
Саҳобаларга шогирд бўлиб, улардан кўплаб илмий маълумотларни олган тобеинларнинг даврида тафсирнинг иккинчи босқичи бошланди. Саҳобалар орасидан улуғ муфассирлар чиқиб, Қуръон маъноларини бошқалардан яхшироқ тушунишлари билан шуҳрат топганларидек, тобеинлар орасидан ҳам Қуръонни яхши билишда машҳур бўлган олимлар етишиб чиқдилар. Бу олимларнинг Қуръон маъноларини тушунишда эътимод қилган манбалари: Қуръоннинг ўзи; Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар ривоят қилган ҳадис; саҳобаларнинг ўзларидан келтирилган тафсир; саҳобалар томонидан ахли китоблардан олинган ривоятлар; ўзларининг ижтиҳодлари эди. Шунинг учун тафсир китобларига назар солинса, тобеинларнинг раъй ва ижтиҳодлари билан айтилган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам, саҳобийдан ҳам ривоят қилинмаган тафсирлар жуда кўп учрайди. Баъзи муфассирлар долзарб вазиятдан келиб чиқиб, омманинг манфаати йўлида ижтиҳод ва раъй билан тафсир қилишга мажбур бўлганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврлари ва халифаларнинг замонларида турли мамлакатлар фатҳ қилинди. Саҳобалар волийлар, амирлар, вазирлар, қозийлар ва муаллимлар сифатида дунёнинг турли бурчакларига йўл олдилар. Уларнинг барчалари ҳам ўзлари билан ҳадис, тафсир ва бошқа илмларни элтдилар. Уларнинг атрофларига тобеинлар йиғилишиб, илм ўрганишиб, кейин ўзларидан кейингиларга етказдилар. Натижада турли шаҳарларда илмий мактаблар юзага келди. Бу мактабларнинг устозлари саҳобаи киромлар, шогирдлари эса тобеинлар эдилар. Илмий мактабларнинг баъзилари тафсир билан шухрат топди. Шундай қилиб, Макка тафсир мактаби, Мадина тафсир мактаби ва Ироқ тафсир мактаби вужудга келди. Ушбу уч тафсир мактаби бошқа шаҳарлардаги тафсир мактабларининг энг каттаси ва машҳури эди. Ибн Таймийя айтади: «Тафсир соҳасида одамларнинг энг билимдонлари Макка аҳли эди, чунки улар Ибн Аббоснинг Мужоҳид, Ато ибн Абу Рабоҳ, Икрима (Ибн Аббоснинг мавлоси), Товус, Абуш-Шаъсо, Саид ибн Жубайр сингарилардан иборат эди. Ироқда Ибн Масъуднинг шогирдларидан иборат ахли Куфа ҳам маккаликлардан қолишмас эди. Мадинада тафсир уламоларидан Зайд ибн Аслам мактаби бўлиб, у олимдан Имом Молик, Абдуллоҳ ибн Ваҳб сингари муфассирлар таълим олганлар» . Макка тафсир мактаби Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳузурларида ташкил бўлди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу тобеий шогирдларига Аллохнинг Китобини тафсир қилиб, баъзи оятлардаги мушкул мафҳумни равшанлаштириб берардилар. Шогирдлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ўрганган тафсирларни бошқаларга тушунтириб берардилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг маккалик шогирдлари орасида Саид ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима (Ибн Аббоснинг мавлоси), Товус ибн Кайсон ал-Яманий ва Ато ибн Абу Рабоҳ энг машҳурлари эдилар. Мадинаи мунавварада жуда кўп саҳобалар истиқомат қилардилар. Улар ўзларининг яқинларига Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан таълим берар эдилар. Натижада машҳур саҳобалардан таълим оладиган тобеинларнинг сони ҳам кўпайиб борди ва Мадинада алоҳида тафсир мактаби вужудга келди. Бу мактаб, асосан, Мадина аҳлининг энг улуғларидан ва тафсир илмининг билимдонларидан Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга қарашли эди. Убай ибн Каъбнинг шогирдлари беҳисоб эди. Уларнинг орасида тобеинлардан чиққан уч шогирд тафсир бобида алоҳида эътиборга молик олимлар саналиб, улар – Зайд ибн Аслам, Абул-Олия ва Муҳаммад ибн ал-Қуразийлар эдилар. Ироқнинг Куфа шаҳрида бир неча саҳобалар истиқомат қилиб, одамларга Қуръон ва Ҳадисдан таълим бераётган бўлсалар-да, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига жам бўлиб, илм ўрганувчилар беҳисоб эди. Чунки Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳурмат ва шуҳратлари юқори эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Куфага Аммор ибн Ёсирни волий қилиб юборганларида, у киши билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни муаллим ва вазир қилиб юборган эдилар. Халифа юборган муаллимдан Куфа аҳли илм ўрганар ва бундан фахрланар эдилар. Ироқ тафсир мактабининг Макка ва Мадина тафсир мактабларидан ажралиб турадиган жиҳати шуки, Қуръони Каримни тафсир қилишда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, Қуръон ва Ҳадисдан ташқари, ижтиҳод ва раъй билан ҳам тафсир қилишга, хусусан, уламолар орасида ихтилофли бўлган масалаларни ижтиҳод ёрдамида ҳал қилиб беришга уринган эди. Шунинг учун уламолар: «Ибн Масъуд ихтилофли масалаларда ижтиҳод ва раъй билан ҳукм қилиш йўлига асос солган, кейинчалик бу йўл Ироқ уламолари ўртасида оммалашиб кетган», дейдилар. Шубҳа йўқки, ихтилофли масалаларда ижтиҳод ва раъй билан ҳукм қилинадиган бундай йўл кейинчалик тафсирга ҳам ўз таъсирини ўтказди, натижада ижтиҳод ва раъй билан тафсир қилиш ҳам кучайиб кетди. Ироклик тобеинлар орасидан ҳам жуда кўп машҳур муфассирлар чиққанлар. Улардан Алқама ибн Қайс, Масруқ, ал-Асвад ибн Язид, Мурра ал-Ҳамадоний, Омир аш-Шаъбий, Ал-Ҳасан ал-Басрий, Қатода ибн Диъома ас-Судусийлар энг машҳурлари саналадилар. Агар бирор масалани ҳал қилишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва саҳобадан ривоят қилинган далил топилмаса, тобеинларнинг тафсирларига мурожаат қилиб, уларнинг сўзларини қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида уламоларнинг қарашлари турличадир: Имом Аҳмаддан икки хил фикр келтирилган. Бир сўзларида қабул қилиш, яна бир сўзларида қабул қилмасликни айтганлар. Ибн Уқайл тобеинларнинг сўзини қабул қилмаслик таклифини берганлар. Шуъба ибн ал-Ҳажжожнинг айтишича, тобеинларнинг сўзлари қабул қилинмайди, деганлар шундай сабаб кўрсатадилар: «Тобеинлар бевосита Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитмаганлар. Шунинг учун уларнинг тафсирини саҳобалар тафсири даражасига кўтариб бўлмайди. Бунинг устига тобеинлар Қуръоннинг нозил бўлиш ҳолатига, нузул вақтидаги аломатларга шоҳид бўлмаганлар. Шундай экан, улар мақсадни тушунишда хато қилган бўлишлари, далил бўлмайдиган нарса ва ҳолатни далил деб тушунишлари мумкин. Бунинг устига тобеинларнинг адолатини саҳобаларнинг адолати билан тенг деб бўлмайди». Бу ҳакда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган хабарларни бош устига қабул қиламиз. Саҳобалардан келган хабарларни қабул қилишда ихтиёрлимиз: хохласак, қабул қиламиз, хоҳламасак, йўқ. Аммо тобеинлардан келган хабарга келсак, улар ҳам, биз ҳам уламолармиз». Баъзи муфассир уламолар аксинча фикр билдирганлар: «Тобеинларнинг сўзлари тафсирда олинади, чунки улар аксар тафсирларини саҳобалардан олганлар. Масалан: Мужоҳид эътироф этиб шундай дейди: «Мен Мусҳафни Фотиҳа сурасидан охиригача Ибн Аббос ҳузурларида уч марта ўтказдим. Ҳар бир оятдан сўнг тўхтаб, унинг маъносини сўрар эдим» . Қатода ҳам: «Қуръонда бирор оят қолдирмасдан маъносини эшитдим», – деган. Шунинг учун баъзи муфассирлар ўз тафсирларида тобеинлар ривоятларидан ҳам фойдаланганлар. Шуъба ибн ал-Ҳажжож шундай дейди: «Тобеинларнинг сўзлари ҳужжат бўлолмайди. Ҳақиқатда ҳам, бир тобеиннинг сўзи унга мухолиф бўлган тобеинга ҳужжат бўлолмайди, мухолифининг сўзини ҳеч ким қабул қилмайди. Шундай экан, тобеинлар бир сўзда иттифоқ бўлсалар, бошқа ҳужжат қидириб юрмасдан шу сўз олинади. Агар тобеинлар ихтилофда бўлсалар, уларнинг сўзлари тарк қилинади ва Қуръоннинг, суннатнинг ёки умуман арабнинг луғатига, саҳобийларнинг қавлига қайтилади». Демак, тобеинларнинг сўзини тафсирда ҳужжат сифатида олиш жоиз эмас. Хусусан, аҳли китоблардан ривоят қилинган бўлса, ундай сўзлар тарк қилинади. Аммо уларнинг сўзлари раъй билан ҳам эмас, аҳли китоблардан ривоят қилинган ҳам эмас, балки саҳобийлардан ривоят қилинган бўлса, уни олиш мумкин. Тобеинлар иттифоқ қилган бўлсалар, уни олиш вожибдир. Тобеинларнинг тафсири бир неча аломатлар билан ажралиб туради: 1.Тобеинлар тафсирига яҳудийлар ва насронийлардан қилинган жуда кўп ривоятлар кириб қолган. Бунинг сабаби аҳли китобларнинг кўпчилиги Ислом динига кирганлигидир. Уларнинг зеҳнига шариат аҳкомларига алоқаси бўлмаган турли хабарлар, масалан, яралишнинг бошланиши, вужуднинг сирлари, коинотнинг яратилиши ва бошқа кўплаб қиссалар ўрнашиб қолган. Бу хабарларни Қуръони Карим муфассал эмас, ижмолан баёнини ёки ишорасини қилиб ўтган. Қуръондаги бундай хабарлар, айниқса, яҳудийлар ва насронийлар ҳақидаги маълумотларни инсон нафси батафсилроқ билишга, тушунишга қизиқади. Шунинг учун тобеинлар аҳли китоблардан эшитган бундай «исроилиётлар»ни таҳрир ва танқид қилмасдан ўқувчига қизиқарли бўлсин, деб ўз тафсирларига қўшиб юборганлар. Исроилиётларнинг аксари аҳли китоблардан мусулмон бўлган Абдуллоҳ ибн Салом, Каъбул-Аҳбор, Ваҳб ибн Мунаббаҳ ва Абдул Малик ибн Абдул Азиз ибн Журайждан ривоят қилинган . 2. Бу даврдаги тафсир тобеинларнинг саҳобалар билан учрашиб, улардан эшитиб қилган ривоятлари асосида юзага келган. Бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида саҳобалар билиттифоқ ривоят қилганларидек, умумий маънода эмас, балки ҳар бир тобеин ўз устозидан эшитганини ривоят қилган. Масалан, маккаликлар Ибн Аббосдан, мадиналиклар Убай ибн Каъбдан, ироқликлар эса Ибн Масъуддан ривоят қилиб, уларни бошқаларидан устун қўйганлар . 3. Бу даврда ихтилофли мазҳабларнинг намояндалари тафсирлардан, асосан, ўз мазҳабларининг бошқалардан афзал эканлигини, ўз фикрларининг бошқалар фикридан устун эканлигини исботлашда фойдалана бошладилар. Натижада, тафсирлар мусулмонларга Қуръон маъноларини тушунтириб берувчи илмий манба бўлишдан кўра, аксар ҳолларда аҳли илмларнинг мунозара майдонига айланиб қолган эди. Масалан, тобеий муфассирлардан Қатода ибн Диъома ўз тафсирида Аллоҳнинг қазо ва қадарини тушунтиришга қаттиқ ружуъ қилгани учун, унинг ҳақида «қадарий» деб гумон қилинган. Натижада унинг тафсири эътибордан қолган. Ал-Ҳасан ал-Басрий ҳам ўз тафсирида қадарни исботлашга уриниб, унга ишонмаган кишини кофирга нисбат берган. Бунинг оқибатида Ал-Ҳасаннинг тафсиридан қилинган ривоят ҳам баъзи олимлар наздида қийматга эга эмас, деб саналади. 4.Тафсирда тобеинларнинг ихтилофлари саҳобаларнинг ихтилофларидан кўпроқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонида Қуръони Карим тафсирида ихтилоф бутунлай бўлган эмас. Саҳобалар замонида бироз ихтилоф пайдо бўлди. Тобеинлар даврида бу ихтилофлар кучайди. Аммо тобеинлардан кейинги муфассирлар асрида, яъни ёзма тафсирлар кўпайган сайин муфассирлар ўртасидаги бундай ихтилофлар ҳаддан ошиб кетди. Тафсирда девон тузиш Умавийлар халифалигининг охири, Аббосийлар халифалигининг аввалида бошланди. Бундан олдинги тафсирлар ривоятларга асосланар эди. Саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёки бирлари иккинчиларидан, тобеинлар эса саҳобалардан ёки бир тобеин иккинчи тобеиндан ривоят қилар эди. Тафсирдаги биринчи қадам шу тариқа қўйилган. Саҳобалар ва тобеинлар асридан сўнг тафсирда иккинчи қадам қўйилди. Бунда, асосан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар мазмунларига қараб бобма-боб тартиб билан берилган, улар орасидан алоҳида бир боб ажратилиб, бу бобда Қуръон оятлари тафсири ривоят қилинар эди. Қуръони Каримнинг бошидан охиригача сурама-сура, оятма-оят ёзилган махсус тафсири йўқ эди. Бу даврда кўплаб уламолар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларни жамлаш мақсадида турли шаҳарларни айланар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳобаларга ва тобеинларга нисбат берилган ҳадисларни йиғар эдилар. Язид ибн Ҳорун ас-Суламий (117 ҳижрийда вафот этган), Шуъба ибн ал-Ҳажжож (160 ҳижрийда вафот этган), Вакиъ ибн ал-Жарроҳ (197 ҳижрийда вафот этган), Суфён ибн Уяйна (198 ҳижрийда вафот этган), Руҳ ибн Убода ал-Басрий (205 ҳижрийда вафот этган), Абдурраззоқ ибн Ҳаммом (211 ҳижрийда вафот этган), Одам ибн Абий Иёс (220 ҳижрийда вафот этган), Абд ибн Ҳамид (249 ҳижрийда вафот этган) ва бошқалар шулар жумласидан бўлиб, бу уламолар жамлаган оятларнинг тафсири мустақил тафсир китоби сифатида эмас, ҳадис китоби боблари ичида тафсирга ажратилган бир боб сифатида девон қилинган эди. Афсуски, бу қимматли асарлар бизгача етиб келмаган. Тафсирдаги учинчи қўйилган қадам – бу тафсирнинг мустақил илм сифатида ҳадисдан ажратилиши бўлди. Мусҳафнинг тартибига мувофиқ ҳолда Қуръони Каримнинг ҳар бир оятига батафсил тафсир баён қилинди. Бундай хайрли ишга қўл урганлар қаторида Ибн Можжа (273 ҳижрийда вафот этган), Ибн Жарир ат-Табарий (310 ҳижрийда вафот этган), Абу Бакр ибн ал-Мунзир ан-Найсобурий (318 ҳижрийда вафот этган), Ибн Абий Ҳотим (327 ҳижрийда вафот этган), Абу Аш-шайх ибн Ҳиббон (329 ҳижрийда вафот этган), Ал-Ҳоким (405 ҳижрийда вафот этган), Абу Бакр ибн Мурдавайҳ (410 ҳижрийда вафот этган) ва бошқа ўнлаб уламолар бор эдилар. Бу уламоларнинг тафсирлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳобаларга, тобеинларга ва табаа тобеинларга мансуб ривоятлардан иборат бўлиб, «тафсири маъсур»дан деярли фарқ қилмас эди. Фақатгина Ибн Жарир ат-Табарийнинг тафсири бошқа тафсирлардан кенгроқ эди. Унда турли ривоятлар айтилганидан сўнг, муаллиф кучлироқ ривоятга алоҳида урғу берар, уни бошқаларидан қувватлироқ эканини исботлаб фикр билдирар, зарурат бўлганда эъробни ҳам баён қилар эди. Ҳатто баъзи ҳукмларни чиқаришда оятлардан истинбот ҳам оларди. Тафсир илми шу тариқа поғонама-поғона ривожлантирилди. Аммо Қуръони Каримни оятма-оят тафсир қилган ва уни Мусҳаф тартибига мувофиқ тадвин қилган биринчи муфассир ким эканлиги тўғрисида аниқ фикр айтиш қийин. Чунки Абул Аббос Саълабнинг шундай сўзи бор: «Имом ал-Фарронинг «Фил Маъоний» китобининг ёзилишига сабаб шу эдики, Умар ибн Бакир ал-Фарронинг асҳобларидан эди. Ал-Ҳасан ибн Сахлнинг хизматига киргани учун устози Ал-Фарродан узоқлашиб қолганлиги сабабли, бир куни устозига хат ёзиб шундай деди: «Амир ал-Ҳасан ибн Саҳл мендан Қуръон оятлари тўғрисида жуда кўп савол сўрайди. Мен унинг саволларига баъзида жавоб беролмай қоляпман. Агар рози бўлсангиз, мен учун шундай китоб ёзиб берингки, мен унга мурожаат қилиб, барча оятлар хусусида жавоб топайин». Ал-Фарро рози бўлиб, барча шогирдларига бир кунда бир жойга йиғилишни буюрди ва деди: «Йиғилинглар, мен сизларга Қуръон ҳақида бир китоб ёзиб бераман», деди. Ҳамма йиғилгандан сўнг, масжид муаззинига қараб: « Сен менга Фотиҳа сурасини ўқиб бергин, мен тафсир қилиб бераман», деди. Шу тариқа муаззин Қуръон сураларини ўқиб турди, Ал-Фарро эса бирин-кетин тартиб билан тафсир қилишга бошлади». Абул Аббос айтадики: «Шу вақтгача бирор киши Ал-Фарро қилган ишни, яъни тартиб билан тафсир қилишни ўйламаган эди. Кейин ҳам унинг ишига ҳеч ким бирор нарса қўша олгани йўқ». Лекин Ибн ан-Надимнинг бу ривояти биринчи мукаммал тафсир соҳиби Ал-Фарро (207 ҳижрийда вафот этган) экан, деган хулоса чиқаришимизга далил бўлолмайди. Бироқ Ал-Фарро бу соҳада дадил қадам қўйган олимлардан бири эди, дейишимиз мумкин. Қуръони Каримни сурама-сура, оятма-оят тартиб билан тафсир қилишга киришиш жараёни иккинчи асрнинг охири ва учинчи асрнинг бошларида ҳам ниҳоясига етмаган эди. Ибн Абу Мулайка ривоят қилган: «Мен Мужоҳиднинг қўлида лавҳларини кўтариб олган ҳолда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Қуръон оятлари тафсирини сўраб турганини кўрдим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса ҳар бир оят тафсирини айтиб, Мужоҳидга «ёз!» деб буюрар эдилар. Мужоҳид шу тариқа Қуръоннинг ҳамма оятлари тафсирини бирма-бир ёзиб олган эди» , деган ҳадис Ал-Фарродан анча илгариёқ Қуръон тафсири тартиб билан ёзилганини кўрсатади. Тафсирда қўйилган тўртинчи қадам бу иснодда ҳаддан ошиш бўлди. Муфассирлар ўзларидан аввал ўтган салаф олимларининг ривоятларини айтувчига нисбат бермасдан тўғридан-тўғри ривоят қилишга ўтдилар. Тафсирларда ёлғон ривоятлар пайдо бўла бошлади. Рост билан ёлғон аралашиб кетди. Бундай тафсирларга қараган мутааххир олимлар ундаги ҳамма ривоятни рост деб тушуниб, ўзларининг тафсирларида ривоят қила бошладилар. Улардаги исроилиётлар ҳам рост воқеалар сифатида талқин этила бошлади. Муфассирлар хаёлларига нима келса, бошқа муфассирлардан фарқ қиладиган ва ўқувчини жалб қиладиган бўлса шуни ёзаверадиган бўлдилар. Масалан, Фотиҳа сурасининг охирги ояти каримасидан мурод яҳудийлар ва насронийлар эканлиги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳобийлар ва тобеинлардан ривоят қилинган бўлишига қарамай, муфассирлар ўз ҳолларича ўн хил маъно айтганлар. Тафсирда қўйилган бешинчи қадам узоқ давом этди. Бу қадамнинг маҳсули сифатида тафсирларда нақлий тушунча билан ақлий тушунча аралаштириб юборилди. Бунинг сабаби шу эдики, Аббосийлар даврига келиб, луғат илмлари, наҳв, сарф ёзилди, фиқҳий мазҳаблар бўлинди, калом илми кучайди, мутаассиб мазҳаблар юзага чиқа бошлади, турли исломий фирқалар ўз йўналишларини ва фикрларини тарқата бошладилар, фалсафа китоблари таржима қилинди. Бу ақлий илмларнинг ҳаммаси тафсирга ҳам аралашиб, ҳатто нақлий далиллардан устун қўйила бошланди. Муфассир қайси илм йўналиши бўйича олим бўлса, тафсирда ҳам асосий эътиборни ўша йўналишга қаратди. Масалан, Наҳв, сарф олимлари Аз-Зужож, Ал-Воҳидий «Ал-Басит»да, Абу Ҳайён «Ал-Баҳрул Муҳит»да, асосан, наҳв бўйича эъроблар баёнига аҳамият берган бўлса, ақлий илм эгаси Ал-Фахр ар-Розий «Мафотийҳул ғойб» тафсирида ҳукамолар фикри ва фалсафага; фиқҳ уламолари Ал-Жассос ва Ал-Қуртубий ўз тафсирларида фиқҳий ҳукмларга; тарих олимлари Ассаълабий ва Ал-Хозин тарихий қиссалар ва ривоятларга; мўътазилийлардан Ар-Руммоний, Ал-Жуббоий, Ал-Қозий Абдул-Жаббор, Маҳмуд Аз-Замахшарий; имомийялардан Ат-Табризий, Мулло Муҳсин ал-Кошийлар ўз мазҳаблари даъватига; тасаввуфнинг Ибн Арабий ва Абу Абдурраҳмон сингари олимлари тасаввуфий ишоротларга қаттиқ урғу берганлар. Қуръони Карим тафсирларидаги бундай туғёнларга қарши зарба берадиган «Ад-дуррул мансур» номли тафсир ҳам ёзилган бўлиб, унинг муаллифи Жалолиддин Ас-Суютийдир. Уламолар тарафидан Қуръони Каримнинг турли мавзуларига доир махсус асарлар ҳам таълиф этилган. Ибн ал-Қаййимнинг Қуръондаги қасам иборалари ҳақидаги «Аттибён фий ақсомил-Қуръон», Абу Убайданинг «Мажозул-Қуръон», Ар-Роғиб ал-Исфаҳонийнинг «Муфрадотул-Қуръон», Абу Жаъфар ан-Нуҳоснинг «Қуръоннинг носих ва мансух оятлари», Абул-Ҳасан ал-Воҳидийнинг «Қуръон оятларининг нозил бўлиш сабаблари», Ал-Жассоснинг «Қуръон аҳкомлари» номли асарлари шулар жумласидандир. Хулоса қилиб айтганда, Қуръони Каримнинг кўплаб хилма-хил тафсирлари юзага келганки, уларни санаб кўплигидан ва ниҳоятда катталигидан киши ҳаяжонга тушади. Ибн Халликон «Вафаётул-Аъён» китобида ёзишича, мўътазилийларнинг шайхи Амр ибн Убайд Ал-Ҳасан ал-Басрийдан ривоят қилиб, Қуръонга жуда катта тафсир ёзган. «Табйийну кизбил-муфтарий» китоби муаллифининг ёзишига қараганда, Абул-Ҳасан ал-Ашъарий «Ал-Мухтазан» номли тафсир ёзган бўлиб, унинг ҳажми етмиш мужалладдир. Ибн Арабийнинг ривоятига кўра, «Ал-Мухтазан» беш юз мужалладдир . Ал-Жувайнийга нисбат берилган тафсир ҳам жуда катта ҳажмда бўлиб, Қуръони Каримнинг ҳар бир оятига ўн хилдан маъно берилган . Ал-Қушайрий ҳам жуда катта ҳажмли китоб ёзган . Ибн ал-Анборийнинг бир юз йигирма тафсирни иснодлари билан ёд билганлиги айтилади. Абу Ҳилол ал-Аскарий «Китобул-маҳосин» номли тафсир ёзган, унинг ҳажми беш мужалладдир . Қуръонга тафсир ёзган уламоларнинг замонлари ва маконлари бир-биридан фарқ қилганига қарамай, тафсир ёзиш услублари бир-бирига мос келгани кузатилади. Масалан, мутақаддим олимлардан баъзилари ривоятларга асосланган тафсир ёзган бўлсалар, мутааххир уламоларнинг баъзилари ҳам шу усулда тафсир ёзганлар. Агар мутақаддим олимлар тасаввуфий ишоротларга бағишлаб тафсир ёзган бўлсалар, мутааххир олимларнинг баъзилари ҳам шу мазмунда тафсир ёзганлар. Агар мутақаддим олимларнинг баъзилари ўз мазҳабларининг устунлигини исботлашга ва уни даъват қилишга ўз тафсирларида кўпроқ аҳамият берган бўлсалар, бундай усул мутааххир олимларнинг тафсирларида ҳам мавжуддир.
Раҳматуллоҳ қори
|