаларига иймон келтирганимиз ва кўпларингиз итоатсиз бўлганларингиз учунгина айблаяпсизларми?» денг. 60. «Аллоҳ ҳузурида бундан ҳам ёмонроқ жазо борлигини айтайми, ким Аллоҳнинг лаънатига ва ғазабига учраган, маймун ва тўнғизга айлантирилган, шайтонга сиғинган бўлса, ўшалар энг ёмонлардир ва тўғри йўлдан тамоман адашганлардир», денг. 61. Улар олдингизга келганида: «Иймон келтирдик», дейишади. Ҳолбуки, кофир ҳолда кириб, кофир ҳолда чиқишади. Аллоҳ улар яширганини яхши билади. 62. (Эй Муҳаммад), кўпларининг гуноҳ, зулм ва ҳаромхўрликка муккасидан кетганини кўрасиз, бу қилмишлари ниҳоятда ёмондир! 63. Шайхлари ва уламолари гуноҳ сўзлардан ва ҳаром ейишдан нега қайтаришмайди, бу ишлари ниҳоятда ёмондир! Аллоҳ бирор қавмни гуноҳларга ғарқ бўлгани учунгина ҳалок қилади. Бундай гуноҳ ишларни кўриб-билиб турган шайх ва уламолар жим ўтиришса, ёмонликлардан қайтариб, яхшиликка чақиришмаса, улар ҳам гуноҳкор қавмнинг қилмишларига шерик саналишади. Бани Исроилнинг бир гуруҳида шундай ҳолат юз берди: улар Худодан қўрқишмади, динларини поймол этишди, ҳар қандай номаъқул ишни қилишдан уялишмади. Улуғлари ва олимлари уларни бу разолатдан қайтаришмади, насиҳат, амри-маъруф, наҳйи мункар қилишмади. Чунки дунё ҳирси, мол тамаъси уларнинг тилларини боғлаб қўйди, кўзларини кўрмас қилди. Оқибатда барчалари Парвардигорнинг азоби туфайли ҳалок бўлишди. Шунинг учун Қуръони Карим ва Пайғамбар ҳадисларида Муҳаммад алайҳиссалом умматига қаттиқ таъкидланадики, ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай улуғ инсон ҳақида бўлса ҳам, фарз ҳисобланмиш амри-маъруф ва наҳйи мункар тарк этилмасин, бу ниҳоятда улкан гуноҳдир, акс ҳолда бутун миллат ҳалокатга юз тутади. 64. Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлиқ», дейишади. Ўзларининг қўллари боғлансин, гаплари учун лаънатга учрашсин. Йўқ, Унинг икки қўли очиқ, хоҳлаганича эҳсон қилади. Сизга Парвардигорингиздан туширилган нарса кўпларининг туғён ва куфрини кўпайтиради. Улар орасига қиёматгача адоват ва нафрат солганмиз. Қачон уруш оловини ёқишса, Аллоҳ ўчиради. Улар Ер юзида бузғунчилик қилишади, Аллоҳ бузғунчиларни яхши кўрмайди. Яҳудийлар «қўли боғлиқ» ибораси билан Ер юзидаги жамики мавжудотга кенг-мўл ризқ бериб қўйган, бирор жонзотни бу борада камситмаган Аллоҳни бахил демоқчи бўлади, аслида бахиллик, мол-дунёни қизғаниш яҳудийларнинг ўзига хос нарса, улар дуоибадга учраб дунёдаги энг бахил халққа айланишган. 65. Агар китобийлар иймон келтириб, қўрқишганида эди, уларнинг гуноҳларини кечириб, жаннат боғларига киритган бўлардик. 66. Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорларидан туширилган нарсаларга амал қилишганида эди, устларидан ҳам, остларидан ҳам ризқланган бўлишарди. Уларнинг баъзилари тўғри йўлда бўлишса ҳам, кўпларининг қилмишлари жуда ёмон! Ояти каримадаги «туширилган нарса» сўзи Қуръони Каримга ишора қилади. «Остларидан ва устларидан ризқланиш» жумласи эса Аллоҳ таоло инсон ва бошқа мавжудотларнинг ризқини осмондан ҳам, Ердан ҳам беришини англатади. Агар осмондан қор-ёмғир ёғмаса, қуёш нур сочмаса, ерда бирор экин униб чиқмайди, аксинча, булар бўлса-ю, дон экадиган ер бўлмаса, яна ризқ манбаи баракотидан маҳрум бўлинади. «Баъзилари тўғри йўлда» дейилганда, яҳудий Абдуллоҳ ибн Салом ва Ҳабашистон подшоҳи Нажоший каби Исломга катта хизмат қилган кишилар назарда тутилади. 