Исми ва нисбати: Абдуллоҳ ибн Омир ибн Язид ибн Тамим ибн Робиъа ибн Омир ибн Абдуллоҳ ибн Имрон ал-Яҳсубий. Унинг Яҳсубий дейилиши Яҳсуб ибн Омир ибн Ҳумайр ибн Саба ибн Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтон ибн Омирга нисбатандир. Ибн Омир соф араб бўлиб, Ҳимяр қабиласига мансуб бўлган. Унинг куняси ҳақида икки-уч хил ривоят бор бўлиб, тўғрироғи, Абу Имрон бўлган.
Таваллуди ва вафоти: Ибн Омир 8/629 санада Дамашққа қарашли туманлардан бири Балқода таваллуд топган. Бу ҳақда ўзи шундай дейди: «Мен 8 ҳижрийда Риҳоб деб аталган қишлоқнинг Балқо деган жойида туғилганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида икки ёшда эдим. Бу Дамашқ фатҳ бўлишидан олдин эди. У фатҳ бўлгандан кейин тўққиз ёшимда Дамашққа келдим». Буюк имом Абдуллоҳ ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳи 118/736 санада Дамашқда, Ашуро куни вафот этди.
Маноқиблари: Ибн Омир буюк тобеинлардан бўлиб, машҳур етти қорининг бири ва уларнинг санади олийларидан ҳисобланади. У Қуръон, ҳадис илмида ва араб тили қоидалари ва балоғатида етук билимга эга бўлган. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан кейин у кишининг ўрнига Шом аҳлининг қироат илмидаги катта устози сифатида пешво бўлган. Халифа Валид ибн Абдулмалик даврида қози этиб тайинланган. У Дамашқдаги марказий масжид Жомеъулумавийда кўп йил имомлик қилган. Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳам келиб, унинг орқасида намоз ўқир эди.
Шогирди Яҳё Зиморий айтади: «Ибн Омир мамлакатнинг қозиси эди, Дамашқ масжидининг биносида ўтирарди. У масжиднинг раиси бўлиб, у ерда бирор бидъат кўрса, уни, албатта, ўзгартирар эди».
Абу Али Аҳвазий айтади: «Ибн Омир имом, олим, келтирган маълумотида ишончли, ривоят қилган нарсасини яхши эсда сақлаган, ёд олган нарсасини пухта эгаллаган, айтган гапини яхши билиб, тўғри фаҳмлай олган, нақл қилган нарсаларида содиқ киши эди. Мусулмонларнинг афзалларидан, тобеинларнинг энг яхшиларидан, ровийларнинг улуғларидан бўлган. У дин-диёнати ҳақида ёмон гумон қилинмаган, иймонида шак этилмаган, омонатида шубҳа қилинмаган, ривоятида гап-сўз бўлмаган одамдир».
Ибн Жазарий «Ан-Нашр»да шундай дейди: «У Жомеъулумавийда Умар ибн Абдулазиз даврида ва ундан кейин ҳам, олдин ҳам мусулмонларга имомлик қилган... Халифа Дамашқда имомлик, қозилик ва қироатда шайхлик вазифасини унга топширган эди. Дамашқ у пайтда халифалик маркази, етук уламолар ва тобеинлар келиб тушадиган жой бўлиб, улар унинг қироатига, уни мақбул кўриб ўрганишга иттифоқ бўлишган. Улар мусулмонларнинг энг афзали бўлмиш биринчи авлод эдилар».
Имом Жазарий Шом диёрларида 56 ҳижрий асрларда ҳам асосан Ибн Омирнинг қироати машҳур бўлганини, халқ оммаси шу қироатда ўқишини айтган.
Ибн Омир, озроқ бўлса-да, ҳадис ҳам ривоят қилган. Имом Насоий ва бошқа муҳаддислар уни ўта ишончли кишилардан деб айтишган. У ривоят қилган ҳадисларни имом Муслим, Ибн Ҳиббон ва имом Аҳмадлар ўз ҳадис тўпларида келтиришган.
