Аббос Бухорий | ||||
|
Юртимизнинг суюкли фарзанди, улуғ олим, ёқимли қироат соҳиби Аббос Инъом Хўжа Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 1889 йили (ҳ.1307) таваллуд топганлар. У зот Қуръони Каримни 15 ёшларида тўлиқ ёд оладилар. 16 ёшларида Бухорога сафар қиладилар. У ерда «Мир Араб» мадрасасида таълим ола бошлайдилар. Мадрасада фиқҳ, тафсир, мантиқ, фалсафа ва бошқа бир неча фанларни ўзлаштирадилар. Шу аснода Бухорода бир неча йил истиқомат қиладилар.
Сўнг Самарқандга сафар қилиб, Хартанг қишлоғида яшайдилар. Коммунистларнинг тазйиқи кучайгандан сўнг Афғонистонга кўчиб кетадилар. У ерда узоқ турмай, Бишовар шаҳрига борадилар. Ана шу вақтда ёшлари 30 да эди. Кейинроқ эса Ҳиндистонга сафар қиладилар ва Мерос шаҳрида яшай бошлайдилар. Ана шу шаҳардаги мадрасаларнинг бирига ўқишга кириб, илм олишда давом этадилар. У ерда 5 йил турадилар. Кейинчалик Девбанддаги университетга ўқишга кирадилар. Унда 2 йил таълим оладилар. Сўнг Аҳмир шаҳридаги бир масжидда имомлик қилиб, Қуръони Каримдан таълим беришни йўлга қўядилар ва 3 йил давомида илм улашадилар. Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда Ҳиндистондан Бағдодга сафар қиладилар. У ерда 6 ой давомида бир неча қироатлар бўйича таълим оладилар. Кейин 1941 йили (ҳ.1360) Мадинаи Мунавварага борадилар ва ўша ерда яшай бошлайдилар. Қорилар шайхи Шайх Ҳасанга шогирд тушиб, у зотдан бир неча қироатлар бўйича ижоза оладилар. Шунингдек, ўша йили Мадрасатул-ўзбекия идорасида иш олиб борадилар. У мадрасада Қуръони Карим, қироатлар ва бошқа бир неча илмлардан вафот этгунига қадар таълим берадилар. Устозлари: 1. Шайх Асвад Махдум. Бухоронинг улуғ устозларидан; 2. Шайх Ҳусайн Аҳмад Маданий; 3. Шайх Иброҳим Милёвий; 4. Шайх Иъзоз Али; 5. Шайх Абдус Самиъ. Ундан турли илмлардан таълим оладилар; 6. Шайх Абдул Қодир хатиб, Боғдоддаги «Абу Ҳанифа» масжидининг имоми. Ундан 7 қироатдан ижоза оладилар; 7. Шайх Ҳасан. Шогирдлари: 1. Шайх Муҳаммад Али Санадий. Аббос Бухорийдан «Манзуматуш-шотибийя фил қироатис-сабъ», «Манзуматуд-дурратул музийя фил-қироатис-саласил мутаммима лил-аъшр», «Алфияту ибни Молик», «Талхисул-мифтаҳ» ва бошқа бир неча китоблардан дарс олиб, 10 қироат бўйича ижоза оладилар; 2. Шайх Саййид Абдулкарим. Аббос Бухорийдан «Манзуматуш-шотибийя фил-қироатис-сабъ», «Алфияту ибни Молик» ва бошқа бир неча китоблардан дарс оладилар. Аббос Бухорийдан Ҳафс Осимдан қилган ривояти асосида Қуръони Каримдан таълим олган бир қанча қорилар мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари қуйида келтирилади: 1. Ислом Аҳмад Ҳофиз; 2. Абдулҳафиз Покистоний; 3. Маданий Бухорий; 4. Абдураҳмон Бармовий; 5. Нурул Ислом Бармовий; 6. Муҳаммад Ҳасан Ямоний; 7. Муҳаммад Солим Ямоний; 8. Устоз Яҳё Абдулҳодий Ямоний; 9. Муҳаммад Сайф Ямоний; 10. Жамил Ямоний; 11. Нозим Абдул Малик Ямоний; 12. Муҳаммад Ямоний (Аббос Бухорий ҳузурида 6 ойда Қуръонни ёд олади); 13. Абдул Мажид Аҳмад Балуший; 14. Абдуллоҳ Муҳаммад Балуший; 15. Билол Абдул Азиз Покистоний; 16. Назир Аҳмад Покистоний; 17. Айюб Абдул Ваҳид Бангладеший; 18. Маҳмуд Абдул Ваҳид Бангладеший; 19. Абдураҳмон Қувайтий; 20. Абдул Ҳамид Санадий; 21. Устоз Абдуллоҳ Давлат Бухорий; 22. Аҳмад Муҳаммад мулла Абдулқодир; 23. Абдурауф Абдур Рашид Ҳиндистоний. Аббос Бухорий 1987 (ҳ.1407) йили зулҳижжа ойининг 20-куни Мадинаи Мунавварада вафот этадилар. Жанозаси пайшанба куни бомдод намозидан сўнг Масжидун Набавийда ўқилади ва Бақеъ қабристонига дафн қилинадилар. Аллоҳ таоло Аббос Бухорийдан рози бўлсин!
Тошкент Ислом институти талабаси Тожиддинов Абдуссомад
|