67. Эй Пайғамбар, Парвардигорингиздан туширилган нарсани етказинг. Агар бундай қилмасангиз, Унинг фармонини етказмаган бўласиз. Аллоҳ сизни бу одамлардан асрайди, Аллоҳ кофир қавмларни, ҳақиқатан, тўғри йўлга солмайди. Яъни эй Пайғамбар (алайҳиссалом), элчилик вазифасини комил адо этиб, ўзингизга туширилган Аллоҳнинг амр-фармонларини инсонларга етказинг, бунда жонингиз ва иззатингизни Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилади. Бутун жаҳон халқи тўпланиб қаршингизга чиқса ҳам, сизга асло зарар етказа олмайди, Аллоҳ таоло уларни мақсадига етказмайди. 68. «Эй аҳли китоб, Таврот ва Инжилга, Парвардигорингиздан туширилган нарсаларга амал қилмагунингизча, ҳеч қандай йўлда эмассизлар!» денг. Парвардигорингиздан сизга туширилган нарса уларнинг туғёни ва куфрини зиёда қилади. Бу кофир қавмга ачинманг! Таврот ва Инжилга амал қилувчи китобийлар агар Қуръонга амал қилишмаса, ҳаммасига амал қилмаган бўлишади, чунки бу билан улар ўзларига тушган китобларнинг ҳукмини ҳам инкор қилган бўлишади. Қуръони Карим туширилганидан китобийларнинг туғёни ва куфрлари кўпайди, холос. 69. Албатта, мўминларга, Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонган ҳамда яхши амал қилган яҳудийлар, собиийлар ва насронийларга хавф ҳам, ғам ҳам йўқ. Собиийлар – Аллоҳга ишонадиган, аммо бирор шариатга амал қилмайдиган тоифа вакиллари. 70. Бани Исроилдан аҳднома олган ва уларга пайғамбарлар юборган эдик. Ҳар гал пайғамбарлар уларга ёқмаган ҳукм келтирса, баъзиларини ёлғончига чиқарар, баъзиларини ўлдирар эдилар. 71. Улар ҳеч қандай жазо келмайди, деб ўйлаб, кўр ва кар бўлиб олишди. Сўнгра Аллоҳ уларни кечирди. Шундан кейин ҳам кўплари яна кўр ва кар бўлиб олишди. Аллоҳ уларнинг қилмишларини кўрувчидир. Бани Исроил қавми Аллоҳга аҳд-паймон берганидан кейин уларга пайғамбарлар келишди. Лекин улар пайғамбарлар олиб келган ҳукмларнинг ўзларига ёққанига амал қилишар, ёқмаганини рад этишар эди. Рад этибгина қолмай, пайғамбарларнинг баъзиларини ёлғончига чиқариб, баъзиларини Аллоҳдан қўрқмай ўлдиришар эди. Кейин Аллоҳ таоло уларга нажот бериб, тавбаларини қабул қилди. Сўнг улар яна аввалги ёмон ишларига қайтишди, шу тариқа ҳамиша исён ва хиёнатда ўтишди. 72. «Аллоҳ Марям ўғли Масиҳдир», деганлар, шаксиз, кофир бўлишди. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй Бани Исроил, Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга қуллик қилинглар», деган. Ким Аллоҳга шерик қилса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади, унинг жойи дўзах бўлади ва бундай золимларга мададкор йўқдир. 73. «Аллоҳ учтанинг биридир», деганлар, шаксиз, кофир бўлишди. Ҳолбуки, ягона Маъбуддан ўзга илоҳ йўқ! Агар гапларидан қайтишмаса, уларнинг кофирларини аламли азоб кутади. Насронийларнинг бир тоифаси Аллоҳ Учликнинг, яъни Аллоҳ, Марям ва Исонинг бири, деган ботил ақийдага эътиқод қилади. 