Ал-Байзовий «Анворут-танзил» | ||||
|
Ал-Байзовийнинг тўлиқ номи Қозил-қузот Носириддин Абул-Хайр Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Али ал-Байзовий аш-Шофеий бўлиб, жинси Форс мамлакатидандир. Ибн Қози Шаҳба «Табақот»ида шундай ёзади: «Ал-Байзовий кўп китоблар муаллифи, Озарбайжон олими ва шайхи, Шерознинг қозиси бўлган».
Ас-Сабукий ҳам у ҳакда: «Улуғ имом, саховатли инсон, ибодатли валий эди», деб гувохлик берган. Ибн Ҳабиб айтади: «Барча уламолар унинг асарларига юқори баҳо берганлар». Ас-Сабукий ва Ал-Аснавийнинг ёзишича, Ал-Байзовий олти юз тўқсон биринчи ҳижрий йилда, Ибн Касирнинг шоҳидлик беришича, олти юз саксон бешинчи ҳижрий йилда Табризда вафот этган. Унинг энг машҳур асарларидан «Ал-Минҳож» ва унинг шарҳи усулул-фиқҳга доир, «Ат-Таволеъ» усулуд-дин ҳақида, «Анворут-танзил ва асрорут-таъвил» эса Қуръони Каримнинг тафсиридир. Бу тафсир ўртача ҳажмда бўлиб, унда муфассир тафсир билан таъвилнинг ўртасини араб тили қоидаларига мувофиқ жамлаган, далилларни эса аҳли сунна вал жамоа эътиқодига мувофиқ келтирган. Ал-Байзовий мазкур тафсирининг муқаддимасида шундай ёзади: «Мен кўпдан саҳобаларнинг улуғларидан ва тобеийларнинг уламоларидан менга етиб келган тафсир ва ўзим ҳамда мендан авввал яшаб ўтган уламолар истинбот қилган фикрлар, нукталарни ўзида мужассам этган, саккиз қурродан эшитилган қироат йўлларини ҳам ўз ичига олган бир китоб ёзишни орзу қилиб юрардим. Аммо тайёргарлигим ва тўплаган манбаларим етарли бўлмаганидан, мен бу улуғ ишни бошлашдан андиша қилиб юрардим. Аллоҳ таоло менга бу ишга киришишим башоратини берди. Мен ният қилган китобимни «Анворут-танзил на асрорут-таъвил» деб номладим». Ал-Байзовий ўз тафсирини мукаммал ниҳоясига етказгани ҳақида китобнинг 5-жилд 204-бетида маълумот берган. Ал Байзовийнинг мазкур тафсири Аз-3амахшарийнинг «Ал-Кашшоф» тафсири мухтасаридир. Лекин Ал-Байзовий мўътазилий эътиқодга алоқадор нарсаларни тарк қилган. Шунга қарамасдан, тафсирда Аз-Замахшарийнинг фикрини тасдиқлаб қўйган жойлари ҳам мавжуд. Магарам «Бақара» сурасининг 275-ояти: «Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) қўпадилар» нинг тафсирида шундай дейди: «...юз қиёфаси ўзгарган ҳолда туради. Уларнинг гумонича, инсонни жин чалса, оғзи-бурни ва бошқа аъзолари қийшайиб, асли ҳолати қолини йўқотади». Муаллиф кейин «жин чалишни» жинниликка тафсир қилади ва дейди: «Уларнинг яна бир гумонича, жин одамни чалса, у албатта, ақлини йўқотади». Ал-Байзовийнинг кейинги тафсири Аз-Замахшарийнинг фикрига мос, яъни мўътазилийлар, жумладан, Аз-Замахшарийнинг эътиқодича, жин инсонга фақат васваса ва иғво қилиш билангана таъсир ўтказади. Шунингдек, Ал-Байзовий «Кашшоф»нинг муаллифи қилганидек, ҳар бир суранинг охирида, шу суранинг фазилати, уни қироат қилган кишига бериладиган ажр-савоблар баён этилган ҳадисларни ҳам ривоят қилиб келтиради. Холбуки, барча уламолар бу ҳадисларнинг ёлғонлигига иттифоқ қилганлар. Тафсир ва ҳадис илми бўйича уламолар наздида катта мартабага эга бўлган Ал-Байзовийдек олим учун бундай ёлғон ҳадисларга алданиш ва Аз-Замахшарийга эргашиб, уларни ҳар бир сура охирида келтириш катта нуқсон ҳисобланади. Аммо Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий ўзининг «Ат-тафсир вал-муфассирун» китобида «Кашфуз-зунун» соҳибининг иборасини келтириб, Ал-Байзовийнинг маъзур эканлигини айтади: «Аммо сураларнинг охирида келтирилган ҳадисларга келсак, бу нарса Ал-Байзовийнинг қалб ойнаси ўта соф, Парвардигорининг тажаллийсига муносиб кўрилган инсон бўлганини билдиради. Шунинг учун у бағрикенглик қилган, ҳадисларнинг сахиҳ ёки заифлигидан қатъи назар, тарғиб ва таъвилга астойдил бел боғлаган ва мана шу амал туфайли бироз қилинган хатони афв этилишига умид боғлаган». Аммо Ал-Байзовий ўз тафсирида ва бошқа муфассирлар, масалан, Ал-Фахр ар-Розий, Ар-Роғиб ал-Исфаҳонийнинг тафсиридан ҳам фойдаланган, уларга яна саҳобалар ва тобеийлардан ворид бўлган ривоятларни қўшган. Бунинг устига ақл ва фаросат билан нозик латифалар, нукталар ва истинботларни тафсир орасига киритиб юборганки, бу ажойиб услуб тафсирнинг жозибасини оширган. Ал-Байзовийнинг тафсирида мутавотир ёки шоз ривоятлигига қарамасдан келтирилган бўлса ҳам, қироатлар, қисқа бўлса ҳам, наҳвий қоидалар, аҳком оятларининг тафсирида фиқҳий масалалар баён этилган. Баъзи муфассирларда кузатилганидек, Ал-Байзовий ҳам ўзи тақлид қиладиган Шофеий мазҳабининг афзаллигини айтиб ўтишга фиқҳий масалаларда аҳамият берган. Ал-Байзовий тафсирининг кўп жойида «аҳли сунна» мазҳаби билан бир қаторда «мўътазилий» мазҳабини ҳам астойдил тақрир қилганининг гувоҳи бўламиз. Масалан: «Бақара» сурасининг 2-3 ояти: «(Қуръон) тақводорлар учун ҳидоят манбаидирким, улар ғойиб (диний хабарларга) иймон келтирадиган, намозни мукаммал ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир» тафсирида «иймон» Ва «нифоқ» ҳақида «аҳли сунна вал- жамоа», мўътазила ва хорижийларнинг фикрларини тўла келтирган ва «аҳли сунна»нинг мазҳабини қувватлаб қўйган». Мазкур оятнинг: «Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладилар», деган жумласи тафсирида «ризқ» ҳақидаги «аҳли сунна» ва мўътазила фикрларини батафсил баён этиб, бу борадаги «аҳли сунна» эътиқодини таржиҳ қилади. АЛ-БАЙЗОВИЙ ўз тафсирида исроилиётларни жуда кам ривоят қилган, зарурат жиҳатидан ривоят қилган жойларида ҳам «ривоят қилинган», «айтилган» деб заифлигига ишора қилади Масалан: «Ан-Намл» сурасининг 22-ояти. «Сўнг узоқ вақт қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан ишончли хабар келтирдим» Муфассир ушбу оятни тафсир қилиб бўлгандан кейин Сулаймон пайғамбар ҳақида, у Байтул-Муқаддасни қуриб битказиб, ҳажга тайёргарлик қилгани ҳақида ривоят келтиради ва унда келтирилган одатдан ташқари кўринган нарсалар оддий нарсалар эканлигини айтиб, бу ривоятнинг саҳиҳлигига ўта ишонч йўқлигига ҳам ишора қилади: «Аллоҳнинг қудратига, унинг ажойиботларига далолат қилувчи, Аллоҳ томонидан ўзининг хос бандаларига берган бундан ҳам улуғ мўъжизалар борки, унинг гувоҳи бўлган киши ажойиблигини билади, кўрмаган киши эса инкор қилади». Ал-Байзовий ўз тафсирида кўпроқ Ар-Розийнинг тафсиридан фойдалангани учун, олам ва табиат ҳақидаги оятларига дуч келганда, уларни бефарқ қолдирмасдан, жуда кенг шарҳлаган. Хулоса қилиб айтганда, Қозий ал-Байзовийнинг «Анворут-танзил ва асрорут-таъвил» номли тафсир китоби, шу услубда ёзилган барча тафсирларнинг энг мўътабари, Аллоҳнинг каломини тўғри ва мукаммал тушунишни, унинг сир-асрорини билишни истаган ҳар бир толиб учун ажойиб манбадир. |