004. Нисо (хотинлар) сураси | ||||
|
800x600 Normal 0 false false false RU X-NONE X-NONE MicrosoftInternetExplorer4 Мадинада тушган, 176 оятдан иборат, 24 рукуъдир
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан) 1. Эй инсонлар, сизларни бир жондан яратган, ундан жуфтини яратиб, икковидан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқинглар! Савол-жавобларингизда номи ишлатиладиган Аллоҳдан ва қариндошчиликни узишдан қўрқинглар. Аллоҳ, албатта, устингиздан кузатиб турувчидир. «Бир жон»дан мурод, Одам алайҳиссаломдир, Аллоҳ таоло у кишининг чап қовурғасидан Ҳавво онамизни яратган. Кейин ҳар икковларидан жамики эркак-аёлларни яратиб, дунёнинг турли жойларига тарқатган. Аллоҳ таоло бир ота (Одам алайҳиссалом) ва бир она (Момо Ҳавво)дан тарқаган бутун инсониятга хитобан айтяптики, сизларни яратган Холиқингиз ва Парвардигорингиздан ҳамиша қўрқинглар, Унинг ҳукмларига қарши чиқишдан ниҳоятда сақланинглар. Буюк Аллоҳ сизларни йўқ ердан бор қилган, итоатсизлигингиз учун жазо беришга ҳам қодир. Сизлар ҳамиша, ҳар қандай ҳолатда Унга муҳтожсизлар, ҳатто ўрталарингиздаги савол-жавобларда ҳам Унинг номини тилга оласизлар, раҳбарларингизни ишонтириш учун Унинг номи билан қасам ичасизлар. Аллоҳ таолодан қўрқиш баробарида силаи раҳмни (қариндошлик алоқаларини) узманглар, қариндош-уруғларга меҳрибонлик кўрсатинглар. Аллоҳ таоло қилмишларимиздан бехабар, деган хаёлга борманглар, яхши билингларки, Парвардигор сизларни ҳар лаҳзада кузатиб туради. 2. Етимларга молларини беринглар, нопокни пок нарсага алмаштирманглар. Уларнинг молларини ўзингизникига аралаштириб еманглар, бу катта гуноҳдир. Отаси вафот этган етимларга валий (вакил) бўлган кишиларга ҳукм шуки, етимлар балоғатга етишганида молларини ўзларининг қўлларига топшириш керак. Балоғатга етгунича етимларнинг яхши-яхши молларини олиб қолиб, ўрнига ўзларининг ёмон, ярамас молларини қўйиб қўйишмасин ёки уларнинг молларини ўзлариникига қўшиб ишлатишмасин, истеъмол қилишмасин. Валийга етим билан ўзининг таомини бир хил қилишга ижозат бор, лекин бунда шарт шуки, етимга зарар етмасин, шерикликни баҳона қилиб, етим моли ўзлаштириб юборилмасин. Чунки бундай қилиш энг оғир гуноҳлардан саналади. 3. Агар етималарга адолатли бўла олмасликдан қўрқсангизлар, ўзингизга ёққан аёллардан икки, уч, тўрттасини никоҳларингга олаверинглар. Бордию одиллик қилолмасликдан қўрқсангизлар, у ҳолда биттаси ёки қўл остингиздагилар кифоя. Мана шунда жабр қилинмаслиги аниқроқ. «Қўл остингиздагилар» деганда урушда асир олинган чўрилар назарда тутилади. Исломда тўрттагача хотин олишга ижозат берилган, лекин улар ўртасида адолат қила олмасликдан хавфда бўлинганида битта хотин билан ёки қўл остидаги мулки ҳисобланган чўри билан кифояланиш зарур, шундагина жабр-зулмнинг олди олинади. Пайғамбаримиз ҳадисларида ривоят қилинишича, етим қизларнинг молларига вакил бўлган айрим кишилар қизнинг ўзига ва молига қизиқиб, озгина маҳр билан уни никоҳларига олишар эди. Ўзи ёқмаса-ю, лекин моли кўп бўлса, бунда ҳам уни бошқага узатмай сақлаб туришарди. Лекин бундай ҳаёт қизнинг турмушини уқубатга айлантирар эди. Худди шу масалада юқоридаги ояти карима тушди. Вакилларга буюриляптики, сизлар етималарни никоҳга олганда адолат қилолмаймиз, деб қўрқсангизлар, шариатга мувофиқ бирдан тўрттагача бошқа хотинларга уйланаверинглар, токи етималарга зарар етмасин. Озод мусулмонга тўрттагача, қул одамга иккита хотинга ижозат бор, бу нарса ҳадисларда ҳам келган, жамики олимларнинг якдил қарори ҳам шундай. Бу ҳукм бутун Ислом умматигадир, фақат Сарвари олам бундан мустаснолар, у Зотга бундан ҳам зиёдасига ижозат берилган. Лекин адолат қила олмаслик хавфи бўлса, бир хотин билан кифояланиш ҳар бир мусулмонга зарурдир. Бирдан ортиқ хотин олганларга уларнинг емак-ичмаги, маскани ва бошқа эҳтиёжларини таъминлашда баробар тутиш вожиб. Кечқурун баробар туришда ҳам адолат бўлиши керак, баробар кўрмаганлар қиёмат куни азобга мубтало бўлишади. 4. Хотинларингизга маҳрларини хурсандчилик билан беринглар. Агар ундан бир миқдорини чин дилдан кечишса, бемалол фойдаланаверинглар. Хотин кишининг маҳри хурсандчилик билан, чин дилдан берилиши керак. Агар хотин маҳрининг бир қисмини қайтариб берса, эр уни хушвақтлик билан қабул қилиб ишлатаверсин. 5. Аллоҳ турмуш сабаби қилган молларингизни эсипастларга берманглар, уларни бу моллардан едириб-кийинтиринглар ва уларга яхши гапиринглар. Молни асраш лозим ишлардан саналади. Мол-мулкка енгилтаклик, масъулиятсизлик билан муносабатда бўладиганларга уни топшириб қўйиш молнинг йўқ қилинишига олиб келгани учун Ислом шариатига кўра, бундай етимларга вакил кишилар молни улар қўлига бермай, ўзлари едириб-кийинтиришлари, уларга яхши муомалада бўлишлари керак. Мусулмонлар қўлидаги мол-мулк улар жамоасининг жавобгарлигида бўлгани учун етимлардан ташқари уни тасарруф қила олмайдиган бошқа кишиларга (масалан, ҳисоб-китобни билмайдиган) ҳам берилмайди. 6. Етимларни то балоғатга етгунларича синаб туринглар, агар эс-ҳушлари жойида эканини билсангизлар, молларини ўзларига топширинглар. Уларнинг молларини исроф қилманглар ва шошилиб ишлатиб қўйманглар. Ким ўзига тўқ бўлса, ундан парҳез қилсин, ким муҳтож бўлса, инсоф билан олсин. Уларга молларини гувоҳлар иштирокида топширинглар, ҳисоб-китобга Аллоҳ кифоядир. Етимлар молига масъул вакиллар уларнинг улғайиб қолишидан қўрқиб молни тезда ишлатиб юборишмасин ёки уларни кераксиз ўринларга йўллаб исроф қилишмасин. Агар етимни тарбиялаётган киши муҳтож бўлса, ҳар ойда хизматига яраша ҳақини олади, лекин бадавлат киши бўлса, етим молидан олиши дуруст бўлмайди. Улар улғайгач, молларини ўзларига топширишда гувоҳларни чақириш зарур. 7. Ота-оналари ва қариндошлари қолдириб кетганида эркакларга улуш бор, ота-оналари ва қариндошлари қолдириб кетганида аёлларга улуш бор. Бу оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам, фарз қилинган улушлардир. 8. Тақсимотда қариндошлар, етимлар ва муҳтожлар бўлишса, уларни ҳам баҳраманд қилинглар ва уларга яхши гапиринглар. 9. Ўзларидан ёш болаларни қолдириб, бундан хавфда бўлганлар каби қўрқишсин. Улар Аллоҳдан қўрқишсин ва тўғри сўзлашсин. Етимлар молига васий бўлганлар худди ўзлари ҳам вафот этиб, ёш болаларини қолдириб кетганда бошқаларнинг уларга васийлик пайтида қўрқиб тургани каби етимлар молига хиёнат қилишдан қўрқишлари керак. Бу ҳукм вафоти олдидан васият қилаётганлар ҳузуридаги гувоҳларга ҳам тааллуқлидир. 10. Етимлар молини зулм билан еганлар қоринларига оловни еган бўлишади ва албатта, дўзахга киришади. Ислом келмасидан олдин ёшидан қатъи назар, қиз болаларга умуман мерос берилмас, балоғатга етмаган ўғил болаларга ҳам меросдан улуш тегмас эди. Юқоридаги ояти карималар ҳукми билан бу ботил одатлар йўққа чиқарилди, уларнинг ҳаммасига меросдан ҳисса ажратиш ҳукми кучга кирди. Меросни тақсимлаш пайтида ўша хонадон одамларидан етимлар ва муҳтожлар келиб қолишса, уларга ҳам бироз улуш берилсин. Агар қолдирилган мол етимларнинг нарсаси бўлса ва ўлган киши ўзи васият қилмаган бўлса, бу ҳолда яхши гапириб, уларга узр айтилсин. Етимлар молини турли зулм йўллари билан еганлар қоринларига дўзах оловини еган бўлади ва албатта, дўзахга улоқтирилади. 11. Аллоҳ фарзандларингиз борасида бир ўғилга икки қиз улушини беришга буюрди. Агар қизлар иккитадан кўп бўлса, мероснинг учдан иккиси, қиз битта бўлса унинг ярми, марҳумнинг фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир улуш берилади. Унинг фарзанди бўлмай, ота-она меросхўр бўлишса, қилган васияти ва қарзлари берилганидан сўнг онасига учдан бири, ака-укалари бўлса, олтидан бири тегади. Ота-онангиз ва фарзандларингиздан қай бири сизларга манфаатлироқ эканини билмайсизлар, буларни Аллоҳ фарз қилган, Аллоҳ, албатта, билимли ва ҳикматлидир. 12. Агар фарзандлари бўлмаса, сизларга хотинларингиз қолдирган мероснинг улар васиятини ёки қарзларини адо этгандан кейин қолган ярми, агар фарзанди бўлса, чораги тегади. Агар болангиз бўлмаса, қилган васиятингиз ёки қарзларингиз адо қилинганидан кейин хотинларингизга меросингизнинг тўртдан бири, агар фарзандларингиз бўлса, саккиздан бир улуши тегади. Агар калола эр ва хотин мерос қолдирса, уларнинг қилган васиятлари ва қарзлари адо қилинганидан кейин иниси ёки опа-синглиси мероснинг олтидан бирига, улар бирдан кўпроқ бўлишса, учдан бирига шерикдирлар. Булар Аллоҳнинг васияти, Аллоҳ, албатта, билимли ва ҳикматлидир. Араб тилида «калола» сўзи вафот этган чоғида бола-чақаси, невара-чевараси, ота-онаси, бобо-бувиси бўлмаган, сўққабош одам маъносини билдиради. Хотин киши вафот этса ва фарзанди бўлмаса, ундан қолган мероснинг у қилган васияти ва қарзи узилганидан кейин қолганининг ярми эрига берилади. Агар хоҳ шу эридан, хоҳ бошқа эридан фарзанди бўлса, эрга тўртдан бир улуш тегади. Эр вафот этса-ю фарзанди бўлмаса, хотинига меросининг васият ва қарзлар адо қилинганидан қолганининг тўртдан бири, агар фарзанди бўлса, саккиздан бири берилади (хотини бир ё ундан кўп бўлса ҳам, улушда баробардирлар). Хотиннинг маҳри меросдан ташқаридадир. Агар эр ёки хотин марҳумнинг меросхўри она бир ака-ука ёки опа-сингил бўлса, уларга марҳум васияти ва қарзи адо этилганидан кейин мероснинг олтидан бири, агар ини-сингиллар бирдан кўп бўлишса, ҳаммаларига учдан бири тегади. 