A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Сулаймон кофир эмас эди
PDF Босма E-mail

«(Улар) яна Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Сулаймон кофир эмас эди, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. (Икки фаришта): «биз фақатгина синов (воситасимиз, бизга ишониб) кофир бўлиб қолма», деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас,) ўзларига фойдасиз, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. (Аллоҳнинг китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!» (Бақара, 102).

Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Калбий бундай дейди: «Шайтонлар сеҳр-жодуга оид билим ва тилсимларни ҳазрат Сулаймон алайҳиссаломнинг котиби Асафнинг тилидан ёзиб олдилар ва у зот намоз ўқийдиган ернинг тагига кўмдилар. Сулаймон пайғамбар алайҳиссалом эса  буни сезмадилар. У зот вафот этганларидан кейин шайтонлар ўша нарсаларни чиқариб, одамларга кўрсатдилар ва «Сулаймон сизнинг устингиздан мана бу нарсалар ёрдамида ҳукмронлик қилди. Келинг, сизлар ҳам шу билимларни ўганинг!» дедилар. Бани Исроилнинг олимлари буни рад қилсалар ҳам, оддий одамлари шайтонларни тасдиқладилар ва улардан сеҳр-жодуни ўргана бошладилар. Пайғамбарларининг китобларини рад қилдилар. Бу ҳол Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар бўлиб келгунларигача давом этди. Кейинроқ Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга Сулмаймон алайҳиссалом бу ишдан пок эканлари ҳақида ушбу ояти каримани нозил қилди.

«(Улар) яна Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқиган нарсаларга эргашиб кетдилар...» оятидаги «Сулаймон подшоҳлиги» ҳақида муфассирлар турли тафсирларни олға сурганлар. Имом Фахриддин Розийга кўра, ҳазрат Сулаймон алайҳиссаломнинг мулки пайғамбарлигидир ёки мулкига пайғамбарлик киради. Сулаймон пайғамбарнинг қавми у зот мулкини сеҳр билан қўлга киритганини даъво қилиш билан худди у зотнинг мулки хусусида туҳмат қилган бўлишади. Суддий айтади: «Оятда Аллоҳ таоло китобларини ортига ирғитган яҳудийларнинг сеҳр-жодуга эргашганлари ҳақида хабар бермоқда».

Суддий айтади: «Яҳудийлар Тавротни олға суриб, ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқдилар. Бироқ қарасалар, Таврот билан Қуръон бир-бирига мувофиқлиги аён бўлди. Энди улар Тавротни ҳам бир четга ташлаб қўйиб, Асафнинг сеҳр китоби ва Ҳорут билан Морутнинг жодусига ёпишдилар».

Муҳаммаб ибн Исҳоқ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Сулаймон алайҳиссаломни пайғамбарлар орасида зикр қилганларида яҳудий олимларидан бири бундай деган: «Муҳаммад Сулаймонни пайғамбар бўлган, деб гумон қиляпти. Ҳолбуки, у фақатгина сеҳргар эди!» Шу воқеадан кейин Аллоҳ таоло  «Сулаймон кофир эмас эди, лекин ... шайтонлар кофир эдилар», оятни нозил қилди. Яъни ўша шайтонлар Сулаймон алайҳиссаломнинг одамларга кўрсатган денгизда юриш, қушлару жинларни ўзига тобе қилиш каби мўъжизаларини сеҳр-жоду деб талқин этганлар».

Ато дейди: «Ояти каримадаги «татлу» сўзи «ўқимоқ» маъносини билдиради». Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса бу сўзни «орқасидан келиш», «эргашиш» маъносида тафсир қилган.

«...эргашиб кетдилар», оятини Ибн Жарир Табарий «устун тутдилар», деб тафсир қилган.

«Сулаймон кофир эмас эди...» ояти билан Аллоҳ таоло бу пайғамбарнинг гуноҳсиз эканини билдирмоқда. Ояти каримада ҳеч кимнинг Сулаймон алайҳиссаломни куфрда айблагани айтилмайди, бироқ яҳудийлар у зотни сеҳргар деб ҳисоблаганлар. Сеҳр эса куфр бўлгани учун Сулаймон алайҳиссаломни сеҳргар  дейиш уни куфрда айблаш билан тенгдир. Оят давомида Аллоҳ таоло «...лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар», дейиш билан шайтонларни сеҳр-жодуни ўргатганлари сабаб кофир бўлганларини билдирмоқда.

