A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Имом Ибн Касир
PDF Босма E-mail

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

Исм-насаби: Абу Маъбад Абдуллоҳ ибн Касир ибн Амр ибн Абдуллоҳ ибн Зодон ибн Феруз ибн Ҳурмуз ад-Дорий. Баъзилар у кишини Бану Абдуддорга нисбат бериб «ад-Дорий» дейилган деса, бошқалар аттор бўлгани учун шундай лақаб олган, чунки араблар Баҳрайндаги хушбўйликлар келтириладиган жой – Доринга нисбат бериб, атторни «дорий» дейишарди, дейди. Доринни Ҳинд шаҳарларидан бири деганлар ҳам бор.

Таваллуди ва вафоти: Имом Абдуллоҳ ибн Касир Маккаи Мукаррамада 45/665 йилда таваллуд топган, 120/738 санада вафот этган. Суфён ибн Уяйна: «Бир юз йигирманчи йилда Ибн Касир ад-Дорийнинг жанозасида қатнашганман», – деган.

Маноқиблари: Абдуллоҳ ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ келиб чиқиши Кисро ҳабашларни қувиб чиқариш учун Санъога юборган форслардан эди. Саҳобаи киромлардан Абу Айюб Ансорий, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Мужоҳид ибн Жубайр ҳамда Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мавлоси Дирбос розияллоҳу анҳумни кўрган. Бинобарин, улуғ тобеинлардан ҳисобланади. Имом Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ баланд бўйли, тўқ буғдойранг, кўзи мовийга мойил, соч-соқоли оқарган, ҳайбатли киши эди. Соч-соқолини ҳино билан бўяб ҳам турарди. Сўзамол, ҳозиржавоб, фасоҳат ва балоғатли, виқорли, оғир-босиқ инсон эди. Ибн Ваҳбон айтади: «Ибн Касир ўзини жуда ҳам қуйи тутадиган одам эди. Тенгдошларига тавозеъли, камбағалларни ҳурматлар, дунёдорларга юз бурмас, дарс беришда аввал келгандан бошлаб берар эди». Имом Ибн Касирнинг устози, Қуръон уламоларининг пешқадамларидан буюк аллома Мужоҳид ибн Жабр раҳматуллоҳи алайҳ: «Менга ўқиб берганларнинг ичида Ибн Касир кабисини кўрмадим», – дер эди. У   ҳаётлигидаёқ Ибн Касирни Қуръон таълимига ўтказган, ўзининг ўринбосари қилиб олган эди.

Имом Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ Маккаи Мукаррамада қози ҳамда қироат борасида барчанинг устози бўлган. Ўз даврида бирор киши унга тенг кела олган эмас. Ибн Мужоҳид айтади: «Абдуллоҳ ибн Касир ҳаётининг охиригача Маккада қироат борасида ҳамма эътироф этган имом бўлиб қолди». Баъзилар Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ бир муддат Ироқда ҳам турган, кейин Маккага қайтиб, ўша ерда вафот этган, дейишади.

Асмаъий айтади: «Абу Амр ибн Алодан «Ибн Касирга ҳам ўқиб берганмисиз?» деб сўрадим. У: «Ҳа, Мужоҳидда хатм қилгандан кейин Ибн Касирда хатм қилганман. Ибн Касир араб тилида Мужоҳиддан ҳам билимдон эди», – деди. Ибн Маин: «У «сиқа» – ишончлидир», деган.

Устозлари: Абдуллоҳ ибн Соиб ал-Махзумий, Мужоҳид, Дирбос – Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абдурраҳмон ибн Мутъим ва Умар ибн Абдулазиздан ҳадис ривоят қилган.

Шогирдлари: Абдуллоҳ ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳнинг қироатини жуда кўпчилик, жумладан, Исмоил ибн Абдуллоҳ ал-Қист, Исмоил ибн Муслим, Ҳаммод ибн Салама, Халил ибн Аҳмад, Шибл ибн Иёд, Абу Амр ибн Ало, Сулаймон ибн Муғира, Абдулмалик ибн Журайж, Ибн Абу Мулайка. Абдуллоҳ ибн Касирдан Айюб ас-Сахтиёний, Ибн Журайж, Жарир ибн Ҳозим, Ҳусайн ибн Воқид, Абдуллоҳ ибн Абу Нажиҳ, Ҳаммод ибн Салама, Қурра ибн Холид, Ҳорис ибн Қудома ва кўплаб илм аҳли ҳадис ривоят қилган.

