A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Имом Нофеъ
PDF Босма E-mail
Normal 0 false false false

Исм-насаби: Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм ал-Лайсий. Манбаларда Имом Нофеънинг Абу Абдурраҳмон, Абу Абдуллоҳ, Абул-Ҳасан каби бошқа кунялари ҳам келган. Асли Исфаҳондан. Жаъуна ибн Шуъуб ал-Лайсининг мавлоси бўлган. Тим қора рангли, порлоқ чеҳрали, хушхулқ, мутойибали киши эди.

Таваллуди ва вафоти: Имом Нофеъ тақрибан 70/690 санада таваллуд топган, 169/785 санада Мадинада вафот этган.

Маноқиблари: Имом Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳ етмиш йил Қуръон таълими билан ҳаёт кечирди ва Мадинаи Мунавварада биринчи рақамли қироат устозига айланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида 60 йил имомлик қилди. Шайбоний шундай ҳикоя қилади: «Нофеънинг қўлида Қуръон ўқиганлардан бири шундай дейди: «Нофеъ гапирса, оғзидан мушк ҳиди таралар эди. Мен: «Эй Абу Абдуллоҳ (ёки Абу Рувайм), одамларни ўқитгани ўтирганингизда хушбўй суртиб оласизми?» – дедим. У киши: «Мен хушбўйликни ушламайман ҳам, унга яқинлашмайман ҳам. Бироқ мен тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғзимга Қуръон ўқиганларини кўрганман. Ўшандан буён оғзимдан мана шу хуш бўй таралади», – деди». Мусайябий айтади: «Имом Нофеъга «Юзингиз мунча ҳам порлоқ, хулқингиз гўзал-а?!» дейилди. Шунда у киши: «Нега шундай бўлмайин, ахир (тушимда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қўл бериб кўришганман ва у Зотга Қуръон ўқиб берганман», – деди. Имом Нофеъ илм аҳлини жуда ҳам қадрлар, ҳурматларини жойига қўяр эди. Шогирдларига Қуръон таълим бериш билан бирга, одоб-ахлоқни ҳам ўргатар эди. Абдуллоҳ ибн Нофеъ аз-Зубайрий айтади: «Мен Имом Нофеъ ибн Абу Нуаймга Бомдод намозидан кейин ўқиб бераётган эдим. Овозимни кўтариб юборибман. Шунда менга қаттиқ танбеҳ бериб: «Моликни кўрмаяпсанми?!» – деди. Қолун айтади: «Имом Нофеъ бирор оятни таҳоратсиз ўқимаган ҳам, ўқитмаган ҳам. У бирор кишини навбатидан ташқари ўқитмас, бу борада унинг ҳолатига қарамас эди. Юқори табақалар бошқаларга устун келиб олишларидан қўрқиб шу нарсани одат қилган эди».

Муҳаммад ибн Исҳоқ айтади: «Нофеънинг вафоти яқинлашган пайтда фарзандлари унга: «Бизга васият қилинг», – дейишди. Шунда у: «Аллоҳга тақво қилинг, ораларингизни ислоҳ қилинг, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилинг, агар мўмин бўлсангиз», – деди».

Уламолар имом Нофеъ ҳақида:

Ибн Мужоҳид айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарлари бўлмиш Мадинада тобеинлардан кейин Қуръон таълимини бажо келтирган киши Нофеъдир. У қироатларнинг важҳлари – турларига билимдон, ўз юртида ўтган пешқадам зотларнинг асарларига эргашувчи эди».

Саид ибн Мансур айтади: «Молик ибн Анаснинг: «Мадина аҳлининг қироати суннатдир», деганини эшитдим. Шунда: «Нофеънинг қироатими?» – дейилди. У киши: «Ҳа» – деди».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг ўғли Абдуллоҳ айтади: «Отамдан «Сизга қайси қироат севимли?», деб сўрадим. У киши: «Мадина қироати», – деди. «Агар у бўлмаса-чи?» – дедим. «Осимнинг қироати», – деди».