13. Булар Аллоҳ чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоатда бўлса, У остидан анҳорлар оқиб турувчи, унда абадий қолинадиган жаннатига киритади. Бу эса буюк саодатдир. 14. Ким Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарига исён ва чегараларига тажовуз қилса, У абадий қолинадиган дўзахига киритади ва унда хорловчи азоблар бордир. 15. Хотинларингиздан фоҳишалик қилганига ўзларингиздан тўрт кишини гувоҳ қилинглар. Агар гувоҳлик беришса, ўлим келгунича ёки Аллоҳ бирор йўл кўрсатгунича уйларингизда сақлаб туринглар. Қай бир киши хотинининг зино (никоҳсиз жинсий алоқа) қилганини билса, буни аниқлашга эс-ҳушли, балоғатга етган, ҳур эркак мусулмонлардан тўрт кишини гувоҳ қилиши керак бўлади. Агар барчалари баробар бу ишга гувоҳлик беришса, ўша хотинни ташқарига чиқармай, бошқалар билан мулоқотга ижозат бермай, уйга қамаб қўйилади. Ушбу ҳукм келганида зинокор хотинга сазо (жазо) тайин қилинмаган эди, кейинчалик Нур сурасидаги ҳукмга кўра бокирага юз қамчи уриш, жувон хотинни тошбўрон қилиш жазоси тайин қилинди. Шундан кейин юқоридаги оят ҳукми мансух (бекор) бўлди. 16. Сизлардан ўша ишни қилган икки эркакнинг таъзирини беринглар. Агар иккови тавба қилса ва тузалса, тек қўйинглар. Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва меҳрибондир. Бу ояти каримадаги «ўша иш», яъни фаҳш ишдан кўзда тутилган нарса баъзи уламолар наздида бесоқолбозлик, баъзиларига кўра зино бўлган, айримлари эса ҳар иккисига тааллуқли, дейишган. 17. Нодонликдан ёмон ишга қўл уриб, сўнгра тезда тавба қилганларнинг тавбасини қабул қилиш Аллоҳгадир. Аллоҳ бундайларнинг тавбасини қабул қилади. Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир. 18. Гуноҳларни мунтазам қилиб юриб, ўлим келганида: «энди тавба қилдим» дейдиганлар ва кофир ҳолларида ўлганларнинг тавбаси қабул бўлмайди. Уларга қийноқли азоблар тайёрлаб қўйганмиз. 19. Эй мўминлар, хотинларни зўрлик билан мерос қилиб олиш сизларга ҳалол эмас. Агар очиқ фаҳш иш қилишмаган бўлса, берганларингизнинг бир қисмини олиш учун уларни мажбуран ушлаб турманглар. Агар уларни ёқтирмасангиз ҳам муносиб умр кечиринглар, зеро, сиз ёқтирмаган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликлар бериши мумкин. 20. Агар бир хотин ўрнига бошқасини олмоқчи бўлсангизлар, биринчиларига ҳисобсиз мол берган бўлсангизлар ҳам, ҳеч нарсани қайтариб олманглар. Буни бўҳтон ва очиқ гуноҳ билан оласизларми? 21. Ахир қандай ҳам оласизлар, ахир бир-бирингизга қовушиб, улар сиздан қатъий аҳд олишган-ку! 22. Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманглар, аммо аввалда ўтган бўлса, зарари йўқ. Бу – албатта, хунук ва жирканч иш, ёмон бир йўлдир. 23. Оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган «она»ларингиз, эмишган «опа-сингил»ларингиз, қайноналарингиз, қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари сизларга ҳаром қилинган. Агар улар билан қовушмаган бўлсангизлар, гуноҳи йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, икки сингилни бир никоҳда жамлаш ҳам ҳаром қилинди, аммо аввалда ўтган бўлса, зарари йўқ. Аллоҳ, албатта, кечирувчи ва раҳмлидир. Насаб жиҳатидан никоҳланиш ҳаром бўлган тоифалар еттита: оналар, қизлар, опа-сингиллар, аммалар, холалар, ака-ука ва опа-сингилларнинг қизлари, сут эмишган эмикдошлар. Никоҳланиш жиҳатидан ҳамиша ҳаром бўлганлар хотиннинг онаси ва қизидир. Пушти камаридан бўлган ўғилларининг хотинларига, икки опа-сингилга бир вақтда уйланиш ҳам ҳаромдир. Агар бу иш аввалда ўтган бўлса, Аллоҳ таолонинг афви ва мағфиратидан умид қилинади, Аллоҳ таоло кечирувчи ва ниҳоятда раҳмли Зотдир.
БЕШИНЧИ ЖУЗ 24. Эрли хотинлар ҳам сизларга ҳаром, фақат қўлингизга мулк бўлиб тушган чўрилар мустасно. Булар Аллоҳнинг буюрган қонунидир. Булардан бошқа аёлларни ўзларингизни сақлаган, зино аралаштирмаган ҳолда молларингиз билан талаб этишингиз ҳалол қилинди. Улардан ҳузурланганингиз учун маҳрларини беринг, маҳр белгиланганидан кейин ўзаро келишсанглар, гуноҳи йўқ. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. Шаръий никоҳлари ҳаром бўлган хотинлар баён қилинганидан кейин энди яна бир тоифанинг ҳаромлиги зикр қилинмоқда. Яъни бошқа бир кишининг никоҳида турган эрли аёлни то уни эри талоқ қилиб ёки вафот этиб, аёлнинг иддаси чиқмагунича бошқа одам никоҳига олиши ҳаромдир. Фақат кофирлар юртига Ислом лашкарлари кирганида асир олинган аёл бир кишига мулк сифатида ўтиб иддаси чиққан бўлса, ана шу чўрилар бундан мустасно. Юқорида баён қилинган аёллардан бошқа барча хотинлар қуйидаги тўрт шарт билан ҳалолдирлар: 1) талаб, яъни тил билан «ижоб ва қабул» қилинса; 2) мол, яъни маҳр бериш қабул этилса; 3) ҳамиша ўз муҳофазасида асраш мақсади бўлса, уч-тўрт кун шаҳватини қондириб, кейин қўйиб юбориш нияти бўлмаса; 4) икки эркак ёки энг камида бир эркак ва икки хотин гувоҳлигида никоҳ қилинса. Агар икки гувоҳсиз «ижоб ва қабул» қилинса, никоҳга ўтмайди, балки зино ҳисобланади. Бу охирги шарт ҳақида бошқа оятларда ҳам зикр қилинган. 25. Сизлардан ким ҳур мўминаларни никоҳига олишга қодир бўлмаса, қўлларингизда мулк бўлган мўмина чўрилардан бирига уйланаверсин. Аллоҳ иймонларингизни яхши билади. Сизлар ўзаро бир жинсдирсизлар. Уларнинг ўзини сақлаган, зино қилмаган ва махфий ўйнаш тутмаганларини эгаларининг ижозати билан никоҳингизга олинг ва муносиб маҳрларини беринг. Эрга теккач, фаҳш ишлар қилишса, уларга ҳур хотинларга бериладиган жазонинг ярми тайинланади. Бу бузилиб кетишдан қўрққанлар учундир, сабрли бўлишингиз ўзингизга яхшироқдир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Бир хотинни никоҳига олиб, ундан бироз нафланган бўлса, яъни бирор марта жинсий алоқа қилса, бу хотиннинг маҳри эрнинг зиммасига тўла тушади, хотин ўзи кечмаса, ҳаргиз эрдан соқит бўлмайди. Агар маҳр тайин қилинганидан кейин эр ва хотин бирор нарсага келишишса, яъни хотин маҳрнинг бир қисмидан кечса ёки эр маҳрни бир миқдор кўпайтирса, ҳеч қиси йўқ. Лекин хотиннинг белгиланган маҳрдан ортиғини талаб қилиши ёки эрнинг тайин этилган маҳрни тўла бермаслиги ножоиздир (мумкин эмас). Ҳур хотин олишга маблағи етмаган ё нафақа (боқиш) жиҳатидан қодир бўлмаган эркак бирор мўмина чўри билан никоҳланиши мумкин, чунки уларнинг маҳрлари кам, нафақалари оз бўлади. Ҳур хотин олишга қодир бўлган одамнинг чўри билан никоҳланиши имом Шофеий мазҳабларида ҳаром, имом Абу Ҳанифа мазҳабларида эса макруҳи танзиҳийдир, яъни қилинишидан қатъий қайтарилмаган, аммо қилинмаслиги аълороқ бўлган амалдир. Ҳур хотини бўлган эрнинг чўри билан никоҳ қилиниши барча мазҳабларда ҳаромдир. Зино хавфи бўлганида сабр қилинса яхши. Қул ва чўрига ҳур мусулмонларга бериладиган жазонинг ярми тайин қилинади, яъни эллик дарра урилади. 26. Аллоҳ сизларга тушунтиришни, олдингиларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни истайди. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. 27. Аллоҳ сизларни кечиришни истайди, шаҳватига қул бўлганлар эса бутунлай йўлдан уришни хоҳлашади. 28. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, чунки инсон заиф яратилган. 29. Эй мўминлар, ўзаро розилик билан қилинган савдодан ташқари, бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Ўзларингизни ўлдирманглар, Аллоҳ,албатта,сизларга меҳрибондир. 30. Ким ҳаддидан ошиб зулм қилса, уни, албатта, дўзахга киритамиз, бу Аллоҳга осондир. Инсонни ожиз, заиф қилиб яратган Парвардигор банда бажаришда қийналиб сабрсизлик кўрсатмаслиги учун унинг ҳолига яраша осон ва енгил ҳукмларни жорий қилган. Ҳикмати ва қудрати улуғ Аллоҳ таоло барча мусулмонларга бир-бирларининг молларини ноҳақ йўллар ва зулм билан емасликни, фақат ўзаро розиликка асосланган шаръий савдо-сотиқ йўли билан ҳалоллаб ейишни, бир-бирларининг қонини тўкмасликни буюрмоқда. Бу ҳикматни эшитиб-билиб ҳам Парвардигорининг амр-фармонларига зид иш қилган итоатсиз ва исёнкор бандаларни Аллоҳ таоло дўзахга улоқтиради, бу иш Унга асло қийин эмас. Мен мусулмон бўлсам, нега дўзахга тушаман, деб ўйлайдиган мағрур кимсалар ушбу оятнинг маъносини яхшилаб тушуниб олишсин. 31. Агар қайтарилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, кичикларини кечириб, яхши манзилга киритамиз. Яъни Аллоҳ таоло улкан гуноҳлардан (гуноҳи кабиралардан) бирортасини билмай қилишдан сақлансангизлар, кичик гуноҳларингизни кечириб, олий манзил бўлмиш жаннатга киритамиз, деяпти. Нажм сурасида ушбу оят билан бир хил маънода: «Жаннатийлар улкан гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир» (32-оят), деган ояти карима ҳам бор. Масалан, бир киши зинога қадам қўяди: ё кўзи билан назар солади, ё тили билан бузуқликларни ҳикоя қилади, ё бу ишни орзу қилади, ё таносил аъзоси билан буни бажаради. Агар бир мўмин кўриб туриб, нафси хоҳлаб туриб Аллоҳдан қўрққанидан ўша ишни қилишдан тийилса, бунинг баракотидан Аллоҳ таоло ушбу ояти мазмунига кўра кўзи, тили, нафси гуноҳларини кечиради. Чунки бу одам зино қилганида назари алоҳида, сўзи алоҳида, хоҳиши алоҳида зинога ҳисоб қилинар эди. 32. Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан ортиқ этган нарсаларни орзу қилманглар. Эркакларга ўз амалларидан, хотинларга ҳам ўз амалларидан насиба бор. Аллоҳнинг фазлини сўранглар, Аллоҳ, албатта, ҳамма нарсани билувчидир. Яъни Аллоҳ таоло бир кишини фазилат, шарофат, илм ёки бойликда бошқалардан устун, ортиқ қилиб қўйган бўлса, ўзгалар буни ҳирс, орзу қилмаслиги керак, чунки бундан ҳасад ва душманлик туғилади, Аллоҳнинг яратиш ҳикматига хилоф иш қилинган бўлади. Ҳасаднинг ўрнига яхши амалларни қилишга интилиш керак, эркакларга ҳам, аёлларга ҳам охиратда яхши амаллари учун насиба (ажр-мукофотлар) бор. 33. Ҳар бир киши учун ота-онаси, қариндошлари қолдирганига аҳд-паймон билан боғланганларни меросхўр қилдик, уларга улушини беринглар, Аллоҳ, албатта, ҳар бир нарсага гувоҳдир. «Аҳд-паймон билан боғланганлар»дан мурод, Исломдан олдинги пайтларда ўрталарида қариндош-уруғчилик бўлмаганлар ҳам ўзаро аҳд-паймон қилишиб дўст бўлишгач, бир-бирларидан мерос олишарди. Бу одатга Исломнинг илк даврларида ҳам амал қилинган. Кейинчалик бошқа ояти карима ҳукми билан бу нарса бекор қилинди. 34. Аллоҳ биридан бирини устун қилгани ва эрлар молларини сарфлашгани учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Эрларига итоаткорлари ва улар йўқлигида молларини Аллоҳ муҳофазасида асровчилари хотинларнинг яхшисидир. Итоатсизлигидан қўрққан хотинларингизга насиҳат қилинглар, ётоғини алоҳида қилинглар ва уринглар. Агар итоат қилишса, айблашга йўл изламанглар. Аллоҳ, албатта, олиймақом ва буюкдир. Ривоятлардан келишича, бир саҳобия аёл эрига кўп итоатсизликлар қилган экан. Эр адаб бериш мақсадида бир шапалоқ урган экан, у отасига бориб шикоят қилибди. Ота эса Расули акрам ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берибди. Пайғамбар алайҳиссалом эридан қасос олишга буюрганларида ҳукм ижро этилмай туриб юқоридаги ояти карима тушди. Фахри коинот айтдиларки, биз хоҳлаган нарсани Аллоҳ маъқулламади, энди Аллоҳ таолонинг ҳукми ижро этилсин, чунки у фақат яхшиликдир. Ояти каримага кўра, эркаклар икки сабаб билан хотинлардан устундирлар: биринчиси – Аллоҳ таолонинг фазли ва лутфи билан эрлар илмда ва амалда, ҳатто жисмонан аёллардан устун яратилган. Иккинчидан, эрлар хотинларига маҳр беришади, умр бўйи уларнинг нафақасини (зарурий эҳтиёжларини) қондириш учун мол-мулкини сарфлашади, яъни яшашга маскан, кийим-бош, ейиш-ичишлари, рўзғор ашёлари каби таъминотлар эрнинг зиммасидадир. Шунинг учун хотинлар эрларига ҳамиша итоатда бўлишлари керак. Эрларига итоат қилувчи, улар йўқлигида мол-мулкларини Аллоҳ ҳукмига мувофиқ асровчи, асло хиёнат қилмайдиган аёллар хотинларнинг энг яхшиларидир. Мабодо хотинлар эрларига саркашлик қилиб, итоатдан бўйин товлашса, Аллоҳ таолонинг ҳукмига кўра аввал уларга яхшилаб насиҳат қилинади, хатолари кўрсатилади. Бунга тушунмаса, ётоғи алоҳида қилинади, яъни бир уйда, аммо бошқа ўринда ётилади. Бунга ҳам кўнмай итоатсизликда давом этадиган бўлса, аъзоларига зарар етмайдиган ва уриш асорати қолмайдиган даражада урилади. Агар хотин бу чоралардан сўнг тузалиб қолса, улардан айб қидирмаслик, айрим майда хатоларидан кўз юмиш лозим. 35. Эр-хотин ораси бузилишидан қўрқсангизлар, эр хонадонидан бир ҳакам, хотин хонадонидан бир ҳакам чақиринглар. Агар улар яраштиришни хоҳлашса, Аллоҳ эр-хотин ўртасига тотувлик солади. Аллоҳ, албатта, билувчи ва хабардордир. 36. Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, муҳтожларга, яқин қўшниларга, бегона қўшниларга, ҳамроҳларга, мусофирларга ва қўл остингиздагиларга яхшилик қилинглар. Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқларни асло яхши кўрмайди. 37. Чунки улар ўзлари бахиллик қилишади, бошқа кишиларни ҳам бахилликка чақиришади, Аллоҳ фазли билан берганларини яширишади. Биз кофирларга хорловчи азобларни тайёрлаб қўйганмиз. 38. Чунки улар молларини хўжакўрсинга сарфлашади ва улар Аллоҳга ҳам, қиёмат кунига ҳам ишонишмайди. Кимнинг улфати шайтон бўлса, у қандайин ёмон улфатдир. 39. Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонишса, Аллоҳ берганларини эҳсон қилишса, нима зарар бўларди? Ахир Аллоҳ уларни яхши билади-ку! 40. Шубҳасиз, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмайди, яхшиликни бўлса икки баравар кўпайтириб беради ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофотларни ато қилади. 41. Ҳар бир умматдан гувоҳ чақириб, сизни (эй Муҳаммад,) уларга гувоҳ қилганимизда қандай бўлади? Яъни қиёмат куни ҳар бир уммат ёки қавмдан уларнинг аҳволларини баён қилиш учун уларнинг пайғамбарлари ё солиҳ кишиларидан гувоҳлар чақирилади, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом аввалги ва охирги барча умматларга гувоҳлик берадилар. Ўша куни кофирларнинг аҳволи ниҳоятда ёмонлашади, улар ҳатто тупроқ каби ер билан битта бўлиб кетишга рози бўлишади. 42. Ўша куни кофирлар ва Пайғамбарга итоатсизлик қилганлар ерга кириб кетишни орзу қилишади ва улар ҳеч гапни Аллоҳдан яшира олишмайди. 43. Эй мўминлар, маст ҳолатингизда гапингизни англайдиган бўлмагунингизча, сафарда бўлмасангизлар, жунуб ҳолингизда то ғусл қилмагунингизча намозга яқинлашманглар. Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар ёки бирортангиз халодан келса ёхуд хотинларингизга яқинлик қилсангизлар-да, сув топа олмай қолсангизлар, тоза тупроқни юзингиз ва қўлларингизга суртиб таяммум қилинглар. Аллоҳ мағфират қилиб кечирувчидир. 44. (Эй Муҳаммад,) Китобдан улуш берилганларнинг гумроҳликни сотиб олганларини ва сизларни йўлдан урмоқчи бўлаётганларини кўрмаяпсизми? 45. Аллоҳ душманларингизни яхши билади ва ҳомийликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя, мададкорликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя! 46. Яҳудийлардан калималарнинг жойини ўзгартирувчилари ҳам бор. Улар тилларини буриб ва динга зарба бериш учун: «Эшитдик ва итоат қилмадик», «Эшит, эй эшитмай қолгур», «Роина» дейишади. Агар улар «Эшитдик ва итоат қилдик», «Сиз эшиттиринг» ва «Бизга назар солинг» дейишганида ўзларига яхши ва дуруст бўлар эди. Лекин куфрлари сабабли Аллоҳ уларни лаънатлади, энди уларнинг жуда ози иймон келтиради. Меҳрибон Парвардигор ушбу ояти карима орқали яҳудийларнинг қабиҳликларидан мусулмонларни огоҳлантирмоқда ва уларга ўхшашдан қайтармоқда. Улар Тавротни тиловат қилишса-да, унга амал қилишдан маҳрумдирлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг буйруқларини тушунтирганларида улар ташларида «қабул қилдик» дейишса ҳам, ичларида «қабул қилмадик» дейишади. Ўзлари Пайғамбар алайҳиссаломга мурожаат қилишганида «Исмаъ ғойра мусмаъин» (эшитишга амр қила олмасак ҳам, эшитинг) демоқчи бўлиб, аслида «эшит, эй эшитмай қолгур», яъни кар бўлгур маъносида гап қилишар эди. Яна улар «Роина»ни ҳам бузиб талаффуз қилишади, «Бизлар ҳам эътиборингиздан, назарингиздан четда қолмайлик» демоқчи бўлиб, лекин уни «руъунот» (енгилтаклик) шаклида ишлатишади. Бу ҳақда Бақара сурасининг 104-ояти шарҳида ҳам сўз борган. 47. Эй китоб берилганлар, бир қанча юзларни текислаб, орқасига бурмасимиздан олдин ёки уларни ҳам шанба куни эгалари каби лаънатламасимиздан аввал сизлардаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширганимизга иймон келтиринглар. Аллоҳнинг ҳукми, албатта, ижро этилади. «Юзни текислаш» деганда ундаги кўз, бурун, оғизларни йўқ қилиб, тахта каби силлиқлаб ташлаш, «орқасига буриш» деганда юзни бутунлай орқа тарафга ўгириб юбориш назарда тутилган. Аъроф сурасида «Асҳобу сабт» (шанба куни эгалари) воқеаси зикри келган. 48. Аллоҳ Ўзига бошқани шерик қилганни асло кечирмайди, хоҳлаган бандасининг ширкдан бошқа гуноҳини кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, гуноҳнинг улканини қилган бўлади. 49. (Эй Муҳаммад,) ўзларини покдомон қилиб кўрсатаётганларни кўрмаяпсизми? Йўқ, Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани поклайди ва уларга қилча ҳам зулм қилинмайди. 50. Уларнинг Аллоҳга туҳмат қилишаётганини кўринг, шунинг ўзи уларнинг очиқ гуноҳкорлигига кифоядир. Яҳудийлар шунча расволикларни қилиб ҳам ўзларини покиза бир жамоа деб ҳисоблашади. Ҳатто ўзларига «абнауллоҳ ва ахбаруллоҳ» деган нисбатни ҳам беришади. Бу даъволари Аллоҳ ҳақида йўқ нарсани ёлғонлаб, Унга туҳмат қилишдан бошқа нарса эмас. Бу жамоанинг очиқ итоатсиз ва осий эканига шунинг ўзи кифоя. 51. Китобдан насибадор бўлганларнинг бутга ва шайтонга иймон келтирганларини ва кофирларни: «Булар ҳидоятдаги иймон келтирганлардан кўра ортиқроқ» дейишларини кўрмаяпсизми? 52. Ана шуларни Аллоҳ лаънатлаган, кимни Аллоҳ лаънатласа, унга мадакор топилмайди. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга адоватлари кучайган яҳудийлар Маккага бориб, у ердаги мушриклар билан иттифоқ тузишди, уларнинг риоясини қилиб, бутларини тавоф қилишди, шайтонни мамнун этиб: «Мушрикларнинг динлари мусулмонлар динидан яхшироқдир», дейишди. Бу кўролмаслик ва адоват уларнинг Исломга ҳасадлари туфайли эди. Шу қабоҳатлари учун Аллоҳ таоло уларни лаънатга дучор қилди. Энди уларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бирор ёрдам, мадад берувчи бўлмайди. 53. Ёки уларнинг салтанатда улуши борми, шундай бўлганда ҳам, одамларга қилча нарса беришсин-чи! 54. Ёки Аллоҳ фазли билан одамларга берган нарсаларга ҳасад қилишяптими? Ахир Иброҳим авлодига Китоб ҳам, ҳикмат ҳам, улуғ салтанатни ҳам берганмиз-ку! 55. Шунда баъзилари бунга иймон келтиришди, баъзилари юз ўгиришди ва уларга дўзах ўти кифоядир. 56. Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахда куйдирамиз. Терилари куйиб битгач, азобни кучайтириш учун териларини янгилаймиз. Аллоҳ, албатта, қудратли ва ҳакимдир. 57. Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни Биз остларидан анҳорлар оқувчи ва абадий қолинадиган жаннатларга киритамиз. Унда уларга покиза хотинлар бор ва уларни қалин сояларга киритамиз. 