74. Аллоҳга тавба қилиб, мағфират сўрашмайдими, зотан, Аллоҳ кечирувчи, раҳмлидир. 75. Марям ўғли Масиҳ илгари ўтган пайғамбарлар каби бир пайғамбар, онаси сиддиқадир. Икковлари ҳам таом ейишади. (Эй Муҳаммад,) уларга далилларни қандай баён қилганимизни ва уларнинг қандай юз ўгирганларини кўринг. Таом ейдиган, инсонга хос бошқа ишларни қиладиган кишини Худо, деб даъво қилиш соғлом ақлга асло тўғри келмайди. 76. «Аллоҳ ўрнига зарар ҳам, фойда ҳам беролмайдиган нарсага сиғинасизларми, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир», денг. 77. «Эй Аҳли китоб, динингизда ноҳақ ҳаддан ошманглар ва илгари ўзлари ҳам йўлдан озиб, бошқаларни ҳам оздирган ва тўғри йўлдан адашиб кетганларнинг ўзбошимчалигига эргашманглар», денг. Аҳли китобдан насронийлар ақийдада ҳам, амалда ҳам ҳаддиларидан ошиб, ғулувга кетишган эди. Ақийдадаги ғулувлари шу эдики, инсон фарзанди Исо алайҳиссаломни худо, деб эътиқод қилишар эди. Амалдаги ғулувлари шуки, Аллоҳ буюрмаган раҳбоният, яъни тарки дунё қилиб уйланмай ўтишни ўзларига мажбурият қилиб олишган ва бажара олмай қийноқларга тушишган. Инжил ва бошқа самовий китобларда ширк ҳақидаги ақийда бўлмаган. Сўнгги пайтларда насронийлар юнон бутпарастларига тақлид қилиб ижод қилинган шу ботил ақийдада қолиб кетишди. 78. Бани Исроилнинг кофирлари исён ва ҳаддан ошганлари сабабли Довуд ва Марям ўғли Исо тилларидан лаънатланишди. 79. Улар бир-бирларини ёмонликлардан қайтаришмас эди, бу қилмишлари ниҳоятда ёмон! 80. Кўпларининг кофирлар билан дўстлашганларини кўрасиз. Уларнинг эришганлари ёмон нарса бўлди: Аллоҳ уларга ғазаб қилди ва улар мангу азобда қолишди. 81. Агар Аллоҳга, Пайғамбарга ва унга туширилганларга ишонишганида эди, улар билан дўстлашишмасди, лекин уларнинг кўпи итоатсизлардир. Бани Исроилдан чиққан кофир қавмга Аллоҳ таоло икки буюк пайғамбар − ҳазрати Довуд ва Исо алайҳиссалом тилларидан лаънат юборди. Сабаби, уларнинг исёни ҳаддан зиёда кучайган эди, яъни бир-бирларини шариатга хилоф ишлардан қайтаришмас эди. Улардан Саодат асрида (Пайғамбаримиз замонларида) яшаганлари эса мушрик-кофирлар билан дўстлашиб олган эди. Агар иймонлари бўлганида бундай ботил ишларни қилишмасди.
ЕТТИНЧИ ЖУЗ 82. Яҳудий ва мушрикларнинг мўминларга ҳаммадан кўра ашаддий душман эканларини кўрасиз. «Биз насронийлармиз» дейдиганларнинг мўминларга ҳаммадан кўра яқин дўст эканларини кўрасиз. Бу улар орасида олимлар ва роҳиблар борлиги ҳамда уларнинг кибр қилмасликларидандир. 83. Улар Пайғамбарга туширилган нарсани эшитишганида Ҳақни таниб, кўз ёши тўкишганини кўрасиз. Улар айтишади: «Парвардигоримиз, иймон келтирдик, бизларни гувоҳлар қаторида ёзгин; 84. нечун Аллоҳга, бизларга келган Ҳаққа ишонмайликки, Парвардигоримиз яхшилар қаторига қўшиб жаннатга киритишини истаётган бўлсак?!» 85. Аллоҳ бу сўзлари учун уларни остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатда абадий қолиш билан мукофотлайди. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти − шу! Ҳақни қабул этишга уч нарса: нодонлик, дунё муҳаббати ва такаббурлик тўсқинлик қилади. Баъзи насронийларда нодонлик, роҳиблик ва дунё муҳаббати бўлмагани, диллари мулойимлиги учун кибрлари ҳам кам эди. Шунинг учун улар Исломга бошқалардан кўра яқинроқ эдилар. Масалан, Рум ҳукмдори (қайсари), Миср раҳбари (муқавқиси), Ҳабашистон подшоҳи (нажошийи)нинг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларидаги яхши муомалалари бунга катта далилдир. Ҳазрати Жаъфар тилларидан Марям сурасини эшитиб Ҳабашистон подшоҳи ҳамда унинг ҳузурида ўтирган уламо ва шайхларнинг таъсирланиб йиғлашгани ҳамда подшоҳдан вакил бўлиб борган етмиш насронийнинг Пайғамбаримиз тилларидан Ёсин сурасини эшитиб, гирён бўлганлари ҳақиқатдир. Бир неча оятларда ушбу воқеаларга ишора қилинади. 86. Кофирлигича қолиб, оятларимизни ёлғон деганлар дўзахийлардир. 87. Эй мўминлар, ҳаддингиздан ошиб, Аллоҳ ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаромга чиқарманглар. Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёмон кўради. 88. Ва Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсаларни енглар ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар. Аллоҳ таоло бу икки ояти карима орқали мусулмонларни дин ва дунё саодатига чақиради. Яъни Аллоҳ таоло ҳалол қилган неъматларни роҳиб насронийлар каби ўзларингизга ҳаром қилиб олманглар. Ҳалолни истеъмол қилишда яҳудийлар каби ғулувга (ҳаддан ошишга) борманглар. Ҳар ишда, ҳамиша Аллоҳ таолодан қўрқингларки, тақво ҳар бир яхшиликнинг калитидир. 89. Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун жазоламайди, балки қатъий ичган қасамларингиз сабабли жазолайди. Бунинг каффорати оилангиздагиларни боқадиган ўртача даражада ўн муҳтожга таом бериш ё уларни кийинтириш ё бир қул-чўри озод қилиш, ким топа олмаса, уч кун рўза тутишдир. Булар ичган қасамларингиз каффоротидир. Қасамларингизни сақланглар. Шукр қилишларингиз учун Аллоҳ ҳукмларини шундай баён қилади. Мўминлар ҳуда-беҳуда қасам ичишдан сақланишлари лозим. Бордию қасам ичиб уни бузган ҳолатларида уч хил каффорат (тўлов)дан бирини беришади: 1) ўнта ночор одамга ўртача даражада таом беради ё бир муҳтож кишини ўн кун тўйдиради; 2) Фитр садақаси баробарида ғалла ёки унинг қийматини, ё бир камбағал кишига либос беради; 3) ёки бир қул ё чўрини озод қилади, агар буларнинг имкони бўлмаса, уч кун пайдар-пай рўза тутади. «Қасамларни сақлаш»нинг маъноси безарурат ҳар бир сўзга қасам ичавермаслик, агар қасам ичса, тоқати етганича унга риоя қилиш, бузган ҳолатида каффоратини беришдир. 90. Эй мўминлар, хамр, қимор, бутлар ҳамда қуръа чўплари ҳаромдир ва шайтон ишидир, нажот топиш учун булардан четланинглар. 91. Шайтон хамр ва қимор орқали орангизга душманлик ва адоват солиш, Аллоҳ зикри ва ибодатлардан тўсишни истайди. Шунда ҳам тийилмайсизларми? 92. Аллоҳга итоат қилинглар, Пайғамбарга бўйсунинглар, эҳтиёт бўлинглар. Агар юз ўгирсангизлар, билингларки, Пайғамбаримиз зиммасида аниқ етказиш бор, холос. 