Сеҳр, муфассир Розийга кўра, луғавий жиҳатдан «яширин ва сабаби номаълум нарса» деган маънони билдиради. Шариат истилоҳида эса  сабаби яширин бўлган, кишилар онггига таъсир қилиш орқали йўқ нарсани бордек кўрсатиш, кўзбўямачилик ва алдов мақсадида қилинган ҳар қандай иш сеҳр даб аталади. Унинг ҳақиқийлиги масаласида ҳар хил фикрлар билдирилган. Ҳанафий олимлардан Ғазнавий ўзининг «Уюнул маъоний» асарида бундай ёзади: «Сеҳр, мўътазилийлар фикрича, асоси йўқ алдовдир. Шофеийлар эса сеҳрни «васваса ва касаллик» деб атаганлар. Бизнинг мазҳабга кўра, сеҳрнинг асли юлдузлар хусусиятининг таъсирига таянувчи бир қанча тилсимлар ва қийин ишларни осонлаштириш учун шайтонга қилинадиган таъзимдир».

Фахруддин Розий сеҳрнинг ҳақиқат эканини айтади. Унга кўра, сеҳрнинг ҳақиқат томонлари бор. Аллоҳ таоло сеҳр асносида истаганини яратади. Бошқа томондан, сеҳрнинг бир қисми кўзбўямачиликдан иборат.

Қуртубий эса сеҳрнинг аслида ҳийла ва хаёлий шакллар кўрсатиш орқали бир нарсанинг аслидан бошқача суратда намоён этиш эканини айтади. Бунинг натижасида сеҳрланган одамнинг кўзига ўша нарса аслидан бошқа суратда кўринади.

Шу ўринда сеҳр билан мўъжизанинг фарқини ажратиб олиш керак бўлади: сеҳр сеҳргар ёки бошқа ҳар ким амалга ошириши, кўрсатиши мумкин бўлган нарса. Бир пайтнинг ўзида кўпгина одам сеҳрни ўрганиб, уни кўрсата олиши мумкин.

Мўъжиза эса  фақат пайғамбарларгагина берилган, Аллоҳ таолонинг изни билан керакли ўринда фақат шу пайғамбаргина кўрсата оладиган ҳолат. Мўъжизанинг ўхшашини кўрсата олиш ёки ундан ҳам катта ғайтиоддий ишларни содир этиш имконини Аллоҳ таоло ҳеч кимга бермайди. Бошқа томондан жодугар пайғамбарлик даъвосини қилолмайди ва ўзининг қилаётган ишидан мўъжизанинг беҳад устунлигини яхши англайди. Шу маънода сеҳргар воситасида юзага келган ҳолатлар мўъжизадан фарқ қилади.

Ҳорут ва Морут арабча бўлмаган исмлардир. Тафсирларда бу икки фариштанинг одамларга сеҳр ўргатиш ва бошқа қатор гуноҳлар қилишгани, сўнг эса дунё ва охират жазосидан бирини танлаш ихтиёри берилганида дунё азобини танлашгани, шу боис ҳозирда азобланишаётгани ҳақида узундан узоқ тафсилотлар келтирилган. Аммо буларнинг бари заиф ва асли йўқ ривоятлар экани ҳам қайд этилгани учун уларни келтириб ўтирмадик. Зеро, фаришталар яратилишдан бегуноҳ бандалар бўлиб, Аллоҳнинг буюрганидан четга чиқмасликлари ҳақида Парвардигорнинг ўзи гувоҳлик берган (Қаранг: Анбиё, 26-27).

Бу икки фариштанинг туширилиш ҳикмати ҳақида Фахруддин Розий бундай дейди: «Мўъжизанинг сеҳрдан фарқли эканини англаш учун олдин бу иккисининг нима эканини билиш зарур. Ҳолбуки одамлар у пайтда сеҳрнинг моҳиятини билмасдилар. Шу сабабли улар мўъжизанинг ҳам моҳиятига етолмасдилар. Улар сеҳрнинг моҳиятини англашлари учун Аллоҳ таоло бу икки фариштани туширди».

