Ас-Саълабий «Ал Кашф вал баён ан тафсирил Қуръон» | ||||
|
Ас-Саълабийнинг тўлиқ коми Абу Исҳоқ Аҳмад ибк Иброҳим ас-Саълабий ан-Найсобурий бўлиб, муфассир ва муқриъдир. Ибн Халгоннинг ёзишича, Ас-Саълабий тафсир илмида замонасининг ягонаси эди. Унинг ёзган тафсири бошқа тафсирлардан бир неча жиҳатлари билан устун эди. Ёқут «Мўъжамул удабо» китобида шундай дейди: «Абу Исҳоқ ас -Саълабий муқриъ, адиб, воъиз ва ишончли ровий бўлиб, жуда кўп таснифотларнинг соҳибидир».
Унинг ёзган машҳур асарларидан бири «Ал-Ароис фий кисасил анбиё»дир. Уни Ас-Саълабий ёки Ас Саъолибий дейиш мумкин, бу ном унга насабини эмас, лақабини билдиради. Ас-Саълабийдан жуда кўп ривоятлар мавжуд бўлишига қарамасдан, баъзи олимлар унинг ривоятига ишончсизлик билдирганлар. Ас-Саълабий тўрт юз йигирма еттинчи ҳижрийда вафот этган. Ас Саълабий «Ал-Кашф вал баён ап тафсирил Қуръон» тафсирининг муқаддимасида ўзинииг тафсир қилиш услуби ҳақида баён қилади. У ўзининг ёшлик чоғларини ва озгина илмнинг ғурури билан ижтиҳод ҳақида уламоларга етказган таъналари, уларнинг кўнгилларини ранжитганини эслайди. Кейинчалик эса Аллоҳ таоло унинг қалбини очиб, ҳақ билан ботилнинг, қадим билан янгининг, суннат билан бидъатнинг, ҳужжат билан шубҳанинг фарқини ажрата олгани учун шукр этади. Энди у етук муфассир бўлиб, тафсир ёзувчиларнинг турли тоифа, турли даража, турли эътиқод соҳиблари эканини тушунди ва ўз тафсири муқаддимасида бу олимларни гуруҳларга ажратиб, фарқлаб берди. Муфассирлар орасида бидъатчи тоифалар бўлиб, улар қаторига Ал-Жуббоий ва Ар-Руммонийларни киритди. Иккинчи тоифанинг тафсирлари жуда маъқул, гўзал услуб билан ёзилган, бироқ салаф уламоларининг бебаҳо фикрларига бидъатчи олимларнинг ботил гаплари аралаштириб юборилганини таъкидлайди. Бундай «аралаш» тафсирчи олимлар қаторига Абу Бакр ал-Қаффолни киритган. Учинчи тоифа ўз тафсирида ривоятларни қалаштириб ташлаган, аммо мазмунга эътибор бермаган, иқтибос ва ижтиҳоддан узоқ бўлган олимлардан Абу Яъқуб Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Ҳанзалий сингарилардир. Тўртинчи тоифа олимлар тафсир ва ҳадиснинг асосий рукни ва устуни бўлган санадни тарк қилиб, ривоятнинг манбаини кўрсатмаган, гапнинг «ориқ-семизини» ажратмаганлардир. Улар ҳақида: «Муфассирларнинг бу тоифаси олим саналмайди. Шунинг учун мен улар ҳақида ёзишдан ўзимни тийдим», дейди. Бешинчи тоифа муфассирлар энг комил инсонлар бўлиб, улар тафсир қилишнинг ҳадисини эгаллаган, барча шартлар мужассам бўлган етук олимлардир. Фақат улар тафсирда зиддиятларни жуда чўзиб юборганлар, ривоятлар санадини ва йўлини ҳаддан ортиқ кенг берганлар. Улар сирасига биринчи бўлиб Ибн Жарир ат-Табарийни қўшиш мумкин. Олтинчи тоифа муфассирлар оятлардан чиқариладиган ҳукмлар қолиб, ҳалол ва ҳаром тўғрисидаги фиқҳий масалалар баёни, баъзи оятлардаги махфийлик ва мушкулотларни ечишга аҳамиятни қаратганлар. Улар сафидан салаф олимлари Мужоҳид, Ас-Саъдий ва Ал-Калбийлар ўрин олганлар. Ас-Саълабийнинг ёзишича, одамлар ундан юқорида айтиб ўтилган «айблар»дан холи бўлган, тафсирнинг ҳамма соҳасини ўзида жамлаган, лекин чўзилиб кетмаган бир тафсир ёзишни таклиф этишарди. Ас-Саълабий ўз тафсирини, иложи борича, мўъжаз қилиб ёзган. Бу тафсирнинг қўлёзмаси Ал-Азҳар кутубхонасида мавжуд бўлиб, мукаммал эмас. Тафсирнинг 1−4- жилдлари сақланган бўлиб, унинг охири «Фурқон» сурасининг охирги оятлари билан якунланган, тафсирнинг қолган қисми эса йўқолган. Тафсир тўлалигича салаф уламоларининг ривоятига асосланиб ёзилган. Лекин санад муқаддимада зикр этилганлигига суяниб, тафсир асносида тарк этилган. Муфассир ҳамма нарсадан кўра наҳвий таҳлилга кўп аҳамият берган. Масалан: «Бақара» сурасининг 90-ояти «Ўзларини сотган бу нарсалари нақадар ёмон?!» тафсирида араб тилидаги «мадҳ ва