Санади: Абдуллоҳ ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ қироатни Абдуллоҳ ибн Соиб, Мужоҳид ибн Жубайр ал-Маккий ҳамда Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мавлоси Дирбос раҳматуллоҳи алайҳимдан арз йўли билан олган. Абдуллоҳ ибн Соиб Убай ибн Каъб ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумода ўқиган. Дирбос раҳматуллоҳи алайҳ эса Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуда, у киши Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумода ўқиган. Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳум эса қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олишган.

Машҳур ровийлари:

1) Баззий: Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ;

2) Қунбул: Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Холид ал-Маккий.

Имом Баззий

Исм-насаби: Абул Ҳасан Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Қосим ибн Нофиъ ибн Абу Базза. Абу Баззанинг исми Башшор бўлиб, асли Ҳамадондан. Соиб ибн Абу Соибнинг қўлида Исломни қабул қилган эди. «Базза» дегани «шиддат, қаттиқлик» деган маънони билдиради. Имом Баззий мана шу бобосига нисбатан ал-Баззий лақабини олган.

Таваллуди ва вафоти: Имом Баззий Маккаи Мукаррамада 170/786-787 санада таваллуд топган, 250/864 йили вафот этган. Ибн Касирнинг қироатини ривоят қилганлар орасида энг ёши каттаси Имом Баззий бўлади бўлганлар.

Маноқиблари: Имом Баззий ўз даврида Маккаи Мукаррамада Қуръон таълими бўйича бош устоз бўлган. Масжидул-ҳаромда 40 йил муаззинлик ва имомлик қилган. Муҳаммад ибн Али  ибн Сойиғ айтади: «Бизга Баззий айтиб берди: Мен Икрима ибн Сулаймоннинг шундай деганини эшитдим: Қуръонни Исмоил ибн Абдуллоҳ ибн Қустантинга ўқиб бердим. «Ваз‑зуҳа»га келганимда: «Ҳар бир суранинг охирида такбир айт. Чунки мен Абдуллоҳ ибн Касирга ўқиб берганман. «Ваз‑зуҳа»га келганимда «Хатм қилгунингча такбир айт», деган», – деди. Ибн Касир Мужоҳидга ўқиб берганини, Мужоҳид унга шуни буюрганини (у кишига) айтган. Мужоҳид эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўқиб берганини, Ибн Аббос уни шунга буюрганини хабар қилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб уни шунга буюрганини айтган. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни шунга буюрганини хабар қилган».

Имом Баззийнинг тенгдошларидан Абул-Ҳасан Аҳмад ал-Қаввос шогирди Қунбулни Баззийнинг ҳузурига юбориб, у ўқиётган учта ҳарфни ўқимасликни таъйинлади. Улардан бири «Иброҳим» сурасида келган وَمَا هُوَ بِمَيِّتٖ жумласидаги «маййит» сўзини «майт» ўқиш эди. «Бу бизнинг қироатимизда йўқ. «Маййит» сўзи ўлиб бўлган киши ҳақида келсагина, тахфиф қилинади – «майт» ўқилади. Ҳали ўлмаган ҳақида бўлса, шаддали бўлади», деб айт, дея таъкидлади Қунбулга. Қунбул айтади: «Келиб, уларни Баззийга айтдим. У: «Бўлди, қайтдим», – деди. Эртасига Баззий Қаввоснинг олдига келди ва: «Қунбул менга сенинг бу ҳарф (яъни «маййит» сўзи) ҳақидаги топшириғингни олиб борди. Аммо «маййит»дан ташқари яна иккита ҳарф айтди. Мен уларни қабул қилмадим. Менга Икрима ибн Сулаймон ўшандай ўқитган эди. Энди унинг сўзидан сенинг сўзингга қайтдим», – деди.

Санади: Имом Баззий қироатни Икрима ибн Сулаймондан, у Исмоил ибн Абдуллоҳ ал-Қист ва Шибл ибн Аббоддан, улар Ибн Касирдан олишган. Абдуллоҳ ибн Касирнинг қироатини Баззийдан мутавотир даражасини берадиган ададда кўпчилик ривоят қилган, бироқ Баззий уларнинг энг машҳури ва энг пешқадами бўлган.

Шогирдлари: Имом Баззий раҳматуллоҳи алайҳдан қироатни жуда кўпчилик олган. Жумладан: Ҳасан ибн Ҳаббоб, Абу Рабиъа, Аҳмад ибн Фараҳ, Қунбул ва бошқалар.