«(Икки фаришта): «биз фақатгина синов (воситасимиз, бизга ишониб) кофир бўлиб қолма», деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар...» Оятдаги «фитна»дан мақсад Аллоҳга итоат қилувчилардан исён қилувчиларнинг ажралишига сабаб бўладиган имтиҳондир. Фаришталар гарчи одамларга сеҳрни ўргатиш учун тушган бўлсалар ҳам, олдин қатъий огоҳлантиришарди: «Биз фақатгина синов (воситасимиз, бизга ишониб) кофир бўлиб қолма», яъни «Эҳтиёт бўл! Сен учун сеҳрни ўрганишдан мақсад унинг мўъжизадан фарқини аниқлаш бўлса-да, у туфайли турли гуноҳларга қўл уриб қўйишинг, натижада эса кофир бўлиб қолишинг ҳеч гап эмас!»

Бошқа тафсирларда ёзилишича, улар ҳеч кимга токи иймонидан воз кечмагунича сеҳрни ўргатмаганлар.

«Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар». Яъни сеҳргар ботилни ҳақ кўрсатиш, ҳийла, гиж-гижлаш ва сеҳрнинг бошқа турлари билан э-хотин ўртасини бузиши мумкин. Инсонлар икки фариштадан фақатгина шу даражада сеҳр ўргана олишарди. Чунки одамнинг жуфтига бўлган майли ва яқинлиги ҳар қандай бошқа муносабатдан устун экани – маълум ҳақиқат. Сеҳрнинг ана шу оила риштаси узилишига таъсири мумкин бўлса, бошқа нарсаларга бемалол таъсир қила олиши учун Аллоҳ таоло бу ўринда эр-хотин орасини бузишни зикр қилган.

«Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар». Бу оятдаги «улар»дан мурод сеҳргарлардир. «Аллоҳнинг изни» иборасидан Унинг амри эмас, балки иродаси ва ҳукми тушунилади. Зеро, барча воқеа-ҳодиса Аллоҳ таолонинг илми, изни ва иродаси билан амалга ошади. Аммо У Зот ҳеч қачон ахлоқсизликка буюрмайди.

«(Хуллас,) ўзларига фойдасиз, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар». Яъни ўрганганлари ўткинчи дунё ҳаётида арзимас манфаат берса ҳам, охиратда ўзларига зарар катта бўлади. Бу зарарнинг шу дунёнинг ўзидаёқ тегади, деган таъвиллар ҳам бор. Чунки эр-хотин орасини бузгани ошкор бўлиб қолган тақдирда жазоланиши муқаррар.

«(Аллоҳнинг китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар». Яҳудийлар Тавротни ташлаб қўйиб, шайтонлар ўқиган нарса (сеҳр)га маҳкам ёпишганлари учун охиратда насибалари йўқлигини билардилар.

«Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!» Юқоридаги «билар эдилар» билан бу ўриндаги «билсалар эди!» жумлаларини қандай тушуниш мумкин? Имом Қуртубий бундай жавоб беради: «Оятдаги билганлар шайтонлар, ўзларини сотганлар эса билмаган инсонлардир». Али ибн Сулаймон айтади: «Фикримча, «...яхши билар эдилар», оятидан мурод фаришталардир. Чунки уларнинг буни билишлари табиий». Зажжожга кўра, биладиганлар яҳудий олимларидир.  «Билсалар эди» оятининг маъноси шуки, яҳудий олимлари бу ишларни қилишлари натижасида билмаган киши ҳолига тушдилар. Чунки улар билганларига амал қилмадилар ва сеҳр-жоду ўргатувчиларга эргашиб кетдилар.

Розийга кўра, улар охиратда ўзларига насиба йўқлигини биладилар, охират манфаатини бой берганлари, охиратда чекадиган азоблари ва жазонинг қай даражада эканини эса билмайдилар.

 

Қуртубий ва Фахриддий Розий тафсирлари асосида тайёрланди.