Шайх Муҳаммад Кураййим Рожиҳ |
|
Фазилатли шайх, қори ва муқрий, муфассир, фақиҳ, имом, Шом қориларининг устози, қироат илмида бир қанча ижозалар соҳиби Шайх Муҳаммад Кураййим Рожиҳ 1926 йили Сурияда таваллуд топдилар.
Дастлабки таълимни оналаридан олганлар. Кейинчалик мадрасалар очилиб, таълимни Шайх Ёсин Зарзурда давом эттирганлар. У кишидан Қуръон, китобат, имло ва ҳисоб илмларини ўрганганлар. Сўнг Минжак жомеъида арабий ва исломий илмларни ўқидилар.
Институтни тамомлаб, шариат факультетига кирдилар. Диплом олгач, тарбия факультетида ўқидилар. Сўнг таълим беришлик учун вақфлар вазирлигига ишга қабул қилиндилар.
Қироат илмини ўша замонда қориларнинг шайхи ҳисобланган Шайх Муҳаммад Сулайм Ҳилвонийда жамлашни бошладилар. У кишида шотибийяни ёд олдилар. Шайх Муҳаммад Сулайм Ҳилвоний вафот этгач, у кишининг ўғиллари Аҳмад Ҳулвонийда ўнта қироатни (шотибийя ва дурро йўлидан) қисқа муддат ичида жам қилдилар. Сўнг Шайх Абдулқодир Қувайдирда ўнта қироатни (тоййиба йўлидан) талаққий қилдилар.
Шом қориларининг шайхи деган мақом у кишига саксонинчи йиллар Шайх Ҳусайн Хаттобнинг вафотидан сўнг ўтди. Шайх Муҳаммад Кураййим Рожиҳ шаръий маҳадларда қирқ йилдан зиёд Қуръони Карим, тафсир илми, мерос илми ва араб тилидан таълим бердилар. Ҳозирда Шайх Муҳаммад Кураййим Рожиҳ исломий фатҳ маҳадининг тахассус қисмида ва бир қанча масжидларда дарс бериб келмоқдалар. У кишининг олти ўғиллари ва уч қизлари бўлиб, ўғиллари турли соҳаларда фаолият юритиб келишади. Шайх Муҳаммад Кураййим Рожиҳ бугунги кунда Мийдондаги Ҳасан масжидининг имом хатибидирлар.
|