Имом Қунбул

Исм-насаби: Абу Амр Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Холид ибн Муҳаммад ибн Саид ал-Махзумий ал-Маккий. «Қунбул» лақаби билан машҳур бўлган. Нима учун бу лақабни олгани ҳақида турлича фикрлар бор. Баъзилар «қунбуллар» деб айтиладиган сулоладан бўлгани учун деса, бошқалари танасидаги бир касаллик сабабли «қунбул» номли дорини кўп истеъмол қилганидан шу номни олган, дейишади.

Таваллуди ва вафоти: Имом Қунбул Маккаи Мукаррамада 195/810 санада таваллуд топган, 291/903-904 йили вафот этган.

Маноқиблари: Имом Қунбул қироатга моҳир ва олим эди. Ўз даврида Ҳижозда Қуръон ўқитиш бўйича бош устоз бўлган. Имом Қунбул Маккаи Мукаррамада шурта – полиция раҳбари эди. Чунки Ислом юртларида бундай масъулиятли лавозимларга фақат салоҳиятли, олим, фазилат ва яхшиликларни ўзида мужассамлаштирган қилган кишиларгина қўйилар эди. Зотан инсонларнинг ҳақ‑ҳуқуқларига доир вазифалардага ҳақпараст, тўғри иш кўрувчи, содиқ мусулмон кишиларни қўйилмаса, халққа жабр бўлиши турган гап. Шунинг учун ҳам Қунбул раҳматуллоҳи алайҳнинг фазилатлари, илм ва илмига амал қилиши эътиборидан ана шу вазифага қўйилган эди. Манбаларда зикр қилинишича, Имом Қунбул ёшлари улғайиб қолган чоғда, вафотларидан етти ёки ўн йил олдин Қуръон ўқитишни тўхтатган эканлар.

Санади: Имом Қунбул Ибн Касирнинг қироатини ривоят қилганлар орасида энг улуғ ва ишончли кишилардан эди. Имом Баззийнинг Имом Қунбулдан аввал келтирилишнинг боиси шуки, Имом Баззийнинг санади олийроқдир. Имом Қунбул қироатни Аҳмад Баззий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Авн ан-Наббол, Абул-Ҳасан Аҳмад ал-Қаввос, Исмоил ибн Шибл, Абул-ихрит Ваҳб ибн Ваззоҳ ва Маъруф ибн Мишкондан арз йўли билан олган, улар эса қироатни Ибн Касирдан олишган.

Шогирдлари: Имом Қунбулдан қироатни жуда кўпчилик олган. Абу Рабиъа Муҳаммад ибн Исҳоқ, Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Сабоҳ, «Ас-сабъа» (Етти қироат) китобининг муаллифи Аҳмад ибн Мусо ибн Мужоҳид, Ибн Шанбуз шулар жумласидандир.

Имом Ибн Касирнинг қироатдаги манҳажидан намуна:

1. «Тавба» сурасидан бошқа барча суралар бошида «басмала» айтилади.

2. Ҳаракатли ҳарфдан олдин келган «жам мими»дан кейин «вав» сила қилинади.

3. Муттасил мад «тавассут» – 4 ҳаракат билан, мунфасил мад «қаср» – 2 ҳаракат билан ўқилади.

4. Бир калимада келган жуфт ҳамзанинг иккинчиси тасҳил қилинади, орага алиф киритилмайди.

5. Икки калимада келган ҳаракатдош икки ҳамзани иккала ровий икки хил ўқийди: Баззий Қолун каби, Қунбул Варш каби. Аммо иккала ҳамзанинг ҳаракати бошқа-бошқа бўлса, Ибн Касирнинг қироатида иккинчиси алмаштирилади, худди Қолун ва Варшда бўлгани каби.

6. Олдидан сукун, кетидан ҳаракатли ҳарф келган «ҳа» замирига, агар заммали бўлса, «вав», касрали бўла, «йа» сила қилинади: مِنۡهُۥ ءَايَٰت , فِيهِۦ هُدٗى .

7. «Изофа ёси»дан кейин фатҳали қатъийя ҳамза ёки васлийя ҳамза келса, «йа» фатҳали ўқилади. Тафсилоти қироат китобларидан қаралади.

8. Мусҳафларда «марбута та» ўрнига «мабсута та» билан ёзилган «та»ларда «ҳа» билан вақф қилинади.

9. Айрим «зоида ё»лар ўқилади.