Нофеъдан (раҳматуллоҳи алайҳи) қироат ўрганган бир киши шундай дейди: «Агар Имом Нофеъ тиловат қилса, оғзидан мушк ҳиди таралар эди. Мен у кишига: «Эй Абу Абдуллоҳ! Эй Абу Рувайм! Сиз кишиларга тиловат қилиш учун ўтирганингизда, атрофга хушбўй ҳид таралади», десам, у зот: «У пайт мен хушбўй нарса суртмайман ва бирор хушбўй нарсага яқинлашмайман ҳам. Лекин мен тушимда Набийни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўрдим. Ул Зот оғзимга Қуръон тиловат қилдилар, шу ондан буён оғзимдан хушбўй ҳид келишини ҳис қила бошладим», деди». Мусайябий айтади: «Нофеъга: «Юзингиз ва яратилишингиз мунча ҳам гўзал?» деб савол берилганида, у: «Нечун бундай бўлмайин! Мен тушимда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан қўл бериб кўришиб, у Зотга Қуръон ўқиб берган бўлсам», дедилар».
Нофеъдан ривоят қилинади: «Ўтириб Қуръон ўқиётган эдим, шу пайт Авн ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд олдимдан ўтиб қолди ва менга: «Эй биродаримнинг ўғли! Қачон тик туриб қироат қиласан? Қариб, касал бўлиб қолганингдами?» деди. Шундан кейин ўтириб қироат қилмадим, қачон қироатга тушсам, у икки кўзим олдида гавдаланиб турарди».
|