Исми ва нисбаси: Абу Аммора Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора ибн Исмоил аз-Зайёт ал-Куфий ат-Таймий. Тарих китобларида Ҳамзанинг Аммора исмли фарзанди бўлгани ҳақида маълумот учрамайди. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, мазкур куня унга улуғ саҳобий Абу Аммора Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳуга тақлид ва ўхшатиш юзасидан берилган. Чунки авваллари Ҳамза исмли кишиларни Абу Аммора деб кунялаш одати бўлган. Ҳамза тижорат билан шуғулланар эди. Ҳулвондан Кўфага пишлоқ ва ёнғоқ олиб бориб, Кўфадан Ҳулвонга ёғ олиб келарди. Шунинг учун у «Аз-Зайёт» ‒ «Ёғчи» деган лақабни олган. Унинг асл насаби форслардан. Унинг Ат-Таймий дейилишига сабаб шуки, у аслида Таймий уруғининг озод қилинган қулларидан бўлган. Таваллуд ва вафоти: Ҳамза ибн Ҳабиб 80/700 санада Кўфада таваллуд топган ва 156/772 санада 76 ёшда Ҳулвонда вафот этган. Имом Заҳабийнинг Сулаймдан нақл қилишича, Ҳамза: «Мен 80 йилда туғилганман. Қироатни пухта эгаллаганимда ўн беш ёшда эдим», деган. Маноқиблари: Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайётнинг туғилган санасига қараганда, саҳобаи киромларни кўрган бўлиши керак. Шунинг учун унинг бирор саҳоба билан учрашгани аниқланмаган бўлса-да, баъзилар уни тобеинлардан деб айтган. Ҳамза раҳматуллоҳи алайҳи кўплаб инсоний фазилатлар соҳиби эди. У етук олим, ҳадис, фиқҳ, мерос илмларининг билимдони, хусусан, қироат соҳасида буюк устозлардан эди. У садоқат ва парҳезкорликда барчага намуна бўлган, обид, зоҳид, ўта тақводор, тавозели, Аллоҳ таолога бўлган тазарруъи ва қўрқинчи барқ уриб турадиган солиҳ инсон эди. Кечанинг кўп қисмини ибодат билан бедор ўтказар эди. У имом Осим ва Аъмашдан кейин Кўфада қироат илмида бош устоз мақомида хизмат кўрсатган. Имом Жазарий у ҳақда шундай дейди: «У имом, ҳужжат, ишончли, мустаҳкам илмга эга, мақбул, Аллоҳнинг китобини пухта эгаллаган, мерос илми мутахассиси, араб тили билимдони, ҳадис ҳофизи, обид, хушуъли, зоҳид, парҳезкор, Аллоҳга доимо итоатли, беназир инсон эди». Ёқут Ҳамавий: «Ҳамза имом, етук мутахассис, илми мустаҳкам, ахлоқи мақбул, Аллоҳнинг китобида ўта ишончли, мерос илмининг билимдони эди», деган. Суфён Саврий: «Ҳамза Қуръон ва мерос илмида барча одамлардан ўзиб кетди», деган эди. Имом Заҳабий ва Ибн Ҳажарларнинг келтиришича, Ибн Фузайл: «Аллоҳ Кўфа аҳлидан фақат Ҳамза сабаблигина балони қайтариб турибди, деб ўйлайман», дерди. Устози Аъмаш уни кўрганда: «Бу Қуръон донишманди!» дер эди. Бир сафар унинг келаётганини кўриб, Аъмаш оятдан иқтибос қилиб: «Тавозелиларга башорат бер» деди. Имом Ҳамза бир йил Кўфада, бир йил Ҳулвонда истиқомат қилиб, одамларга Қуръондан таълим берарди. У дарс беришда аввалроқ келган кишидан бошлар ва доимо мана шу тартибни ушларди, бирор кишини бошқасидан устун қўймасди. Ҳамза қироат қоидалари ижросида чегарадан чиқиб, ошириб юборишдан қайтарар эди ва: «Ундай қилма, билмайсанми, оқликдан у ёғи песлик, жинглакнинг ортиқчаси қўнғироқ соч, қироатдан ортиғи эса қироат бўлмайди», дерди. У яна: «Албатта, ушбу таҳқиқнинг ‒ маромига етказиб ўқишнинг ҳам чегараси бор, у ёғига хунук бўлиб қолади», «Ҳамза товуши меҳнатдир, ким уни гўзал адо этса, суғуриб олади», дер эди. Имом Жазарий ёзишича, Убайдуллоҳ ибн Мусо шундай деган: «Ҳамза одамлар тарқаб кетгунгача Қуръон ўқитар эди. Кейин туриб, тўрт ракъат намоз ўқирди. Кейин пешин билан аср оралигида ҳам, шом билан хуфтон ўртасида ҳам намоз ўқирди». Ҳамза раҳматуллоҳи алайҳи Қуръон таълими учун ҳеч кимдан ҳақ олмасди. У буни дуруст санамайдиганлардан эди. Бир сафар Кўфанинг машҳур кишилардан бири унга Қуръонни тўлиқ ўқиб бергач, бир тутам динор олиб борган эди, Ҳамза уни қабул қилмади ва: «Мен Қуръон учун ҳақ олмайман, мен у билан Фирдавсни умид қиламан», деди. Имом Заҳабийнинг ёзишича, Жарир ибн Абдулҳамид шундай деган: «Ҳамза аз-Зайёт жазирама иссиқ кунда олдимдан ўтиб қолди. Мен унга сув таклиф қилдим, у ичгани унамади. Чунки мен унга Қуръон ўқиб берган эдим». Халаф ибн Тамим айтади: «Отам бўйнида қарзи билан вафот этди. Мен қарздорга бирор нарса деб қўйишини сўраб, Ҳамзанинг олдига бордим. У: «Ҳолингга вой! У менга Қуръон ўқиб беради. Мен ўзимга Қуръон ўқиб берадиган одамнинг уйидан сув ичишни ҳам хуш кўрмайман», деди». Ҳамза: «Қуръондан бирор ҳарфни ҳам нақлсиз ёд олмадим!» деган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Ҳамзага: «Икки нарсада сен биздан ўзиб кетдинг, улар устида сен билан тортишмаймиз ҳам: Қуръон ва мерос илмида», деган эди. Суфён Саврий: «Ҳамза Аллоҳнинг китобидан бирор ҳарфни нақлсиз ўқимаган. Уни кўрсанг, ибодатгўйлигидан кўзинг қувнар эди», деган. Аллома Ибн Ваҳбон айтади: «Ҳамза раҳматуллоҳи алайҳи кўп қироат қилар эди. Қачон қарасанг, Қуръон ўқиётган бўларди. Ким уни кўрса, қироат қилаётганига гувоҳ бўларди. У ҳар ойда йигирма беш ёки йигирма тўққиз марта хатм қилар эди». Ибн Ваҳбон Сулаймдан нақл қилади: «Бир куни Ҳамзанинг олдига кирсам, у йиғлаётган экан. «Нега йиғлаяпсан?» дедим. Шунда у: «Мана бу «Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютуққа эришибди», деган оят ҳақида тафаккур қилиб», деди. Ҳофиз ал-Миззий ўзининг «Таҳзиб ал-камал» китобида, Ибн Жавзий «Сифату ассофва»да, Ибн Шоҳин «Ишарот фи илмил ъибарот» асарида Халаф ибн Ҳишомдан ривоят қилади: «Сулайм менга шундай деб айтиб берди: «Мен Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайётнинг олдига кириб, уни чаккасини ерга бериб, йиғлаб ётган ҳолда кўрдим ва: «Сендан Аллоҳнинг паноҳига қочаман!», дедим. Шунда у: «Эй, нега паноҳ сўраяпсан?! Бу кеча мен туш кўрдим: гўё қиёмат қоим бўлибди, Қуръон қорилари чақирилаётган экан. Мен ҳам ҳозир бўлганлар ичида эдим. Бир сўзловчининг ширин сўзлар билан: «Менга фақат Қуръонга амал қилганларгина киради», деяётганини эшитиб, орқага тисарилдим. Шунда ҳотифдан бир овоз менинг исмимни айтиб: «Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайёт қани?», деди. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг жарчиси, лаббай», дедим. Шу пайт бир фаришта менга: «Лаббай, Аллоҳим, лаббай», дегин!», деди. Мен унинг айтганини айтдим. Кейин мени бир уйга киргизди, мен у ерда қориларнинг шовқинини эшитдим. Бу жойнинг ҳайбатидан қалтираб туриб қолдим. Шунда бир сўзловчининг: «Сенга зарари йўқ. Ўқи ва кўтарил», деганини эшитдим. Юзимни буриб қарасам, оқ дурдан бўлган бир минбарнинг олдида турибман. Унинг икки табақаси сариқ ёқутдан, зиналари яшил забаржаддан экан. Менга: «Ўқи ва кўтарил», деди. Мен унинг устига чиқдим. Кейин менга: «Анъом» сурасини ўқи!», дейилди. Мен ўқишга киришдим, бироқ кимга ўқиб бераётганимни билмасдим. Ниҳоят, олтмишинчи оятгача етиб келдим. «У бандалари устидан мутлақ ғолибдир» оятига келганимда, менга: «Эй Ҳамза! Бандаларим устида мутлақ ғолиб эмасманми?» деди. «Ҳа, шундайсан», дедим. У Зот: «Тўғри айтдинг. Ўқийвер», деди. Мен ўқиб, сурани тамомладим. Яна: «Ўқи!» деди. Мен «Аъроф»ни ўқиб, ниҳоят, унинг охирига келиб, саждага эгилдим. Шунда У Зот: «Сенга ўтмишдагилари етарли, сажда қилма, эй Ҳамза. Бу қироатни сенга ким ўқитди?», деди. «Сулаймон», дедим. «Тўғри айтдинг. Сулаймонга ким ўқитган?», деди. «Яҳё», дедим. «Яҳё тўғри айтибди. Яҳё кимга ўқиб берган?», деди. «Абу Абдурраҳмон Суламийга», дедим. «Абу Абдурраҳмон тўғри айтибди. Абу Абдурраҳмонга ким ўқитибди?», деди. «Набийингнинг амакисининг ўғли Али ибн Абу Толиб», дедим. «Али тўғри айтибди. Алига ким ўқитибди?», деди. «Набийинг соллаллоҳу алайҳи васаллам», дедим. «Набийимга ким ўқитибди?» деди. «Жибрийл», дедим. «Жибрийлга ким ўқитибди?», деди. Мен жим қолдим. Шунда менга У Зот: «Эй Ҳамза, «Сен» деб айт», деди. Мен эса «Сен» деб айтишга журъат қила олмасдим. У Зот: «Сен» деб айт», деди. Мен: «Сен», дедим. «Рост айтдинг, эй Ҳамза! Қуръоннинг ҳаққи шуки, Мен Қуръон аҳлини, албатта, икром қилажакман. Айниқса, агар Қуръонга амал қилган бўлсалар. Эй Ҳамза, Қуръон − Менинг каломим. Мен ҳеч кимни Қуръон аҳлини севганимдек севмаганман. Яқин кел, эй Ҳамза», деди. Мен яқин келдим. У Зот қўлини ғолияга (хушбўйликка) солди-да, уни менга суртди ва: «Буни фақат сенга қилаётганим йўқ. Сендан олдинги ва кейинги сен каби кишиларга шундай қилганман. Ким сен Қуръон ўқитганинг каби Қуръон ўқитса, фақатгина Менинг ҳузуримга келади. Ҳузуримда сенга беркитганларим бундан ҳам кўп, эй Ҳамза. Дўстларингга Менинг Қуръон аҳлига муҳаббатим қанчалар эканини ва уларга қандай муомалада бўлишимни билдир. Улар Менинг танланган, энг яхши бандаларимдир. Эй Ҳамза! Иззатим ва улуғлигимга қасамки, Қуръон тиловат қилган тилни, уни ёд олган қалбни, уни тинглаган қулоқни ва унга қараган кўзни дўзахда азобламайман», деди. Мен: «Ўзинг поксан! Ўзинг поксан! Эй Роббим!», дедим. У Зот: «Эй Ҳамза! Мусҳафга қараб ўқувчилар қани?», деди. Мен: «Ҳофизларими?» дедим. «Йўқ! Лекин уни Мен улар учун муҳофаза қиламан. Улар Менинг ҳузуримга келишганда Мен уларни ҳар бир оят учун бир даража кўтараман», деди. Ҳамза Сулаймга: «Сен энди мени йиғлаб, чаккамни тупроққа белаганим учун маломат қиласанми?», деди». Имом Заҳабий Абдуллоҳ Ажалийдан нақл қилади: «Ҳамза вафот этганда минг дирҳам қарзи бор эди. Яқуб ибн Довуд унинг номидан қарзини тўлади». Устозлари: Ҳамза ўз даврининг қироат шайхларидан, етук фуқаҳоларидан