A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Имом Абу Жаъфар
PDF Босма E-mail

Исм-насаби: Абу Жаъфар Язид ибн Қаъқоъ ал-Махзумий ал-Маданий ал-Қорий.  Қувватли фикрга кўра, насаблари араб бўлган.
Таваллуди ва вафоти: Имом Абу Жаъфар раҳматуллоҳи алайҳнинг туғилган саналари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Маълум нарса шуки, у киши 90 ёшдан ортиқроқ умр кўриб, ҳижрий 130/747 йилда вафот этган.
Маноқиблари: Абу Жаъфар раҳимаҳуллоҳ имом, фақиҳ, ҳадис ривоятида сиқа (ишончли), ўн қироат имомларининг буюкларидан ва асосийси, улуғ тобеинлардан бўлган. Имом Абу Жаъфар ҳали саҳобаи киромлар ҳаётлигидаёқ Мадинада имом, пешқадам устоз сифатида танилган эди. Қироати мутавотир эканида шак-шубҳа йўқ, чунки у киши Шайба ибн Нисоҳ ва Нофеъдан олдин Мадинанинг бирламчи Қуръон ўргатувчиси бўлган, ҳолбуки, ўша пайтда Мадинада саҳобалар ҳам бўлган. Аммо ёзма санадларга кўра, Абу Жаъфарнинг қироати бизга фақат Аҳмад ибн Зайд ал-Ҳулвоний ривояти билан етиб келган. Саҳиҳ ривоятда келишича, имом Абу Жаъфарни гўдаклигида Уммул-мўминин Умму Салама розияллоҳу анҳонинг олдиларига олиб боришган. У зот унинг бошини силаб, ҳаққига барака тилаб дуо қилганлар. Имом Абу Жаъфар кечанинг ярмида туриб тўрт ракъат намоз ўқир, ҳар ракъатида «Фотиҳа»дан сўнг узун сурани замм қилар, салом бергандан кейин ўзининг, барча мусулмонларнинг, ўзига ўқиб берганларнинг ҳамда ўзидан олдинги ва кейинги унинг қироатида ўқийдиган инсонларнинг ҳаққига дуо қилар эди.
Имом Молик: «Қори Абу Жаъфар солиҳ инсонлардан эди. У Мадинада одамларга Қуръон ўқитар эди», деганлар.
Ибн Абу Ҳотим айтади: «Отамдан Абу Жаъфар ҳақида сўраган эдим,  «У ростгўйдир» деди».
Асмаъий: «Ибн Зиёд: «Мадинада суннат борасида Абу Жаъфардан билимдонроқ инсон бўлмаган. У ўз замонида Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз ал-Аъраждан ҳам пешқадам эди», деган», – дейди.
Ибн Жаммоз айтади: «У кунора рўза тутар эди. Бу эса Довуд алайҳиссаломнинг рўзаларидир. Сафдошлари ундан бу ҳақда сўрашганида, у: «Мен буни нафсимни Аллоҳнинг ибодатига чиниқтириш учунгина қиламан», деб жавоб берди».
Сулаймон ибн Муслим шундай ҳикоя қилади: «Абу Жаъфарга вафот соати келганида гувоҳ бўлганман. Абу Ҳозим ал-Аъраж улуғ суҳбатдошлари билан келиб, унинг олдига йиқилиб, унга нидо қилишар, у эса жавоб бермас эди. Шунда унинг куёви, яъни қизининг эри Шайба: «Сизларга мўъжиза кўрсатайми?» – деди.  Улар: «Ҳа», дейишди. Шайба унинг кўкрагини очди. Қарасак, сутдек оппоқ айлана турибди. Шунда Абу Ҳозим ва шериклари: «Аллоҳга қасамки, бу Қуръоннинг нуридир!» – дейишди. Имом Нофеъ: «Абу Жаъфар вафот этиб, ғусл қилдирилаётганда унинг томоғи билан юраги оралиғида мусҳафнинг варағига ўхшаш нарсани кўришди. Ҳозир бўлганлардан бирор киши унинг Қуръон нури эканига шубҳа қилмади», – дейди.
Сулаймон ал-Умарий айтади: «Абу Жаъфарни тушимда Каъбанинг устида кўрдим. У шундай деди: «Биродарларимга салом айт ва уларга хабар бергинки, Аллоҳ мени ризқлантириладиган тирик шаҳидлардан қилди. Абу Ҳозимга ҳам салом айт. Унга: «Абу Жаъфар сенга: «Ҳушёр бўл! Ҳушёр бўл! Зеро Аллоҳ таоло ва У Зотнинг фаришталари атайлаб сенинг кечки мажлисларингни томоша қилишмоқда», деяпти», – деб айт».
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исроил ал-Қассоъ шундай дейди: «Абу Жаъфар бир кишининг тушига чиройли суратда кирибди ва шундай дебди: «Асҳобларимга ва менинг қироатимда ўқийдиганларга Аллоҳ уларни мағфират қилгани, менинг улар ҳаққида қилган дуоларимни ижобат қилганининг хушхабарини бер ҳамда уларга бу тўрт ракъатни кечанинг ярмида қодир бўлганларича ўқиб юришларини буюр», дебди».
Устозлари: Абдуллоҳ ибн Айёш, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум. Шунингдек, бу зот Умар ибн Хаттоб, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Абдуллоҳ ва Марвон ибн Ҳакам каби улуғ олимлардан ҳадис тинглаган.
Шогирдлари: Нофеъ ибн Абу Нуъайм, Ийсо ибн Вардон, Сулаймон ибн Муҳаммад ибн Муслим ибн Жаммоз, Абдурраҳмон Зайд ибн Аслам, Абу Амр ибн Ало, ўзининг икки ўғли Исмоил ҳамда Яъқуб, қизи Маймуна ва бошқалар. Имом Молик у кишидан ҳадис ривоят қилган.
Абу Жаъфар қироатини Аҳмад ибн Язид ал-Ҳулвоний Қолундан, у Ийсо ибн Вардондан, у эса Абу Жаъфардан олган. Айни пайтда Ҳулвонийдан Фазл ибн Шозон ад-Дорий ва Жаъфар ибн Ҳайсам олган. Шунингдек, Ҳулвоний Қолун санади билан Зубайр ибн Муҳаммад Умарийга, Жаммоз санади билан Сулаймон ибн Довуд ал-Ҳошимийга ўқитган.
Санади: Имом Абу Жаъфар Қуръонни ўз мавлоси Абдуллоҳ ибн Айёш, Абдуллоҳ ибн Аббос ҳамда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумга ўқиб берган. Бу учовлари қироатни Убай ибн Каъбдан олишган. Шунингдек, Абу Ҳурайра ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳум Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга ҳам ўқиб беришган. Зайд ибн Собит ва Убай ибн Каъб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олишган.