Устозлари: Ибн Омир Усмон розияллоҳу анҳунинг шогирди Муғийра ибн Абу Шиҳобга, улуғ саҳобийлар Абу Дардо, Фазола ибн Убайд Ансорий, Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳумга Қуръонни ўқиб берган. У Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзидан ҳам Қуръон эшитган. У яна Муовия ибн Абу Суфён, Нуъмон ибн Баширлардан ҳадис тинглаган ва ривоят қилган.
Қироатдаги санади: Ибн Омир санади олий имомлардандир. У қироатни Абу Ҳошим Муғийра ибн Абу Шиҳоб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳудан олган. Муғийра Қуръонни Усмон розияллоҳу анҳуга ўқиб берган. Усмон ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумо бу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганлар. Ибн Омир қироатни бир томондан иккита восита, иккинчи томондан битта восита орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилган.
Шогирдлари: Ибн Омирдан укаси Абдурраҳмон ибн Омир, Яҳё ибн Ҳорис Зиморий, Робиъа ибн Язид, Жаъфар ибн Робиъа, Исмоил ибн Убайдуллоҳ бин Абу Муҳожир, Саид ибн Абдулазиз, Булқо қозиси Халлод ибн Язид ибн Субайҳ Муррий, Язид ибн Абу Молик ва бошқалар қироатдан таълим олган ва унинг қироатини ривоят қилган. У кишидан Абдурраҳмон ибн Язид ибн Жобир, Абдуллоҳ ибн Ало, Зубайдий, Яҳё Зиморий ва бошқалар ҳадис ривоят қилган. Имом Ибн Омирнинг қироатини ривоят қилганлар ичида энг мўътабарлари Ҳишом ва Ибн Заквондир.
Машҳур ровийлари:
А) Абу Валид Ҳишом ибн Аммор ад-Димашқий;
Б) Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон ад-Дамашқий.
Ҳишом
Исми ва нисбати: Абу Валид Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр ибн Абон ибн Майсара ас-Суламий ад-Димашқий.
Таваллуд ва вафоти: Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳи 153 ҳижрийда таваллуд топган ва 245 йилда Дамашқда вафот этди.
Фазилатлари: Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳи қироат устози, фақиҳ, муҳаддис, Дамашқнинг қозиси, муфтийси ва имоми хатиби бўлган. У ўз даврининг Қуръон ва ҳадис илмида пешқадам бўлган кишиларидан қироат ва ҳадисларни ривоят қилган. У ҳадисни пухта ўзлаштирмай туриб айтмас эди.
Ҳишом Дамашқ жомеъсининг хатиби бўлиб, жумъа кунлари одамларга хутба қилар ва намоз ўқиб берар эди. Ибн Манзур «Тарихи Димашқ»да келтиришича, Абдон Аҳвазий шундай дейди: «Ҳишом ибн Аммор жумъа куни минбарда хутба қилар эди. Бир куни мен унга: «Эй Абу Валид, бу хутбангиз бошқа кунлардаги хутбаларингизга ўхшамас экан, бу янада балоғатли экан», дедим. Шунда у: «Жим бўл, эй бола! Мен йигирма йилдан бери бирорта хутбани қайтармаганман», деди».
Бу эса имом Ҳишом йигирма йилда бирор мавзуни айнан такрорламаган, деганидир. Йигирма йилда мингтага яқин хутба қилиш мумкин. Бу ҳам бўлса, имомнинг қанчалар катта илм ва фаҳмга эга эканига далолат қилади. У ўз хутбаларидан бирида: «Ҳақни айтинглар, шунда Ҳақ сизларни фақат ҳақ ила ҳукм қилинадиган кунда ҳақ аҳлининг манзилларига туширади», деган эди.
