Қандай қироатга "тартил" дейилади | ||||
|
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «...Қуръонни «тартил» билан тиловат қилинг» (Муззаммил, 4). Ҳазрат Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) тартил нима деб сўраганларида, «тўлиқ баён билан ўқиш» деб жавоб берган эканлар (Имом Наҳҳос. «Ал-вақф вал-ибтидо»). Билдириш, равшан қилиш «баён»дир. Муфассирлар бу оятни: «Ҳарфларни очиқ билдириб, вақфларга риоя қилиб, ҳаракатларни маромига етказиб ўқи», мазмунида тафсир қилишган («Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил», «Ал-футуҳотул Илоҳийя»). Ҳазрат Алидан (розияллоҳу анҳу): «Тартил нима?» деб сўраганларида, «Вақф ўринларини билиш ва ҳарфларни чиройли талаффуз қилиш», деб жавоб берган, дейилади (Аҳмад ибн Абу Саъид Амбитҳавий (Мулла Жуюн) «Тафсиротул-Аҳмадийя» ва Имом Жалолуддин Суютий «Ал-итқон фи улумил-Қуръон»). Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) гапиришлари тартил ёки тарсил (шошмасдан гапириш) эди» («Сунани Аби Довуд»). Демак, қори тиловат қилганида ояти карималарнинг ҳар бир ҳарфларини махражидан чиқариб, ҳаракатларини тўлиқ талаффуз қилиши, калималарини бир-бирига қориштириб ташламасдан, вақф ўринларида вақф этиб тиловат қилиши лозим. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Қуръони Карим етти ҳарфда (яъни араб қабилаларининг етти шевасида) нозил қилинди. Қайси бирида қироат қилсаларинг ҳам, сизларга зиёни йўқдир. Лекин раҳмат оятини азоб ояти билан (аралаштириб), азоб оятини раҳмат ояти билан (аралаштириб) тугатманглар» (Имом Аҳмад ривояти). Тажвид китобларимизда ояти карима тугаганда, тўхташ шарт бўлса (""?) ҳарфи ёки тўхташ мумкин бўлмаган ўринларда (""?) ҳарфи қўйилгани айтилган. Ушбу аломатлар бизнинг диёримизда нашр этилган Қуръони Каримнинг Абдураҳмоний, Абдумалик ва Абдулвоҳидий нусхаларида мавжуддир. Бу белгилар араб тили ва араб тили грамматикасини билмаганларга ҳам Қуръони Каримни қироат қилишда қулайлик туғдиради. Имом Наҳҳос Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда саҳобаларнинг ҳалол ва ҳаром ҳақидаги илмни қай даражада жидду жаҳд билан ўрганишган бўлса, вақф ўринларини ҳам худди шундай таълим олишгани айтилади. Айримлар ҳар оятда тўхтаб қироат қилиш суннат деб, «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бўлиб-бўлиб қироат қилардилар:(...) деб тўхтардилар.(...) деб тўхтардилар. Кейин (..).ни ўқирдилар», ҳадиси шарифини далил қилишга уринади. Оят ва ҳадисдан ҳукм олиш даражасига етиш учун бир неча илмларни, жумладан, усулул-фиқҳ илмини мукаммал билиш лозим. Чунки оят ва ҳадисларнинг ичида носих ва мансух, ҳақиқат ва мажоз, сариҳ ва киноя, мутлақ ва муқайяд, матннинг иборавий ва ишоравий маънолари, матнга тааллуқли масалалар каби бир қанча усулий қоидалар мавжуд. Мазкур ҳадисни Имом Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ) ғариб ва исноди муттасил эмас, деганлар. Мазкур ҳадис ровийларидан Ибн Абу Мулайка Умму Салама (розияллоҳу анҳо) онамизни кўрмаган. Лекин у зотдан тўғридан-тўғри ҳадис ривоят қилган. Вақф қоидаларига амал қилмаслик айрим ўринларда Қуръони Карим маъносига мутлақо зид маъно англашилувига олиб келади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Бизлар Қуръон ўқишдан олдин иймон арконларини ўрганардик. Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нозил бўлган сураларнинг қаерида вақф қилиш лозим эканини ҳам таълим олардик». Ҳозирда инсонларга иймон арконларини ўрганишдан олдин Қуръон ўргатиляпти. Натижада Қуръони Каримни охиригача ўқиб чиқадилар, лекин унинг ичидаги буйруқлари қайси-ю, наҳийлари қайси ёки қайси жойларида вақф қилиш лозимлигини билишмайди, оғзиларидан хурмонинг данагини отгандай «отадилар» (ўзлари билганларича пала-партиш қилиб тиловат қиладилар) (Имом Наҳҳос. «Алқатъ вал-этиноф»). «Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил»; «Тафсиротул Аҳмадия»; «Ал-Вақф вал-ибтидо»; «Ал-итқон фи улумил-Қуръон» китоблари асосида Обираҳмат ҒАНИЕВ тайёрлади. |