Ас-Саъолибий. Ал-Жавоҳирил ҳисон фий тафсирил Қуръон | ||||
|
![]() Ас-Саъолибийнинг тўлиқ исми Абу Зайд Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Махлуф ас-Саъолибий ал-Жазоирий ал-Мағрибий ал-Моликий Валиюллоҳ ас-солиҳ ал-Ориф биллаҳ бўлиб, бу зот дунёдан ва унинг аҳлидан юз ўгирган, Аллоҳнинг дўсти, унинг солиҳ бандалари ичида ҳам яхшироғи эди.
Шогирди Ибн Салома ал-Бакрийнинг айтишича, Ас-Саъолибий солиҳ, зоҳид, олим, ориф, авлиёларнинг улуғи, Ал-Имом Ал-Убай ва Ал-Валий Ал-Ироқий сингари устозлари унинг салоҳиятига, имоматига, илми ва диёнатига тан берган буюк киши эди. Ўзининг муаллафотларида хабар беришича, Ас-Саъолибий илм талабида саккизинчи асрнинг охирида Жазоирдан сафар қилиб Тунисга, ундан Мисрга келади ва яна Тунисга ҳадис илмини ўрганиш учун қайтади. Мағрибга борганда эса мағрибликлар уни ҳадис илмининг билимдони сифатида кутиб оладилар. Ас-Саъолибийдан жуда кўп асарлар, жумладан: «Ал- Жавоҳир ал-ҳисон фий тафсирил-Қуръон», «Китобу аз-Заҳаб ал-ибриз фий ғароиби ал-Қуръон ал-азиз», «Туҳфатул-ихвон фий эъроби баъзи оёти ал-Қуръон» «Китобу жомиъ ал-уммаҳот фий аҳкоми ал-ибодот» ва бошқалар мерос қолган. Ас-Саъолибий саккиз юз етмиш олтинчи ҳижрий йилда тўқсон ёшида вафот этди ва Жазоир шаҳрида дафн этилди. Ас-Саъолибий ўзининг «Ал-Жавоҳирил ҳисон фий тафсирил Қуръон» китобининг муқаддимаси ва хотимасида шундай ёзади: «Мен ушбу мухтасар китобимда ўзимга ҳам, сизга ҳам икки дунёда кўз қувончи бўладиган нарсаларни жамладим. Унда, асосан, Ибн Атийянинг тафсиридан фойдаландим ва кўп фойдаларни бошқа китоблардан териб қўшдим. Бунинг учун юздан ортиқ машҳур олимларнинг тафсирларини ўргандим. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ал-Лахмий томонидан Имом Табарий тафсиридан қилган мухтасаридан кўпроқ нақл қилдим, чунки у муаллиф муфассир тафсирини жуда тозалаган эди. Ас-Саъолибий яна шундай изоҳ берадики, қайси жумла «интаҳо» сўзи билан тугаган бўлса, ўша жумла Ибн Атийянинг жумласи эмас, балки бошқа тафсирлардан қилинган нақлдир. Ас-Саъолибий бошқа китоблардан нақл этишда ўзига хос румузлардан фойдаланганини айтади. Масалан:«Қулту» сўзи ўрнига «ﭟ» ҳарфини, Ибн Атийяга ишора қилиб «ﻉ» ҳарфини, Ас-Сафоқусийга ишора қилиб « » ҳарфини, Абу Ҳайёнга ишора қилиб « » ҳарфини, ўзим муттафиқ бўлган жумла олдига эса « » сўзини ёзганман. Имом Ал-Бухорий, Муслим, АбуДовуд, Ат-Термизийдан бошқа зикрлар ва дуолар бобида Имом Нававий ва «Силоҳул мўмин»дан, тарғиб ва тарҳиб бобида Қуртубийнинг тазкирасидан саҳиҳ ҳадисларни ривоят қилганман. Хуллас, менинг китобим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олинган нафис ҳикматлар ва саҳиҳ суннатлар гавҳарларидан иборат бўлгани учун уни мен «Қуръон тафсиридаги гўзал гавҳарлар» деб номладим». Ас-Саъолибий тафсирини бир неча бобга тақсимлаб, биринчи бобида Қуръони Каримнинг фазли ҳақида сўз юритади. Иккинчи бобда Қуръонни тафсир қилишнинг фазилати борасида, кейинги бобда муфассирларнинг даражаси ҳақида фикрлар билдиради. Ундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган «Қуръон етти ҳарфга биноан нозил этилган» ҳадиси шарифни шарҳлайди. Яна бир бобда Қуръондаги ажамий сўзлар ҳақида гапиради. Кейин Қуръоннинг исмлари ва суралари ҳақида ҳам бир боб келтириб, ниҳоят Қуръоннинг тафсирига киришади. Шу нарса диққатга сазоворки, Ас-Саъолибий ўз тафсирининг деярли ҳамма бобларида ҳам Ибн Атийяга қаттиқ суянади ва ундан, албатта, бирор нарса нақл қилади Тафсирнинг хотимасида шундай дейди: «Аллоҳга ҳамду сано бўлсинки, мен ажойиб дурларни йиғдим. Бунда Ибн Атийянинг муҳим гапларини қолдирдим ва кўплаб такрорларни олиб ташладим. Унинг ўрнига зарур бўлган нафис гавҳарларни қўшдим». Муаллифнинг мана шу эътирофи, унинг тафсири Ибн Атийя тафсирининг таҳрир, таҳлил ва мухтасар қилинган кўриниши эканини билдиради. Мазкур тафсир Жазоирда тўрт жилдда нашр этилган бўлиб, унинг бир нусхаси Миср кутубхонасида, яна бир нусхаси эса «Ал-Азҳар» кутубхонасида сақланади. Муаллиф тафсир асносида наҳвий қоидаларга берилиб кетгани кузатилади. Ривоят қилган ҳадисларининг кўпининг санадлари тарк этилган. Исроилий ривоятлар ҳам онда-сонда учрайди. Лекин Ас-Саъолибий бу исроилиётларга дарҳол ўз муносабатини биддириб, унинг саҳиҳ эмаслигини ёки саҳиҳ бўлса ҳам, ундан бирор илмий фойда йўқ эканлигини очиқ баён этади. Хулоса қилиб айтганда, Ас-Саъолибийнинг мазкур тафсири бошқа тафсирларда йўқ бўлган маълумотларни бериш билан жуда манфаатлидир. |