Ровийлари:
1)    Ийсо ибн Вардон;
2)    Сулаймон ибн Жаммоз.

Ийсо Ибн Вардон

Исм-насаби: Абул-Ҳорис Ийсо ибн Вардон ал-Маданий ал-Ҳаззо.
Таваллуди ва вафоти: Имом Ийсо ибн Вардонинг туғилган йили маълум эмас, вафоти 160/776-777 санада бўлган.
Маноқиблари: Ийсо ибн Вардон имом Нофеънинг илғор сафдошларидан эди.  Икковлари ҳам Абу Жаъфарнинг қўлида таҳсил олишган.
Устозлари: Имом Ийсо Қуръони Каримни Абу Жаъфар ал-Маданий, Шайба ибн Нисоҳга, сўнгра имом Нофеъга ўқиб берган.

Ибн Жаммоз

Исм-насаби: Абу Рабиъ Сулаймон ибн Муҳаммад ибн Муслим ибн Жаммоз аз-Зуҳрий ал-Маданий.
Таваллуди ва вафоти: Имом Ибн Жаммознинг тавллуд топган санаси ҳақида маълумот йўқ. 170/786-787 йили вафот этган.
Маноқиблари: Имом Ибн Жаммоз етук, пухта қори бўлган. Имом Нофеънинг қироатини ўрганувчилар учун асосий устозлардан бўлган. Имом Абу Жаъфарнинг ҳамда имом Нофеънинг қироатларини ўргатган.
Устозлари: Имом Ибн Жаммоз Қуръонни имом Абу Жаъфар ал-Маданий ва имом Шайба ибн Нисоҳга, кейинроқ имом Нофеъга ўқиб берган.
Шогирдлари: Исмоил ибн Жаъфар, Қутайба ибн Меҳрон ва бошқалар.

