A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Кечалари Қуръон тиловат қилиш фазилати
PDF Босма E-mail

 

Қуръон ўқувчилар учун ихтиёр қилинган вақтларнинг энг афзали қоронғу тун кечасидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«(Улар) баробар эмаслар. Аҳли китоблардан сажда қилган ҳолларида кечаси Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган яхши тоифалари ҳам бор. Аллоҳга, охират кунига иймон келтирурлар, амри маъруф ва наҳйи мункар қилурлар ва яхшиликларга шошилурлар. Ана ўшалар аҳли солиҳлардандир» (Оли Имрон сураси, 113–114-оятлар).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминнинг шарафи – кечаси қоим бўлишидадир», дедилар (Имом Табароний ривояти).

Иброҳим Нахаъий шундай дер эдилар: «Қўй ёки эчкиларни соғиш сизларни чарчатиб қўйса ҳам, кечаси Қуръондан тиловат қилинглар».

Язид Раққоший айтадилар: «Агар мен ухласам, сўнг уйғонсам (Қуръон тиловат қилсам) ва яна уйқуга ётиб ухласам, икки кўзим ухламайди».

Тунлари намоз ўқиш ва қироат қилишнинг афзал кўрилишига сабаб шуки, кечаси қалб тинч ҳолатда, ҳар хил чалғитувчи, фитнага солувчи нарсалардан узоқ бўлади, инсон дунё ташвишларидан бўшаб, Роббисига сиғинади, бундай ҳолда риё ва амалларни ҳабата (бекор) қилувчи иллатлардан сақланиши осонроқ кечади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта мўъжизаларидан бўлмиш Исро ва Меърож воқеалари ҳам тунда содир бўлган эди.

Набий алайҳиссалом айтадилар: «Роббингиз ҳар кеча туннинг ярми ўтганида дунё осмонига тушиб, шундай дейди: «Бирор дуо қилувчи борми, мен унга ижобат қиламан…»[1]

Шуни билингки, кечаси қоим бўлиш ёки Қуръон қироат қилиш фазилати оз амални кўпайтиради. Лекин бутун тунни қоим ҳолда ўтказишга одатланиш инсонга қийинлик қилади, у бу ишда давомли бўла олмай, ўз нафсига ҳам зарар етказиши мумкин. Шу сабабли инсон туннинг маълум бир қисмини қоим ўтказиш мақсадида маълум вақтни белгилаб олиши фойдали бўлади.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки (кечаси) Қуръондан ўн оят ўқиса, «Ғофиллардан эмас», деб ёзилади, кимки юз оят ўқиса, «Тақводор, ихлосли бандалардан», деб ёзилади», дедилар[2].

Қуръонга катта масъулият билан қараш, уни унутиб юборишдан огоҳ бўлиш ҳақида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. Набий алайҳиссалом айтадилар: «Қуръонни такрорлаб туринглар, Аллоҳга қасамки, у ўз арқонига боғлаб қўйилган туядан ҳам кўра қочгувчироқдир».

Киши ана шундай яхши амалларни ўзига одат қилиб олди. Аммо маълум сабабларга кўра, ўз вазифасини бажара олмай қолса, нима қилиши керак? Бу борада ҳам Набий алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига мурожаат қиламиз.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кечаси белгиланган вазифасини бажармай ухлаб қолса ҳамда уни бомдод ва пешин намозлари орасида ўқиса, худди кечаси ўқиганлик савобига эга бўлади», дедилар[3].

Маълум бўлдики, тунлари Қуръон тиловат қилиш қалб мусаффолигининг асосий омилларидан биридир. Мусаффо қалбда, албатта, илоҳий нур пайдо бўлиб, у соҳибини яхшиликлар сари етаклайди.

Муҳиддин НУМАНЖАНОВ

 



[1]Шайх Муҳаммад Анвар ал-Кашмирий ал-Ҳанафий. Файзул Борий шарҳи Саҳиҳи Бухорий. Байрут. Дару иҳёи ал-тароси ал-арабий. 2005. 346-бет.

[2] Баҳрур роиқ шарҳ канзуд дақоиқ лин-насафий. 1-жуз. 315-бет.

[3]Шайх Муҳаммад Анвар ал-Кашмирий ал-Ҳанафий. Файзул Борий шарҳи Саҳиҳи Бухорий. Байрут. Дару иҳёи ал-тароси ал-арабий. 2005. 346-бет.