58. Аллоҳ, ҳақиқатан, сизларга омонатни эгаларига етказишни, одамлар орасида ҳукм юритишда адолат билан қарор чиқаришни буюради. Аллоҳ сизларга қандайин гўзал насиҳат қиляпти, Аллоҳ, албатта, эшитувчи ва кўрувчидир. Яҳудийлар, одатларига кўра, бошқаларнинг омонатларига хиёнат қилишар, одамлар ўртасида бирор ишни ҳал қилмоқчи бўлишса, пора берган тарафга мойил бўлиб, ҳақиқатга тескари йўл тутишар эди. Аллоҳ таоло Қуръони Карим оятлари воситасида мусулмонларни ана шу ёмон иллатлардан қайтаради. Ушбу ояти кариманинг тушишига сабаб бўлган воқеа бундай: Макка фатҳ қилинган (эгалланган) куни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Каъба ичига кирмоқчи бўлдилар. Усмон ибн Талҳа калитдор эди, лекин у калитни бермади. Шунда Ҳазрати Али калитни тортиб олиб, эшикни очиб бердилар. Сарвари олам ичкарига кириб-чиққанларидан кейин амакилари калитни ўзларига топширишни илтимос қилдилар. Шу воқеа устида юқоридаги ояти карима тушди, унинг ҳукмига кўра, Пайғамбаримиз омонатга хиёнат қилмай, калитни Усмон ибн Талҳага топширдилар. 59. Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилинглар, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлган раҳбарларга итоат қилинглар. Агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангизлар, бирор нарсада тортишиб қолганингизда уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилинглар. Ана шу яхши ва оқибати хайрлидир. Аввалги оятда раҳбар ҳокимларга одамлар орасида адолат билан ҳукм чиқариш буюрилган эди. Ушбу оятда эса одамларга ўзларидан сайланган ва ҳақ йўлда бўлган раҳбарларга итоатда бўлиш амр қилинмоқда. Агар одамлар ва раҳбарлар ўртасида келишмовчилик чиқиб қолса, Аллоҳнинг Китобига ва Пайғамбар алайҳиссалом суннатларига мурожаат этилади. Агар раҳбарларнинг ҳукмлари ҳақиқатдан Китоб ва Суннатга мувофиқ бўлса, унга бўйсунилади ва тортишув бас қилинади. Масалан, Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган икки мусулмон ўртасида хусумат чиқиб, бири: «Юр, шариат маҳкамасига бориб, масалани ҳал қиламиз», деса-ю, иккинчиси: «Мен шариатни билмайман ва шариатлик ишим йўқ», деса, у, албатта, кофир бўлади. 60. (Эй Муҳаммад), уларнинг сизга туширилган Китобга ва сиздан олдин туширилганларига иймон келтирганликни даъво қилишларини, тоғутдан ҳукм сўрашни исташларини кўрмадингзми? Ҳолбуки, унга ишонмаслик буюрилган, шайтон сизларни йўлдан оздиришни хоҳлайди. Тоғут – шайтон исмларидан бири, кенгроқ маънода «шайтоний йўл», демакдир. Тоғутдан ҳукм сўраш Аллоҳнинг ҳукмига зид, Унинг изнисиз бўлган ҳукмни сўрашдир. 61. Уларга: «Аллоҳ туширганига ва Пайғамбарга мурожаат қилинглар», дейилса, мунофиқларнинг сиздан дарҳол юз ўгирганларини кўрасиз. Мадинада бир яҳудий ва мунофиқ ўртасида низо пайдо бўлганида яҳудий ҳақ бўлгани учун ажрим чиқариш мақсадида Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олдиларига борайлик, деди. Мунофиқ эса яҳудийларнинг олими ва раҳбари бўлган Каъб ибн Ашраф олдига борамиз, деди. Охири икковлари Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига боришди. Жаноб Пайғамбар яҳудий фойдасига ҳукм қилдилар. Мунофиқ бундан рози бўлмай Ҳазрати Умар олдиларига бориб шикоят қилди. Ҳазарти Умар воқеанинг тафсилоти билан тинглаб, Расулуллоҳ ҳукмларига рози бўлмаган мунофиқни ўша ерда ўлдирдилар. Сўнг унинг ворислари Ҳазрати Умардан хун даъво қилишди. Шу воқеа устида бу бир неча оятлар тушди ва Ҳазрати Умарга «Форуқ» (ҳақ ва ботилни фарқловчи) унвони берилди. 62. Қилмишлари туфайли уларга мусибат етганида ҳузурингизга келгач, Аллоҳ номи билан ичиб: «Биз фақат яхшиликни ва муросани хоҳлаган эдик», дейишлари қандоқ бўлди? 63. Аллоҳ бундайларнинг кўнгилларидагини билади, шунинг учун уларнинг қилмишларидан кўз юминг, дилларига етиб борадиган сўзлар билан насиҳат қилинг. Бу ояти каримада ҳам юқоридаги воқеаларнинг давоми баён қилиняпти. Яъни мунофиқнинг Ҳазрати Умар қўлларида ўлим топиши унинг исёни ва иккиюзламачилиги жазоси эди. Энди бу ҳодиса туфайли уларнинг ички аҳволлари очила бошлади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, Аллоҳ таоло номи билан қасам ичган ҳолда: «Биз Ҳазрати Умар олдиларига Расулуллоҳ ҳукмларидан норози бўлиб бормадик, балки у жаноб бизни яраштириб қўядилар, деган яхши ниятда боргандик», дейишди. Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, бу жамоанинг барча сир-асрорлари Менга яхши маълум, сиз уларнинг қилмишлари учун таъқибга олманг, дилларига етиб борадиган яхши сўзлар билан насиҳат қилаверинг, тавба эшиклари ҳамиша очиқ, Аллоҳга қайтиш ҳеч қачон кечикмайди. 64. Қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳ изни билан унга итоат қилинсин деб, юборганмиз. Агар ўзларига жабр қилганларида ҳузурингизга келиб Аллоҳга истиғфор айтишганида ва Пайғамбар ҳам улар учун мағфират тилаганида Аллоҳнинг, албатта, кечирувчи ва раҳмли эканини билишарди. 65. (Эй Муҳаммад,) Парвардигорингизга қасамки, улар то ораларидаги келишмовчиликларга сизни ҳакам қилмагунларича, сизнинг ҳукмингизга чин дилдан бутунлай рози бўлмагунларича ҳаргиз мўмин бўла олишмайди. 66. Агар уларга: «Ўзларингизни ўлдиринглар ёки диёрларингиздан чиқинглар!» деб буюрганимизда эди, бунга озчилик бўйсунарди. Улар ўзларига қилинган насиҳатларга амал қилишганида ўзларига яхши бўларди ва уларни саботлироқ қиларди. 67. У ҳолда ҳузуримиздан улуғ мукофотлар берган бўлур эдик. 68. Ва уларни ҳидоятга йўллар эдик. 69. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилса, Аллоҳ инъом ато этган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар билан биргадирлар ва улар энг яхши сафдошдирлар. Пайғамбарлар Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган, Аллоҳ томонидан фаришталар орқали ваҳий юбориб турилган саодатманд зотлардир. Сиддиқлар эса пайғамбарларга келган ваҳий ва ҳукмларга чин дилдан, ҳеч қандай шак-шубҳасиз ва далилсиз ишонган севимли инсонлардир. Шаҳидлар эса Аллоҳ таоло йўлида, унинг дини олий бўлиши учун жон фидо қилувчилардир. Солиҳлар – яхшилик учун яратилганлар, улар нафслари ва вужудларини барча ёмонлик ва ифлосликлардан тозалашган. Бу тўрт гуруҳ барча мусулмонларнинг жавоҳирлари, Аллоҳ таоло фазли ва неъматларига сазовор бахтиёр инсонлардир. Аллоҳ таолога, Унинг Пайғамбарига итоатда бўлган ҳар бир киши қиёматда улар билан бирга бўлади, мунофиқлар эса улар билан сафдош бўлиш бахтидан маҳрумдирлар. 70. Бу Аллоҳнинг марҳаматидир ва Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. 71. Эй мўминлар, эҳтиёткор бўлинглар, гуруҳларга бўлиниб ёки ҳаммангиз бирлашиб чиқинглар. 72. Ораларингизда чиқмай қоладиганлар ҳам бор. Агар сизларга мусибат етса у: « Менга Аллоҳнинг инъоми бўлди, яхшиямки, улар билан бирга эмасдим», дейди. 73. Агар Аллоҳ сизларга фазл-марҳамат қилса, гўё ҳеч нима бўлмагандай: «Қанийди, улар билан бирга бўлсайдим, улуғ зафарга эришардим», дейди. 74. Дунё ҳаётига охиратни сотиб оладиганлар Аллоҳ йўлида жанг қилишсин. Ким Аллоҳ йўлида жанг қилиб ўлдирилса ё ғалаба қилса, Биз унга улуғ мукофотлар берамиз. 75. (Эй мўминлар,) сизларга нима бўлдики, нега Аллоҳ йўлида ҳамда «Парвардигоримиз, бизларни аҳли золим бўлган бу шаҳардан чиқар, ҳузурингдан бизларни ҳимоя қилувчи ва ёрдам берувчи бир дўст юбор» деяётган ночор эрлар, хотинлар ва болалар ҳаққи-ҳурмати жанг қилмайсизлар?! 76. Мўминлар Аллоҳ йўлида урушишади, кофирлар тоғут йўлида жанг қилишади. Шайтоннинг дўстларига қарши урушинглар, албатта, шайтон ҳийлалари кучсиздир. 77. (Эй Муҳаммад,) «Ўзларингизни тийиб, намозларингизни адо қилиб, закотни бериб туринглар», дейилганларни кўрмайсизми? Уларга жиҳод фарз қилинганида бир гуруҳи одамлардан Аллоҳдан қўрққанидан ҳам қаттиқроқ қўрқишди ва: «Эй Парвардигоримиз, бизларга нега жиҳодни фарз қилдинг, бироз кейинга сурсанг бўлмасмиди?!» дейишди. Уларга: «Дунёнинг фойдаси оз, тақводорларга охират яхшидир ва қилча ҳам зулм қилинмайди», денг. Маккаи мукаррамада ҳижратдан аввал кофирлар мусулмонларни кўп қийнашган ва уларга чексиз зулм кўрсатишган. Шунда мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, шикоят қилишган, кофирларга қарши урушга чиқиб, улардан ўч олишга ижозат сўрашган. Лекин Расули акрам уларни тинчлантириб: «Парвардигорим томонидан менга урушиш ҳақида ҳукм келмади, балки сабр ва кутишга буюрилганмиз, ҳозирча сизлар намозларингизни адо этиш, закотни бериш билан машғул бўлинглар», дедилар. Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишганидан (кўчишганидан) кейин Аллоҳ мусулмонларнинг ўзлари талаб қилган жиҳодни фарз қилди. Шунда иймони заиф баъзи мусулмонлар кофирларга қарши урушдан шунчалик қўрқиб кетишдики, ҳатто Аллоҳ таолодан ҳам бунчалик қўрқишмаганди. Улар: «Эй Парвардигоримиз, нимага бизга бу урушни буюрдинг, агар уни орқага суриб турганингда яна анча ҳаёт кечирар эдик», дейишди. Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибига (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтяптики, дунё роҳатлари арзимас ва тез ўтиб кетувчидир, охират роҳат-фароғатлари эса ҳақиқий ва туганмас лаззатдир. Лекин бу фақат Аллоҳдан қўрқувчилар, Унинг буйруқларини бажарувчилар учундир. Аллоҳ таоло ҳузурида сизларга хурмо данаги ипичалик ҳам зулм қилинмайди, заррача амалингиз савоби ҳам зое кетмайди. 78. Қаерда бўлсангизлар ҳам, ҳатто мустаҳкам қалъаларда ҳам ўлим сизларни топади. Агар улар фойда кўришса, «бу Аллоҳдан», дейишади, бирор зарар етса, бунга сизни сабабчи, дейишади. Уларга: «Бари Аллоҳдан», денг. Нега бу қавм ҳеч гапни тушунмайди?! 