Ибн Манзур айтади: «Ҳишом ибн Аммор юрганда ерга қараб юрарди, Аллоҳ таолодан ҳаё қилганидан бошини осмонга кўтармас эди».
Асбаҳоний айтади: «Ҳишом улуғ ёш, соғлом ақл ва фикр билан ризқланган эди. Одамлар қироат ва ҳадис учун унинг олдига сафар қилишарди».
Ибн Жазарий «Ғояту анниҳая»да Ҳишом ҳақида шундай деган: «У нақл қилиш, фасоҳат, илм, ривоят ва дироят билан машҳур бўлган».
Ривоят билан машҳур бўлиш деганда, ўзининг ишончли санади билан олдингиларнинг сўзларини, амалларини, ҳаётларини нақл қилиш билан шуҳрат қозониш тушунилади. Дироят эса ўзи ривоят қилаётган нарсаларни пухта ўзлаштириб, тўла фаҳмлашдир.
Имом Дорақутний: «Ҳишом ғоятда ростгўй, мартабали, фасоҳатли, аллома ва ривоятда билими кенг одам эди», деган.
Абу Заръа: «Ким Ҳишом ибн Амморни қўлдан чиқарган бўлса, ўн минглаб ҳадисни излашга муҳтож бўлади», деб айтган.
Аҳмад ибн Абу Ҳаворий айтади: «Агар Абу Валид Ҳишом ибн Амморга ўхшаш одам бор шаҳарда ҳадис айтгудек бўлсам, менга соқолимни қириш лозим бўлади».
Ҳишом айтади: «Отам Аммор ўзининг бир уйини йигирма динорга сотиб, мени ҳажга жўнатди. Мадинага келиб, Молик ибн Анаснинг олдига бордим. Менинг ундан сўрамоқчи бўлган масалаларим бор эди. Мен унинг олдига келдим., У худди подшоҳлардек ўтирар, хизматкорлари эса тик турар эди. Одамлар ундан савол сўрар, у эса уларга жавоб берарди. Мажлис тугагач, баъзи ҳадис аҳллари: «Масалаларингни сўра», дейишди. Мен: «Эй Абу Абдуллоҳ, фалон, фалон нарса ҳақида нима дейсиз?», дедим. У: «Болалар қўлимизгa тушибди-ку! Эй хизматчи, уни кўтариб олиб кел», деди. У мени худди ёш болани кўтаргандек кўтариб олиб борди. Мен у пайтда балоғат остонасидаги бола эдим. Молик мени муаллимларнинг дарраси билан ўн етти дарра урди. Мен йиғлаб юбордим. Молик менга: «Нега йиғлаяпсан? Мана бу сени оғритдими?» деди. Мен: «Отам уйини сотиб, мени сизга етишиб, ҳадис эшитишим учун жўнатган эди, сиз эса мени урдингиз», дедим. Шунда у: «Ёз», деди ва ўн еттита ҳадис айтиб берди. Мен ўзим сўрамоқчи бўлган масалаларни сўрадим, уларга жавоб берди... Мен унга «Мени яна уриб, яна ҳадис айтиб беринг», дедим. Молик кулиб юборди-да: «Бор, кет энди», деди».
Бу воқеа ҳақида имом Заҳабий ўз санади орқали Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳининг ўзидан унинг қуйидаги гапини нақл қилган: «Моликнинг уйига бориб, изн сўрамай ичкарига кирдим. Шунда у бир хизматкорига буюрган эди, мени мусулмонларнинг дарраси билан ўн етти марта ўриб, чиқариб юборди. Мен унинг эшиги тагида йиғлаб ўтирдим. Мен калтак учун эмас, балки ҳасратдан йиғлагандим. Шу пайт бир жамоа кишилар келиб қолишди. Мен уларга бўлган воқеани айтиб бердим. Улар Моликдан менинг гуноҳимни ўтишини сўрашди. У менга ўн еттита ҳадис имло қилдирди (айтиб туриб ёздирди)».