таълим олган. У қироат илмини тобеинларнинг улуғларидан ‒ Абу Муҳаммад Сулаймон ибн Меҳрон Аъмаш, Абу Исҳоқ Сабиъий, қози Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Ибн Абу Лайло, Ҳумрон ибн Аъян, Жаъфар Содиқ, Талҳа ибн Мусорриф Ҳамадоний, Муғийра ибн Муқсим, Мансур, Лайс ибн Асламлардан олган. Ҳамза Аъмашдан қироатни арз ва самоъ (устозга ўқиб бериш ва ундан эшитиш) орқали, Ибн Абу Лайло ва Ҳумрондан фақат арз ‒ ўқиб бериш йўли билан олган. У Кўфанинг энг олим фақиҳларидан Муғийра ибн Муқсим, Ибн Абу Лайло ва Жаъфар Содиқдан фиқҳ илмини, Сулаймон ибн Меҳрон Аъмашдан фароиз илмини ҳам ўрганган. Ҳамза Адий ибн Собит, Амр ибн Мурра, Ҳабиб ибн Абу Собит, Талҳа ибн Мусорриф, Мансур ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Қироатдаги санади: Ҳамза қироатни асосан Аъмаш, Талҳа ибн Мусорриф, Ҳумрон ибн Аъян, Абу Исҳоқ, Ибн Абу Лайло, Жаъфар Содиқлардан олган. Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатларини, Ибн Абу Лайло ҳамда Жаъфар Содиқлар эса Али розияллоҳу анҳунинг қироатларини ўзлаштирган эди. Абу Исҳоқ ҳар иккисининг қироатида ўқирди. Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олганлар.
Санаднинг тафсилоти қуйидагича: Аъмаш ва Талҳа Қуръонни Яҳё ибн Вассобдан ўрганган. Яҳё эса Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид, Зирр ибн Ҳубайш, Зайд ибн Ваҳб ва Масруқ ибн Аждаъларга ўқиб берган. Ҳумрон ибн Аъян Абу Асвад Дайламий, Убайд ибн Нузайл ва Муҳаммад Боқирга ўқиб берган. Убайд ибн Нузайл ҳам Алқамага ўқиб берган. Абу Исҳоқ эса Абдурраҳмон Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ва Осим ибн Замра, Ҳорис ибн Абдуллоҳ Ҳамадонийларга ўқиб берган. Шу тариқа Ҳамзанинг қироати тобеинларга етиб келади. Мазкур тобеинлардан: Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид, Зайд ибн Ваҳб, Масруқ, Абу Асвад, Осим ва Ҳорислар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўқиб берган; Абу Асвад Усмон розияллоҳу анҳуга ҳам ўқиб берган; Абдурраҳмон Суламий, Зирр ибн Ҳубайш, Осим ва Ҳорислар Али розияллоҳу анҳуга ҳам ўқиб беришган; Ҳамзанинг қолган иккита устозидан бири Ибн Абу Лайло Минҳол ибн Амрга, Минҳол Саид ибн Жубайрга, у Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога, Ибн Аббос Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга ўқиб берган. Жаъфар Содиқ эса ўз отаси Муҳаммад Боқирга, у ўз отаси Зайнулобидинга, у отаси имом Ҳусайнга, у Али розияллоҳу анҳуга ўқиб берган. Ибн Масъуд, Усмон, Убай ва Али розияллоҳу анҳум ушбу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганлар.
Шогирдлари: Ҳамза раҳматуллоҳи алайҳи буюк устозлардан бўлган. У кишининг қироатларини буюк муҳаддис ва фақиҳ Суфён Саврий у зотнинг ҳузурларида ўқиб бериш орқали нақл қилган. У Ҳамзадан Қуръонни тўрт маротаба ўқиб ўтказган. Исроил ибн Сабиъий, Али ибн Ҳамза Кисоий, Исҳоқ ибн Юсуф Азрақ, Ҳусайн ибн Али Жуъфий, Иброҳим ибн Адҳам, Обид ибн Абу Обид, Ҳасан ибн Атийя ва бошқалар унга Қуръонни ўқиб берган ва ундан унинг қироатини ривоят қилган. Ҳамзанинг энг катта шогирди Абу Ийсо Сулайм ибн Ийсо бўлган.