79. (Эй инсон,) сенга етган яхшилик Аллоҳдандир, ҳар қандай ёмонлик эса ўзингдандир. (Эй Муҳаммад,) Биз сизни инсонларга Пайғамбар этиб юбордик ва гувоҳликка Аллоҳ кифоядир. Ҳақиқат шуки, барча яхшиликлар ва ёмонликларни пайдо қилувчи Аллоҳ таолодир. Лекин бандалар яхшиликни Аллоҳ таолонинг фазли-карами ва марҳаматидан деб, ёмонликни эса ўзларининг қилмишлари ва шумликларидан деб билишсин ҳамда буни Пайғамбар алайҳиссалом зиммаларига юклашмасин. 80. Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади, ким юз ўгирса, Биз сизни уларга соқчи қилиб юбормадик. 81. Улар: «Итоатдамиз», дейишади-ю, ҳузурингиздан чиққач, айримлари айтганингизнинг тескарисига хуфёна тил бириктиришади. Аллоҳ эса уларнинг яширинча келишувларини ёзиб қўяди. Улардан юз ўгиринг ва Аллоҳга таваккал қилинг, ҳомийликка Аллоҳ кифоядир. 82. Қуръон ҳақида фикр юритишмайдими? Агар у Аллоҳдан бошқанинг томонидан бўлганида эди, унда кўп қарама-қаршиликлар топган бўлишарди. Қуръони Каримнинг илоҳий Калом эканига далиллардан бири шуки, унда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Чунки инсонларнинг энг сўзамоллари ва донолари нақадар маҳорат ва фасоҳат соҳиби бўлишмасин, уларнинг фикр ва ёзувларида, албатта, қандайдир келишмовчилик, қарама-қаршилик келиб чиқади. Чунки уларнинг баъзи жумлалари ишонарли бўлса, баъзиси ишонарсиз бўлади, баъзиси рост бўлса, бошқаси ёлғон чиқади. Лекин Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи бўлгани учун ундан бундай қусурларни топа олмайсиз. 83. Уларга тинчлик ёки хавф-хатар хабари келганида буни тарқатиб юборишади. Агар уни Пайғамбарга ё ўз раҳбарларига ҳавола қилишганида улар бу иш моҳиятини тушунган бўлишарди. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида кўпчилигингиз шайтонга эргашиб кетардингиз. Ояти каримада зикр этилган мунофиқлар ва содда мусулмонлардан етадиган зарарлардан бири шуки, улар омонлик ёки хавф хабари (масалан, душман фалон ерга тўпланяпти, мусулмонларга фалон ерда шикаст етди кабилар) етиб келиши билан уларни текшириб ҳам кўрмай, ҳақиқатини аниқламай тезда халққа ёйиб юборишар эди. Мунофиқлар буни билатуриб, зарар етказиш мақсадида қилишса, мусулмонлар соддалик билан билмасдан қилишарди. Агар улар бундай хабарни эшитган заҳоти Пайғамбар алайҳиссаломга ёки ўзларининг бошлиқларига ҳавола қилишганида, улар бунинг асл моҳиятига етиб, сўнгра ҳақиқатини айтишар эди. Бу тариқа танбеҳ ва тўғри йўлга йўллаш Аллоҳ таолонинг фазл ва раҳматидир, агар шундоқ қилмаганида мусулмонларнинг кўпчилиги йўлдан озиб, шайтонга эргашиб кетар эди. 84. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ йўлида жанг қилинг! Ўзингиздан бошқага масъул эмассиз, мўминларни қизиқтиринг. Шояд, Аллоҳ кофирларнинг шиддатини даф қилса! Аллоҳ барчадан шиддатли ва азоби қаттиқдир. Ушбу ояти карима тушганида Пайғамбар алайҳиссалом: бирорта сафдошсиз ёлғиз ўзим қолсам ҳам барибир жиҳодга чиқаман, деган эдилар. Кейин у зотга етмиш саҳоба эргашиб, Катта Бадр урушига чиқишди ва Аллоҳ таоло кофирларнинг дилига хавф солиб, улар урушишга ҳад қила олишмади. Пайғамбар алайҳиссалом бу урушда талофот кўрмай, ғолиб бўлиб қайтдилар. 85. Ким чиройли шафоат қилса, ўзига ҳам савобдан насиба тегади, ким ёмон шафоат қилса, унга ҳам «насиба» тегади ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. Араб тилида «шафоат» сўзи бировни қўллаш, ёрлақаш маъноларидан ташқари, бировни бошқалар олдида оқлаш учун қилинган ҳаракатлар, гап-сўзлар ҳам, уни қоралаш учун қилинган шундай ишлар ҳам шафоат ҳисобланади. 86. Сизларга бир ибора билан салом берилса, ундан яхшироқ сўзлар билан алик олинглар ёки ўзини қайтаринглар. Аллоҳ, албатта, ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир. Мусулмонларга салом бериш ё уларни дуо қилиш ҳақиқатда яхши фазилат саналади. Аллоҳ таоло таълим беряптики, бир мусулмон сизларга салом берса ё дуо қилса, сизлар ўша калиманинг ўзи билан ёки ундан яхшироқ, тўлароқ сўзлар билан жавоб қайтаришингиз зарур бўлади. Масалан, «Ассалому алайкум», дейилса, «Ваалайкум ассалом» дейсиз, агар кўпроқ савобга эришай десангиз, «ва роҳматуллоҳи» сўзини қўшинг. Бордию салом берувчи буни ҳам қўшган бўлса, «ва баракотуҳ» сўзини қўшиб алик олинг. Мукаммал салом берилган бўлса, сизлар ҳам мукаммал жавоб қайтаринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳузурида ҳар бир нарсанинг ҳисоби сақланади. Яхши сўз бир калима бўлса ҳам, унга яраша савобга эришилади. 87. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни қиёмат куни тўплашига асло шубҳа йўқ. Аллоҳдан ҳам рост сўзловчи бормиди? 88. (Эй мўминлар,) нега сизлар мунофиқлар хусусида иккиланиб турибсизлар? Ҳолбуки, Аллоҳ қилмишлари учун уларни расво қилган-ку! Аллоҳ адаштирганларни тўғри йўлга бошламоқчимисизлар? Аллоҳ кимни адаштирган бўлса, унга йўл тополмайсизлар! 89. Ўзлари кофир бўлишгани каби сизларнинг ҳам уларга ўхшаб куфр келтиришингизни исташади. Энди то Аллоҳ йўлида ҳижрат қилишмагунича уларни дўст тутманглар. Агар улар бундан юз ўгиришса, уларни тутган ерингизда ўлдиринглар. Уларни дўст ҳам, ёрдамчи ҳам қилманглар. 90. Аммо ораларингизда аҳд-паймон бўлган қавмга қўшилган ёки сизлар билан ҳам, қавми билан ҳам урушиш жонига тегиб олдингизга келганлар мустасно. Аллоҳ хоҳлаганида уларни сизлардан устун қиларди ва улар сизларга уруш очишарди. Агар улар урушишдан четланиб, сулҳ таклиф қилишса, Аллоҳ уларга қарши чиқишга йўл бермайди. Яна бир тоифа мунофиқлар бор эдики, мусулмонлар билан очиқ алоқада бўлиб, уларни севишларини билдириб туришар эди. Аслида мақсадлари мусулмонлар уларнинг қавмларига қарши уруш бошлашса, жамоалари ва молларини омонда сақлаб қолиш эди. Уларнинг асл мақсади аён бўлиб қолгач, баъзи мусулмонлар улар билан алоқани узмоқчи бўлишди, баъзилари эса шояд мусулмон бўлишса деб, муносабатларни давом эттиришди. Ушбу оятларда шу хусусда баён этиладики, улар то ватанларидан чиқиб, олдингизга келмагунларича уларни дўст санаманглар, ҳеч бир ишда уларга ишонманглар. Агар иймон ва ҳижратни қабул қилишмаса, уларни асир олинглар ёки тутган ерларингизда ўлдиринглар. Аммо сизлар билан сулҳ тузган жамоадан паноҳ сўраган, ёки урушлар жонига тегиб сизларга сулҳ таклифи билан келганларга тегманглар, уларга қарши урушишга Аллоҳ таоло йўл бермайди. 91. Сизлардан ҳам, қавмидан ҳам омонда бўлишни истайдиган бошқаларни ҳам кўрасизлар. Қачон уларни куфрга чақиришса, унга ўзларини отишади. Агар сизлардан ўзларини тортишмаса, сулҳ таклиф қилишмаса, сизларга қарши қўл кўтаришса, уларни тутган ерингизда ўлдираверинглар. Биз бундайларга қарши сизларга ошкора ҳуқуқ бердик. 92. Мўмин мўминни ўлдирмайди, фақат билмасдан қилиши мумкин. Ким мўминни билмай ўлдириб қўйса, бир мусулмон қулни озод қилсин ва ўлдирилганнинг ворислари кечишмаса, хунини тўласин. Агар мўмин душман томондан бўлса, бир мусулмон қулни озод қилиш шарт бўлади. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг ворисларига хун тўланади ва бир мусулмон қул озод қилинади. Агар мусулмон қул тополмаса, икки ой пайдар-пай рўза тутиб беради. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. Бир мўмин-мусулмон кишини ўлдириш ниҳоятда катта гуноҳ, аммо билмай, бехосдан ўлдириб қўйса, бандачиликдир. Билмай, хато қилиб ўлдириб қўйишнинг бир неча кўринишлари бор: мусулмон кишини ов деб гумон қилиб отиб қўйиши мумкин, ёки отган ўқи унга бехос тегиши мумкин, ёки мусулмон тасодифан кофирлар орасида турганида билмай уни кофир деб ўйлаб отиб қўйиш мумкин. Бундай ҳоллар ҳаётда, айниқса, жанг пайтларида учраб тургани учун зикр этиляпти. Ушбу ояти каримада хато учун икки ҳукм баён қилинмоқда: биринчиси, бир мусулмон хатосига каффорат сифатида қул ёки чўрини озод қилади, агар бунга қодир бўлмаса, икки ой пайдар-пай рўза тутади. Иккинчиси, ўлдирилган кишининг меросхўрларига хун тўлайди, чунки бу уларнинг ҳақларидир, агар кечиб юборишса, тўланмайди, лекин бир кишининг кечиши билан бу соқит бўлмайди. Одам ўлдирганлик учун хун тўлашнинг уч хил кўриниши бор: 1. Ўлдирилган киши мусулмон жамиятида яшайдиган мўмин киши; 2. У душман қавмидан, аммо ўзи мўмин киши; 3. Ўлдирилган шахснинг ўзи мўмин, қавми мўмин бўлмаса-да, мусулмонлар билан тузилган сулҳ шартномалари бор. Булардан биринчи ва учинчи ҳолатда хун берилади, аммо иккинчи ҳолатда хун тўланмайди. 93. Ким бир мусулмонни атайлаб ўлдирса, унинг жазоси абадий қолинадиган дўзах бўлади. У Аллоҳнинг ғазабига, лаънатига ва унга тайёрлаб қўйган қаттиқ азобига гирифтор бўлади. 94. Эй мўминлар, Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқсангизлар, душманни аниқ таниб олинглар. Дунё фойдасини кўзлаб, салом берувчига: «Сен мусулмон эмассан!» деманглар. Аллоҳ ҳузурида ўлжалар кўп. Авваллари ҳам шундай эдингизлар, кейин Аллоҳ сизларни неъматлантирди. Аниқ билиб олинглар, Аллоҳ қилмишларингиздан хабардордир. Пайғамбар алайҳиссалом бир гуруҳ лашкарни бир қавмга қарши жиҳодга юбордилар. Ўша қавм ичида бир киши мусулмон эди, у мол-ҳолини, рўзғор ашёларини олиб, қавмидан алоҳида бўлиб ажралиб турган эди. Мусулмонларни кўриб: «Ассалому алайкум!» деди. Мусулмонлар бу одам ўзи кофир бўлса керак, моли ва жонини асраб қолиш учун ўзини мусулмон қилиб кўрсатяпти, деган гумонга бориб, уни ўлдиришди, ашё ва молларини ўлжа қилиб олишди. Шу воқеа муносабати билан юқоридаги ояти карима тушди ва Аллоҳ таоло мусулмонларга бундай қилмасликни, душманларини аниқлаб олгандан кейингина уларга қарши чиқишни буюрди. Авваллари мусулмонларнинг ўзлари ҳам тиллари билангина иқрор бўлишганида бирор кимса уларни маломат қилмаган эди-ку! 95. Мусулмонларнинг узрсиз уйда қолганлари билан Аллоҳ йўлида мол ва жони ила жиҳод қилувчилари баробар эмаслар. Аллоҳ ҳаммаларига эҳсон ваъда қилган бўлса-да, мол ва жонлари билан жиҳод қилувчилар даражасини уйида қолганларникидан ортиқ қилган. Аллоҳ мужоҳидларни уйида қолганлардан улуғ мукофотлар билан афзал қилди. 96. Уларга Ўзи тарафидан даражалар, мағфират ва раҳмат бор. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир. Мусулмонларнинг жангда қатнашмайдиган узрли тоифалари кўзи ожизлар, майиб-чўлоқлар, хасталар ва аёллардир. Булардан бошқа барча кишилар иккига: ҳамиша дин хизматида курашга бел боғлаган мужоҳидларга ва бу вазифадан холи мусулмонларга бўлинишади. Ҳар икки табақа ҳам жаннатий бўлишса-да, биринчи тоифа иккинчисидан даражада ортиқдир, чунки Аллоҳ таоло мужоҳидлар даражасини бошқалардан ортиқ қилган ҳамда уларга Ўзининг раҳмат ва мағфиратини зиёда қилиб берган. 97. Фаришталар ўз жонига зулм қилганларнинг жонини олишаётганда: «Қандай яшадинглар?» деб сўрашади. Улар: «Ер юзида чорасиз эдик», деб жавоб беришади. «Ҳижрат қилсангизлар, Аллоҳнинг Ери кенг эди-ку!» дейишади. Ана шуларнинг жойи дўзахдир ва у энг ёмон макондир. Шундай мусулмонлар борки, улар, ўз даъволарига кўра, чин мусулмонлардир. Лекин улар кофир ҳукуматга қарамлар, дин ишларини, ибодатларини очиқ қила олишмайди, ҳукуматга қарши кураша ҳам олишмайди. Бундай мусулмонларга яшаб турган жойларини ташлаб, бошқа юртларга кўчиш фарздир. Бу ўринда шу масала баён қилинмоқда. Ояти каримага кўра, ўз жонларига зулм қилиб, кофирлар ўлкасида яшаганлар вафот этишаётганида фаришталар: «Сизлар қайси динда эдингизлар?» деб сўрашади. Улар: «Мусулмонлармиз, аммо ночорликдан айта олмасдик», дейишади. 98. Чиқиб кетиш учун тадбир ва йўл тополмаган ночор эркаклар, аёллар ва болалар бундан мустасно. 99. Уларни Аллоҳ кечиришига умид бор, Аллоҳ кечирувчи ва мағфиратлидир. 100. Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, Ер юзида кенг жой ва паноҳ топади. Ким уйидан Аллоҳга ва Расулига ҳижрат қилиб чиқиб, йўлда ўлим топса, бунинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир ва Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир. Ушбу ояти карима ҳижратга тарғиб қилади ва ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса (ватанидан кўчса), унга яшаш ва истиқоматда бўлиш учун Ер юзида жой етарли, унинг ризқи ва маишати фаровон бўлаверади, деб мусулмонларга тасалли беради. Ҳижрат қилувчилар қай ерларга борамиз, у ерларда тирикчилигимиз нима бўлади, мабодо йўлда ўлиб кетсак, аҳволимиз қандай кечади, деб қўрқишмасин. Чунки бу ҳолатларда ҳам ҳижратнинг савобига эришишаверади, ниятлари Аллоҳга маълум, меҳнат ва ҳаракатлари асло бесамар кетмайди, Аллоҳ мукофотини беради. 101. (Эй мўминлар,) сафарда юрганингизда кофирлардан хавфда бўлсангизлар, намозларингизни қаср қилиб ўқиишингизнинг гуноҳи йўқ. Кофирлар, ҳақиқатан, сизларга очиқ душмандир. Сизлар жиҳод, ҳаж ёки бошқа муҳим мақсадлар билан сафарга чиқсангизлар ва душманнинг ҳужум қилиш хавфини сезсангизлар, бу ҳолатларда намозларингизни қаср қилиб (қисқартириб), яъни тўрт ракатлини икки ракат қилиб ўқинглар (Ҳанафий мазҳабида қисқа намоз учун уч кунлик сафар бўлиши лозим, бундан кам бўлса, қаср қилиш дуруст эмас). Бошда кофирлар хавфи шарт қилинган бўлса-да, кейинчалик Расули акрам бехатар сафарларда ҳам қисқартириб ўқиганлар, саҳобаларга ҳам бу ҳақда таъкидлаганлар. Энди мусулмонлар қачон сафарга чиқишса, намозни қисқартириш (душман хавфи бўлсин-бўлмасин) шаръий ҳукм бўлди. Буни Аллоҳ тарафидан фарз ва эҳсон сифатида қабул қилиб, шукрини қилиш лозим. 102. (Эй Муҳаммад,) мўминлар орасида турганингизда уларга имом бўлиб намоз ўқимоқчи бўлсангиз, уларнинг бир қисми қуролланган ҳолда сиз билан намозда бўлсин, улар сажда қилганларидан кейин намоз ўқимаган иккинчи қисми сиз билан намоз ўқисин, улар ҳам эҳтиёт юзасидан қуролларидан ажрашмасин. Кофирлар қурол-анжомларингиздан ғафлатда бўлганингизда қўққисдан ҳужум қилишни хоҳлашади. Агар ёғиндан азият етса ёки бемор бўлсангизлар, қуролларингизни ечишда гуноҳ йўқ. Лекин ҳушёр бўлинглар. Аллоҳ, албатта, кофирларга хорловчи азоб тайёрлаб қўйган. Ушбу ояти каримада хавф намози баён қилинмоқда. Кофирларга қарши жанг қилинаётганда мусулмон мужоҳидлари икки гуруҳга бўлинишади: бир гуруҳ имом билан намознинг ярмини ўқиб, кейин душман қаршисига боради. Кейин иккинчи гуруҳ келиб, имом билан қолган ярим намозни ўқийди. Имом салом берганидан кейин ҳар икки гуруҳ ҳам ярим қолган намозларини алоҳида-алоҳида ўқиб олади. Шом намозида эса биринчи гуруҳ имом билан икки ракат, иккинчи гуруҳ эса бир ракат ўқийди. Намоз ичида туриб борди-келди қилишлари кечирилади. Шу ҳолларда ҳам қурол-яроғларини ерга қўйишмайди, чунки душман вақт топиб бирдан ҳужумга ўтиб қолиши мумкин. Бордию ёғингарчилик, хасталик ёки ожизлик туфайли қурол кўтариб юриш қийин бўлса, қуролларни ерга қўйиб намоз ўқишга ижозат бор. Лекин, барибир, эҳтиёт чораларини кўриш лозим. Агар душман хавфи бу ҳолатларда ҳам жамоат бўлишга имкон бермаса, ерда якка-якка ўқишсин. Бунга ҳам илож бўлмаса, уловларида туриб ишора билан ўқишсин. Бошқа илож қолмаганида намозларини қазо қилишади. 103. Намозни тугатгач, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолда ҳам Аллоҳни зикр этинглар. Хотиржамликда намозни мукаммал адо қилинглар. Намоз, ҳақиқатан, мўминларга вақти белгиланган фарздир. 104. Душманни қувишда бўшашманглар. Агар аламзада бўлсангизлар, улар ҳам сизлардек аламзададирлар. Улар Аллоҳдан умид қилмаган нарсани умид қиляпсизлар, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. Ислом душманлари Аллоҳдан умид қилмаган нарсаларга шаҳидлик мақоми ва жаннат неъматлари киради. 105. (Эй Муҳаммад,) ҳақиқатан, ҳақ Китобни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатганидай ҳукм қилишингиз учун туширдик. Хоинларнинг ёнини олувчи бўлманг. 106. Аллоҳга истиғфор айтинг, Аллоҳ, албатта, мағфиратли, раҳмлидир. 107. Ўз жонига хиёнат қилувчиларнинг ёнини олманг. Аллоҳ, албатта, хиёнатчи гуноҳкорларни яхши кўрмайди. Саодат асрида (Пайғамбаримиз ҳаётлик чоғларида) мунофиқлар ва эътиқоди суст баъзи мусулмонларда бирор ёмон иш қилиб қўйилганда жазодан ва бадномликдан қўрқиб, ҳийла ахтариш одати бор эди. Пайғамбаримиз ҳузурларига келганда ўзларини бегуноҳ қилиб кўрсатиш учун бўлган иш хусусида бошқача айтишарди. Бундан мақсадлари, жиноятни бошқа бир бегуноҳ одам зиммасига юклаб, ҳақиқий гуноҳкорни пок кўрсатиш эди. Бундай ҳолларда бир қанча киши тўпланар, ўзаро маслаҳатлашиб, ғалати баҳоналарни айтишарди. Бир гал мусулмон киши ўз биродарининг совутини ўғирлаб, бир яҳудийни гуноҳкор қилмоқчи бўлди ва кўплашиб қасам ҳам ичишди. Шунда Аллоҳ таоло бир неча оят тушириб, асл воқеани Пайғамбар алайҳиссаломга билдирди ва у Зотни уларнинг ёнини олишдан қайтарди. 108. Инсонлардан яширишса-да, Аллоҳдан яшира олишмайди. Ҳолбуки, У Ўзи рози бўлмаган гапга хуфёна келишаётганларида ҳам улар билан бирга эди ва Аллоҳ уларнинг қлмишларини қамсаб олувчидир. Инсонлар ўз айбларини яширишга қанчалик уринишмасин, қандай ҳийлаларни ўйлаб топишмасин, Аллоҳ таоло уларнинг ҳар бир қилмишини кўриб туради. Шунинг учун, эй Пайғамбар (алайҳиссалом), умматга меҳр-шафқатингиз зиёдалигидан хоин ва хатокорларнинг ёнини олиб, Аллоҳ таоло билан савол-жавоб қилиб юрманг, Аллоҳ бундай хатокорларни ёмон кўради. 109. Сизлар-ку дунё ҳаётида уларнинг ёнини оляпсизлар, қиёмат куни Аллоҳ олдида ким уларнинг ёнини олади ёки ким уларга ҳомий бўлади? 110. Ким ёмонлик ёки ўзига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг кечирувчи ва меҳрибон эканини кўради. Бошқаларга туҳмат, ҳаққига хиёнат ёки бошқа гуноҳ иш билан зарар етказган киши ҳам ёки бирор гуноҳ иш билан ўзига зулм қилган киши ҳам Аллоҳ таолодан гуноҳлари кечирилишини сўраса, бандаларига меҳрибон, фазли-карами кенг Парвардигор унинг катта-кичик гуноҳларини, албатта, кечиради. Ҳар қандай гуноҳнинг иложи истиғфор ва тавбадир. 111. Ким гуноҳ қилса, ўз зарарига бўлади. Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир. 112. Ким хато ё гуноҳ қилса-ю, уни бегуноҳга ағдарса, катта бўҳтон ва очиқ гуноҳни бўйнига олибди. 113. Агар Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, уларнинг бир тоифаси сизни адаштиришга уриниб қолган эди. Улар ўзларидан бошқани адаштиришолмайди ва сизга зарар етказишолмайди. Аллоҳ сизга Китоб ҳамда ҳикматни туширган, билмаганларингизни ўргатган ва сизга Аллоҳнинг фазли буюкдир. Ушбу хитоб Коинот фахри Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қаратилган бўлиб, у Зотга хоинларнинг хиёнатлари изҳор этиляпти. Душманлар бу Зотни йўлдан уришга ҳаракат қилишса ҳам, Аллоҳнинг фазли-карами туфайли бунга эриша олмайдилар, зарар етказиш ҳам қўлларидан келмайди. Чунки Расули акрамга Аллоҳ Ўзининг каломини дастурил-амал қилиб туширган, билмаган нарсаларини ўргатган. 