Бағдоддаги айрим ҳадис илми уламолари Ҳишомнинг бундай деганини ҳикоя қилишади: «Мен Роббим азза ва жалладан еттита ҳожатни сўрадим, улардан олтитасини берди, еттинчисини нима қилади, билмайман:
Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқловчи қилишини сўраган эдим, шундай қилди;
ҳаж қилишни насиб этишини сўраган эдим, насиб қилди;
юз йил умр сўраган эдим, уни берди;
ҳалол йўл билан минг динор беришини сўраган эдим, уни берди;
одамларни илм талабида менинг олдимга келадиган қилишини сўраган эдим, шундай қилди;
Дамашқ минбарида хутба қилишни сўраган эдим, насиб қилди;
аммо мен нима қилишини билмайдиган еттинчисига келсак, мен У Зотдан ўзимни ва ота-онамни мағфират қилиши сўраган эдим».
Устозлари: Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳи қироатни Ирок ибн Холид ал-Муррий ва Айюб ибн Тамим ат-Тамимийдан арз йўли билан – ўқиб бериб олган. Ирок ибн Холид ва Айюб ибн Тамимлар Қуръонни Яҳё ибн Ҳорис Зиморийга ўқиб берган. Яҳё ибн Ҳорис Абдуллоҳ ибн Омирнинг энг катта шогирдларидан бўлиб, уни устоз ўз ўрнига қироат имомлигига тайинлаб кетган эди. Демак, Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Омирнинг қироатини икки восита орқали олган.
У яна Сувад ибн Абдулазиз, Валид ибн Муслим, Садақа ибн Холид, Мудрик ибн Абу Саъд, Умар ибн Абдулвоҳидларга ҳам Қуръонни ўқиб топширган. Шунингдек, у Утба ибн Ҳаммоддан, Абу Диҳя Муалло орқали Нофеъдан айрим ҳарфларни ривоят қилган.
У имом Молик ибн Анас, Суфён ибн Уяйна, Муслим ибн Холид Занжий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Ибн Лаҳиъадан ижозат билан ҳадис нақл қилган.
Шогирдлари: Абу Убайд ибн Саллом унинг қироатини ҳаётлик давридаёқ, аниқроғи, вафотидан 40 йил олдин нақл қилган. Шунингдек, Аҳмад ибн Язид Ҳалвоний, Аҳмад ибн Анас, Исҳоқ ибн Абу Ҳассон, Исмоил ибн Ҳувайрис, Аҳмад ибн Муалло, Иброҳим ибн Аббод, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Бакр, Мусо ибн Жумҳур, Ал-Аббос ибн Ал-Фазл, Ҳорун ибн Мусо АлАхфаш, Абдуссамад ибн Абдуллоҳ ибн Абдуссамад ва бошқалар ҳам унинг қироатини ривоят қилишган.
Устозлари Валид ибн Муслим ва Муҳаммад ибн Шуъайблар ундан ҳадис ривоят қилганлар. У ривоят қилган ҳадисларни Бухорий, Термизий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можалар ўз санадалари билан нақл қилганлар ва ўзларининг ҳадис тўпламларида келтирганлар.
Ибн Заквон
Исми ва нисбати: Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон ибн Амр ибн Ҳассон ибн Довуд ибн Ҳаснун ибн Саъд ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Молик ибн Назр ал-Қураший ад-Дамашқий. Кўриниб турибдики, унинг боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари билан насабда туташади.
Таваллуд ва вафоти: Ибн Заквон раҳматуллоҳи алайҳи 173 ҳижрийда Ошуро кунида таваллуд топган ва 242 ҳижрий санада Дамашқда, Шаввол ойидан икки кун қолганда душанба куни вафот этган.
Фазилатлари: Ибн Заквон ўз даврида Шом аҳлининг қироат пешволаридан бўлган. Дамашқ жомеъсида жумъадан бошқа кунлари намозда имомлик қилган. У қироат қоидаларини ижро қилишда Ҳишомдан ҳам устун эди.