Имом Моликдан басмала ҳақида сўралганида: «Ҳар бир илмни ўз аҳлидан сўранглар, қироатда инсонларнинг имоми Нофеъдир», деган экан.

Имом Қолун айтади: «Имом Нофеъ кишиларнинг ичида энг пок хулқли, энг гўзал қироатли, зоҳид, саховатпеша киши эди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида олтмиш йил намоз ўқиб берди».

Яҳё ибн Маин Имом Нофеъ ҳақида: «У сиқадир, ишончлидир» деган. Абу Ҳотим: «Ростгўй» деган. Имом Заҳабий: «Нофеъни бир нечталари «ишончли» деб ҳукм қилган. Аммо олти ҳадис тўпламида ундан ривоят келмаган», – дейди.

Қироати: Йигирманчи асрнинг кўзга кўринган қироат уламоларидан Абдулфаттоҳ Қозий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Нофеънинг қироати мутавотирдир. Қироатни етмиш тобеиндан олганининг ўзи унинг мутавотирлигига энг кучли далилдир. Унинг қироати барча табақаларда мутавотирдир. Бинобарин, саҳобаларга нисбатан оҳоддир, дейиш ҳам ярамайди. Чунки қироатнининг муайян бир шахсга нисбат берилиши ўша киши шундан бошқа қироатни билмайди ёки бу қироатни ундан бошқалар билмайди дегани эмас. Аксинча, бир қироатнинг бир кишига нисбат берилиши мазкур қироатга унинг моҳир ва билимдон бўлганини, ўша қироатни кўп ўқиб, ўқитганини билдиради, холос. Бу эса, албатта, унинг бундан бошқа қироатларни билишини, бу қироатни ундан бошқалар ҳам ривоят қилишини тўсмайди. Демак, Нофеънинг қироати, юқорида айтилганидек, баъзи саҳобаларгагина нисбат берилса-да, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб саҳобалар, саҳобалардан эса яна кўплаб тобеинлар ривоят қилишган. Улардан ҳам кўплаб одамлар ривоят қилиб, бизларгача етиб келган. Бошқа ўн қироат имомларида ҳам ҳолат − шу».

Аъшо айтади: «Агар Қуръон ўқиб бергувчи ўзингизнинг қироатингизни хоҳлайман демаса, Нофеъ унга қироатда енгиллик яратиб берар эди». Яъни имом Нофеъдан Қуръонни ўтказмоқчи бўлган талаба ўз устозидан олган қироати билан ўқиса, уни бошқача ўқишга ундамас эди. Аммо биров келиб, «Менга ўзингиз ўқийдиган қироатни ўргатинг», деса, унга имом Нофеъ ўз қироатини ўқитар эди. Асмаъий айтади: «Нофеъ менга: «Абу Жаъфарнинг қироатидан етмишта ҳарфни тарк қилдим», деган».

Устозлари: Имом Нофеъ Қуръон илмини арз (ўқиб эшиттириш) йўли орқали Мадинаи Мунавварадаги тобеинлардан олган. Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз ал-Аъраж, Абу Жаъфар ал-Қорий, Шайба ибн Нисоҳ, Абдуллоҳ ибн Айёш, Язид ибн Румон, Муслим ибн Жундуб, Солиҳ ибн Хаввот, Асбағ ибн Абдулазиз ан-Наҳвий, Абдурраҳмон ибн Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ ва Зуҳрийлар шулар жумласидандир. Имом Нофеънинг ўзи: «Тобеинлардан етмиш кишида ўқиганман», деб айтган.

Шогирдлари: Мадина аҳлидан: Исмоил ибн Жаъфар, Ийсо ибн Вардон, Сулаймон ибн Муслим ибн Жаммоз, Молик ибн Анас (булар Имом Нофеъ билан тенгдош бўлишган), – Исҳоқ ибн Муҳаммад, Абу Бакр ибн Увайс, Исмоил ибн Увайс, Яъқуб ибн Жаъфар, Абдурраҳмон ибн Абуззинод, Ийсо ибн Мино Қолун, Саъд ибн Иброҳим ва бошқалар.