Абу Жаъфарнинг қироатдаги манҳажидан намуна:
1.    «Тавба» сурасидан бошқа барча суралар бошида «басмала» айтади. «Анфол»нинг охирги оятидан «Тавба» сурасига ўтишда учта важҳ жоиз: «вақф», «сакта», «васл»;
2.    Муттасил мад тавассут  –  4 ҳаракат, мунфасил мад қаср – 2 ҳаракат;
3.    Бир калимада кетма-кет келган ҳамзанинг орасига алиф киришига қарамасдан иккинчиси хоҳ заммали, хоҳ фатҳали, хоҳ касрали бўлсин, тасҳил қилинади.
4.    Ҳаракати бир хил кетма-кет ҳамзанинг иккинчисини тасҳил қилинади. Аммо ҳаракати бошқа-бошқа бўлганини Нофеъ, Ибн Касир ва Абу Амр қироатидаги каби ўқилади.
5.    Ҳамза калиманинг «фа»си, «айн»и ёки «лам»и бўлишидан қатъи назар ибдол қилинади.
6.    فَأَلۡقِهۡ , نُوَلِّهِۦ , وَنُصۡلِهِۦ , يُؤَدِّهِۦٓ  каби калималардаги «ҳа» сукун билан ўқилади.
7.    «Жам мими»ни ўзидан кейинги ҳарф ҳаракатли бўлса заммали қилиб, унга «вав» қўшилади.
8.     لَبِثۡتَ , وَأَخَذۡتُمۡ   каби калималарда «зал» ва «са» ҳарфлари «та»га идғом қилинади: لَبِثتَّ , وَأَخَذتُّمۡ
9. Сукунли «нун» ва танвин «хо» ва «ғайн» ҳарфларига йўлиққанда ғунна билан ихфо қилинади: عَفُوًّا غَفُورٗا , مِّنۡ خَوۡفِۢ .
10. أَبَتِ  калимасида, қаерда келса ҳам, «ҳа» билан вақф қилинади.
11. «Изофа ё»сини Қолун фатҳали қилган жойда фатҳали, сукунли қилган жойда сукунли қилинади, баъзи ўринлар мустасно.
12. «Зоида ё» васлда талаффуз қилинишида Қолунга ва айримларида Варшга мувофиқ. Айримлари ўзига хос.
13. لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ ٱسۡجُدُواْ даги «та»ни барча ўринларда замма билан ўқилади.
14.  الٓمٓ ,  كٓهيعٓصٓ каби сураларнинг бошида келадиган ҳижоия ҳарфларининг ҳар бирида нафас олмасдан енгил сакта қилинади:  ا لٓ مٓ ,  كٓ ه ي عٓ صٓ
15. «Исро» сурасида  وَنُخۡرِجُ لَهُۥ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ оятидаги «нун» ўрнига «ё» ўқилади.
16. «Муъминун» ва «Наҳл» сурасидаги نُّسۡقِيكُم مِّمَّا жумласи تَسۡقِيكُم مِّمَّا  ўқилади.
17. وَلِتُصۡنَعَ عَلَىٰ عَيۡنِيٓ  оятидаги «лам» ва «айн» сокин қилинади: وَلۡتُصۡنَعۡ عَلَىٰ عَيۡنِيٓ .
18. «Юсуф» сурасидаги لَا تَأۡمَ۬نَّا ни соф идғом билан ўқилади.
19. مُسۡتَهۡزِءُونَ , وَٱلصَّٰبِ‍ِٔينَ , شَانِئَكَ каби калималаридаги ҳаракатли ҳамзаларни ё ибдол қилинади ё тушириб қолдиради.
20.  «Нур» сурасидаги وَلَا يَأۡتَلِ أُوْلُواْ ٱلۡفَضۡلِ مِنكُمۡ оятида وَلَا يَتَأَلَّ ўқилади.
21. «Соффат» сурасида  أَصۡطَفَى ٱلۡبَنَاتِ  ояти васлийя ҳамза билан бошланади.
22. Сод сурасидаги  بِنُصۡبٖ калимаси بِنُصُبٖ ўқилади.
23. إِسۡرَٰٓءِيلَ калимасидаги ҳамза тасҳил қилинади.