мазаммат» феъллари саналган «неъма ва беъса» фелларини жуда узоқ тушунтирган. «Бақара» сурасининг 171-ояти «Ҳақиқатан ҳам куфр йўлидаги кимсалар ҳайвонларга қичқираётган кишининг овозидан ва ҳайқириғидан ўзга нарсани эшитмаётгани кабидир» тафсирида «янъиқу» феълининг таҳлилига қаттиқ киришиб, унинг морфологик таҳлилини батафсил баён қилган. Мазкур суранинг 173- ояти «Аммо зулмкор ва тажовузкор бўлмаган одам учун...» тафсирида «боғий» сўзининг асли келиб чиқишидан бошлаб, жуда узоқ тушунтирган. Ас-Саълабий ўз тафсирида фиқҳий масалаларга ҳам ҳаддан ташқари кенг ўрин бериб юборган. Масалан: «Нисо» сурасининг мерос ҳақидаги 11- ояти «Аллоҳ фазандларингизга (мерос юзасидан) васият қилади» тафсирида марҳумдан қолган мерос тўғрисида, кейин меросхўрлар, уларнинг улушлари тўғрисида батафсил тушунча берган. Шу суранинг 24-ояти «Улар (аёллар) билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз биланоқ белгиланган маҳрни берингиз» тафсирида мутъа никоҳ(вақтинча никоҳ) ҳақида уламоларнинг турли фикрларини, уларнинг далил-ҳужжатларини кўп келтирган. Шу суранинг 31-ояти «Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз ва сизларни шинам манзил(жаннат)га киритурмиз» тафсирида турли китоблардан олиб гуноҳи кабиралар, уларнинг сони ҳақида узундан-узун ривоятлар келтирган. Ас-Саълабийнинг тафсири, унда турли мавзулардага илмий баҳсларнинг кўпайиб ва чўзилиб кетганлига туфайли, бу тафсир нақлий тафсирлар сафидан чиқиб қолишига оз қолган. Бунинг устига тафсирда исроилиётлар ҳеч сараланмасдан ривоят қилинганлиги, булар орасида ақл тақозо қилмайдиган ғаройиблари ҳам мавжуд эканлиги тафсирнинг қийматига бироз футур етказган. Шундай қилиб, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, Ас-Саълабий тафсирида исроилиётни кўпайтириб юборганлиги ва ҳадисларни танлашда санадга эътабор қилмаганлиги туфайли уламолар танқидига ва маломатига учради. Ибн Таймийя «Усулут тафсир» китобининг муқаддимасида шундай ёзади: «Ас-Саълабийнинг ўзи шахс сифатида жуда яхши одам. Аммо уни кечаси ўтин терувчи одамга ўхшатишимиз мумкин. Чунки у бошқа тафсирларда учраган ҳар қандай хабарни саҳиҳми ёки заиф, ҳақиқатми ёки мавзуълигини ажратмасдан ўз тафсирига йиғаверган. Ибн Таймийянинг «Фатово»сида келтирилади: «Ибн Таймийядан баъзи тафсирлар ҳақида сўралди. У деди: «Аммо Ал-Воҳидийга келсак, у Ас-Саълабийнинг шогирдидир. Унинг ривоятларини араб тилида баён этган. Лекин Ас-Саълабий тафсирини бошқа тафсирларга тақлид қилиб ёзган бўлса ҳам, у турли бидъатлардан холи бўлган тафсирдир. Ҳар икки тафсир ҳам толибга жуда катта манфаат беради». Ас-Саълабий тафсирини мутолаа қилган киши, бу тафсир ҳақида Ибн Таймийя нечоғлик бор ҳақиқатни айтганининг гувоҳи бўлади. Ал-Каттоний «Алмустатрафа» номли рисоласида: «Ал-Воҳидий ва унинг устози Ас-Саълабий ҳадис илмини юқори даражада билмайди. Хусусан, Ас-Саълабий тафсирида мавзуъ ҳадислар ва ботил қиссаларни кўп ривоят қилган». Ас-Саълабий жуда кўп уламоларнинг танқидига қараганда, ҳақиқатан ҳам, ҳадис илмидан узоқроқ эканлиги маълум бўлади Агар унда ҳадисларнинг саҳиҳ ёки заифини ажратиш учун илм етарли бўлганда шийъаларнинг Али розияллоҳу анҳу ва «Аҳли байт» ҳақида тўқиган, ёлғонлиги аниқ ва уларни ривоят қилишдан уламолар қаттиқ таҳзир қилишган мавзуъ ҳадисларини ривоят қилмаган бўларди. Хусусан, Ас-Саълабий ўз тафсирининг муқаддимасида тафсир ва ҳадис илмида машҳур ва тенгсиз бўлган улуғ муфассир Ибн Жарир Ат-Табарийдек зотнинг тафсирига таъна етказиб, уни айблади, «Мен ҳамма айблардан холий бўлган тафсир ёзишни мақсад қилдим», деб ваъда берди-ю, аммо ваъдасининг устидан чиқа олмади. Бу жуда ачинарлидир. Ҳар ҳолда Ас-Саълабийнинг «Ал-Кашф-вал-баёнан тафсирил-Қуръон» номли тафсири жуда қаттиқ меҳнат бўлган илм ва ижод ҳосиласидир. |