A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг!
PDF Босма E-mail

وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْكُرُواْ نِعْمَتَ اللّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَاناً وَكُنتُمْ عَلَىَ شَفَا حُفْرَةٍ مِّنَ النَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

wa-iʿ'taṣimū biḥabli l-lahi jamīʿan walā tafarraqū wa-udh'kurū  niʿ'mata l-lahi ʿalaykum idh kuntum aʿdāan fa-allafa bayna qulūbikum fa-aṣbaḥtum biniʿ'matihi ikh'wānan wakuntum ʿalā shafā ḥuf'ratin mina l-nāri fa-anqadhakum min'hā kadhālika  yubayyinu l-lahu lakum āyātihi laʿallakum tahtadūna
«Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз». Оли Имрон, 103-оят.

 

Ушбу оятнинг бошида Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди: wa-iʿ'taṣimū biḥabli l-lahi jamīʿan. iʿ'taṣimū сўзи араб тилида хавфсизлик учун бирор нарсани маҳкам ушлаб олишни билдиради. iʿṣma бу ҳимоя, iʿ'taṣimū эса ўзингизни ҳимоя қилиш учун бирор нарсани ушлаб туришни билдиради. Ояти каримадаги wa-iʿ'taṣimū biḥabli l-lahi эса  ўзингизни ҳимоя қилиш учун Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг  деган маънони билдиради. Оятнинг давомидаги jamīʿan сўзи Аллоҳнинг ипининг биргаликда ушлаш, ҳамда унинг ҳаммасини маҳкам тутишни билдиради.
Одатда ип ёки арқонни тутинг дейилганда сизни бошқа бир нарсага маҳкам боғлаб турувчи нарса тушунилади. ḥabli l-lahi (Аллоҳнинг ипи) ифодасидан эса,  грамматик нуқтаи назардан қаралганда, икки сўз ажралмас эканлиги тушунилади.  Қисқача қилиб айтганда, арқоннинг бир учи тўғридан-тўғри Аллоҳнинг ҳузурига боғланган, бизлар эса ўзимизнинг хавфсизлигимиз учун унинг иккинчи учидан маҳкам тутиб олишимиз керак. Ана шундай қилганимизда, биз Аллоҳ билан тўғридан-тўғри боғланган бўламиз.
Аллоҳнинг ипи эса  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берганларидек, Қуръоннинг ўзидир. Шундай қилиб, wa-iʿ'taṣimū biḥabli l-lahi jamīʿan, дейилганда барча мусулмонлар билгаликда Қуръонни маҳкам тутиб олишимиз кераклиги тушунилади. Бошқача қилиб айтганда, Қуръони Каримга яқинлашиш, уни маҳкам тутиш жамоавий ишдир. Биз бу ишни биргаликда қилишимиз керак.  Биз сизга, сиз эса бизга Қуръонни маҳкам тутишга ёрдам беришингиз керак.  Бу вазифада доим бир-биримизнинг ёрдамимизга муҳтож бўламиз. Бу шахсий машғулот эмас.
Бунинг устига, jamīʿan сўзининг яна бир маъноси, Қуръони Каримни тўлалигича маҳкам тутиш, яъни унинг бир қисмини маҳкам тутиб, бошқа қисмини инкор қилиш мумкин эмаслигини англатади. Сиз қўлдан келганча Қуръони Каримдан кўп нарсани ўрганиб, уни ўзлаштиришга ҳаракат қилишингиз керак. Сиз Қуръони Каримда аввал эшитмаганингиз, билмаганингиз, ўқимаган нарсангизни кўрсангиз, уни дарҳол қувонч билан қабул қилишингиз керак. Албатта, Қуръони Каримнинг барча қисмини ўрганиш оз вақт талаб қилмайди  ва кўпчилигимиз ҳам ҳаётимиз давомида бунга эришолмаймиз. Аммо  биз иложи борича кўпроғига ҳаракат қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло оятнинг давомида: walā tafarraqū, яъни тафриқага тушманг, бўлиниб кетманг деб бизни огоҳлантиради. tafarraqū дейилганда ўзаро келишолмай, турли гуруҳ-фирқаларга бўлиниб кетиш тушунилади. Аллоҳнинг бу амрини тўлиқ тушуниб олишимиз керак, walā tafarraqū - тафриқага тушманг дедими, биз ўзаро низо ва адоватларни йиғиштириб, фирқаларга бўлинишни тўхтатишимиз керак. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг ипини маҳкам тутиш учун бирлашиш, бир биримизга мадад беришимиз керак. 
Қачонки бизлар Қуръони Каримни маҳкам тутиш учун бирлашиб, ёнма-ён турар эканмиз, ораларимиздаги адоват ҳам йўқола бошлайди, ўзаро ҳамжиҳатлик ривож топади.  Қуръоннинг мўъжизаси ҳам шунда, аслида. Уни маҳкам тутган сари тафриқа ҳақида ўйламайсиз.  Ўзингизнинг бошқа мусулмонлардан фарқингиз ҳақида ўйламайсиз. 