114. Садақага, яхшилик қилишга ва одамлар орасини тузатишга буюришмаса, уларнинг махфий сўзлашувларида яхшилик йўқ. Бу ишларни Аллоҳ розилиги учун қилганларга улуғ мукофотлар берамиз. Яъни кишиларнинг мажлисларда бир-бирлари билан хуфёна суҳбат қуришлари аксари ҳолларда фойдасиздир. Яхши ишни махфий қилишдан кўра ошкора қилган маъқулроқ. Баъзи ҳолатлардагина махфий сўзлашишнинг зарари йўқ. Масалан, хайр-эҳсон учун бирор кимсани далолат қилмоқчи бўлса, ё бирор киши нодонлиги туфайли баъзи номуносиб ишни яхши деб эътиқод қилиб турган бўлса-ю, унинг хатосини билдириб, тўғри йўлга йўлламоқчи бўлса, ё икки киши уришиб қолган бўлса, ораларини тузатиш учун махфий гапирса бўлади, чунки бу ҳолатларда ошкора сўз қилиш ноқулай, ҳатто фитнага сабаб бўлиши мумкин. 115. Ким тўғри йўл аниқ бўлганидан кейин ҳам Пайғамбарга ихтилоф қилиб, мўминларнинг йўлидан чекинса, юрган томонига йўллаб қўямиз ва дўзахга киритамиз. У жуда ҳам ёмон жой! 116. Аллоҳ хоҳлаган(банда)ининг Ўзига ширк келтиришдан бошқа барча гуноҳларини, албатта, кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, ҳақиқатан, адашибди. 117. Улар Ўзини қўйиб санамларга ва саркаш шайтонларга сиғинишади. 118. Аллоҳ шайтонни лаънатлади, у эса: «Қасамки, бандаларингдан тегишли улушимни оламан; 119. ва уларни йўлдан оздираман, ҳою ҳавасга мубтало қиламан, уларга буюрсам, чорваларининг қулоғини кесишади, уларга буюрсам, Аллоҳ яратганини ўзгартиришади», деди. Ким Аллоҳ ўрнига шайтонни дўст тутса, аниқ зиёнга учрайди. Исломгача бўлган жаҳолат асрида ва илк Ислом пайтида инсонлар аёллар номига қўйилган Лот, Уззо, Урбано, Манот, Ноила каби бутларга сиғинишарди. Лекин улар аслида шайтонга сиғинишар, унинг иғвоси ва фитнаси билан бутпарастлик қилишар эди. Ҳолбуки, шайтон лаънатланган ва рад этилган ҳолида илоҳий Даргоҳдан қувилган эди. У Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортиб, Аллоҳ таолонинг лаънатига учраганидан кейин: «Эй Парвардигор, даргоҳингдан қувилдим, энди бандаларингдан ўзимга маълум улуш оламан, ҳар соҳада ўзимга бўйсундираман, дунёга мубтало қилиб, охиратни унуттираман, чорва ҳайвонларининг қулоғини кесиб ё нишон қилиб, бутлар номига атаб қўйиб юборишга, Аллоҳ яратган аъзоларни ўзгартиришга (масалан, юзларга тамға босиш, қош териш, хол қўйиш, улама соч тақиш каби) буюраман», деди. 120. Шайтон уларга ваъдалар беради, хаёлларини чалғитади ва у ёлғондан бошқасини ваъда қилмайди. 121. Ана шуларнинг жойи дўзахдир ва ундан қутулишга жой топишолмайди. 122. Иймон келтириб, яхши ишларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий қолинадиган жаннатларга киритамиз. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор? 123. (Эй мусулмонлар,) сизларнинг ҳам, китобийларнинг ҳам хомхаёллари нажот бермайди. Ким ёмонлик қилса, жазосини олади ва унга Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, мададкор ҳам бўлмайди. Китобийларда «Биз ҳар қанча хато ва гуноҳ ишлар қилсак ҳам, зарари йўқ, чунки пайғамбаримиз ва улуғларимиз бизларни Аллоҳ таолонинг азобидан қутқариб олишади», деган хомхаёллар бор эди. Мана шундай фикрлар айрим нодон мусулмонларда ҳам бор. Парвардигор: «Эй мусулмонлар, на сизларнинг, на китобийларнинг хом хаёллари иш бермайди, ким ёмонлик, гуноҳ қилса, унинг жазосини, албатта, тортади, уни ҳеч ким, на бирор дўст, на бирор ёрдамчи Аллоҳ таолонинг азобидан қутқариб қола олмайди», деб хитоб қиляпти. 124. Эркакми, хотинми – ким яхшилик қилса, ўша жаннатга киритилади ва унга заррача ҳам зулм қилинмайди. 125. Яхшилик қилиш йўлида Аллоҳга юзланган ва Иброҳимнинг ҳаниф динига эргашганнинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Аллоҳ Иброҳимни дўст қилиб олган. 126. Осмонлару Ердаги жамики нарса Аллоҳникидир ва Аллоҳ ҳар бир нарсани қамсаб олган. 127. (Эй Муҳаммад,) сиздан аёллар ҳақида фатво сўрашади. Сиз: «Аллоҳ улар ҳақида Китобда ўқилаётган ҳукм билан: сизлар ҳақларини бермасдан никоҳингизга олишга рағбат кўрсатган етималар ҳақида, шунингдек, ночор-нотавон болалар ва етимларга адолат қилишингиз ҳақида фатво беради», денг. Аллоҳ ҳар бир яхшилигингизни билади. Ушбу сура бошида агар етим қизнинг валийи (вакили), масалан, амакисининг ўғли бу қизни никоҳига олса, унинг ҳаққини бошқа хотинлари каби адо этолмасликдан қўрқса, у ҳолда никоҳига олмай бошқага узатсин, деб буюрилган эди. Бу ҳукмдан сўнг одамлар қўрқиб, бу усулда никоҳланишдан қочишган эди. Кейин бироз тажриба ҳосил қилинганида маълум бўлдики, бегонадан кўра яна ўз валийлари яхши экан. Одамлар Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб фатво сўрашганида юқоридаги ояти карима тушди ва етим қизлар ҳақига нуқсон етадиган бўлса, никоҳ ман қилинди, агар бундай бўлмаса, ижозат берилди. 128. Агар аёл эрининг кўнгилсиз бўлиши ва ташлаб кетишидан қўрқса, иккови ўзаро сулҳга келишларининг гуноҳи йўқ. Сулҳ яхши, нафс эса қизғанишга мойил. Агар Аллоҳдан қўрқиб, чиройли муомала қилсангизлар, Аллоҳ ҳар бир амалингиздан хабардордир. 129. Ҳар қанча уринсангизлар ҳам, хотинларингизга бир хил адолатли бўла олмайсизлар. Бирига оғиб кетиб, иккинчисини ташлаб қўйманглар. Агар ўнгланиб, Аллоҳдан қўрқсангизлар, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Агар бир киши бир неча хотинни никоҳига олган бўлса, ҳаммасини муҳаббатда, ҳар бир ишда баравар кўролмайди, чунки бу мумкин эмас. Лекин бир хотинга оғиб кетиб, бошқасини ташлаб қўйиш ҳам ярамайди, чунки бу зулмдир. Агар кейингисига кўнгли бўлмаса, яхшилик билан жавобини берсин, у ҳам бошқа рўзғор қилиб, оромини топсин. Агар эр сулҳга бориб, зулмдан сақланса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини кечиради. 130. Агар улар ажралишса, Аллоҳ фазли билан бадавлат қилади. Аллоҳ карами кенг, ҳикматлидир. 131. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир. Биз сизлардан олдин китоб берилганларга ва сизларга Аллоҳдан қўрқишни буюрдик. Агар куфр келтирсангизлар ҳам, осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир ва Аллоҳ беҳожат, мақтовга сазовордир. 132. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир. Ҳомийликка Аллоҳ кифоядир. 133. Агар У хоҳласа, эй инсонлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтиради ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. 134. Ким дунё савобини истаса, ҳам дунё, ҳам охират савоби Аллоҳ ҳузуридадир ва Аллоҳ эшитувчи, кўрувчидир. 135. Эй мўминлар, адолатли бўлинглар, ўзингиз, ота-онангиз, қариндошларингиз зарарига бўлса ҳам, тўғри гувоҳлик беринглар. Бой бўлсин, камбағал бўлсин, Аллоҳ уларга хайрихоҳдир. Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманглар. Гувоҳликни нотўғри берсангизлар ёки ундан бош тортсангизлар, Аллоҳ қилмишларингиздан хабардордир. Яъни эй мўмин-мусулмонлар, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қўлдан берманглар, гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар, ҳақиқатни ва ростни баён қилишда ҳатто яқинларингизни ҳам аяб ўтирманглар. Бойларга хушомад, камбағалларга раҳм қилиб ўтирманглар, чунки Аллоҳ таоло уларга сиздан зиёда яқин, хайрихоҳдир. Нафс сўзига кириб, адолатнинг зиддига иш қилманглар. Агар гувоҳлик бераётганингизда ҳақиқатни хаспўшлаб ё нотўғри сўз қилсангизлар, айни воқеани тўла гапирмай мужмал қолдирсангизлар, Аллоҳ таоло барча қилмишларингиздан хабардордир. 136. Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг Расулига, Расулига туширган Китобга, аввал туширган китобларига иймон келтиринглар. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига ишонмаса, у аниқ адашган бўлади. 137. Иймон келтирганларидан кейин куфрга кетган, сўнгра иймон келтиргач, яна кофир бўлган, ҳатто куфри ортиб кетганларни Аллоҳ асло кечирмайди ва тўғри йўлга солмайди. Бу ояти карима мунофиқлар ҳақида тушган. Баъзи уламолар унда яҳудийлар назарда тутилган, дейишади. Улар бошда Мусо алайҳиссаломга иймон келтиришди, кейин бузоққа сиғиниб, кофир бўлишди. Сўнг яна тавба қилиб, иймонга келишди. Кейинчалик Исо алайҳиссаломни инкор этиб, яна куфрга кетишди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) келганларида у Зотни ҳам инкор қилиб, куфрлари янада зиёдалашди. 138. Мунофиқларга қаттиқ азоб хабарини беринглар. 139. Улар мўминлар ўрнига кофирлар билан дўстлашишади. Иззат ва қудратни улардан кутишяптими? Иззат ва қудратнинг бари Аллоҳ ҳузуридадир. 140. Ахир У сизларга Китобда: «Аллоҳ оятларини инкор ё масхара қилаётганлар билан то бошқа гапга ўтмагунларича бирга ўтирманглар!» деб буюрган эди-ку! Шундай қилсангиз, улар кабидирсизлар. Аллоҳ мунофиқ ва кофирларни дўзахда тўпловчидир. 141. Сизларга кўз тикиб турган мунофиқлар Аллоҳ томонидан фатҳ келиб қолса: «Сизлар билан эмасмидик?» дейишади. Агар кофирларга насиб қилса: «Мусулмонлардан ҳимоя қилишда ёрдам бермаганмидик?» дейишади. Аллоҳ қиёмат куни ўртада ҳакамлик қилади ва Аллоҳ кофирларни мўминлар устидан ҳаргиз ғолиб қилмайди. 142. Ҳақиқатан, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлишади, ҳолбуки, Аллоҳ ўзларини «алдаб» қўювчидир. Улар намозга эриниб туришади, хўжакўрсинга ўқишади ва Аллоҳни камдан-кам эсга олишади. 143. Улар аросатда қолишган: на у тарафга ва на бу тарафга қўшила олишади. Аллоҳ кимни адаштирган бўлса, унга йўл топиб беролмайсизлар. 144. Эй мўминлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар! Аллоҳ ҳузурида ўз зарарингизга аниқ ҳужжат бўлишини истайсизларми? 145. Мунофиқлар, албатта, дўзахнинг энг тубидадирлар ва уларга ҳеч қачон ёрдамчи тополмайсиз. Қиёматда дўзахнинг энг тубан жойи мунофиқларга ажратилади. Ҳеч ким уларнинг азобдан қутилишида ёрдам беролмайди. Фақат гуноҳларига тавба қилиб, қилмишларини тузатган, нопок амалларини тарк этиб, динларини холис ушлаганларгина мўминлар қаторидан жой олишади. Мўминларга насиб бўлган илоҳий карам ва иноятга улар ҳам сазовор бўлишади. Аллоҳ таоло яхши амалларнигина қабул қилади, бандаларнинг нима қилаётганини яхши билади. Аллоҳ таоло буюрганларини тасдиқлаган ва мамнуният билан қабул қилган бандаларга Парвардигор адолатли ва раҳмлидир. 146. Фақат тавба қилиб, ўзини тузатган ва Аллоҳга боғланиб, динларини холис Аллоҳ учун ушлаганлар мўминлар билан бирга бўлишади. Аллоҳ, албатта, мўминларга улкан мукофотлар беради. 147. Агар шукр қилсангизлар ва иймонга келсангизлар, Аллоҳ сизларни азоблармиди?! Аллоҳ шукрни қадрловчи ва билувчидир.
