Ас-Самарқандий «Баҳрул - улум» | ||||
|
![]() Абул Лайснинг тўлиқ номи Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ас-Самарқандий ал-фақиҳ ал-ҳанафий бўлиб, «Имомул-ҳудо» лақаби билан машҳурдир. Абул Лайс фиқҳ илмини Абу Жаъфар ал-Ҳиндувонийдан олган. Жуда кўп китоблари ва фойдали маслаҳатлари билан машҳур. Унинг энг яхши муаллафотларидан «Баҳрул улум» номли тафсири, фиқҳ соҳасида ёзилган «Ан-Навозил» «Хизонатул-фиқҳ», ҳадисларлар мажмуасидан иборат бўлган «Танбиҳул ғофилин» ва «Бўстон» китоблари эл орасида маълум ва машҳурдир. Унинг вафотини олимлар уч юз етмиш учинчи ҳижрий ёки уч юз етмиш бешинчи ҳижрийда бўлган, деб айтадилар. «Кашфуз-зунун» китобининг муаллифи шундай ёзади: «Абул Лайс ас-Самарқандийнинг «Баҳрул-улум» тафсири жуда машҳур, ажойиб китобдир. Унда келтирилган ҳадислар 854 ҳижрий йилда вафот этган Шайх Зайнуддин Қосим ибн Қутлубуғо ал-Ҳанафий томонидан ривоят қилинган. Бу тафсирнинг уч жилдли қўлёзма нусхаси Миср кутубхонасида ва икки нусха қўлёзмаси Ал-Азҳар кутубхонасида сақланмокда. Ал-Азҳардаги икки нусханинг бири икки жилдли, яна бири эса уч жилдлидир. Абу Лайснинг тафсири том маънодаги нақлий тафсирдир. Ҳар бир оятнинг тафсирида саҳобалар ва тобеинлар ривоятларидан кенг фойдаланган, бироқ ровийлар санади тарк этилган. Камдан-кам ҳадисларда ровийлар санади учрайди. Шу билан бирга, олимларнинг гапларига ва ривоятлардаги ихтилофларга ҳеч қандай муносабат биддирмайди. Баъзи жойларда луғатга бироз изоҳ беради, оятни оятлар билан шарҳлайди, шу билан бирга, исроилий ривоятларни ҳам келтириб, уларнинг ростлигини ҳам, нотўғрилигини ҳам айтмайди. Ривоятларда «баъзилар айтганлар» иборасини кўп келтиради, аммо ўша «баъзилар» кимлар эканлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. Калбий, Саъдий сингари ишончсиз ровийлардан ҳам ҳадис ривоят қилган. Аммо оятлардаги баъзи мушкулликларни яхши очиб берган ва таноқузларга тўхталиб, уларнинг сабабларини кўрсатган ва равшанлаштириб берган. Муфассир ўз тафсирида нақлий тафсирдан фойдаланиш билан бирга, ақлий жиҳатини ҳам тарк этмаган. Умуман олганда, китоб жуда қимматли, фойдали, нақлий ва ақлий мазмунларни ўзида мужассам этган бебаҳо асардир. |