Ровийлари: Ҳамзанинг қироатини, асосан, икки набира шогирди – Халаф ва Халлод тарқатган. Улар бу қироатни Ҳамзанинг энг машҳур ва илғор шогирди Сулайм ибн Ийсодан олганлар.
Сулайм
Исм ва нисбаси: Абу Ийсо Сулайм ибн Ийсо ибн Омир ибн Ғолиб ал-Ҳанафий ал-Кўфий. Таваллуд ва вафоти: Сулайм ибн Ийсо 130/748 йили Кўфада туғилган ва 188/804 санада вафот этган. Маноқиблари:Сулайм Ҳамзанинг қироатини энг пухта эгаллаган, қироатда энг билимдон ва энг катта шогирди ҳисобланади. Ҳамза уни Кўфада ўзидан кейин дарс беришга тайинлаган эди. У устозининг ўрнида ўтириб, кўп йил қироатдан дарс берган. Сулайм Ҳамза ва Суфён Саврийлардан ҳадис тинглаган. Аҳмад ибн Ҳумайд ва Зирор ибн Сардлар ундан ҳадис тинглашган ва ривоят қилишган. Имом Ҳоким ва Найсобурийлар ўз тўпламларида унинг Ҳамзадан ривоят қилган ҳадисларини келтирган. Яҳё ибн Муборак айтади: «Биз йигитлик вақтимизда Ҳамзага Қуръон ўқиб берар эдик. Сулайм келиб қолса, у бизга қараб: «Яхшилаб ёд олинглар ва эътиборли бўлинглар, Сулайм келди!» деб қўярди». Кисоий айтади: «Ҳамзага Қуръон ўқиб бераётган эдим. Бирдан Сулайм келиб қолди. Мен секинлаб қолдим. Шунда Ҳамза менга: «Сен мендан ҳайбатланмай, Сулаймдан ҳайбатланасанми?» деди. Мен: «Эй устоз, агар хато қилсам, Сиз тўғрилайсиз, бу эса хато қилсам, мени айблайди», дедим». Зирор ибн Сард айтади: «Бир киши Сулаймнинг олдига келиб: «Эй Абу Ийсо, сенинг олдиингга таҳқиқда ‒ энг секин суръатда ўқиб бергани келдим», деди. У: «Эй жиян, Ҳамзанинг олдига бир киши худди шу мақсадда келганини кўрдим. Ҳамза йиғлаб: «Эй жиян, таҳқиқ – Қуръонни сақлашдир. Агар уни сақласанг, уни таҳқиқ қилган бўласан», деди». Халаф шундай дейди: «Мен Сулаймга Қуръонни бир неча маротаба ўқиб бердим. Унинг: «Мен Ҳамзага Қуръонни ўн маротаба ўқиб берганман», деганини эшитдим». Сулайм ибн Ийсодан кўпчилик кишилар қироат ўрганган. Ҳатто Ҳамзанинг қўлида у билан бирга ўқийдиган шериклари ҳам қироатдаги маҳоратидан истифода қилиш учун унга ўқиб беришар эди. Унинг қироатини Абу Амр Дурий, Муҳаммад ибн Язид, Тоййиб ибн Исмоил, Аҳмад ибн Жубайр ва бошқалар нақл қилган. Унинг энг кўзга кўринган машҳур шогирдлари Халаф ва Халлод эди.
Ҳамзанинг машҳур ровийлари: А) Халаф ибн Ҳишом; Б) Халлод ибн Холид.
