A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Имом Халаф
PDF Босма E-mail

Исм-насаби: Абу Муҳаммад Халаф ибн Ҳишом ибн Саълаб ибн Халаф ибн Саълаб ибн Ҳошим ибн Саълаб ибн Довуд ибн Миқсам ибн Ғолиб ал-Асадий ал-Баззор.
Таваллуди ва вафоти: Имом Халаф 150/767 санада Бағдодда туғилган. Асли Ироқнинг Фамуссилҳ деган жойидан. 229/844 йили Жумодул-охир ойида, 79 ёшда вафот этган.
Маноқиблари: Имом Халаф раҳматуллоҳи алайҳ 10 ёшда Қуръони Каримни тўла ёдлади, 13 ёшида илм талабига киришди. Имом Халаф илм йўлида ҳиммати жуда баланд инсон эди. У кишининг ўзи: «Наҳвдаги битта боб мен учун жумбоқ бўлиб қолди. Саксон минг дирҳам сарфлаб, ниҳоят уни билиб олдим», дейди. Имом Халаф зоҳид, ибодатгўй, ҳадис ривоятида ишончли, эътиборли, етук олим, улуғ инсон эди. Имом Дорақутний у киши ҳақида: «Ибодатгўй, фазилатли киши эди», деган. Ҳусайн ибн Фаҳм: «Халаф ибн Ҳишомдан донороқ инсонни кўрмаганман. У дарсни аввал аҳли Қуръонлардан бошлар, кейин муҳаддисларга изн берар эди. Бизларга Абу Авонанинг ҳадисидан элликта ҳадис ўқиб берган эди», – дейди. Хабарларда келишича, Имом Халаф йил бўйи рўза тутар эди. «Сияр» соҳиби: «У имомдир. Қуръонга амал қилувчи, Аллоҳга итоатли, ҳадис ва фароизда билимдон, араб тилига олим, ҳадис илмида ҳофиздир». «Тарихи Бағдод»да Абу Бакр ибн Ҳаммоддан нақл қилинади: «Халафга «Нега одамларни таҳқиқда (энг секин қироат суръатида) ўқитасан?», дейилди. Шунда у: «Меҳробларда ҳадрда (энг тез қироат суръатида) ўқийдиган бўлишлари учун», деди».
Абу Бакр ибн Ҳаммод айтади: «Мен Халафнинг шундай деганини эшитдим: «Қуръонни бизнинг қўлимизда яланғоч қолган деб ўйлfйман. Чунки биз ривоят қилган хабарда келганки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Бақара сурасини ўн неча йилда ёдлаган. Уни ёд олиб бўлганида Аллоҳга шукрона сифатида бир туя сўйган. Бизнинг бу замонамизда эса бир бола олдимда ўтириб Қуръоннинг учдан бирини бирорта ҳарфини туширмай ўқиб беряпти. Қуръон бизнинг қўлимизда яланғоч қолган деб биламан». Халаф раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Сулайм ибн Ийсога ўқиб бераётган эдим. وَيَسۡتَغۡفِرُونَ
لِلَّذِينَ ءَامَنُواْ оятига келганимда у йиғлади. Сўнгра: «Эй Халаф, тўшагида ухлаб ётгани ҳолда фаришталар унинг учун мағфират сўраб турадиган мўмин Аллоҳнинг наздида қандай ҳам мукаррам-а?»  деди».
Имом Халафнинг ровийларидан бири бўлмиш Идрис ибн Абдулкарим айтади: «Халаф ибн Ҳишом таъвилга (ҳанафийларнинг фатвосига) асосланиб набиз (хурмо шарбати) ичар эди. Жияни бир куни унга Анфол сурасини ўқиб бераётиб «... Аллоҳ таоло покдан нопокни ажратиши учун...» оятига келганда: «Эй тоға, Аллоҳ покни нопокдан ажратган пайтда набиз қайси тарафда бўлади?» деб сўради. У бошини экканича узоқ туриб қолди-да, кейин: «Нопок билан», – деди. У: «Нопоклик аҳли билан бўлишга рози бўласизми?» деди. Шунда Халаф: «Эй ўғилчам, уйга бор-да, ундаги ҳамма набизни тўкиб ташла», – деди. Кейин набиз ичишни тарк қилди ва ўрнига Аллоҳ таоло унга йил бўйи рўза тутишни насиб этди. У вафот этгунча доимий рўза тутди». Имом Халафнинг ўзи бу ҳақда: «Қирқ йиллик намозимни қайта ўқидим. Чунки кўфаликларнинг мазҳабига биноан набиз ичар эдим», – деган.
Имом Халаф Қуръон қироатини ўрганиш мақсадида ўн етти ёшида Кўфага боради. Абул Аббос Иброҳим ибн Халаф шундай ҳикоя қилади: «Халаф ибн Ҳишомнинг бундай деганини эшитдим: «Кўфага келиб, Сулайм ибн Ийсонинг олдига бордим. У: «Бу ерга сени нима келтирди?» – деди. Абу Бакр ибн Айёшга Осимнинг ҳарфида (қироатида) ўқиб бермоқчиман», – дедим. У ўғлини чақириб, парча қоғозга Ибн Айёшга нимадир ёзиб мен билан жўнатди. Нима деб ёзганини билмадим. Абу Бакрнинг уйига бордик. Сулаймнинг ўғли мен учун унинг олдига киришга изн сўради. Кириб, унга қоғозни тутди. Уни ўқиб бўлгач: «Бу одамни киргизинг», – деди. Кириб, унга салом бердим. У нигоҳини кўтариб бир қаради-да: «Халаф сенмисан?» – деди. Мен: «Ҳа», – дедим. «Бағдодда ўзингдан қорироқ одам қолдирмадингми?» – деди. Мен индамадим. Шунда у менга: «Ўтир, кел, ўқи-чи?» – деди. «Сизгами?» – дедим. «Ҳа», – деди. Мен: «Ла илаҳа иллаллоҳ! Қуръон ҳомилларидан бўлган бир кишини паст санайдиган одамга мен ўқиб бермайман», дедим ва уни ташлаб чиқиб кетдим. Кейин у Сулаймга одам юбориб, мени қайтаришни сўраган эди, қайтмадим. Аммо сўнг пушаймон бўлдим. Ҳожатим тушиб, Осим қироатини Яҳё ибн Одамдан Абу Бакр ривояти билан ёзиб олдим».
