Ҳар бир фаннинг номланишдаги исми луғавий маънони ҳам ўзида мужассам қилади. Унинг луғавий маъноси равшан қилиш, очиб бериш маъноларини англатади. Луғавий маънонинг ҳам тафсир илмига ҳам алоқаси бор. Чунки тафсир илмида Қуръони Каримнинг маънолари очиб берилади, баён қилинади. Шу эътибордан бу илмга тафсир илми дейилади. Тафсир илмига икки хил таъриф берилган. Қудамоларнинг таърифи ва мутааххирларнинг таърифи. Қудамолар тафсирга: «Мутлоқ Қуръони Каримнинг маънолари ва матлабларини шарҳлашдир», деб таъриф берганлар. Чунончи аллома Заркаший розияллоҳу анҳу тафсир илмининг таърифини қуйидагича баён қиладилар: «هو علم يعرف به فهم كتاب الله المنزل على النبى صلى الله عليه وسلم و بيان معانيه واستخراج أحكامه وحكمه» Яъни «У бир илмдирки, у билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Аллоҳ таоланинг китобининг мафҳуми, маъноларининг баёни, унинг ҳукмлари ва ҳикматларини чиқаришлик билинади». Кейинчалик тафсир илми алоҳида бир илм шаклини ихтиёр қилганидан сўнг ва уламолар тарафидан тафсир илмига ҳар эътибордан хизматлар қилинганидан кейин у илм ниҳоятда кенг ва ўз ичида кўп нарсаларни қамраган илм бўлди. Замонларнинг тақозосига мувофиқ, унга тафсилотлар ҳам изофа қилиниб, қўшилиб борди. Тафсир илми ушбу тафсилотларни ўраб олганидан кейин унга берилган ҳозирги истилоҳий таърифи кучлидир. «علم يبحث عن كيفية النطق بألفاظ القرآن، ومدلولاتها، وأحكامها الإفرادية والتركيبية، ومعانيها التى تُحَمل عليها حالةَ التركيب و تتماتٍ لذلك» У Қуръон лафзларини адо қилишлик кайфияти (қироатлар), унинг (лафзларининг луғавий) маънолари, унинг муфрад ва таркибий ҳукмлари (сарф, наҳв балоғат қоидалари), таркиб ҳолатида далолат қиладиган (ҳақиқий ва мажозий) маънолари ва у илмнинг тўлдирувчилари (носих, мансух, нозил бўлиш сабаблари ва қиссалар)дан баҳс қиладиган илмдир. Мутааххир уламоларнинг бу таърифига биноан тафсир илми қуйида зикр қилинадиган ишлардан баҳс қилади: 1. Қуръон лафзларини адо қилиш тариқаси. Яъни Қуръон лафзлари неча тариқа билан ўқилади. Шунинг учун баъзи муфассирлар ўзларининг тафсирларида ҳар бир оятларни баён қилишлари билан бирга, уларнинг нақл қилинган қироатларини ҳам баён қилиб берганлар. Тафсир илмида қироатларни баён қилишликда қироат илмидан мадад олинади. 2. Қуръон лафзларининг маънолари. Бундан мақсад Қуръон лафзларининг луғавий маънолари ҳам тафсир илмида баён қилинади. Шунинг учун тафсир китобларида луғат олимларининг ҳаволалари кўплаб келтирилади. Шунинг учун тафсир илмида луғат илмидан тўлиқ воқиф бўлиш зарурати бор. 3. Қуръон лафзларининг муфрад ҳукмлари. Бундан мақсад оятлар қайси вазн ва бобларда келган, бу вазн ва бобларнинг хусусиятлари нима. Буларни баён қилишликда сарф илмига зарурат туғилади. 4. Қуръон лафзларининг таркибий ҳукмлари. Яъни бир лафз борасида сўз боради ва бу сўз бошқа лафзлар билан бирга бўлганда қандай маънони англатади. Унинг наҳв бўйича таркиби нима, оятда ёзилган ҳаракатлар нима учун келган, бу таркиб топган лафз қандай маънога далолат қиляпти?. Буларни билишлик учун илми маъоний ва наҳв илмларини билишликка зарурат сезилади. 5.Қуръон лафзларининг таркиб ҳолатида далолат қиладиган маънолари. Яъни лафзлар таркиб бўлган чоғда қайси маъноларга далолат қилади?. Оятлар ўзидан олдинги ва ўзидан кейинги оятлар билан бирга қайси маъноларни англатади?. Лафзларнинг мажозий ва ҳақиқий маъноларини ҳам баён қилади. Буларни билишликда усулул-фиқҳ, баён илми ва ҳадис илмларидан мадад олинади. 6. Тафсир илмининг тўлдирувчилари, яъни носих, мансух, нозил бўлиш сабаби, Қуръондаги ишоратлар, қиссалар ва бошқалар. Буларни билишликда Қуръони Карим, ҳадис ва сийрат илмларидан мадад олинади. Яна бир таърифи: علم يبحث فيه عن القرآن المجيد من حيث دلالته علي مراد الله تعالي بقدر الطاقة البشرية Яъни Унда инсон қудрати етгунча Аллоҳ таолонинг муродига далолат қилиш жиҳатидан Қуръони Каримдан баҳс қилинадиган илм. Тафсир илмининг майдони шунчалик кенгки, унда дунёнинг ҳамма илмларининг маълумотлари ҳам қамраб олингандир.