Халаф
Исми ва нисбаси: Абу Муҳаммад Халаф ибн Ҳишом ибн Саълаб ибн Халаф ал-Асадий, алБағдодий ал-Баззор. Унинг «ал-Баззор» ‒ «уруғфуруш» деб аталишидан унинг шу касб билан шуғуллангани тахмин қилинади. Аммо манбаларда айтилишича, унинг ўзи бу нисбатни ёқтирмас ва: «Мени «ал-муқрий» ‒ «Қуръон ўқитувчи» деб чақиринглар», дер экан. Таваллуд ва вафоти: Халаф ибн Ҳишом 150/767 санада Бағдодда туғилган. Асли Ироқнинг Фамуссилҳ деган жойидан. Халаф раҳматуллоҳи алайҳи 229/844 йили Жумодул-охир ойида 79 ёшда вафот этган. Маноқиблари: Имом Халаф 10 ёшда Қуръони Карим тўла ёдлади, 13 ёшида талаби илмга киришди. У илм йўлида ҳиммати ниҳоятда баланд инсон эди. У кишининг ўзи: «Наҳвдан битта боб менда жумбоқ бўлиб қолди. Саксон минг дирҳам сарфлаб, охири уни билиб олдим», деган эди. Имом Халаф зоҳид, ибодатгўй, ҳадис ривоятида ишончли, эътиборли, етук олим, улуғ инсон эди. Имом Дорақутний у киши ҳақида: «Ибодатгўй, фазилатли киши эди», деган. Яҳё ибн Маъин, Насоий ва бошқалар уни ҳадис ривоятида ҳам ишончли деб айтишган. Хабарларда келишича, Имом Халаф йил бўйи рўза тутар эди. «Сияр» соҳиби: «У имомдир. Қуръонга амал қилувчи, Аллоҳга итоатли, ҳадис ва фароизда билимдон, араб тилига олим инсондир» дейди. Ҳусайн ибн Фаҳм: «Халаф ибн Ҳишомдан кўра доно инсонни кўрмаганман. У дарсни аввал аҳли Қуръонлардан бошлар, кейин муҳаддисларга изн берар эди. Абу Авонанинг ҳадисидан бизларга элликта ҳадис ўқиб берган эди», деган. «Тарихи Бағдод»да Абу Бакр ибн Ҳаммоддан нақл қилинади: «Халафга «Нега одамларни таҳқиқ (энг секин қироат суръати)да ўқитасан», дейилди. Шунда у: «Меҳробларда ҳадрда (энг тез қироат суръатида) ўқийдиган бўлишлари учун», деди». У баъзи қироатлари асносида Ҳамзага ҳам хилоф қилгани билан танилган. Шунинг учун уни ўнинчи қироат олими сифатида ҳам зикр қиладилар. Халафнинг Ҳамзадан қилган ривояти мутавотир қироат саналади. Яҳё ал-Фаҳҳом айтади: «Халаф ибн Ҳишомни (вафотидан сўнг) тушимда кўрдим. «Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?» дедим. «У Зот мени мағфират қилди», деди у». Имом Муслим ўз «Саҳиҳи»да, имом Абу Довуд «Сунан»да ҳамда Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Заръа ар-Розий, Аҳмад ибн Абу Хайсама, Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абон ас-Саррож, Абу Яъло ал-Мавсилий, Абул-қосим ал-Бағавий ва бошқалар ўз китобларида имом Халафдан ҳадис ривоят қилганлар. Устозлари: Халаф раҳматуллоҳи алайҳи Ҳамзанинг қироатини Сулайм ибн Ийсо орқали, унга ўқиб бериш йўли билан олган. Шунингдек, Ҳамзанинг яна бир шогирди Абдурраҳмон ибн Абу Ҳаммоддан ҳам ушбу қироатни ўрганган. У Абу Юсуф Аъшодан ҳам қироатдан таҳсил олган. У Исҳоқ ибн Мусайябий, Исмоил ибн Жаъфар, Абдулваҳҳоб ибн Атолардан ҳам айрим оятларнинг ўқилишини нақл қилган. Имом Кисоийдан Қуръонни тўлиқ эшитган ва Яҳё ибн Одамдан Осимнинг қироатини ўрганган. У имом Молик ва Ҳаммод ибн Зайдлардан ҳадис тинглаган ва ривоят қилган. Шогирдлари: Халаф ибн Ҳишомдан Аҳмад ибн Иброҳим, Исҳоқ ибн Иброҳим, Амад ибн Язид Ҳулвоний, Идрис ибн Абдулкарим, Муҳаммад ибн Исҳоқ ва бошқалар қироат илмидан таълим олган ва унинг қироатини нақл қилган. Муслим, Абу Довуд, Абу Заръа, Абу Ҳотим ва бошқалар ундан ҳадис ривоят қилган.