Яҳё ал-Фаҳҳом айтади: «Халаф ибн Ҳишомни (вафотидан сўнг) тушимда кўрдим. «Аллоҳ сенга нима муомала қилди?» дедим. У: «У Зот мени мағфират қилди», – деди». Имом Муслим ўз «Саҳиҳи»да, имом Абу Довуд «Сунан»да ҳамда Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Заръа ар-Розий, Аҳмад ибн Абу Хайсама, Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абон ас-Саррож, Абу Яъло ал-Мавсилий, Абул-қосим ал-Бағавий ва бошқалар ҳам ўз китобларида имом Халафдан ҳадис ривоят қилганлар.
Устозлари: Имом Халаф имом Ҳамзанинг қироатини Сулайм ибн Ийсо орқали, Имом Осимнинг қироатини эса Абу Юсуф ал-Аъмаш орқали ривоят қилган. Имом Нофеънинг қироатини Исҳоқ ал-Мусайябийдан, Абу Бакрнинг қироатини Яҳё ибн Одамдан олган. Шунингдек, имом Кисоийдан ҳам у кишининг қироатларини эшитган, бироқ унга ўқиб бермаган, балки ундан Қуръонни бошидан охиригача тинглаб, қироатини ўрганган.
Имом Халаф раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис илмида ҳам етук олим бўлган. Имом Молик, Абу Авона, Ҳаммод ибн Зайд, Шарик, Ҳаммод ибн Яҳё ал-Арбаҳ каби катта олимлардан ҳадис тинглаган ва ривоят қилган.
Шогирдлари: Жуда кўп қори ва олимлар қироатни Имом Халафдан арз ва самоъ йўли билан ривоят қилганлар. Аҳмад ибн Иброҳим, Иброҳим ибн Алий ал-Қассор, Аҳмад ибн Язид ал-Ҳулвоний, Аҳмад ибн Зуҳайр, Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Буросий, Салам ибн Осим, Алий ибн Ҳусайн ибн Сулайм, Ибн Шанбузнинг шайхи Муҳаммад ибн Аҳмад, Муҳаммад ибн Жаҳм, Муҳаммад ибн Мухаллад ал-Ансорий шулар жумласидандир. Унинг қироатини кенг тарқатган ровийлари Исҳоқ ибн Иброҳим ва Идрис ибн Абдулкаримдир.
Қироати: Ибн Ашта айтади: «Халаф Ҳамзанинг мазҳабини олар эди, бироқ 120 ўринда унга хилоф қилган». Имом Жазарий мазкур ўринларни диққат билан ўрганиб чиққач, имом Халафнинг ихтиёрлари нафақат кўфаликларнинг, балки Ҳамза, Кисоий ва Шуъбанинг қироатларидан ташқарига чиқмаганини таъкидлаган. Фақатгина Анбиё сурасининг 95-оятини, уларга хилоф равишда, Ҳафс қироатида ўқиган.
Санади: Имом Халаф қироатни Сулайм ибн Ийсо ва Абдурраҳмон ибн Ҳаммоддан, улар эса Ҳамзадан олган. Абу Юсуф ал-Аъмаш орқали имом Осимнинг қироатини ўрганган. Шунингдек, у Яъқуб ибн Халифа ал-Аъшо ва Абу Зайд Саъид ибн Авс ал-Ансорийдан таълим олган. Яъқуб қироатни Абу Бакрдан, Абу Зайд эса Муфаззал аз-Заббий ва Абон ал-Аттордан олган. Абу Бакр, Муфаззал ва Абон раҳматуллоҳи алайҳим эса имом Осимдан олишган.
«Сияр» соҳиби айтади: «Унинг қироатдаги санади Алий ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланади».
Халафнинг имом Ҳамза орқали боғланадиган санади қуйидагича:
Ҳамзанинг устозлари Аъмаш ва Талҳа Қуръонни Яҳё ибн Вассобдан ўрганганлар. Яҳё эса Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид, Зирр ибн Ҳубайш, Зайд ибн Ваҳб ва Масруқ ибн Аждаъларга ўқиб берган.
Ҳамзанинг яна бир устози Ҳумрон ибн Аъён эса Абу Асвад Дайламий, Убайд ибн Нузайл ва Муҳамад Боқирга ўқиб берган. Убайд ибн Нузайл ҳам Алқамага ўқиб берган.
Ҳамзанинг бошқа бир устози Абу Исҳоқ эса Абдурраҳмон Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ва Осим ибн Замра, Ҳорис ибн Абдуллоҳ Ҳамадонийларга ўқиб берган.
Шу тариқа Ҳамзанинг қироати тобеинларга етиб келади. Мазкур тобеинлардан:
Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид, Зайд ибн Ваҳб, Масруқ, Абу Асвад, Осим ва Ҳорислар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўқиб берган;
Абу Асвад Усмон розияллоҳу анҳуга ҳам ўқиб берган;
Абдурраҳмон Суламий, Зирр ибн Ҳубайш, Осим ва Ҳорислар Али  розияллоҳу анҳуга ҳам ўқиб беришган;
Ҳамзанинг қолган иккита устозидан:
Ибн Абу Лайло Минҳол ибн Амрга, Минҳол Саъид ибн Жубайрга, у Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога, Ибн Аббос Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга ўқиб берган;
Жаъфар Содиқ ўз отаси Муҳаммад Боқирга, у ўз отаси Зайнулобидинга, у отаси Ҳусайн ибн Али  розияллоҳу анҳуга ўқиб берган.
Ибн Масъуд, Усмон, Убай ва Али  розияллоҳу анҳум ушбу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар.
Имом Халафнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имом Осим орқали боғланадиган санади қуйидагича:
Имом Осим қироатни Абу Абдурраҳмон ас­Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ва Саъд ибн Илёслардан олган. Буларнинг учови ҳам Қуръонни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ўрганган. Зирр ибн Ҳубайш ва Абу Абдурраҳмонлар Али  розияллоҳу анҳуга ҳам Қуръонни тўла ўқиб берганлар. Абу Абдурраҳмон Суламий Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумларга ҳам ўқиб берган. Усмон, Али, Убай ва Зайд розияллоҳу анҳум бу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар.
Машҳур ровийлари:
1)    Имом Исҳоқ;
2)    Имом Идрис.

