Муддассир сурасидан кейин Маккада нозил бўлган бўлиб, етти оятдан иборатдир. Қуръони Каримнинг илк сураси бўлганлиги учун очиш (очилиш) маъносидаги «Фотиҳа» номи билан аталган. Бу суранинг бошқа номлари ҳам бўлиб, улар китоблар онаси маъносидаги «Уммул китоб», диний асосларни ўз ичига олганлиги учун «ал-Асос», Исломни асос чегараларигача англатгани учун «ал-Вафия» ва етти оятдан иборат бўлиб, икки марта нозил бўлгани учун «Сабъул-масоний» ва бир қанча сир-синоатларни мужассамлаштиргани учун «ал-Канз» (Хазина) деб ҳам номланган. Пайғамбаримиз саллаллоуу алайҳи васаллам «Фотиҳа»ни ўқимаганнинг намози намоз бўлмайди», деб марҳамат қилганлар. Шунинг учун «Фотиҳа» сураси намозларнинг ҳар бир ракъатида ўқилади.
Ушбу сура маъноси жиҳатидан энг улуғ дуо ва муножот ҳисобланади. «Фотиҳа» сурасида фақат яккаю ягона Аллоҳга бандалик қилиниши, ёрдам, мадад ёлғиз ундан келиши, ҳидоят (тўғри йўл)га мушарраф бўлиш ва тўғри йўлдан адашиш уам Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига боғлиқлиги, чунки яхшилик ва ёмонлик – ҳар иккисининг ҳам яратувчиси Аллоҳ жалла жалалуҳу эканлиги ўз ифодасини топган. Қуръони Карим бутун инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш учун нозил қилингандир. «Фотиҳа» сурасида эса Қуръонда келтирилган асосларни маъно-мазмун жиҳатидан ўз ичига олган оятлар мавжуддир. Зеро, «Фотиҳа» сурасида мадҳу санога, таъзим ва ибодат қилишга лойиқ ёлғиз Аллоҳнинг борлиги, Ундан бошқа суянадиган бирор куч-қудрат йўқлиги англатилади ҳамда тўғри йўлга кириш, яхши солиҳ инсонлардан бўлиш ва охират саодатига ноил бўлиш Яратувчи Зотдан сўралади.
1.Бисмилла'ҳир раҳма'нир раҳи'м Бу китобни ҳамма махлуқотларга тириклик неъматини бериб ризқлантиргувчи Аллоҳ таолонинг номи билан бошлайман. У камолга етказгувчи, аҳли иймонга раҳм қилиб, меҳрибонлик ила жаннатга киргузувчи ва унда иззат ва ҳурмат кўргизувчидур.
2.Алҳамду лилла'ҳи Раббил а'лами'н. З.Арраҳ-ма'нир раҳи'м. 4.Ма'лики йавмидди'н Яъни Аллоҳ таоло айтади: «Эй бандалар, ҳамд айтинглар. Ҳамд – кўркам сифатлар ва яхши мақтовлар Аллоҳ таолога хосдир. Яъни Аллоҳ таолонинг ўзига лойиқ ва муносибдур. Чунки Аллоҳ таоло роббил а'лами'ндур, яъни ҳамма оламни яратиб тарбия қилғувчидур». Бизга кўриниб турган ва кўринмаган оламларнинг яратгувчи ва тарбия қилувчиси ёлғиз Парвардигорнинг ўзидур. Аллоҳ таолонинг бир сифати Раҳмондур, яъни дунёда мўмин ва кофирни яратиб, баробар ризқ бериб тарбия қилғувчидур. Ризқ берувчиликда ҳаммага баробардур. Аллоҳ таолонинг яна бир сифати: Раҳиймдур, яъни Аллоҳ таоло иймонли бандаларига меҳрибондур. Охиратда раҳмат қилғувчидур. Бу раҳматига дохил бўлиш учун киши иймонлик бўлиш шартдур. Аллоҳ таолонинг яна бир сифати: Ма'лики йавмидди'ндур, яъни Аллоҳ таоло жазо кунининг эгасидур. Явмиддин деб ҳисоб-китоб қилинадиган кун — Қиёматни айтилур. Ҳисоб-китоб кунининг эгаси, албатта, Аллоҳ таолонинг ўзидур. Бошқа Зот эмасдур.
5.Иййа'ка наъбуду ва иййа’ка настаъи'н Аллоҳ таолодан тилайдиган тилакни Аллоҳнинг ўзи бизга таълим бериб айтади: Эй бандалар, айтинглар Ийй-а'ка наъбуду деб, яъни: «Эй Парвардигорим, биз фақат сенгагина ибодат қиламиз. Сендан бошқага ибодат қилмаймиз ва сиғинмаймиз. Қулликни Сенинг ўзингга қиламиз». Ва бас, Ва иййа'ка настаъи'н, денглар, яъни: «Эй Худо, биз ҳар нечук ҳожатимиз бўлса, мададни Сенинг ўзингдангина тилаймиз ва ёрдамни ҳам фақат Сенинг ўзингдангина сўраймиз ва бошқадан асло талаб қилмаймиз». Яна Аллоҳ таоло: «Тиланглар мендан?» деб кейинги оятларда марҳамат қилади.
б.Иҳдинас сиротал мустақи'м Яъни Эй Аллоҳ, бизларга тўғри йўлни кўрсатгил.
7.Сироталлази'на анъамта алайҳим Шундоғ тўғри йўлки, пайғамбарларга, авлиёларга инъом ва эҳсон қилиб берган эдинг ва ўшал зотларга берган рост йўлларингни бизга ҳам бер ва насиб этгил.
Ғайрил мағзу’би алайҳим Уларга ғазаб қилинган эмас, яъни эй Парвардигорим, бизларни Сенинг ғазабингга қолган яҳудийларнинг йўлидан бошқа йўлга бошлагин. Чунки яҳудлар Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар деб эътиқод қилмайдилар.
Валаз зо'лли'н Ва улар адашганлардан ҳам эмаслар, яъни эй Парвардигорим, бизларга ул адашган насронийларнинг, гумроҳларнинг йўлини кўрсатмагилки, улар тўғри йўлдан озиб, Сендан бошқаларга сиғиниб, чўқиниб, Сенинг зотингга бошқаларни шерик қилиб йўлдан оздилар. Бу йўл эса бутпарастларнинг йўлидур.
Муҳаммадхон мулло Исҳоқ қори ўғли Маҳжурий тафсири
|