A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
“Набийда гўзал ўрнак бор”
PDF Босма E-mail

«Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир (Аҳзоб, 6);  «Батаҳқиқ, сизлар учун, – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб, 21).
Ояти каримада айтиляптики, «Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир». Яъни Пайғамбарнинг мўминлар учун тутган ўрни шунчалик улуғки, у асраб олган отадан ҳам, сулбий отадан ҳам, ҳатто ҳар бир мўминнинг ўз нафсидан ҳам юқори даражададир. Унинг бу даражаси доимий ва боқийдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир нарсада мўминлар учун ҳаммадан, ҳатто ўзларидан ҳам устун мақомдадир.
Бу ғоятда олий мақомдир. Бу дунёда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа инсонга берилмаган мақомдир. Бу мақомнинг улуғлигини янада чуқурроқ тушунишимизга ҳадиси шарифлар ёрдам беради.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Менинг нафсим Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки, сизлардан бирортангиз мен то унга ўзидан, молу дунёсидан, боласидан ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди».
Имом Бухорий ривоят қилган яна бошқа бир ҳадисда айтилади: «Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз, – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

–    Йўқ, эй Умар! Токи мени ўзингдан ҳам маҳбуброқ кўрмагунингча, бўлмайди, – дедилар.
Умар розияллоҳу анҳу:
–    Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, албатта, сиз мен учун ҳамма нарсадан, ҳатто ўзимдан ҳам маҳбубсиз, – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ана энди бўлди, эй Умар, – дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларга уларнинг ўзларидан ҳам ҳақлироқ эканликлари фақат у Зоти бобаракотнинг шахслари билан чегараланмайди, балки у киши келтирган таълимотлар ҳам мўминлар учун ҳамма нарсадан устун туриши лозим.
У Зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Сизлардан бирортангиз, токи унинг нафси мен келтирган нарсага эргашмагунича, мўмин бўла олмайди», – деганлар.
Демак, қандайдир Фалон-Пистонларни ўзига доҳий, йўлбошчи, раҳнамо билганларнинг кимлиги маълум. Ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган Қуръон ва Суннатни қўйиб, бошқа таълимот, назария ва казо-казоларга эргашиб юрганларнинг кимлиги маълум. Мусулмон киши эргашадиган таълимот, ҳаётнинг қайси соҳасида бўлишидан қатъи назар, Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Қуръон ва Суннатдир, бошқа гап ортиқча.
Бу ояти каримага тааллуқли ривоятлардан бирида имом Бухорий улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ҳикоя қиладилар:
«Ҳеч бир мўмин йўқки, мен унинг учун бу дунё ва охиратда одамларнинг энг ҳақдори бўлмасам. Агар истасангиз, «Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир» оятини ўқинглар. Бас, қайси бир мўмин ўзидан кейин мол-мулк мерос қолдирса, уни қариндошлари олсин. Агар қарз ёки зое бўлган болалар қолдирса, эгаси менга келсин, мен унинг мавлосиман».
Яъни «Вафот этган ўша мўминнинг қарзини мен тўлайман, етим қолган болаларига қарайман».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларга нисбатан мақомларини баён қилиш муносабати билан у кишининг аёлларининг ҳам мўминлар учун қайси мақомда туришлари айтилмоқда.
«Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир». Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари мўминларнинг оналаридир. Мўминларга руҳий-маънавий она мақомидадирлар. Улар ўз оналарини қандай ҳурмат-эҳтиром қилсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини ҳам шундай эҳтиром қиладилар. Насабий оналарининг никоҳи уларга ҳаром бўлганидек, бу оналарнинг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Бошқа ишлар ва ҳукмлар ҳам шунга ўхшашдир.
Суранинг кейинги оятида айтилишича, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари – Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар.
Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса! Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳнинг амри биландир. Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин?! Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин?!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Душманга қарши нима чора кўриш кераклиги ҳақида саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг фикрларини қабул этиб, хандақ қазишни бошладилар.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар. Ким тушкунликка тушса, қўрқса, иккиланса, умидсизланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан бу туйғуларидан фориғ бўлар эди.
Хандақ қазиш ишларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммага ўрнак бўлиб, тер тўкдилар. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ер қазир, тупроқ сурар ва замбил кўтарар эдилар. Оғир меҳнат енгиллашиши учун жўр бўлиб, шеър ўқиган саҳобаи киромларга ўзларининг муборак овозлари билан қўшилар эдилар.
Мусулмонлардан бирининг номи Жуъайл (қўнғиз) эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини Амр деб ўзгартирдилар. Бундай хавфли пайтда хунук исмдан қутулиш кайфиятни кўтарар эди. Мусулмонлар бундан хурсанд бўлиб, исм ўзгарганини байтга солиб, баланд овоз билан айта бошладилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам байтнинг охирида уларга жўр бўлиб турдилар.
Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, тупроқ ташир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб, «Қандай ҳам яхши бола экан-а?» деб эркалатдилар. Зайд ибн Собит иш давомида чарчаб, хандақда ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Ҳазм унинг қуролини олиб қўйди. Зайд уйғонгач, қуроли йўқлигини кўриб қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, уйқучи, ухлаб ётганингда қуролинг кетиб қолибдими?» деб ҳазил қилдилар. Сўнгра:«Бу боланинг қуролини ким билади?» деб сўрадилар. Аммора: «Эй Аллоҳнинг Расули, у менда», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга қуролини қайтар», дедилар-да, кейин мусулмон кишининг бирор нарсасини ўзига билдирмай олиб қўйиб, қўрқитишдан қайтардилар.
Салмони Форсий розияллоҳу анҳу хандақ қазиётганида, олдидан катта харсангтош чиқиб қолди. У харсангни синдира олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, унинг қўлидан чўқморни олдилар. Харсангни куч билан урган эдилар, ўт чақнаб кетди. Яна бир урган эдилар, яна ўт чақнади. Учинчи марта урган эдилар, учинчи марта ҳам ўт чақнади. Шунда Салмони Форсий розияллоҳу анҳу:
– Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули, мен кўрган нарса нима ўзи? Зарба берганингизда ўт чиқди? – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Сен ўшани ростдан кўрдингми, эй Салмон? – деб сўрадилар. Салмон розияллоҳу анҳу:
–    Ҳа, – деб жавоб берди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Биринчиси билан Аллоҳ таоло менга Яманни фатҳ қилди. Иккинчиси билан Аллоҳ менга Шомни фатҳ қилди. Учинчиси билан Аллоҳ менга Мағрибни фатҳ қилди, – дедилар.
Бу хабар яшин тезлигида мусулмонлар ичида тарқалди. Уларнинг руҳлари юксалди, ғалабага бўлган ишончлари мислсиз даражада ортди. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тинмай Аллоҳ таолога ёлворар, намоз ўқиб, муножот қилар, Роббул оламиннинг Ўзидан нусрат сўрар эдилар. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси мусулмонлар учун гўзал ўрнакдир. Шунинг учун ҳам ўзларидан кўра сон ва қурол жиҳатидан ғоятда устун бўлган аҳзобларни кўрган мўминлар заррача қўрқмадилар.

 

«Тафсири Ҳилол»дан