Қуръони каримнинг тафсири | ||||
|
Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4 Тафсир сўзи луғатда изоҳлаш, равшанлаштириш ва ҳар бир жумладан кўзланган муродни очиб бериш маъноларида келади[1]. Тафсир сўзининг истилоҳдаги маъносига олимлар томонидан қуйидагича таърифлар берилган: 1)тафсир учун бошқа ақлий илм соҳаларида бўлганидек чекланган қоида йўқ. Шу сабабли «Тафсир нима?» деган саволга: «Тафсир − бу Аллоҳнинг каломини тушунтириб беришдир ёки тафсир − Қуръон лафзларини ва уларнинг маъноларини очиб берувчи илмдир», − деб жавоб берилади; 2)тафсир жузъий масалаларни ҳам, умумий қоидаларни ҳам ва қоидаларнинг йиғиндисидан ҳосил бўлувчи малакани ҳам ўз ичига олувчи илмдир[2]. Шунга кўра тафсирга таъриф беришда Қуръон оятлари мазмунларини осон тушуниш учун зарур бўлган илмлар, масалан: луғат, сарф, наҳв, балоғат, мантиқ, қироат илмларини эътибордан четда қолдирмаслик зарур. Агар иккинчи фикр бўйича олимларнинг таърифларини келтирадиган бўлсак, тафсирнинг таърифи жуда кўп бўлиб, лафз жиҳатидан турлича бўлса ҳам, ҳаммасининг мазмуни деярли бир хилдир. «Ал-Баҳрул-муҳит» китобида Абу Ҳайён шундай таъриф беради: «Тафсир — шундай илмки, бу билан Қуръон лафзларининг қандай нутқ қилинишини, у сўзлар нимага далолат қилишини, ҳар бир сўз ва жумланинг ҳукмларини, жумланинг ўзидан бевосита тушуниладиган маъноларни, шунингдек, носих ва мансух оятлар, оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳамда тарихий қиссалардан кўзланган мақсадлар ўрганилади»[3]. Имом аз-Заркаший бундай таъриф беради: «Тафсир − шундай илмки, бу билан Аллоҳ таолонинг ўз Пайғамбари Муҳаммад соллалллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган Китоби, унинг маънолари, шариат амаллари ва бандалар устидан Аллоҳнинг чиқарадиган ҳукмлари ўрганилади»[4]. Баъзи олимлар қуйидагича таъриф берадилар: «Тафсир − шундай илмки, унда Қуръони мажид оятларидан Аллоҳ таоло нимани ирода қилгани инсоний нуқтаи назардан ўрганилади»[5]. Яна баъзиларнинг сўзларига қараганда: «Тафсир − оятларнинг нозил бўлиши, унинг сабаблари, ундаги қиссалар, Маккада нозил бўлган оятлар билан Мадинада нозил бўлган оятларнинг тартиби, муҳкам ва муташобеҳлиги, носих ва мансухлиги, хусусийлиги ва умумийлиги, мутлақи ва муқайяди, мужмали ва муфассали, ҳалол ҳақидаги ва ҳаром ҳақидаги, ваъда ва ваъид, амр ва наҳий ҳамда ибратли оятларни ўргатмоқдир»[6]. Юқорида санаб ўтилган тўрт таърифдан шундай умумий хулоса чиқариб: Тафсир деб, Куръони Карим оятларидан Аллоҳнинг муродини инсон ўз ақли даражасида тушуниб, бошқаларга ҳам тушунтириб бера олишдир, дейиш мумкин. [1] Қуръон илимлари ҳақида баҳс 323-б. [2] Ўша манба, 324-бет [3] Имом Заркаший. Ал-Бурҳон. 1-ж, 13 −14-6. [4] Имом ас-Суютий, «Ал-Итқон», 2-ж, 174-6. [5] «Манҳажул-фурқон», 2-ж, 6-6. [6]Имом ас-Суютий,«Ал-Итқон», 2-ж, 174-6. |