Мўминларга шифо ва раҳмат | ||||
|
«(Биз) Қуръонда(н) мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) зулм қилувчиларга фақат зиённи орттирур» (Исро, 82). Имом Фахриддин Розий тафсирида ушбу оятдаги «шифо» сўзи бундай шарҳланган: «Қуръон руҳоний (маънавий) касалликларга ҳам, баданий (жисмоний) касалликларга ҳам даводир. Руҳоний касалликлар икки хил бўлади: ботил эътиқодлар ва ёмон ахлоқ. Ботил эътиқодлар нубувват, охират, қазо, қадар ва бошқа масалаларда хато қарашлардир. Оятларда бу иллатлардан қутулиш йўллари очиқ кўрсатилгани Қуръони Каримнинг руҳоний касалликларга шифо эканини англатади. Қуръон ёмон ахлоқ моҳиятини ва келтириб чиқарадиган нохуш натижаларини баён қилиб, яхши хулқ, одоб нима эканини кўрсатиб берган. Оятларда чиройли ахлоқ ва яхши амал эгаларига гўзал оқибатлар ваъда қилинган. Шу жиҳатдан Қуръони Карим маънавий хасталикларга шифо бўлади». Жисмоний касалликларга келсак, Қуръони Карим уларнинг сабаблари, даволаш усуллари ҳақида кўрсатмалар берган. Тиббиёт қоидаларининг барчаси Қуръонда мужассам. Бу қоидалар учта: соғлиқни сақлаш; зарарли нарсалардан парҳез қилиш ва бузғунчи, озор берадиган нарсалардан қутулиш. Ушбу турлардан бошқа бирор зарарга йўлиққан вақтда улардан бирига солиштириб, хулоса чиқарилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни – ўттиз чоғли отлиқни бир жойга юбордилар. Йўлда бир араб қабиласи ерларида тўхтаб, меҳмон қилишларини сўрадик. Улар рад этишди. Бир оздан сўнг қабила бошлиғини чаён чақиб олганини эшитдик. Улар келиб: — Ораларингда чаён чаққанни дам солиб, даволашни биладиган одам борми? – деб сўрашди. — Мен биламан, лекин бизга бирор нарса берасиз, – дедим. — Сизларга ўттизта қўй берамиз, – дейишди. Мен «Фотиҳа» сурасини етти марта ўқиб, беморга дам солдим. У тузалди. Қабила раиси бизга овқат юборди, қўйларни берди. Дўстларим мен билан овқат ейишди, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келгунимизча қўйларни ейишдан бош тортишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келгач, бўлган воқеани айтиб бердим. У Зот: — «Фотиҳа» сурасини ўқиб, дам солиб даволашни қаердан билдинг? – деб сўрадилар. Мен: — Ё Расулуллоҳ, кўнглимга шундай фикр келди, – деб жавоб бердим. У Зот: — Қўйларни еяверинглар, бизни ҳам баҳраманд қилинглар, – дедилар» (Дорақутний ривояти). Шуни таъкидлаш керакки, ўқилган оятнинг таъсир этиш-этмаслиги қорининг лаёқати, ихлоси ва самимиятига боғлиқ. Бордию, шифо топилмаса, дам солувчининг ихлоси, тақвоси заифлигидан ёки беморнинг ихлоси йўқлигидандир. Дам солиб даволаш икки омилга – касалнинг ҳолати ва даволовчининг даражасига боғлиқдир. Касалда Аллоҳ таолога самимий юзланиш (таважжуҳ), Қуръоннинг мўминларга шифо ва раҳмат эканига қатъий ишонч, тил ва дил бирлигида саҳиҳ таъаввуз бўлиши керак. Агар бу омиллардан бири мавжуд бўлмаса, манфаат кам бўлади. Уламолардан бири айтади: «Мен Маккаи мукаррамада эканимда касалликка чалиниб қолдим. У ерда табиб ҳам, дори-дармон ҳам фойда бермагач, ўзимни-ўзим «Фотиҳа» сураси билан даволай бошладим. Бир қултум замзам сувидан олардим-да, унга ушбу сурани ўқиб ичардим. Шу билан бутунлай соғайиб кетдим. Кейин ҳам бу сурадан кўп манфаат топдим. Ким ўзида бирон оғриқ сезса, «Фотиҳа» билан даволанишни тавсия қиламан». Аммо бундан касалликнинг давоси учун зарур бўлган чора-тадбирларни қўллашга ҳожат йўқ экан, деган хулоса чиқармаслик керак. Мисол учун, баъзи касалликларни фақат жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин. Ана шундай пайтларда муолажанинг тиббий йўлига мурожаат қилинса ва қўшимча равишда шифо оятларни ўқиб дам солинса, даволаш самарадорлиги янада ошади. Оятдаги «мўминларга раҳмат»дан мурод мўмин Қуръони Каримни тиловат қилиш билан савобга эга бўлади, Аллоҳ таоло марҳамати билан ғам-андуҳи арийди, айбу нуқсондан покланади ва гуноҳлари мағфират қилинади. Бу борада Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) Имом Термизий ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Ким Аллоҳ таолонинг китоби (Қуръон)дан битта ҳарф ўқиса, унга ҳасанот ёзилади. Бу ҳасанот бир ҳарфга ўн баробар миқдорда бўлади. Мен «Алиф, лом, мим»ни бир ҳарф демайман. Балки «алиф» бир ҳарф, «лом» бир ҳарф, «мим» алоҳида бир ҳарфдир». «(Лекин бу оятлар) зулм қилувчиларга фақат зиённи орттирур». Чунки Қуръон уларга бирон фойда ҳам бермайди, уларни турли касаллик ва балолардан ҳам тўсмайди. Зеро, у фақат мўминларгагина шифо ва раҳматдир. Тафсир китоблари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади |