
Раъй сўзининг маъноси эътиқод, ижтиҳод ва қиёс деганидир. Асҳобур раъй − асҳобул қиёсдир. Демак, раъйдан мурод ижтиҳод бўлиб, раъй билан қилинган тафсир деганда, муфассир араб каломининг моҳиятини, қоидаларини, жоҳилият даври шеърларини, оятларнинг сабаби нузулини, носих ва мансухини ва бошқа тафсир учун лозим бўлган илм турларини яхши билган ҳолда ижтиҳод билан қилинган тафсир тушунилади ёки уни ақлий тафсир деб аташ ҳам мумкин.
Ақлий тафсирнинг мумкин ёки мумкин эмаслиги борасида уламолар икки гуруҳга бўлинадилар. 1. Биринчи гуруҳ Қуръони Каримнинг бирор оятини ўз ҳолича тафсир қилишга рухсат бермайдилар. Улар шундай дейдилар: «Ҳар қандай катта олим, адиб, наҳв, сарф, ахбор ва ҳадис илмларини яхши билган олим бўлганда ҳам, Қуръони каримнинг бирор оятига маъно айтиши мумкин эмас. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва тобеийлардан эшитгани билангина кифояланиши керак». Улар ўз сўзларини бир неча далиллар билан исботлашга ҳаракат қиладилар: а) Қуръонни раъй билан тафсир қилиш Аллоҳга туҳмат қилишдир. Аллоҳга туҳмат қилишдан шариат қайтаради. Раъй билан тафсир қилувчи Аллоҳнинг аниқ муродини билмайди, аниқ билмагандан кейин эса Аллоҳ шундай деган, деб қатъий айтолмайди. Ниҳоят, у гумон билан гапиради. Гумон билан Аллоҳнинг муродини гапириш Унга туҳматдир. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 33-оятида: «Айтинг: «Раббим фақат фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳни, ноҳақ гуноҳ ва тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди» деб муҳаррамотлар ҳақида баён қилиб туриб, Аллоҳнинг шаънига билмаган нарсаларни гапиришни ҳам ҳаром қилди». «Ал-Исро» сурасининг 36-оятида: «(Эй инсон,) ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма!» 182- оятида эса янада қатъийроқ ман этди; б) Аллоҳ таоло «Ан-Наҳл» сурасида: «Сизга эса одамларга нозил қилинган (аҳком)ларни баён қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикр (Қуръонни) нозил қилдик», деб, аҳкомларни баён қилиб бериш фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли эканлигини хабар қилган. Шунга кўра, бошқа одамларнинг Расулуллоҳдан ўрганмай ўз ҳолларича тафсир қилишлари ёки бирор ҳукмни айтишларига ижозат йўқ; в) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ҳақида раъй билан гапиришни ҳаром деганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мендан эшитилмаган ҳадисларни (ривоят қилишдан) сақланинглар. Кимки менга ёлғонни нисбатини берса, у ўзига дўзахдан жой тайёрлабди. Кимки Қуръонни ўзича тафсир қилса, у ўзига дўзахдан жой тайёрлабди». Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Қуръондан ўз раъйи билан гапирса, рост гапирса ҳам, хато қилган бўлади»; г) саҳобалар ва тобеийлардан ривоят қилинишича, улар ҳам Қуръон тафсирини жуда улуғ иш деб ҳисоблаганлар ва бирор оятни ўз ҳолларича тафсир қилишдан эҳтиёт бўлганлар. Абу Мулайкадан ривоят қилинади: «Абу Бакр Ас-Сиддикдан баъзи оятларни тафсир қилиб бериш сўралди. Абу Бакр: «Қайси осмон менга соя беради, қайси ер мени кўтаради, қаерга бораман ва нима қиламан, агар мен Аллоҳнинг муроди бўлмаган нарсани гапириб қўйсам?!» − деб эътироз билдирдилар. Саид ибн ал-Мусайябдан агар ҳалол ва ҳаром ҳақидаги масала сўралса, жавоб берар, агар Қуръон оятларининг тафсиридан сўралса, ўзини ҳеч нарса эшитмагандек қилиб кўрсатар эди, Аш-Шаъбий: «Мен ўлгунимча уч нарса: Қуръон, руҳ ва раъй ҳақида гапирмайман», деган. Ибн Мужоҳид айтади: «Бир одам келиб отамдан: «Сиз Қуръонни раъй билан тафсир қилар экансизми?» деб сўради. Отам йиғлаб: «Унда мен тажовузкор эканман-да?! Аллоҳга қасамки, мен Қуръон тафсирини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўндан ортиқ саҳобаларидан ўрганганман», деб жавоб берди. Араб луғатининг пешво олими Ал-Асмаъий чуқур илм соҳиби бўлишига қарамасдан, Қуръонни тафсир қилишдан жуда эҳтиётланарди. Ундан бирор оятнинг мазмуни сўралса, у: «Тил нуқтаи назаридан мана бу маънони беради, аммо Аллоҳнинг муроди нима, буни билмайман», деб жавоб берарди. 2. Иккинчи Гуруҳнинг тутган мақоми аксинча бўлиб, улар: «Ижтиҳод қилиш даражасига етган олим Қуръони Каримни тафсир қилиши мумкин», дейдилар Улар ҳам ўз сўзларининг тўғрилигига ҳужжат келтириш билан бирга, биринчи гуруҳнинг ҳужжатларини инкор этадилар: 1-ҳужжатнинг раддияси. Уламоларнинг иттифоқ қилишларича, гумон ҳам илмнинг бир нави, яъни қувватли тарафини идрок қилишдир. Қачонки, масаланинг ечимига илмий ёки ақлий далил топилганда, яъни оят ва ҳадисда мазкур масаланинг ечими мавжуд бўлса, у ҳолда гумонга ўрин қолмайди ва у ман этилади. Аммо қатъий далил топилмаса, гумон ҳам илм ва ундан ҳам фойдаланилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Аллоҳ таоло ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди», деган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло тўғри топган мужтаҳидга икки савоб, хато қилганига бир савоб қилди», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маъоз ибн Жабални Яманга юбораётиб, у билан шундай суҳбатлашдилар: — Эй Маъоз, нима билан ҳукм юргизасан? — Аллоҳнинг китоби билан. — Агар ундан тополмасанг-чи? — Аллоҳ Расулининг суннати билан. — Ундан ҳам тополмасанг-чи? — У ҳолда ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маъознинг кўксига уриб туриб: «Пайғамбар расулини Аллоҳнинг Расулига мувофиқ қилиб қўйган Зот − Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин!» дедилар. 2-ҳужжатнинг раддияси. Тўғри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига Қуръонни баён қилиб беришга маъмур эдилар, ҳаётлик пайтларида унинг уддасидан чиқдилар. Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар, Қуръоннинг ҳамма оятларини батафсил тушунишда эса муаммолар кўпайиб бормоқда. Бу муаммоларни тушунишда ва баён этишда Пайғамбарнинг меросхўрлари бўлган аҳли илмларнинг ижтиҳодларига эҳтиёж туғилди. Аҳли илмлар Пайғамбар айтган тафсирларни қиёс қилиб, тафаккур ва ижтиҳод қилиб, Пайғамбар айтмаган жойларини аниқлаб берадилар. Аллоҳ таолонинг ўзи бунга: «Шояд, улар тафаккур қилсалар» деб оятнинг охирида ишора қилган. Раъй билан тафсир қилишни ман этувчи гуруҳнинг 3-ҳужжатини рухсат берувчи гуруҳ бир неча жавоблар билан рад этганлар: 3-ҳужжатнинг раддияси: а) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур икки ҳадисда Қуръоннинг тафсири мушкил бўлган ва муташобиҳ саналган, маъноси фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёки саҳобалардан эшитиб билинадиган оятларинигина раъй билан тафсир қилишдан қайтарганлар, б) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ман этган раъйдан мурод ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз рақибидан устун келишга уринадиган одамнинг раъйидир. Бундай одамлар қаторига аслида оятдан чиқадиган ҳақиқатни биладиган, аммо рақибидан устун келиш ва бошқаларни таажжубга солиш учун ўз раъйида туриб оладиганлар, оятнинг ҳақиқатини билмайдиган жоҳил, аммо кўп раъйлар орасида ўзиниг раъйига мувофиқ келадиган сўзда туриб оладиганлар, Оятдан чиқадиган маъно очиқ-ойдин маьлум бўлса ҳам, ўзининг ғаразини олдинга суриш учун Аллоҳ каломидан далил келтириб ўз сўзини ўтказувчилар киради; в) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оятнинг зоҳирий арабчасидан тафсир қилишни ман этганлар, яъни оятларни тафсир қилиш учун олимнинг билиши зарур бўлган илмларни билмасдан фақат араб тилини билишига ишониб тафсир қилишдан қайтарганлар. Чунки оятнинг сабаби нузулини, ҳикматини, воқеанинг тафсилотини билмасдан туриб тафсир қилган одам хато қилиши табиийдир. Масалан: оятнинг маъноси «Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза сифатида) туяни ато этганимизда, унга зулм этдилар» деганидир. Агар туя Солиҳ алайҳиссаломнинг пайғамбарликларига ҳужжат бўлгани ва пайғамбарлик мўьжизаси сифатида юборилганини, Самуд қавми эса унга зулм қилиб ҳалок қилганини билмаган одам араб луғатига асосан тафсир қиладиган бўлса, у ҳолда оятнинг маъноси: «Самуд қабиласига биз кўрувчи туяни ато этдик», деган мубҳам маъно чиқади ва оятнинг давоми ҳам мубҳам бўлиб, «ким зулм қилгани, нима билан зулм қилгани» номаълумлигича қолади. Масалан, «Аллоҳнинг: Эй Мусо, Фиръавн олдига бор, у ҳаддан ошяпти» деган оятидаги Фиръавндан мурод Аллох, нафсни ирода қиляпти, дейиш айни ўзбошимчалик билан тафсир қилишдир, г) юқоридаги уч жавобдан ташқари, Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиснинг ўзи саҳиҳ эмаслигини айтиб раддия бериш мумкин. Чунки бу ҳадис санадидаги ровийларнинг бири бўлган Суҳайл ибн Абу Ҳазм ишончли одам эмас. Муҳаддислардан Абу Ҳотим, Имом ал-Бухорий, Ан-Насаий, Ибн Муъин, Имом Аҳмад унинг мункар ҳадислар ривоят қилганини айтганлар. 4-ҳужжатнинг раддияси. Аввалги улуғ олимлар Қуръони Каримни раъй билан тафсир қилмаганларининг сабаби, аввало, тақво юзасидан ва ўзларини келажакда етиб қолиши мумкин бўлган таъналардан сақлаш учундир. Яъни келажакда бирор мутааххир олим Қуръонни раъй билан тафсир қилишда ҳаддидан ошади, хатолар қилади, бунинг устига «Менинг бу усулда тафсир қилишни ўрганган устозим фалончи», деб салаф олимлари номини қора қилишлари мумкин эди. Қуръон оятларини раъй билан тафсир қилишга ижозат берувчи гуруҳ ўзининг ҳужжатларини шундай баён қилади: 1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг қатор оятларида Қуръонни тафаккур қилишга, ундан истифода ва истинбот этишга буюрган. Масалан, Муҳаммад сурасининг 24- оятида: «Ахир улар Қуръон оятлари ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда қулфлари бордир». Сод сурасининг 29-оятида: «Эй Мухаммад, ушбу Қуръон оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир». Нисо сурасининг 83-оятида: «Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган амирларга етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан сўраб билаверар эдилар». Аллоҳ таоло томонидан 189 Мухаммад, Қуръонни билиш, тафаккур ва тадаббур қилишга очикдан-очиқ ижозатлар бор. Хусусан, «Нисо» сурасининг 83-ояти ақл эгалари ўз ижтиҳодлари билан истинбот қилишлари мумкин эканлигига яққол далилдир. 2. Агар раъй билан тафсир қилиш мумкин бўлмаганда, умуман ижтиҳод қилиш мумкин бўлмас эди. Қанча-қанча ҳукмлар тўхтаб қоларди. Бу эса ботилларнинг ботилидир. Уламолар учун шу кунга қадар ижтиҳод эшиклари очиқдирки, улар ўз ижтиҳодларида тўғри топсалар, икки савобга, хато қилсалар, бир савобга эга бўладилар. 3. Саҳобалар Куръонни ўқиб, унинг тафсирида ихтилоф қилардилар. Қуръоннинг ҳамма тафсирини ҳамма саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўлиқ эшитмаганлар. Кўп саҳобалар бир-бирларидан эшитиб ўрганардилар, баъзан ўзларининг ижтиҳод ва тафаккурлари орқали фаҳмлардилар. Агар ижтиҳод ман этилган бўлганда, саҳобалар ман этилган нарсани қилган, Аллоҳ ҳаром қилган нарсага киришган бўлардилар. 4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳақларига: «Аллоҳ, Ибн Аббосни диннинг билувчиси қилгин, унга Қуръон тафсирини ўргатгин», деб дуо қилдилар. Агар тафсир фақат эшитиш ва нақл қилишга мақсур бўлганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони қилмаган бўлардилар. Маълум бўладики, Пайғамбаримиз қилган дуо нақл ва эшитишдан бошқа нарса бўлиб, бу нарса айни раъй билан тафсир қилишдир, Ар-Роғиб ал Исфаҳоний шундай дейди: «Юқорида зикр этилган ва иккови ҳам ўз ҳужжат-далилларини келтирган икки гуруҳ ҳам ўз фикрида ғулувга кетган, яъни икковининг фикрида ҳам хато мавжуд. Чунки тафсир фақат манқул ривоятлар билангина бўлади, деганлар кўп ҳукмларни ечимида муҳтожликда қоладилар. Ижтиҳод билан тафсир қилиш ҳуқуқини ҳар бир одамга раво кўриш эса Куръон ҳурматининг бузилишига олиб келади ва Аллоҳнинг: «Ақл эгалари Курсининг оятларини тадбир қилсинлар», деган хитобининг ҳақиқатига эътибор қилинмаган бўлади. Икки гуруҳнинг далиллари ва Ар-Роғиб Ал-Исфаҳонийнинг уларга муносабатидан шу нарса маълум бўладики, аввало, раъй билан тафсир қилишнинг моҳиятини тушуниб олиш керак. Раъй икки хил бўлади: биринчиси, тафсирнинг барча шартларини четлаб ўтмаган ҳолда араб тили қоидаси, Қуръон ва суннатта мувофиқ тафсир қилиш бўлиб, раъй билан тафсир қилишга ижозат берган гуруҳнинг гапи шундай тафсирга тегишли деб қабул қилинади. Иккинчиси, араб тили қоидаларига мувофиқ бўлса ҳам, шаръий далилларга, тафсирнинг бошқа шартларига мувофиқ бўлмаган тафсир бўлиб, раъй билан тафсир қилишга ижозат бермаган гуруҳнинг гапи шундай тафсирга тегишли деб қабул қилинади. Бундай тафсир уламолар ҳузурида мардуд ва қуйида айтилган гаплар шундай тафсир соҳибларига отилган тошдир: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Келажакда шундай қавмни кўрасизлар, улар сизларни Аллоҳнинг каломига даъват қиладилар, аммо ўзлари уни орқаларига ташлаб юборадилар, яъни бепарво бўладилар, амал қилмайдилар. Сизлар илмни лозим тутинг! Бидъатдан сақланинг!» Умар розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Мен сизларни икки одамдан хавф қиламан: Қуръонни нотўғри таъвил қиладиган ва ўзининг туғишган биродари билан мулк талашадиган одамдан». Демак, тафсир қилиш учун зарур бўлган барча илмларни мукаммал эгаллаган, араб тилини яхши билган, тафсир айтишда салаф уламоларидан қилинган нақлий тафсирларга хилоф қилмаган, ижтиҳод ва истинбот қилишга Аллоҳ истеъдод берган ҳар қандай олимнинг Қуръонни раъйи билан тафсир қилишига ижозат берилади. Мужтаҳид олимларга зарур бўлган илмлар Аллоҳнинг каломини нақлий тафсирларга мурожаат қилмаган ҳолда бевосита ақли ва ижтиҳоди билан тафсир қилмоқчи бўлган олим қуйида келтириладиган илмларнинг билимдони бўлиши шарт эканлигига уламолар иттифоқ қилганлар. Бу илмлар муфассирни турли хатога кетиб қолишдан ва Аллоҳга туҳмат қилишдан ҳимоялайди: 1. Луғат илми: Муфассир Қуръон лафзларини, уларнинг мадлулини, ўзагини билиши шарт. Мужоҳид айтади: «Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган одам агар араб тилини мукаммал билмаса, Қуръоннинг бир сўзини тафсир қилиш ҳам унга ҳалол бўлмайди». Чунки баъзи сўзлар муштарак маъноли бўлиб, муфассир икки маънодан бирига тафсир қилса, иккинчи маънони билмаса, у хато қилиши мумкин, чунки, эҳтимол, Аллоҳнинг муроди иккинчи маънодир. 2. Наҳв илми: Бу илм жумланинг биринчи ва иккинчи даражали бўлакларини, эга-кесимини, сўзларнинг жойлашиш ўрнини аниқлаб беради. Араб тилининг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳар бир сўзнинг охирги ҳаракати ўша сўзнинг даражасини билдиради ва агар ҳаракат ўзгарса, маъно ҳам ўзгаради. Ал-Ҳасан ал-Басрийдан: «Чиройли гапириш ва яхши қироат қилиш учун араб тилини ўрганса бўладими?» деб сўралганда, у киши: «Қандай яхши, (араб тилини билмаган) одам қироат қилади, талаффузда ёки эъробда хато қилади, натижада савоб олиш ўрнига ҳалокатга учрайди», деб жавоб берди. 3. Сарф илми: бу илм билан сўзларнииг тузилиши ва турланиши ўрганилади. Ибн Форис айтади: «Кимки сарф илмини ўрганмаган бўлса, илмнинг энг асосий қисмидан бебаҳра қолган бўлади. Чунки ҳар бир арабча сўз мубҳам маънога эга бўлиб, уни сарфи сағир194 ёки сарфи кабир195га солингандагина керакли маъно ҳосил бўлади» Ас-Суютий ривоят қилишича, Аз-Замахшарий айтади «Тафсирдаги энг ёмон бидъат ушбу оятдаги «Биз барча одамларни ўз китоблари (номаи аъмоли) билан чақирадиган кун(Қиёмат)ни эслангиз!» «имом» сўзини «ум-она» сўзининг кўплиги деган одамнинг гапидир. Бу гап ўта хато ва муфассирнинг сарф илмига жоҳил эканлигини кўрсатувчи далилдир». 4. Иштиқоқ: сўзнинг ўзагини аниқлаш илмидир. Агар бир исмнинг ўзаги иккита бўлса, ундан чиқадиган маъно ҳам ўзагига қараб икки хил бўлади. Масалан: «Масиҳ» сўзи «масҳ-силамоқ» ва «саёҳат» ўзакларидан олинади. Қайси маъно муродлигини эса муфассир исмнинг ўзагига мувофиқ аниқлаши мумкин. 5. Балоғат илми:бу илм ўз навбатида учга бўлинади: а) маъоний: Бу илм билан маъно ифода қилиш учун жумлалар тузишда сўзларнинг хоссалари ўрганилади; б) баён: бу илм билан жумлаларнинг тузилиш хоссалари ўрганилади; в) бадиъ: бу илм билан жумлаларни гўзал кўринишда тузиш санъати ўрганилади. Мана шу уч илм муфассирнинг билиши лозим бўлган асосий арконларидан ҳисобланади. Қуръони Каримнинг мўъжизалиги шу илмлар билан боғлиқ ва муфассир уларни яхши билса, Қуръон сирлари унга очилиши мумкин. 6. Қироатлар илми: Муфассир қироатлар илмини яхши билса, оятнинг мазмунларидаги жиҳатлардан бирини иккинчисидан таржиҳ қилиши мумкин. 7. Усулуд-дин: бу илм калом илми ҳам дейилади. Муфассир калом илмини яхши билсагина, Аллоҳнинг зоти, сифатлари, Унга нима лойиқ, нима лойиқ эмаслигини далиллар билан гапириш имкониятига эга бўлади. 8. Усулул-фиқҳ: мана шу илм билан оятлардан аҳкомларни чиқарилади, далилларни келтирилади. Ижмол, тақйид, умум, хусус, амр ва наҳийнинг далолати ва бошқа зарурий нарсалар шу илм билан ҳал қилинади. 9. Асбобун-нузул: бу илм билан оятлардаги Аллоҳнинг муроди тушунилади. 10. Қиссалар илми:бу илм билан Қуръон оятларидаги мужмал маънолар равшанлашади. 11. Носих ва мансух: бу илм билан Қуръон оятларининг муҳкам ёки йўқлиги ўрганилади. Муфассир агар носих ва мансух оятларини бир-биридан ажратмаса, мансух оят асосида ҳукм чиқариб қўйса, ўзи ҳам, тобеълари ҳам залолатга кетади. 12. Ҳадислар: муфассир оятларнинг мужмали ва мубҳамини аниқлаб берувчи ҳадисларни яхши билиши керак. 13. Илмул-мавҳиба: бу илм ладуний илм бўлиб, Аллоҳ таоло томонидан билганига амал қилган кишиларга ато қилинадиган совғадир. Аллоҳ Таоло ояти каримада шу илмга ишора қилган: Ибн Уяйна мазкур оятнинг тафсирида: «Ундайлардан Қуръонни тушуниш қобилияти тортиб олинади», дейди. Юқорида санаб ўтилган ўн беш илм муфассирнинг билиши лозим бўлган ва Қуръонни тафсир қилишида асқотадиган зарур илмлардир. Бу илмларсиз бирор оятга маъно айтиш мумкин эмас. Булардан ташқари, яна муфассир эътибор қилиши зарур бўлган масалалар бор. Буларни ҳам баён этамиз. Тафсирнинг икки даражаси бор. Биринчиси оддий даража бўлиб, у Қуръонни Аллохни танийдиган, поклайдиган, ўзини ёмонликдан сақлайдиган, яхшиликка одат қиладиган даражада билиш. Бу даража ҳар бир одамга муяссар бўлиши мумкин. Аллоҳнинг ушбу ояти шунга далолат қилади: «Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга таълим беради». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Ким билган илмига амал қилса, Аллоҳ унга билмаган илмини насиб этади», деган сўзлари билан илми ладунийга ишора қилганлар. Имом Ас-Суютий айтади: «Толиб илмул-мавҳиба»ни муфассир билиши лозим бўлган илмлар қаторида саналганини кўриб, бу нарса инсоннинг ўз ихтиёри ва имкониятида эмас- ку?!» − деб ажабланиши мумкин. Ҳолбуки, бу илмни қўлга киритиш уни жалб қилувчи амалларни бажариш, масалан: амал, тақво билан бўларкан − ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. «Ал-Бурҳон» китобининг муаллифи шундай дейди: «Билгинки, агар инсоннииг қалбида бидъатга мойиллик, кибр, дунё муҳаббати, мунтазам гуноҳкорлик ҳақиқий иймондан узоқлашиш, илмсиз одамларнинг фатвосига эргашиш мавжуд бўларкан, булар Қуръони Карим маъноларини тушунишдан, сирларини фаҳмлашдан тўсувчи монеълардир. Қуръоннинг қуйидаги ояти шу маънони тасдиқлайди: «Ер юзида ноқақлик билан кибрланиб юрувчилар (онги)ни оятларимиз (идроки)дан четлатиб қўямиз». «Ҳақиқатан, биз Қуръонни зикр(эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!» Иккинчиси олий даража бўлиб, ундай тафсир муаллифи яна бир неча нозик илмлар соҳиби бўлиши керак: а) Қуръон оятларидаги ҳар бир сўзни таҳлил ва тадқиқ этиш нуқтаи назаридан қараб, ўша сўзнинг аввалги ва ҳозирги ҳолатини, ифода қилган маъносини ва истилоҳини яхши билиши керак. Бу сўзнинг маъносини фалончи муфассир бундай деган, ановиси ундай деган, деб кетиш билан бўлмайди. Чунки Қуръоннинг баъзи лафзлари нозил бўлган даврида бир маънони ифода қилса, ҳозирда бутунлай бошқа маънога ўзгариб кетган. Масалан: Қуръоннинг бир неча жойида «таъвил» сўзи турлича маъноларда келган. Ҳозирда эса бу сўз «тафсир» маъносини беради. Қуйидаги оятни кўрайлик: «Улар эса унинг аниқ маънолари қолиб, таъвилини кутадилар. Таъвили келган куни (Қиёматда)уни (Қуръонни илгари унутган) менсимаганлар айтадилар: «Роббимизнинг элчилари ҳақиқатни келтирган эканлар». Оятда келтирилган «таъвил» сўзи қандай маънони билдиради? Уни тафсир маъносида таржима қилинса, бутунлай бошқа мазмунга айланиб кетади. Шунинг учун муфассир араб тилини билиш билан бирга, улар орасида жорий бўлган истилоҳларни, ҳар бир сўзнинг қадимги ва ҳозирги маъноларини ажратиб олиши керак. Қуръон нозил бўлган пайтдаги сўзларнинг истилоҳи қандай бўлган бўлса, у сўзлар ҳар қачон ҳам ўша замон тушунчаси бўйича тафсир қилиниши лозим; б) маълумки, араб тили ўзининг балоғати ва фасоҳати билан бошқа тиллардан ажралиб туради. Бу тилда бир жумланинг бир кўринишдан иккинчи кўринишга ўтиши ўша жумланинг маъносини бутунлай ўзгартириб юборади. Буни услуб дейилади. Араблар қадимдан, ҳали олимлар томонидан грамматик қонун-қоидалар ишлаб чиқилмасдан аввал ўша услубларни қўллаганлар, балки қонун-қоидалар ҳам ўша услубга асосланиб ишланган, лекин бу услуб табиий равишда эмас, эшитиш ва хабар алмашиш малакаси туфайли ҳосил бўлган. Услубларни тартибга солган фан «балоғат илми» деб аталади. Китобдан балоғат илмини яхши ўзлаштирган олим, агар у халқ орасига кириб, истилоҳий услубни ўрганмас экан, Қуръонни тўғри тафсир қилишга қодир бўлмайди. Чунки Қуръони Каримнинг мўъжизлиги унинг истилоҳий услубларнинг энг қиёмга етганини ўзида мужассам этганидадир; в) уфассир дунёдан яшаб ўтган қадимги эътиқод, ибодат, урф-одат ва турмуш соҳасидаги ҳолатларидан хабардор бўлиши, яъни тарихнинг ҳамма турларини билиши керак Аллоҳ таоло Қуръонда ўтмиш халқлар, қабила-қавмлар, миллатлар ҳақида, уларнинг маданияти, маънавияти ҳақида кўплаб қиссаларни келтирган. Агар муфассир қадимги халқларнинг ҳолатини: қувватли ва кучсиз, азиз ва хор, илмли ва жоҳил, иймонли ва кофирлигини билмаса, Қуръон хабарларини тафсир қилишдан ожиз қолади. Тарихдан бехабар муфассир Аллоҳ таолонинг қуйидаги: «Одамлар бир миллат (бир хил динда, яъни Исломда) эдилар. (Сўнг улар бузилиб кетгач,) Аллоҳ ҳам хушхабар берувчи, ҳам огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди», оятини қандай тафсир қилиши мумкин. Одамлар қачон бир миллат бўлган, нимага бирлашган, нимага ажрашган, уларга пайғамбарларнинг юборилиши фойда бўлдими ёки зарарми? − буни билмаган одам оятга қандай тафсир айтади. Аллоҳ таоло Қуръонда дунёнинг яратилиши, қандай яратилиши, Еру осмоннинг, ундаги махлуқоту мавжудотнинг яратилиши, қуёш, ой, юлдузларнинг ҳаракати, ҳолати тўғрисида ҳам оятлар нозил қилганки, буларни ҳам фақат ҳайъат ва табиат илмидан хабардор олимгина тушунтириб бера олиши мумкин; г) инсониятнинг ҳидояти фақат Қуръон билан бўлганини ва бўлишини муфассир яхши тушуниши керак. Бунинг учун у жоҳилийят давридаги арабларнинг залолати ва шақовати нимадан иборат бўлганини, уларга Қуръон нима берганини яхши англаши керак. Исломда ёки Ислом даврида яшаётган одам учун Қуръоннинг баъзи оятларининг таъсири кам бўлиши мумкин. Доим покиза, ҳамма шароити муҳайё бўлган уйда яшаган одам учун «назофат иймондан эканлиги»ни, «мисвок» улуғ суннат эканлигини, Ислом шунга даъват қилишини айтиш аҳамиятсиз, бачканалик, балки кулгили кўринар. Аммо бу «кичкина иш»нинг нақадар муҳим эканлигини тушуниш ва тушунтириш учун муфассир ўша пайтдаги жоҳил арабларнинг яшаш тарзини яхши ўрганган бўлиши керак; д) ниҳоят, муфассир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини тўлиқ билиши керак. Бунинг аҳамиятини такрорлаб ўтиришнинг эса ҳожати йўқ. Муфассир ўз тафсирини элга мақбул қиламан деса, юқорида айтиб ўтилган зарур шартлар ва илмларга эга бўлгандан кейин, тафсир ёзишни бошламасдан аввал ҳам, таълиф асносида ҳам қуйидаги масдарларга мурожаат қилиши зарур: а) Қуръони Каримни қайта-қайта варақлаб, унда мавжуд бўлган бир хил мавзули оятларни бир ерга жамлаш ва уларни қиёслаш, мужмал маъноли оятларни муфассал маъноли оятлар билан тўлдириш, узлуксиз маъно келиб чиққандан кейин уни шархдаш керак. Бу усул уламолар тилида «Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш» дейилади; б) Қуръоннинг тафсирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган ривоятларни жамлаш ва уларнинг орасидан мавзуъ ва заифларини чиқариб ташлаш зарур. Ҳадислар Қуръон оятларининг маъноларини тўлиқ очиб берса, ундан юз ўгириб, ўз раъйи билан тафсир қилиш ман этилади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнииг тафсирлари Аллоҳ таоло томонидан қувватланган ва У Зот Қуръонни тафсир қилиб беришга буюрилганлар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадис турганда, муфассирнинг ўз раъйи билан қилган тафсири мазмумдир, в) тафсир борасида саҳобалардан ривоят қилинган саҳиҳ гаплар ҳам муфассир томонидан олиниши мумкин. Аммо саҳобаларнинг кўпчилиги номларига боғлаб тўқилган ҳадислар кўпайиб кетганлиги учун жуда эҳтиётлик билан ҳадис танлаш керак. Саҳобадан саҳиҳ ривоят манжуд бўла туриб, ундан юз ўгириш ва ўз раъйига суяниши мумкин эмас. Чунки саҳобалар Қуръон нозил бўлишига бевосита гувоҳ бўлганлари сабабли Аллоҳнинг китобини, унинг сирларини билувчироқдирлар ва уларнинг фаҳм-фаросатлари ҳам, илмлари ҳам мукаммалрокдир. Хусусан, рошид халифалар, Убай ибн Каъб, Ибн Масьуд, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум)лар Қуръони Каримнинг билимдонларидирлар; г) Қуръонни тафсир қилишда унинг луғати тақозо қилувчи зоҳирий маънога тафсир қилган авлодир. Унинг узоқ иккинчи маъносини қидириб, таъвил қилиб юришга ҳожат йўк. Бундай таъвиллар шеърларга муносиб, Қуръон оятлари эса аниқликни хоҳлайди. Муфассир Аллоҳ таолонинг илмига хос бўлган нарсаларга аралашиб, ўзи аниқ билмаган ҳолда «Аллоҳнинг муроди − айни шу», деб қатьий хулоса чиқариши ман этилади. Чунки Қуръондаги баъзи илмларни инсон ҳам билиши мумкин, баъзиларини эса илми Аллоҳга хос бўлиб, унга муфассир тажовуз қилмаслиги керак. Шунга кўра, айтиб ўтишимиз мумкинки, Қуръон илмлари уч навдир: Биринчи нав − Аллоҳ таоло ҳеч кимни бу илмдан хабардор қилмаган − Қуръон сирларидан иборат илм бўлиб, у фақат ўзи биладиган, яъни Ўзининг зоти ва ғайб илмидир. Бу илмга тажовуз қилиш, ғайбга чанг солиш, Аллоҳнинг зотини ўзича тушунтиришга уриниш ҳеч кимга рухсат берилмаган. Иккинчи нав Аллоҳ таоло фақат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирган илм бўлиб, у ҳақда ёлғиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапира оладилар ёки у Зот изн берган одамгина гапириши мумкин. Бундайларга сураларнинг аввалида келган «муқаттаъ ҳарфлар» мисол бўла олади. Учинчи нав, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз га соллаллоҳу алайҳи васаллам омонат қилиб берган ва асҳобларга таълим беришга ҳам буюрган илмдир. Бу илм ҳам ўз навбатида иккига бўлинади: Биринчиси, фақат эшитиш орқали илм ҳосил қилиб гапириладиган оятларнинг сабаби нузуллари, носих ва мансух, қироатлар, луғатлар, қиссалар, бўлиб ўтган ҳодисалар, маҳшар, Қиёмат сингари хабарлардир. Иккинчиси, назар, истидлол, ижтиҳод йўллари билан олинадиган илмлардир. Кимки бу илмга аҳл бўлса, яъни ижтиҳод қилиш малакаси бутун шартлари билан мавжуд бўлса, у одам Қуръони Каримни раъй-ижтиҳод билан тафсир қилиш ҳуқуқига эгадир. Ижтиҳодда таржиҳ қилиш қонуни. Муфассир барча зарурий илмларни ҳосил қилиб, Қуръон тафсирига киришар экан, тафсир китобини ёзишда бир неча қоидаларга риъоя этиши лозим: а) тафсир, яъни муфассирнинг шарҳи оятнинг мазмунига мутобиқ бўлиши ва уни равшанлаштириб бериши керак бўлади. Бу шархда мақсаддан узоқ бўлган ва мақомга муносиб бўлмаган ортиқча гап ҳам, маънои муроддан узоқлашиш ҳам бўлиши мумкин эмас; б) ҳар бир жумланинг ҳақиқий маъноси ва мажозий маъноси бор. Муфассир ҳар икки маънони ҳам назарда тутиб, каломнинг сиёқига мувофиқ ҳақиқий маънони ирода қилса, мажозий маъносини унга боғлаб, агар мажозий маънони ирода қилса, ҳақиқий маънони унга боғлаб тафсир қилиши лозим; в) кейинги оятнинг тафсирини аввалги оят тафсири билан боғлиқ ҳолда давом эттириши керак, оятлар бир-биридан узилиб қолмасин. Чунки толибнинг наздида Қуръон оятлари бошидан то охиригача бир-бири билан боғлиқ деган тасаввур пайдо бўлсин. Ҳақиқатан ҳам, Қуръони Каримнинг оятлари Фотиҳа сурасидан Нос сурасигача бир-бири билан чамбарчас боғликдир; г) оятларнинг нозил бўлиш сабаблари мулоҳаза қилиниши керак. Ҳар бир оятнинг нозил бўлишида бирор сабаб мавжуд. Ўша сабаб шарҳга киришишдан олдин кўрсатиб ўтилиши керак. Ас-Суютий «Ал-Итқон» китобида Аз-Заркашийнинг гапини келтирсак: «Муфассирлар ўз одатлари бўйича аввал сабаби нузулни келтирадилар. Шу ерда баҳс пайдо бўладики, муфассир сабаби нузулни аввал айтиши керакми ёки оятга ўзининг муносабатиними? Қайси бири авло? Муфассирнинг муносабати каломнинг назмини, яъни гапнинг оқимини тартибга солади. Шундай экан, муносабат сабабдан аввал айтилиши керакми? Бу саволга жавобни Аллоҳнинг қуйидаги оятидан олишимиз мумкин: «Даҳқақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингизни буюради». Оятдаги «Аллоҳнинг амри» − сабаб, «омонатни эгаларига беришимиз» − мақсад-муносабат. Аллоҳ сабабни муносабатдан аввал келтирган. Шунинг учун муфассир ҳам аввал сабаби нузулни келтирса, кейин муносабатни айтса, мақсадга мувофиқ бўлади. Лекин оятда муносабат сабабга боғлиқ бўлгани учун аввал келтирилган. Агаар боғлиқлик бўлмаса, у ҳолда муфассир аввал муносабатини, кейин эса сабаби нузулни келтиргани авлороқдир»; д) муфассир муносабат ва сабаби нузулни айтиб бўлгандан кейин, лафзларга тааллуқли луғат, сарф ва иштиқоқни, кейин жумлага тааллуқли таркиб, эъроб, маъоний, баён, бадиъ ҳақидаги мулоҳазаларини, ундан кейин эса маънои муродни айтиб, охирида шаръий ҳукмларни истинбот қилиши мумкин. Имом Аз-Заркаший айтади: «Қайси бир лафзнинг икки ёки ундан ортиқ маънога эҳтимоли бўлса, олим бўлмаган кишининг у лафз устида ижтиҳод қилиши жоиз эмас. Уламолар ҳам ёлғиз раъйнинг ўзи билан иш кўрмасдан, ҳужжат ва далилларга асосланишлари керак. Агар икки маънодан бири ошкорроқ бўлса, ўша билан кифояланиш, агар иккинчи махфийроқ маъно назарга олинса, далиллар билан исбот қилиш зарур. Агар икки маъно ҳам баробар бўлиб, икковининг истеъмоли ҳам ҳақиқат бўлса, бири ҳақиқати луғавий ёки урфий, иккинчиси ҳақиқати шаръий бўлса, шаръий маъносини танлаш афзалрокдир. Аммо ҳақиқати луғавийни танлашга далил бўлса, шаръийни тарк этиб, луғавий маъносини олинади. Масалан қуйидаги оятда: «Улар ҳаққига дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир». Агар икки маънонинг бири луғавий, иккинчиси урфий бўлса, урфий маънони танлаш афзал. Агар икки маънони бирлаштириш мумкин бўлмаса, яъни бир лафзнинг икки маъноси қарама-қарши, масалан: «қаръун» сўзининг биринчи маъноси ҳайз кўриш, иккинчи маъноси эса ҳайздан покланиш, бўлса, у ҳолда муфассир далиллар асосида ижтиҳод қилади, маънолардан бирини танлайди. Аммо мана шу Аллоҳнинг муроди, деб қатъий ҳукм қилмайди. Раъй билан қилинган тафсир икки хил бўлади. Биринчиси ғайри мақбул, мазмум ва мардуд. Иккинчиси мақбул ва мамдуҳ. Тафсирнинг ғайри мақбули устида мубоҳаса қилиш ва уни нақлий тафсирларга қиёслаб ўтириш ўринсиздир. Аммо раъй билан қилинган тафсирларнинг мақбулини нақлий тафсирлар билан қиёслаш, ўзаро зиддиятлар, ютуқ ва камчиликлар устида мунозара ва мубоҳаса қилиш жоиз. Икки тур тафсир ўртасидаги зиддият шундан иборатки, агар нақлий тафсир исбот қилган нарсани ақлий тафсир ман этса ёки аксинча бўлса, икковининг ўртасини жамлаш мумкин бўлмаса, ана шу ихтилофни зиддият дейилади. Агар бу ихтилоф бир-бирини инкор қилмаса ва икковини жамлаш мумкин бўлса, у ҳолда зиддият йўқ. Масалан: « » нинг маъносини тафсирларда «Қуръон», «Ислом», «бандалик йўли», «Аллоҳ ва Расулига итоат» деб тафсир қилинган. Бу сўзлар талаффуз жиҳатидан турлича бўлса ҳам, маъно жиҳатидан бир хилдир. Ислом Қуръон йўлидир. У йўл бандалик йўли, бандалик йўли эса Аллоҳ ва Расулига итоатдир. Аллоҳнинг қуйидаги ояти каримаси: «Бас, уларнинг орасида (унга амал қилмай) ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изни билан мудом яхшиликларда ўзиб кетувчи ҳам бордир» тафсирида ҳам муфассирлар турли ибораларни қўллаганлар, яьни «ас-собиқ» намозни аввал вақтда ўқувчи, «ал муқтасид» ўрта вақтда ўқувчи, «аз-золим» қазо қилиб ўқувчи «ас-собиқ» закотни бошқа садақалар билан бирга берувчи, «ал-муқтасид» закотнинг ўзинигина берувчи, «аз- золим» закотни ҳам, садақани ҳам бермовчи. Бу ерда икки муфассирнинг тафсири зоҳирда икки хил бўлса ҳам, маънавий жиҳатдан уларнинг орасини жамлаш мумкин, яъни «ас-собиқ» барча фарзу вожибларни адо қилиши билан бирга, қўшимча ҳасанотларни қилиб, Аллоҳга яқин бўлувчи, «ал-муқтасид» вожиботларни тарк этиб, муҳаррамотларини тарк этувчи, «аз-золим» эса вожиботларни тарк этиб, муҳаррамотларга майл қилувчи одамдир. Ашр икки тафсирнинг орасини жамлаш мумкин бўлмаса, масалан: бири қатъий ҳукм қилган нарсани иккинчиси занний ҳукм қилса, албатга, қатьий ҳукм олинади. Агар иккови ҳам ҳукмда тенг бўлса, аммо улар орасини жамлаш мумкин бўлмаса, шубҳасиз, нақлий тафсирнинг ҳукми олинади, шу шарт биланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёки саҳобалардан қилинган саҳиҳ нақл бўлса. Тадвин даври бошланганда, бошқа илмлар қатори тафсир ҳам жуда кўп уламолар томонидан ёзилди. Хусусан, бу тафсирларнинг ёзилиш услуби ва мазмуни бир-бирини такрорламасдан, турли соҳа билимдонлари ўз соҳаларини кўпроқ ёритганлари диққатга сазовордир. Муфассир қайси илм йўналиши бўйича олим бўлса, тафсирда ҳам асосий эътиборни ўша йўналишга қаратган. Масалан: Наҳв-сарф олимлари Аз-3ужож, Ал-Воҳидий «Ал-Басит»да, Абу Ҳайён «Ал-Баҳрул Муҳит»да асосан наҳв бўйича эъроблар баёнига аҳамият берган бўлса, ақлий илм эгаси Ал-Фахр Ар-Розий «Мафотиҳул ғойб» тафсирида ҳукамолар фикри ва фалсафага, фиқҳ уламолари Ал-Жассос ва Ал-Қуртубий ўз тафсирларида фиқҳий ҳукмларга, тарих олимлари Ас-Саълабий ва Ал-Хозин тарихий қиссалар ва ривоятларга, муътазилийлардан Ар-Руммоний, Ал-Жуббоий, Ал-Қозий Абдул-Жаббор, Маҳмуд Аз-3амахшарий, Имомийялардан Ат-Табризий, Мулло Муҳсин Ал-Кошийлар ўз мазҳаблари даъватига, тасаввуфнинг Ибн Арабий ва Абу Абдурраҳмон сингари олимлари тасаввуфий ишоротларга қаттиқ урғу берганлар. Шундай қилиб, Қуръони Каримнинг кўплаб хилма-хил тафсирлари юзага келганки, уларни санаб кўплигидан ва ниҳоятда катталигидан киши ҳаяжонга тушади. Ибн Халгон «Вафаётул-Аъён» китобида ёзишича, муътазилийларнинг шайхи Амр ибн Убайд Ал-Ҳасан Ал-Басрийдан ривоят қилиб Қуръонга жуда катта тафсир ёзган. «Табйийну кизбил-муфтарий» китоби муаллифининг ёзишига қараганда, Абул-Ҳасан Ал-Ашъарий «Ал-Мухтазан» номли тафсир ёзган бўлиб, унинг ҳажми етмиш мужалладдир. Ибн Арабийнинг ривоятига кўра, «Ал-Мухтазан» беш юз мужалладдир. Ал-Жувайнийга нисбат берилган тафсир ҳам жуда катта ҳажмда бўлиб, Қуръони Каримнинг ҳар бир оятига ўн хилдан маъно берилган. Ал-Қушайрий ҳам жуда катта ҳажмли китоб ёзган. Абу Ҳилол ал-Аскарий «Китобул-маҳосин» номли тафсир ёзган, унинг ҳажми беш мужалладдир. Раъй билан қилинган тафсирларнинг машҳурлари Табиийки, санаб ўтилган тафсирларнинг ҳаммаси бизнинг давримизгача етиб келмаган. Мавжудларининг ҳам барчасини мутолаа қилиш имкониятига эга эмасмиз. Шунинг учун қуйида ҳар бир муфассир ўз билимини кўрсатган бир неча тафсирларнинг рўйхатини бериб, улар ҳақида мулоҳаза баён этамиз: 1. Мафотиҳул-ғайб. Муаллифи Ал-Фахрур-Розий. 2. Анворут-танзил ва асрорут-таъвил. Ал-Байзовий. 3. Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таьвил. Ан- Насафий 4. Лубобут-таъвил фий маъонит-танзил. Ал-Хозин. 5. Ал-Баҳрул-Муҳит, Муаллиф Абу Ҳайён. 6. Ғароибул-Қуръон ва Рағоибул-Фурқон.Ан-Найсобурий. 7. Тафсирул-Жалолайн, Ал-жалол ал-Маҳаллий ва Ал- жалол Ас-Суютий. 8. Ас-Сирожул-мунир. Ал-Хатиб аш-Шарбийний. 9. Иршодул-ақлис-салим. Абус-Саъуд. 10. Руҳул-маъоний фий тафофил-Қуръонил азим вас-сабъул масоний. Ал-Олусий.
Ас-Суютий «Ад-дуррил - мансур фит - тафсийрил маъсур» Ас-Суютийнинг тўлиқ номи Ал-Ҳофиз Жалолиддин Абул-Фазл Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ас-Сутотий аш-Шофиийдир. Ас-Суютий саккиз юз қирқ тўққизинчи йил ражаб ойида таваллуд топган ва беш ярим ёшлигида отасидан етим қолган. Ас-Суютийнинг отаси вафотидан аввал уламо дўстларига ўғлининг тарбияси билан шуғулланишни васият қилган эди. Улардан бири Ал-Камол ибн Ал-Ҳаммом бўлиб, Ас-Суютий шу олимнинг ҳузурида саккиз ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлади, бошқа илмий китобларни ҳам ёд олди. Шогирди Ад-Довудийнинг ҳикоя қилишича, Ас-Суютий эллик битта олимни ўзига устоз билиб, улардан илм ўрганган. Ёзган асарлари эса беш юзтадан ҳам ошиб кетган ва бу асарлар шарқдаю ғарбда шуҳрат топиб, одамлар эътиборини қозонган Ас-Суютий шундай тез ва баракали ёзар эдики, унинг ўтказган ҳар куни учун ўттиз саҳифадан тўғри келарди. Ас-Суютий замонасининг энг билимдони бўлиб, ҳадис илмини, ровийларини, матнини, санадини ундан яхшироқ биладиган ва яхшироқ истинбот қиладиган олим йўқ эди, эътироф этишича, икки юз минг ҳадисини ёддан билган. Қирқ ёшга тўлганда одамлардан ва дунёдан юз ўгириб, дарс ва фатво беришни тўхтатган, бутунлай Аллоҳга интиқол қилган ва ибодат билан машғул бўлган. Бу ҳақда ўзининг «Ат-Танфис» китобида ёзган ва одамлардан узр сўраган. Умрининг охиригача «Равзатул Миқёс» деган жойда яшаган, у ердан чиқмаган ва тўққиз юз ўн биринчи йилда Жумодил увлонинг жумъа оқшомида вафот этган. Ҳаётлик пайтида ундан кўп кароматлар содир бўлгани ривоят қилинади. Илмий фойдалар ва шариат аҳкомлари ҳақида ёзган туркум шеърлари ҳам мавжуддир. Ас-Суютий ўзининг «Ад-дуррул-мансур фит тафсийрил маъсур» китобининг ёзилиш сабаблари ҳақида тафсирнинг муқаддимасида ва «Ал-Итқон» китобининг охирида баён этган. У шундай ёзади; «Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан санад билан ривоят қилинган тафсирни жамладим. Ундаги марфуъ ва мавқуф ҳадисларнинг сони ўн мингдан ортиқдир. Аллоҳга шукрки, тўрт жилдли китоб ниҳоясига етди ва мен уни «Таржимонул-Қуръон» деб номладим». «Мен «Таржимонул-Қуръон» тафсирини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар асосида ёздим. У бир неча жилдли бўлиб, унда мен турли йўллар билан ривоят қилинган ва турли китобларда мавжуд бўлган ҳадисларни жамлаб тафсиримни тугатдим. Лекин «Таржимонул-Қуръон» толибларнинг ҳимматидаги қусурни кўриб, уларнинг хоҳишларига биноан, ровийларнинг санадини қисқартирдим ва асосий матнни қолдирдим. Ҳосил бўлган асарни «Ад-Дуррул-мансур фит-тафсирил-маъсур» деб номладим». Юқорида келтирилган икки иборадан кўриниб турибдики, Ас-Суютий «Ад-Дуррул-мансур»ни толибларга малол бўлмасин деб, санадларини қисқартариб «Таржимонул-Қуръон»дан мухтасар этган. Яна Ас-Суютий «Ал-Итқон» китоби охирида шундай ёзади: «Мен тафсир борасида барча илмларни: нақлий тафсирлар, ақлий фикрлар, истинбот, ишорот, луғат, балоғат нукталари, бадиъ гўзалликларини ўзида жамлаган, толиб қўлига олганда бошқасига муҳтож бўлмайдиган бир китоб ёзишни бошладим ва уни «Мажмаъул баҳрайн ва матлаъул бадрайн» деб номладим. Ушбу китобим «Ал-Итқон» мақсадимдаги китобнинг муқаддимасидир». Бу иборатдан маълум бўладики, муаллиф Ибн Жарир тафсири каби мукаммал, катта ҳажмли ва кенг қамровли тафсир ёзишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Аммо у кўзлаган тафсир Ас-Суютий томонидан ёзиб тугатилганми ёки йўқми? Бу нарса номаълум. «Ад-Дуррул-мансур» эса «Мажмаъул-баҳрайн» эмас, унда балоғат нукталари, истинбот ва бошқа нарсалар йўқ. Унда тўғридан-тўғри салаф уламолари-Имом Ал-Бухорий, Муслим, Ан-Насаий, Ат-Термизий, Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотам, Абд ибн Ҳамид ва бошқалардан ривоятлар келтириб, уларга ақалли муносабатлар ҳам билдирилмаган. Ас-Суютий ҳадис соҳасида ҳам, тафсир соҳасида ҳам шунчалик етук илмга эга бўлишига қарамасдан ривоят қилган ҳадисларининг саҳиҳ-носаҳиҳлигини ажратмасдан қандай бўлса шундайлигича келтирган. Демак, муаллифнинг олти жилдли мазкур тафсиридаги ҳадислар ҳам алоҳида сараланишга муҳтож. Лекин шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, юқорида зикр этилган нақлий тафсирлар орасида муаллифнинг фикри аралаштирилмаган соф нақлий тафсир ушбу «Ад дуррул- мансурдир».
|