ОЛТИНЧИ ЖУЗ 148. Аллоҳ мазлумникидан бошқа бирор ёмон сўзнинг ошкор айтилишини яхши кўрмайди ва Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. Бу ояти каримадан маълум бўладики, бир инсондаги диний ё дунёвий айбни бошқаларга ошкор қилиш дуруст эмас. Лекин мазлум киши золим устидан шикоят қилса бўлади. Кейинги оятдан мазлум ҳам афв этиши афзал экани маълум бўлади. 149. Яхшиликни ошкор ва яширин қилсангизлар ҳам ёки ёмонликни кечирсангизлар ҳам, Аллоҳ, албатта, қодир бўлатуриб кечирувчидир. 150. Ҳақиқатан, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига ишонмайдиганлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларини ажратишни ва: «Баъзиларига ишониб, баъзиларига ишонмаймиз», деб ора йўл тутишни исташади. 151. Ана шулар ҳақиқий кофирлардир ва кофирларга хорловчи азоб тайёрлаб қўйганмиз. Пайғамбарлардан бирини инкор қилиш ҳаммаларини инкор қилганга тенглаштирилади. Яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни тан олмай кофир бўлишди. Аллоҳ таоло ушбу ояти карима воситасида уларни ҳақиқий кофирлар, деб эълон этди, Ислом билан куфр ўртасида янги йўл чиқарувчилар, деб қарор қилди. 152. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига ишонса, улардан бирортасини ажратмаса, мукофотини, албатта, берамиз ва Аллоҳ кечирувчи, раҳмлидир. 153. (Эй Муҳаммад,) китобийлар осмондан китоб тушириб беришингизни сўрашади. Мусодан бундан каттароғини сўрашган ва: «Бизга Аллоҳни очиқ кўрсат», дейишган. Шунда зулмлари туфайли уларни чақмоқ урди. Аниқ далиллар келганидан кейин ҳам улар бузоқни илоҳ қилиб олишди. Шунда ҳам кечирдик ва Мусога аниқ ҳужжат бердик. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, яҳудийлар сиздан шу каби беҳуда нарсаларни сўрашса, ҳайрон бўлманг, чунки улар ўз пайғамбарларидан бундан ҳам ножоиз нарсани талаб қилишган, яъни Аллоҳни ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлишган. Мана шу шаккокликлари учун бирма-бир чақмоқ тушиб, ҳаммаларини ҳалок қилди. Мусо алайҳиссалом дуолари сабабидан яна тирилдилар. Бу мўъжизани кўриб туриб ҳам улар энди бузоққа сажда қилишди. Охири етмиш минг одам қатл қилинди, бу Мусо алайҳиссаломнинг ғалабалари эди. 154. Ваъдаларига мувофиқ устларига Турни кўтардик ва уларга: «Дарвозадан сажда қилиб киринглар» ҳамда «Шанба хусусида ҳаддан ошманглар», дедик ва улардан қатъий аҳднома олдик. Аллоҳ таоло яҳудийларга шанба куни балиқ овлашни ман этган эди, балиқлар шу куни дарёда ҳар қачонгидан кўп кўринар эди. Яҳудийлар шунда ҳийлага ўтишди: дарё яқинига бир ҳовуз кавлашди, шанба куни дарёдаги кўп балиқлар шу ҳовузга кириб қолар, улар ҳовузни тўсиб олиб, эртасига ундаги балиқларни тутиб олишар эди. Аллоҳ таоло ана шу фириблари учун уларни маймун суратига киритиб қўйди. 155. Аҳдномани бузганлари, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлари, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганлари, «дилларимиз берк» деганлари учун жазоладик. Ҳолбуки, Аллоҳ дилларига муҳр босган, айримларигина иймон келтиришади. 156. Ва куфрлари ҳамда Марямга улкан бўҳтон қилганлари учун; 157. «Биз Аллоҳнинг пайғамбари Исо Масиҳ ибн Марямни ўлдирдик», дейишгани учун жазоладик. Ваҳоланки, уни ўлдиришмаган ҳам, осишмаган ҳам, уларга шундай туюлди. Талашиб-тортишганлар унинг тўғрисида шубҳада қолишган. Бу ҳақда маълумотлари йўқ, фақат гумонга суянишади. Уни ўлдирмаганлари аниқ! 158. Балки Аллоҳ уни ҳузурига кўтарган, Аллоҳ буюк ва ҳикматлидир. 159. Ўлимидан олдин унга иймон келтирмайдиган бирор китобий қолмайди. У эса қиёмат куни уларга қарши гувоҳ бўлади. Яҳудийлар Исо алайҳиссаломни қатл қилиш учун уйига боришганида Аллоҳ ҳазрати Исони осмонга чиқариб олди. Аввалроқ бу уйга кирган бир яҳудийнинг кўриниши худди Исо алайҳиссаломга ўхшаб қолди. Кирганлар уни Исо деб ўйлаб ўлдиришди. Сўнгра у Исо эмас, ўз одамлари экани маълум бўлиб қолди. Шундай бўлса ҳам бу воқеа хусусида шубҳага тушиб, талашиб-тортишишди ва бир неча фирқага бўлиниб кетишди. Ҳақиқатда эса улар Исо алайҳиссаломни ўлдиришмаган, у киши тириклар ва осмондалар. Дажжол пайдо бўлганида ер юзига тушиб, уни ўлдирадилар ва қиёмат куни мухолифлари зиддига гувоҳликка ўтадилар. 160. Яҳудийларнинг золимликлари ҳамда кўпларни Аллоҳ йўлидан қайтарганлари учун аввал уларга ҳалол бўлган нарсаларни ҳаром қилдик. 161. Ман этилган фоизни олганлари ва одамлар молини ноҳақ еганлари учун уларнинг кофирларига аламли азоб тайёрлаб қўйдик. 162. Лекин уларнинг чуқур билимлилари, сизга (эй Муҳаммад,) ва сиздан олдин туширилганларга иймон келтирган мўминлари, намозга қоимлари, закот берувчилари, Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига улкан мукофотлар берамиз. 163. Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарларга юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик. Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва авлодларига, Исо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ҳам ваҳий юбордик, Довудга эса Забурни бердик. 164. Ва қиссалари аввал сизга айтиб берилган, айтиб берилмаган пайғамбарларни юбордик ва Аллоҳ Мусо билан роз айтишди. 165. Пайғамбарлардан кейин одамларда Аллоҳга нисбатан ҳужжат қолмаслиги учун хушхабар берувчи ва қўрқитувчи пайғамбарларни юбордик. Аллоҳ буюк ва ҳикматлидир. 166. Лекин Аллоҳ сизга туширган нарсага Ўзи гувоҳлик беради, уни илми билан туширган, фаришталар ҳам гувоҳдир, лекин гувоҳликка Аллоҳ етарлидир. Бу ўринда Саййиди олам Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари Нуҳ алайҳиссалом ва ундан кейинги пайғамбарларнинг рисолатларига ўхшатилиши шу нарсага ишора қиладики, агар Макка мушриклари Расули акрамга туширилган ваҳийларни инкор қилишда давом этишаверса, аввалги пайғамбарларнинг умматлари бошига келган турли азоб-балолар уларга ҳам тушади. Қуръони Карим ҳақлигига Парвардигор ва фаришталар гувоҳдир. Агар шунда ҳам кофирлар инкор қилишса, бу уларнинг бадбахтликлари нишонасидир. 167. Кофирлар ва Аллоҳ йўлидан тўсувчилар қаттиқ адашишади. 168. Ҳақиқатан, кофир ва золимларни Аллоҳ асло кечирмайди ва тўғри йўлга солмайди. 169. Фақат абадий қолинадиган дўзахга йўллайди, бу Аллоҳга осондир. 170. Эй инсонлар, Пайғамбар Парвардигорингиздан Ҳақни олиб келди, унга ишонинглар, ўзингизга яхши бўлади. Агар инкор қилсангизлар, осмонлару Ердаги нарсалар, албатта, Аллоҳникидир. Аллоҳ билувчи, ҳикматлидир. 171. Эй китобийлар, динларингизда ҳаддан ошманглар, Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқасини айтманглар. Масиҳ Исо ибни Марям Аллоҳнинг пайғамбари, Унинг Марямга ташлаган калимаси ва У яратган руҳдир. Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига иймон келтиринглар, Уни «учта» деманглар. Тийилсанглар, ўзларингизга яхши бўлади. Аллоҳ ягона илоҳдир, фарзандли бўлишдан покдир, осмонлару Ердаги нарсалар Уникидир. Ҳомийликка Аллоҳ кифоядир. Китобийларнинг бир фирқаси Исо алайҳиссаломни «Худонинг ўғли» деб эътиқод қилади ва ҳазрати Исони, онаси Марямни Худога шерик қилиб, учта худо бор, деган бузуқ ақидани даъво қилади. Бу нарсаларнинг ҳаммаси уларнинг динларида ҳаддан ошишлари ва ширкка муккадан кетишлари оқибатидир. Аллоҳ фарзандли бўлишдан пок ягона илоҳдир. Аллоҳ таоло адашганларни бу ақийдадан қайтариб тавҳидга – ягона Аллоҳга ишонишга чақиради. 172. Масиҳ ҳам, яқин фаришталар ҳам Аллоҳга бандаликдан асло ор қилишмайди. Ким Унга бандаликдан ор қилиб, кибрга борса, уларнинг барини Ўз ҳузурига тўплайди. 173. Иймон келтириб, яхши ишлар қилганларнинг мукофотини тўлиқ беради, Ўз фазлидан зиёда ҳам қилади. Аммо ор қилиб, кибрга кетганларни аламли азоб билан қийнайди. Улар ўзларига Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, мададкор ҳам топиша олмайди. 174. Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиздан аниқ ҳужжат келди ва равшан нур туширдик. 175. Аллоҳга иймон келтирган ва Унга маҳкам боғланганларни Ўзининг фазли ва марҳаматига сазовор қилади ҳамда тўғри йўлга йўллайди. Мусулмонларга келган аниқ ҳужжат ва равшан нур Қуръони Каримдир. Уни маҳкам тутиб, ундаги Аллоҳнинг ҳукмларига амал қилувчиларни Аллоҳ фазли-марҳамати билан сийлайди ва улар тўғри йўлдадирлар. 176. (Эй Муҳаммад,) сиздан сўрашса, айтингки: «Аллоҳ сизларга калоланинг ҳукмини баён қилади: агар бир киши ўлса-ю, ўзи фарзандсиз, фақат синглиси бўлса, унга марҳум қолдирганининг ярми берилади. Агар сингилнинг фарзанди бўлмаса, ака меросининг ҳаммасини олади. Агар сингил иккита бўлса, ака қолдирганининг учдан иккиси тегади. Агар меросхўрлар ака-сингил бўлишса, бир эркакка икки аёл ҳиссаси берилади». Аллоҳ адашмасликларингиз учун баён қиляпти, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир. Калола – вафот этганида ҳеч кими, яъни ота-онаси ҳам, аёли ва фарзандлари ҳам бўлмаган киши. |