Шу боис, барчамиз ўзимизга бир савол берайлик: бир тарафдан олимлар, бошқа гуруҳлар, бошқа мазҳаблар, бошқа мусулмонларни ва улар қилаётган ишларни танқид қилиб турсак-у, бошқа тарафдан Аллоҳнинг «тафриқга бўлинманг» деган оятларини зикр қилиб турсак, бу ёғи қанақа бўлди?! Ростдан ҳам, Аллоҳнинг ипини маҳкам тутган ҳисобланасизми? Ҳимоянгизга футур етмадими? Бу икки иш ҳеч қачон бирга келмайди. Сиз Аллоҳнинг каломини қанча кўп ўқиганингиз сари, ўзаро бўлиниш истагингиз шунча йўқолади.
Оятнинг давомида Аллоҳ таоло: wa-udh'kurū  niʿ'mata l-lahi ʿalaykum idh kuntum aʿdāan fa-allafa bayna qulūbikum fa-aṣbaḥtum biniʿ'matihi ikh'wānan, яъни «Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз», деди. Мўминларнинг қалбларини улфат қилиши бу Аллоҳ таолонинг неъматидир. Мўминлар ўзидан-ўзи ўзаро меҳрибон бўлиб қолганлари йўқ, уларга ўзаро муҳаббатни неъмат қилиб берган Аллоҳ таолодир. fa-aṣbaḥtum biniʿ'matihi ikh'wānan, Аллоҳ таолонинг неъмати ила биродар бўлдингиз! Ушбу ифодадаги aṣbaḥtum сўзи ўз шаклини тубдан ўзгартириш маъносида келади. ṣabaḥ, яъни тонг сўзи ҳам, туннинг батамом ўзгариб ёришишини билдиради.  Худди шундай қилиб, сизлар ўзаро адоватда, душманликда, яъни тун зулматида эдингиз, Аллоҳнинг неъмати билан сизнинг бу аҳволингиз батамом ўзгариб, қалбларингиз ёришиб, ўзаро биродарга  айландингиз деган маъно чиқади. Субҳаналлоҳ!
Бизнинг замонамиз − танқидчилар асри. Ҳамма жойда танқид: фильмлар танқид қилинади, спорт мусобақалари  ва ҳоказо, барча нарсани танқид қилиш авжига чиққан. Бунинг устига,  дин пешволарини ҳам танқид қиладиган, пайғамбарларни ҳам танқид қилишга уринганлар топилади. Дин нималигини билмайдиганлар эса Аллоҳнинг ўзини ҳам танқид қилишдан тап тортмайдилар.
Бу бало бизнинг умматимизга ҳам юққан. Мусулмонлар орасида уламоларни, бошқа мўминларни, диний ташкилотлар ва бошқаларни танқид қилишдан чарчамайдиганлар бор. Жуда бўлмаса, яқин дўстининг намоз ўқишинию  маҳалла имомини танқид қилиб қўйишади.  Танқидсиз кун кўролмайди.  Бир-биримизни улфат қилиб, биродар қилиб қўйган Аллоҳнинг неъмати қайда? Агар улар хато қилаётган бўлсалар, бориб уларни қучоқлаб, мўмин бўлгани учун биродар деб, хатоларини ўзларига энг гўзал услубда тушунтирмайсизми? Қани ўзаро мухаббат?
fa-aṣbaḥtum biniʿ'matihi ikh'wānan − «Унинг неъмати ила яна биродар бўлдингиз». wakuntum ʿalā shafā ḥuf'ratin mina l-nāri fa-anqadhakum min'hā − «Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди». Аллоҳ таоло ушбу оятда сизларни ўз неъматим билан ўзаро биродар қилгандан кейингина оловли жар ёқасидан қутқардим демоқда. Ўзаро биродарлик сабабидангина оловли жардан омонда қолдик, субҳаналлоҳ!
kadhālika  yubayyinu l-lahu lakum āyātihi laʿallakum tahtadūna − «Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз». Оятнинг охирида Аллоҳ таоло: laʿallakum tahtadūna − «Шоядки, ҳидоят топсангиз», деб бекорга айтгани йўқ.  Ҳидоят топиш дейилганда кўп нарса тушинилади, намоз ўқиш ҳидоятда бўлишнинг бир кўриниши, ҳаж зиёратига бориш ҳидоятнининг бир парчаси, тўғри бўлиш ҳам ҳидоятнинг бир қисмидир.  Аммо  ояти кариманинг охирида «Шоядки, ҳидоят топсангиз», дейилиши, Аллоҳ таоло назарда тутган ҳидоят оятнинг аввалида хабар қилинганини билдиради.
Хулоса қилиб айтганда, сизнинг биродарингизга бўлган муносабатингиз, бошқа мўминга бўлган муҳаббатингиз Аллоҳ таолонинг сизга берган азиз неъмати бўлиб, У Зот буни сизни оловли жардан қутқариш ва сизнинг ҳидоят топишингиз учун қилди.
Аллоҳ таоло барча мўминларни ҳамжиҳатликда Аллоҳнинг ипи бўлмиш Қуръони Каримни маҳкам тутиб, тафриқага бўлинмай, ўзаро биродар бўлиб ҳидоят топишимизга ёрдамчи бўлсин!