Улкан ютуқ | ||||
|
«Муҳожирлар ва ансорларнинг дастлабки пешқадамлари ҳамда улар ортидан эзгулик билан борганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна улар учун остида анҳорлар оқувчи, (улар) унда абадий мангу қоладиган жаннат (боғ)ларни тайёрлаб қўйди. Ана шу улкан ютуқдир» (Тавба, 100). Ояти каримада одамлар орасида Аллоҳ таоло ва унинг Расулига биринчи бўлиб иймон келтирган, ўз ватанлари, уй-жойлари ва қавм-қариндошларидан айро тушиб, ҳижрат қилганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берган ансор ҳамда Аллоҳ ризолигини кўзлаб улар ортидан эргашган зотлар зикр этилиб, «Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар», дея марҳамат қилинади. Олимлар муҳожир ва ансорлар ҳақидаги «ассобиқунал аввалун» («дастлабки пешқадамлари») сўзининг тафсири борасида турли фикрлар билдиришган. Баъзилари бундан мурод улар Байъатур ризвонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган ёки шунга етишганлардир, дейишган. Шаъбийга кўра, ўша аҳдлашмадан олдин ҳижрат қилиб, унда ҳозир бўлганлар илк муҳожирлар ҳисобланади. Бошқа бир гуруҳ муфассирлар «Муҳожирлар ва ансорлардан дастлабки пешқадамлари»дан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан икки қиблага (яъни Исломнинг бошида Масжидул Ақсога, кейин эса Каъбага) қараб намоз ўқиганлар кўзда тутилган, дейишган. Бу фикрга Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу, Саид ибн Мусайяб, Қатода каби саҳоба ва тобеинлар қўшилишган. «Улар ортидан эзгулик билан борганлар»дан мурод муҳожир ва ансор сингари Исломга кирган, уларнинг йўлларида юрган ва ҳар жиҳатдан эргашганлардир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир кишининг олдидан ўтиб кетаётганларида у ушбу оятни ўқиётган эди. Ҳазрат Умар унинг қўлидан тутиб сўрадилар: — Буни сенга ким ўргатди? — Убай ибн Каъб. — Мен Убайни келтиргунимгача кетиб қолмай тур. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу келгач, ҳазрат Умар ундан сўрадилар: — Бу одамга ушбу оятни шу тарзда ўқишни сен ўргатдингми? — Ҳа. — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай эшитганмисан? — Ҳа. — Мен бўлсам биз шундай даражага юксалдикки, энди бизга ҳеч ким етолмаса керак, деб ўйлагандим. — Йўқ. Бу оятни Жума сурасининг боши(даги 3-оят), Ҳашр сураси(даги 10-оят) ва Анфол сураси(нинг 75-оят) тасдиқлайди −, деб жавоб бердилар Убай ибн Каъб. «Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар». Яъни Аллоҳ таоло Пайғамбарига эргашганлари, унинг буйруқ ва қайтариқларига итоат этганлари учун уларнинг барчаларидан рози бўлди. Муҳожир ва ансорларнинг пешқадамлари ҳамда уларнинг Аллоҳ ва Расулига иймон келтириш, савоб амалларни кўпайтириш каби эзгуликдан иборат йўлларига эргашганлар ҳам Ундан рози бўлдилар. Аллоҳ таоло улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар ҳозирлаб қўйган. Унда абадий қоладилар, ўлмайдилар ва жаннатдан чиқарилмайдилар. Ана шу улкан ютуқдир. Ояти кариманинг бошида зикр қилинган толели икки гуруҳ кишилардан бўлишни тақдир қалами бизга битмаган экан. Аммо улар йўлларидан юрсак, ҳар соҳада уларга эргашсак, «улар ортидан эзгулик билан борадиганлар» қаторига киришимиз ва ваъда қилинган мукофотларга биз ҳам сазовор бўлишимиз мумкин, иншааллоҳ! Табарий тафсири асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади. |