93. Иймон келтирган ва яхши амал қиладиганларга, агар сақланиб иймон келтиришса, яхши амаллар қилишса, кейин яна қўрқиб, мўмин сифатида иймон келтиргач, савобли ишларда бардавом бўлишса, уларнинг еб-ичганларида гуноҳ йўқ. Аллоҳ чиройли амал қилувчиларни яхши кўради. Хамр (ароқ, шароб каби маст қилувчи ичимликлар) ҳақида уч марта ояти карима туширилган. Биринчисида унинг ёмонлиги исбот этилиб, айрим фойдали жиҳати ҳам борлиги зикр этилди. Иккинчисида хамр ичган ҳолатда намозга киришмаслик буюрилди. Юқоридаги учинчи ояти каримада эса уни истеъмол қилиш қатъий суратда ҳаром қилинмоқда. Хамр ҳаром қилинмасдан илгари уни ичиб юриб ўлиб кетганларга жазо йўқдир. 94. Эй мўминлар, Аллоҳ Ўзидан кимлар ғойибона қўрқишини аниқлаш учун қўл ва найза билан қилаётган овларингизда сизларни синашни истайди. Шундан кейин ким ҳаддан ошса, унга аламли азоб бор. 95. Эй мўминлар, эҳромдалик пайтингизда ов қилманглар. Ким қасддан бирон овни ўлдирса, жазоси орангиздан икки одил киши ҳукмига кўра, унга муқобил чорва ҳайвонини Каъбага ҳадя қилиб етказишдир. Ёки бунинг каффорати муҳтожларга таом бериш ё қилмишининг жазосини тортиш учун рўза тутишдир. Аллоҳ ўтган гуноҳларни кечирди, ким яна қайтарса, Аллоҳ ундан ўч олади, Аллоҳ қудратли қасос олувчидир. 96. Сизларга, яна мусофирларга денгиз ови ва ундаги озуқалар ҳалол қилинди. Модомики, эҳромда экансизлар, қуруқликдаги ов ҳаром қилинди. Аллоҳдан қўрқинглар, чунки Унинг ҳузурида тўпланасизлар. Аллоҳ таоло аввалги умматларни аҳдномалар юзасидан имтиҳон қилгани каби Муҳаммад алайҳиссалом умматини Ҳудайбия воқеасида келишилганига кўра, эҳром ҳолатида ов қилишдан қайтариб имтиҳон қилди. Ўша пайтларда бу ерда ов ҳайвонлари шунчалик кўп бўлардики, найза қолиб, қўллари билан ҳам бемалол тутиб олишарди. Аммо мусулмонлар Парвардигор имтиҳонида шунчалик қатъий туришдики, уларнинг собитқадамлиги дунё тарихида ҳали кўрилмаган эди. Бу имтиҳон мусулмонларга муборак ҳаж пайтида, эҳромдалик чоғларида содир бўлди ва қиёматгача жорий қилинди. Агар эҳромдаги бир киши билмасдан ов қилиб жониворни ўлдирса, адолатли икки кишидан жонивор баҳосини аниқлатиб, шу нарх муқобилидаги ҳайвонни сотиб олади ва Ҳаром чегарасига олиб бориб сўяди, лекин гўштидан ўзи емайди. Ёки шу баҳога ғалла сотиб олиб, фитр садақаси миқдорида муҳтожларга тарқатиб чиқади ё ҳар бир муҳтож таоми эвазига бир кундан рўза тутади. Денгиз ови аёлларга ва барча мусофирларга ҳалолдир. 97. Аллоҳ Каъбани – Байтул Ҳаромни, шунингдек, ҳурматли ойларни, ҳадяни ва ҳадя белгиларини инсонларга таянч қилди. Бу эса Аллоҳ таолонинг осмонлару Ердаги ҳамма нарсани билишини, ҳамма нарсанинг билими Унда эканини англашингиз учундир. Муфассирларнинг ёзишларича, турли ёмонликлар, уруш ва қон тўкишлар, ов қилиш ва ўсимлик-дарахтларига зарар етказиш ҳаром қилинган Байтул Ҳаром (Каъбатуллоҳ), шунингдек, уруш ҳаром қилинган ҳурматли ойлар (зул-қаъда, зул-ҳижжа, муҳаррам ва ражаб), ҳадя (Байтул Ҳаромга қурбонлик қилиш учун атаб олиб келинган ҳайвон) ва шундай ҳайвонларга таниқли қилиш учун осиб қўйиладиган белги-нишонларни Аллоҳ таоло динга ва ҳаж ибодатларига бир таянч-асос қилиб белгилаган. Аллоҳ таоло бу дунёни йўқ қилмоқчи бўлса, энг аввал шу нарсалар барбод бўлади. 