Тафсир илмининг мавзуси
Ҳар бир фаннинг аслига таъаллуқли бўлган нарсаларидан баҳс қилинса, ўша нарсалар у фаннинг мавзуси дейилади. Тафсир фани асл ҳисобланиб унда баҳс қилинадиган нарса Аллоҳ таолонинг оятларидир. Демак, тафсир фанининг мавзуси Аллоҳ таолонинг оятларидир. موضوعه – كلام الله تعالي من حيث دلالته علي مرادالله تعالي Яъни: Тафсир илмининг мавзуси – Аллоҳ таолонинг мақсадига далолат қилишлик жиҳатидан Аллоҳ таолонинг каломидир.
Тафсир илмининг мақсади
غرضه – الإهتداء بهداية الله تعالي و التمسك بالعروة الوثقي و الوصول إلي سعادة الأبدية Тафсир илмининг мақсади – Аллоҳ таолонинг ҳидояти билан ҳидоятланиш, мустаҳкам тутқични ушлашлик ва абадий саодатга эришишликдир.
Тафсир илмининг фазли
1. Бу илм Парвардигорнинг ўзининг илми бўлиб, баён қилишликни ҳам У Зот ўз зиммасига олган илмдир. Қуръони Каримда шундай дейилган: ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا بَيَانَهُ Яъни: «Сўнгра у(Қуръон)ни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда» Қиёмат сураси 19- оят. Ушбу оятдан маълум бўляптики, биринчи муфассир ҳам Аллоҳ таолонинг ўзи экан. Демак, Парвардигорнинг ўзи биринчи муфассир бўлиши бизга бу илмнинг нақадар фазилатли эканлигидан дарак беради. 2. Қуръони Каримни тафсир қилишлик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифасидир. Бу ҳақида Қуръони Каримнинг Наҳл сурасининг 44- оятида шундай дейилган: وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ Яъни: «Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар». Ушбу оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муфассир эканликлмкларини баён қиляпти. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг қавллари, феъллари ва сўзлари билан Қуръони Каримни баён қилиб бердилар. 3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз амакиларининг ўғли Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни дуо қилганлар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоятида шундай дейилган: اللهم علمه الكتاب Яъни: «Аллоҳим! Унга Китобни ўргат». Имом Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳнинг ривоятида эса шундай дейилган: اللهم علمه التأويل Яъни: «Аллоҳим! унга таъвилни ўргат». Абдуллоҳ ибн Аббоснинг фазли ҳақида Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай деганлар: نعم ترجمان القرآن ابن عباس! Яъни: «Ибн Аббос Қуръоннинг қандаям яхши таржимони!» Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг яхшиси инсонларга Қуръонни ўргатадиганлар эканлигини баён қилганлар. Бундай маънодаги ҳадислар Қуръоннинг лафзларини ўқишликни ўргатишлик билан бирга, маъноларини ҳам ўргатишликни ўз ичига қамрайди. Буларнинг ҳаммаси тафсир илмининг фазлига фазл қўшади.
Тафсир ва таъвил ўртасидаги фарқ
Мутақаддим уламолар тафсир ва таъвил бир маънода, яъни тафсирдан таъвил, таъвилдан эса тафсир ирода қилинган дейишганлар. Мутаааххир уламолар эса, улардан Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир билан таъвилнинг ўртасини фарқлаб шундай таъриф берганлар: التفسير – القطع بأن المراد من اللفظ هذا، والشهادة علي الله أنه عني باللفظ هذا، فإن قام دليل مقطوع به فصحيح، وإلاّ فتفسير بالرأي و هو المنهي عنه. والتأويل – ترجيح أحد المحتملات بدون القطع والشهادة علي الله. Тафсир – (бу) лафздан мурод будир, деб қатъий қилишлик (яъни айтишлик) ва Аллоҳ таоло лафздан буни қасд қилган деб Аллоҳни гувоҳ қилишлик. Агар муфассирнинг шу сўзига қатъий далили бўлса, у саҳиҳдир. Магар (яъни агар лафздан мурод будир, деб қатъий айтса ва Аллоҳ таоло бу лафздан шуни қасд қилган, деб Аллоҳни гувоҳ қилса-ю, лекин қатъий далил унинг хилофига гувоҳлик берса,) у рай билан тафсир қилиш дейилади ва бу қайтарилгандир. Таъвил – қатъий қилмасдан, Аллоҳни гувоҳ қилмасдан бир неча эҳтимолли маънолардан бирини қувватлашликдир. Юқорида рай билан тафсир дейилди. У ўз ҳузуридан, ўз хоҳиши билан тафсир қилишга айтилади. Бундай тафсир сабабидан қатъий ижмо қилинган масала ёки салафи солиҳинларнинг ижмо қилган ақийдаси ўзгариб қолиши мумкин. Аммо саҳиҳ тафсир – бу далил ёки қарина билан қилинган тафсирдир.
Рай билан тафсир қилишдан ҳазир бўлиш
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг китобида ўз райи билан гапириб тўғри айтган бўлса ҳам, хато қилган бўлади», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилишган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонда илмсиз бир гапни айтган бўлса, дўзахдаги ўрнидан жой олаверсин», дедилар». Термизий ривоят қилган. Бу жуда ҳам катта таҳдид бўлиб, ундан доимо эҳтиёт бўлмоқ лозим.
Қудратуллоҳ Сидиқметов тайёрлади
|