Имом Исҳоқ

Исм-насаби: Абу Яъқуб Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Усмон ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий.
Маноқиблари: Имом Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳ имом Халафнинг ихтиёр қилган қироатини ривоят қилган бўлиб, у кишидан кейин ўринбосар бўлиб қолган етук устоз ҳисобланади. У киши қироат илмини эгаллаш мақсадида Марвдан Бағдодга келган эди. Имом Исҳоқ Валид ибн Муслимнинг қўлида ҳам ўқиган. У киши, имом Халафнинг қироатидан бошқани билмаса ҳам, қироатда моҳир, мужаввид, мўътабар олим бўлган.
Вафоти: Имом Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳ 286/899 йили вафот этган.

Имом Идрис

Исм-насаби: Абул-Ҳасан Идрис ибн Абдулкарим ал-Ҳаддод ал-Бағдодий.
Маноқиблари: Имом Идрис раҳматуллоҳи алайҳ имом Халафнинг қироати ва ихтиёрини ривоят қилган. Шунингдек, Муҳаммад ибн Ҳабиб ал-Ушмунийнинг қўлида ҳам ўқиган. Имом Идрис қироатда мутқин, мужаввид, ҳадис бобида ишончли, етук олим эди. У киши ҳақида Дорақутнийдан сўралганида: «У ишончли, ишончлидан ҳам бир поғона баланд», деган.
Вафоти: Имом Идрис раҳматуллоҳи алайҳ 292/905 йили қурбонлик ҳайити куни 93 ёшда вафот этган.

Имом Халафнинг қироатдаги манҳажидан намуна:
1.    Ҳамза қироатидаги каби суранинг охирини кейинги суранинг бошига «басмала»сиз уланади.
2.    Мунфасил ва муттасил мадлар тавассут қилинади.
3.    سؤالٌ феълининг буйруқ майли шаклидан олдин «вав» ёки «фа» келган бўлса, «ҳамза»ни ҳазф қилиб, ҳаракатини «син»га ўтказилади: وَسَلُواْ ٱللَّهَ مِن فَضۡلِهِۦٓ ,  فَسَلُوٓاْ أَهۡلَ ٱلذِّكۡرِ .  
Умуман олганда, Халафнинг қироати Ҳамза ва Кисоийнинг қироатидан деярли ташқарига чиқмайди. Фақатгина «Анбиё» сурасининг 92-оятини имом Ҳафс қираотида ўқийди.