98. Билингларки, албатта, Аллоҳнинг азоби қаттиқ ва Аллоҳ кечирувчи, меҳрибондир. 99. Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор ва Аллоҳ ошкор қилганингизни ҳам, яширганингизни ҳам билади. 100. (Эй Муҳаммад): «Гарчи нопокнинг кўплиги ажаблантирса ҳам, нопок пок билан тенг бўлмайди, эй аҳли дониш, нажот топишингиз учун Аллоҳдан қўрқинглар », денг. Парвардигор марҳамат қиляптики, нопок нарсаларнинг қадри қанчалик кўп бўлмасин, пок нарсанинг озига ҳам тенг бўла олмайди. Ақлли инсон фойдали ва безарар оз (пок) нарсани қўйиб, зарарли ва кўп (нопок) нарса ортидан югурмайди. Ақлли инсон Аллоҳ таолодан ҳамиша қўрқади, чунки унинг абадий нажот топиши Аллоҳга тақво баракоти билан бўлади. 101. Эй мўминлар, маълум қилинганида сизларни ранжитадиган нарсаларни сўраманглар. Қуръон туширилаётганида сўраганингизда, сизларга маълум қилинган. Ўтган саволларни Аллоҳ кечирган эди, Аллоҳ кечирувчи, ҳалимдир. 102. Булар ҳақида сизлардан олдин ҳам бир қавм сўраган ва кейин уларни инкор қилган эди. 103. Аллоҳ баҳира, соиба, васила, ҳоммни муқаррар қилмаган, лекин кофирлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқишяпти. Уларнинг кўплари беақлдир. Ислом келишидан олдин арабларда одат бўлганидай, бешта туққан туя сути бутларга аталган ва унинг сутини ичиш ман этилган, ана шу туя «баҳира » дейилган. «Соиба» деб, минилмай ва юк ортилмай бирор муносабат билан бўш қўйиб юборилган туяга айтилади. «Васила» жоҳилият даври арабларида кетма-кет фақат урғочи бола туққан туянинг номи, уни ҳам сўйишмаган. «Ҳомм» эса ўнта урғочи туяни қочирган эркак туядир. Буларнинг ҳаммаси мантиқсиз, асоссиз, ширкона тушунчалар эди. Буларни Худо буюрган, деб инсонлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқишди, Унга ширк келтиришди. 104. Уларга: «Аллоҳ туширган нарсани ва Пайғамбарни танинглар», дейилса, «Ота-боболаримизни нимада топган бўлсак, шу кифоя», дейишади. Ота-боболари ҳеч нарса билмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлишса ҳамми?! 105. Эй мўминлар, жонларингизни ўйланглар, агар тўғри йўлда бўлсангизлар, адашганлар сизларга зарар беролмайди. Барчаларингиз Аллоҳ ҳузурига қайтасизлар, шунда қилмишларингиз хабарини беради. 106. Эй мўминлар, бирортангизга ўлим яқинлашганида васият пайти ўзларингиздан, бордию сафарда ўлим етса, бошқалардан икки одил киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин. Агар шубҳа қилсангиз, гувоҳларни намоздан кейин тўхтатинг, улар: «Қариндошимиз бўлса ҳам, қасамимизни арзонга сотмаймиз, Аллоҳ учун гувоҳлигимизни яширмаймиз, акс ҳолда гуноҳкор бўлиб қоламиз», деб Аллоҳ номига қасам ичишсин. 107. Агар уларнинг гуноҳлари билиниб қолса, ўрниларига меросга ҳақдорлардан икки киши ўтсин ва: «Гувоҳлигимиз уларникидан ҳаққонийроқ, ҳаддан ошмадик, акс ҳолда золимлардан бўламиз», деб қасам ичсин. 