Халлод
Исми ва нисбаси: Абу Ийсо Халлод ибн Холид аш-Шайбоний ал-Кўфий ас-Сайрафий. Таваллуди ва вафоти: Халлод ибн Холид 129/747 йили Ражаб ойининг ўрталарида таваллуд топган ва 220/835 санада вафот этган. Маноқиблари: Халлод қироат илми имомларидан саналади. У ўта ишончли, беназир олим, тажвидга моҳир, қироат илмини пухта эгаллаган буюк устозлардан эди. Узоқ йил мусулмонларга Қуръондан таълим берган, илм-маърифат зиёсини тарқатишга катта хизмат қилган. Машҳур қироат олими имом Доний уни Сулаймнинг энг улуғ ва энг ишончли шогирди сифатида баҳолаган. Имом Заҳабий унинг мўътабар уламолардан эканини айтган. Абу Заръа ва Абу Ҳотимлар ундан ҳадис ривоят қилган. Устозлари: Халлод раҳматуллоҳи алайҳи Ҳамзанинг қироатини Сулайм ибн Ийсо орқали ривоят қилган. У қироатни Сулаймдан арз ‒ ўқиб бериш йўли билан олган. Шунингдек, у Ҳусайн ибн Али Жуъфий орқали Абу Бакр Шуъбанинг, Шуъбанинг ўзидан эса Ҳафснинг қироатини ҳам ривоят қилган. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ҳасан Раввосийдан ҳам таълим олган. У Зуҳайр ибн Муовия, Ҳасан ибн Солиҳ ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Шогирдлари: Халлоддан Муҳаммад ибн Шозон, Муҳаммад ибн Ҳайсамлар қироат ўрганган. Аҳмад ибн Язид Ҳулвоний, Иброҳим ибн Али, Иброҳим ибн Наср ар-Розий, Ҳамдун ибн Мансур, Қосим ибн Язид Ваззон, Муҳаммад бин Фазл, Муҳаммад ибн Саид Баззозий, Муҳамад ибн Шозон, Қози Муҳаммад бин Ҳайсам ва бошқа кўпчилик қорилар унинг қироатини ривоят қилишган.
Ҳамзанинг қироатдаги йўли: 1. Ҳар бир сурани кейингисига басмаласиз улайди. 2. Учта калимадаги «ҳа»ни васлда ҳам, вақфда ҳам заммали ўқийди. Улар қуйидагилар: عليهم ، إليهم ، لديهم 3. Муттасил ва мунфасил мадларда ишбоъ қилади ‒ 6 ҳаракат чўзади. 4. Қуйидаги калималардаги «ҳа» ҳарфини сокин қилиб ўқийди: يؤده إليك ، ونصله جهنم ، نؤته منها ، فألقه إليهم. 5. «أل» ва «شيء» калималарида ҳамза ундошидан олдин сакта қилади. Халафнинг ривоятига кўра, мафсулларда ҳам сакта қилинади. М: عذاب أليم. 6. Вақфда ҳамзани тағйир қилади, у калиманинг ўртасида бўлсин (м: يؤمنون), ёки охирида бўлсин (м: ينشئ) − фарқи йўқ. Аммо бунинг тафсилоти ушбу мавзудаги манбалардан ўрганилади. 7. Халафнинг ривоятида «إذ» калимасидаги «зал»ни «дал» ва «та»га, Халлоднинг ривоятида «жим»дан бошқа барча ундошларга идғом қилади. Ҳар икки ривоятда «قد» калимасидаги «дал»ни ва муаннаслик «та»сини барча ундошларга идғом қилади. «هل ثوب الكفار» оятида «هل»даги «лам»ни «са»га, «بل سولت لكم» оятидаги «بل»нинг «лам»ини «син»га, «بل تأتيهم»дагини «та»га идғом қилади. Шунингдек, عذت, فنبذت, اتخذتم калималарида «зал»ни «та»га идғом қилади. Халлоднинг ривоятида сокин «ба»ни «фа»га идғом қилади. 8. «Йа» ҳарфли алифларни ва мусҳафда «йа» билан ёзилган алифларни имола қилади: الهدى ، اشترى ، النصارى . Шунингдек, қуйидаги калималардаги алифларни ҳам имола қилади: خاب , خافوا , طاب , ضاقت , وحاق , زاع , جاء , شاء , وزاد. Яна иккинчиси касрали бўлиб келган иккита «ро» ўртасидаги алифни ҳам имола қилади. М: إن كتاب الأبرار ، من الأشرار 9. Изофа «йа»сини сокин қилади. 10. Қуйидаги икки ўринда зоида «йа»ни ўқийди: اتمدونن بمال , ربنا وتقبل دعاء.
Бу қоидаларнинг тафсилоти ва яна бошқа хилофлар ушбу мавзудаги китоблардан ўрганилади.
|