Абу Заръа Димашқий айтади: «Менинг наздимда, Заквоннинг даврида Ироқда ҳам, Шомда ҳам, Ҳижозда ҳам, Мисрда ҳам, Хуросонда ҳам ундан кўра қорироғи бўлмаган».
Абу Али Аҳмад ибн Муҳаммад Асбаҳоний айтади: «Айюб ибн Тамимнинг вафотидан кейин қироатда имомлик икки кишига – Ҳишом ва Ибн Заквонга ўтди».
Ибн Заквон «Ақсамул Қуръан» («Қуръон қисмлари»), «Маа йажибу ъала қориил Қуръани инда ҳаракати лисаниҳи» («Қуръон қорисига тилини ҳаракатлантиришда нималар вожиб бўлади?») номли китоблар таълиф этган.
Устозлари: Ибн Заквон қироатни Айюб ибн Тамим атТамимийдан таълим олган. Айюб эса Яҳё ибн Ҳорисдан, у Абдуллоҳ ибн Омирдан қироатни олган. Демак, Ибн Заквон ҳам Ибн Омирнинг қироатини иккита восита билан нақл қилган.
Абу Амр Донийнинг айтишича, Ибн Заквон имом Кисоий Шомга келганда ундан Қуръонни ўтказиб олган. Ибн Заквоннинг ўзи: «Мен Кисоийнинг олдида етти ой бўлдим, унга Қуръонни бир неча маротаба ўқиб бердим», дер эди.
У Исҳоқ ибн Мусайябий орқали Нофеъдан ҳам ҳарфлар ривоят қилган.
Шогирдлари: Ундан қироатни ўз ўғли Аҳмад, Аҳмад ибн Анас, Аҳмад ибн Муалло, Аҳмад ибн Юсуф Тағлибий, Исҳоқ ибн Довуд, Ҳорун ибн Мусо Ал-Ахфаш ва бошқалар ривоят қилган.
Ибн Омирнинг қироат йўли:
1. Суралар ўртасида а) басмала; б) сакта; в) васл қилиб ўқийди. Фақат «Анфол» билан «Тавба» ўртасида басмала айтмай а) қатъ; б) сакта; в) васл қилади.
2. Муттасил ва мунфасил мадларда ўртача ‒ 4 ҳаракат чўзади.
3. Бир калимада кетма-кет келган иккита ҳамзанинг иккинчиси фатҳали бўлса, тасҳил ва таҳқиқ қилади, аммо касрали ёки заммали бўлса, фақат таҳқиқ қилади.
4. Сўз охиридаги ҳамзани вақфда тағйир қилади ва бу фақатгина Ҳишомнинг ривоятида келади.
5. Ҳишомнинг ривоятида «إذ» калимасидаги «зал» баъзи ҳарфларга идғом қилинади. Ҳар икки ривоятда «дал» ҳарфи «са»га ва «са» ҳарфи «та»га барча ўринларда, «зал» ҳарфи «та»га أخذتم ,أخذت , اتخذتم калималарида идғом қилинади.
6. Ҳишомнинг ривоятида қуйидаги калималарнинг алифида имола қилинади: إناه, ومشارب, عابدون, وعابد, آنية .
7. Ҳишомнинг ривоятида «إبراهيم» калимаси айрим ўринларда ҳамзани фатҳали қилиб, алиф билан ўқилади.
8. Ибн Заквоннинг ривоятида қуйидаги калималарда алиф имола қилинади: جاء شاء ، زاد حيث وقعت وكيف وردت ، حمارك ، المحراب ، إكراههن ، كمثل الحمار ، والأكرام ، عمران.
9. Ибн Заквонда « وإن إلياس» калимасида ҳамза васл билан ўқилади.
Бу қоидаларнинг тафсилоти ва яна айрим хилофларини ушбу мавзудаги китоблардан ўрганилади.
|