108. Бунда тўғри гувоҳлик беришларига ё қасамларидан кейин яна қасам ичилишидан қўрқишларига умид бор. Аллоҳдан қўрқинглар ва бўйсунинглар, Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоятга йўлламайди. Муфассирлар мазкур оят туширилишини қуйидаги воқеага боғлашади: Мадинада Юдйил исмли бир мусулмон Тамим ва Адий исмли икки насроний билан савдогарчилик қилиш учун Шом мамлакатига борди. Шомга етганида Юдйил касалланиб, барча моллари номини ва миқдорини бир қоғозга ёзди, анжомлари ичига солиб қўйди ва ҳамроҳларига хабар берди. Беморлиги кучаявергач, у икки насроний йўлдошига васият қилиб: «Барча мол-мулким меросхўрларимга берилсин», деди. Улар шерикларининг васиятини бажариб, барча молларни меросхўрларга топширишди, лекин бир кумуш пиёлани яшириб қўйишди. Меросхўрлар тузилган рўйхатга молларни солиштириб чиқишса, бир кумуш пиёла кам. Сафардошлардан: «Юдйил Шомда бирор нарсани сотганмиди ё касали кучайиб, даволанишга ишлатганмиди?» деб сўрашди. Улар: «Йўқ», дейишди. Охири бу муомала Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) маълум бўлди. Икки гувоҳни қасам ичиришди, чунки меросхўрларнинг гувоҳлари йўқ эди. Улар: «Биз хиёнат қилмадик ва ҳеч бир нарсани яширмадик», деб қасам ичишди. Шундан сўнг улар фойдасига ҳукм қилинди. Бироз вақт ўтгач, майитнинг ҳамроҳлари яшириб қўйган пиёлани Маккадаги бир заргарга сотишгани маълум бўлди. Улардан сўралса: «Майитдан сотиб олгандик», дейишди. Гувоҳ бўлмагани сабабли икки насронийга қасам ичирилиб, уларнинг пиёлани сотиш эвазига олган минг дирҳами меросхўрларга олиб берилди. 109. Аллоҳ пайғамбарларни тўплаб: «Сизларга нима жавоб қилинди?» деб сўраганида улар: «Биз билмаймиз, Сенгина ғайб илмларини билувчисан», дейишади. Маҳшар кунининг шиддатидан ҳатто пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ҳам ғоятда паришонҳол бўлиб, билиб турган нарсаларини ҳам гумонсираб «билолмадим» деб жавоб қилишар экан. 110. (Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг: «Эй Марям ўғли Исо, сенга ва онангга берган неъматимни – сени Муқаддас Руҳ билан қўллаганимни, бешикда ҳам, улғайганингда ҳам одамларга сўзлаганингни эсла. Сенга Китобни, илм-ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатдим. Менинг изним билан лойдан қуш шаклини ясаб, унга пуфлаганингда изним билан ҳақиқий қушга айланганини, изним билан туғма кўр ва песни тузатганингни ва изним билан ўликларни турғазганингни эсла. Бани Исроилга бу мўъжизаларни далил қилганингда уларнинг кофирлари: «Бу аниқ жодудан бошқаси эмас», деганида сени улардан тўсганимни эсла!» деганини ёдга олинг. «Муқаддас Руҳ билан қўллаш» – Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни Руҳул-Қудус, яъни Жаброил алайҳиссалом билан қўллаб, у орқали Ўз каломини юбориб турганини англатади. «Гапириш» деганда, Аллоҳ йўлига даъват қилиш, пайғамбарлик рисолатини ёйишдаги ваъз-насиҳатлар кўзда тутилади. «Китоб»дан мурод эса ўқиш-ёзишдир. Ушбу ояти кариманинг таълим беришича, Аллоҳ таолонинг изни билан Исо алайҳиссаломга лойдан қуш шаклини ясаб, унга пуфлаганда чинакам қушга айланиб учгани, туғма кўр ва песларни тузатгани, ўликларни тирилтириб, қабридан турғизгани каби мўъжизалар берилди. Аммо Исроил қавми ана шу равшан мўъжизаларни кўриб ҳам иймонга келмади, уларнинг кофирлари «Бу очиқ сеҳр-жодудан бошқаси эмас», деб шаккоклик қилди. 111. Ҳаворийларга: «Менга ва Пайғамбаримга иймон келтиринглар», деб ваҳий юборганимда, улар: «Иймон келтирдик, гувоҳ бўлки, бизлар, албатта, итоатгўйлармиз», дейишганини эсланг. 112. Ҳаворийлар: «Эй Марям ўғли Исо, Парвардигоринг осмондан бир дастурхон тушира оладими?» дейишганида, у: «Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқинглар!» деб жавоб қилган эди. 113. Улар: «Ундан ейишни, дилларимиз таскин топишини, рост гапирганингни билишни ва бунга гувоҳ бўлишни истаймиз», дейишди. 114. Марям ўғли Исо: «Эй Парвардигоримиз Аллоҳ, осмондан бир дастурхон туширгинки, аввалгию охиргиларимизга хурсандчилик, Сендан эса бир мўъжиза бўлиб қолсин. Бизларни ризқлантир, Сен энг яхши ризқлантирувчисан», деди. 115. Аллоҳ айтди: «Мен уни, албатта, тушираман, шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, уни дунёда бирор кишига берилмаган азобим билан азоблайман». 116. (Эй Муҳаммад,) Аллоҳ: «Эй Марям ўғли Исо, одамларга: «Аллоҳ ўрнига мени ва онамни илоҳ қилинглар», деганмидинг?» деб сўраганида: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айта олмайман-ку, агар айтганимда, албатта, билган бўлардинг, Сен дилимдагини биласан, мен эса Сендаги нарсани билмайман, ғайб нарсаларни билувчисан», деганини эсланг. 117. (Исо айтди): «Мен уларга Ўзинг буюрган: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз Аллоҳга бандалик қилинг» дан бошқасини айтмадим ва ораларида бўлганимда уларга гувоҳ бўлдим. Ҳузурингга кўтарганингдан кейин уларни Ўзинг кузатиб турдинг ва Сен ҳамма нарсага шоҳидсан. 118. Агар уларни азобласанг, Ўз бандаларингдир, агар кечирсанг, Сен қудратли ва ҳикматлисан». Қиёмат куни барча бандалар савол-жавобга тутилгани каби барча пайғамбарлар ҳам ўз умматлари ҳузурида савол қилинади. Ўша кунда ростгўйларнинг сидқидилдан айтган рост сўзлари ўзларигагина фойда беради. Ўша кунда иккиюзламачи мунофиқлар батамом фош бўлишади, шарманда ҳолларида дўзах тубидан жой олишади, рост сўзловчиларга эса абадий қолинадиган жаннат боғлари насиб бўлади. Бу ўринда Исо алайҳиссалом зикрлари қилинмоқда. Миллионлаб адашган кимсалар бу зотни Худо даражасида гумон қилиб, шунга эътиқод қилишади. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга бу ботил ақийда хусусида: «Эй Исо, сен одамларга Худодан бошқа мени ва волидамни ҳам икки илоҳ қилиб олинглар», деганмидинг?» деб савол қиляпти. Бу саволдан Исо алайҳиссалом ларзага тушиб: «Эй ҳамма нарсадан пок Парвардигорим, Ўзинг ўргатган сўздан бошқасини айтмадим, бандаларингни фақат Сенга қуллик қилишга буюргандим, нима қилганим ва нима деганим Ўзингга яхши аён-ку, ахир Сендан бирор нарса махфий қолмайди-ку!» деди. 119. Аллоҳ айтди: «Бу кун ростгўйларнинг рост сўзи фойда берадиган кундир. Уларга остидан анҳорлар оқиб турадиган ва абадий қолинадиган жаннатлар бордир. Аллоҳ улардан рози бўлади, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлишади, бу эса буюк саодатдир!» 120. Осмонлару Ер ва улардаги ҳамма нарса Аллоҳникидир, У ҳар нарсага қодирдир. |