Мисрдан: Мусо ибн Ториқ, Абу Қурра ал-Ямоний Абдулмалик ибн Қариб ал-Асмаъий, Холид ибн Мухаллад, Абу Амр ибн ал-Ало, Абу Рабиъ аз-Заҳроний, Хорижа ибн Мусъаб ал-Хуросоний, Усмон ибн Саъид Варш, Аблуллоҳ ибн Ваҳб ва бошқалар.

Шомдан: Атаба ибн Ҳаммод аш-Шомий, Абу Мисҳар ад-Димашқий, Хувайлид ибн Миъдон ва бошқалар.

Санади: Имом Нофеъ қироатни етмишта тобеиндан олган бўлса, уларнинг орасида санадда зикр қилинадиган асосийлари қуйидагича: Имом Нофеъ қироатни Абу Жаъфар Язид ибн ал‑Қаъқоъ, Шайба ибн Нисоҳ, Абдурраҳмон ибн Ҳурмуздан олган. Абу Жаъфар эса Ибн Айёш, Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумдан, қолган учтаси Ибн Аббос ва Абу Ҳурайрадан олишган. Ибн Айёш, Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумодан олишган. Улар Росулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар.

Машҳур ровийлари:

1) Қолун: Ийсо ибн Мино ибн Вардон ал-Маданий;

2) Варш: Усмон ибн Саид ибн Абдуллоҳ ал-Мисрий.

Имом Қолун

Исм-насаби: Абу Мусо Ийсо ибн Мино ибн Вардон ибн Исо ибн Абдуссомад ибн Умар ибн Абдуллоҳ аз-Зурақий. Бану Зуҳранинг мавлоси. «Қолун» лақаби билан танилган. Қироати жуда ҳам ниҳоятда яхши бўлганидан устози Имом Нофеъ у кишини «Қолун» деб номлаган. Бу сўз румликлар тилида «яхши» деган маънони билдирган экан. Натижада бу лақаб у кишининг исмини ҳам унуттириб юборган.

Таваллуди ва вафоти: Имом Қолун Ҳишом ибн Абдулмалик даврида 120/738 йили таваллуд топган. 220/835 санада вафот этган.

Маноқиблари: Имом Қолун ўз даврида Мадинаи Мунавваранинг етакчи қориси ва наҳвшуноси, Имом Нофеънинг хос шогирди бўлган. Баъзилар уни Имом Нофеънинг рабиби – хотинининг фарзанди бўлган, дейишади. Имом Қолун раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Қачон Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳга Қуръон ўқиб берсам, менга ўттиз рақамини ишора қилиб қўяр ва «қолун, қолун» (яъни «яхши, яхши»), деб қўяр эди».

Абдуллоҳ ибн Али  айтади: «Имом Нофеънинг бундай сўз ишлатишига сабаб Қолуннинг асли румликлардан бўлгани эди. Бобосининг бобоси Абдуллоҳ ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида асир тушган румликлардан эди. Уни асир олган киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга топширган, сўнг уни ансорлардан бири сотиб олган эди».

Имом Қолун устози Нофеъга Қуръонни илк бор 150/767 санада ўқиб берган. Қолун раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Нофеъга унинг қироатида Қуръонни бир неча марта ўқиб бердим ва уни китобимга ёзиб олдим».

Наққош айтади: «Қолунга: «Нофеъга неча марта ўқиб бергансан?» – дейилди. «Кўплигидан саноғини билмайман, аммо қироатни эгаллаб бўлгандан кейин йигирма йил у киши билан бирга ўтирганман», – деди.

Имом Қолун: «Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳ менга: «Менга қанча ўқиб бердинг, энди бир устуннинг олдига ўтир, сенга ўқиб берадиганларни юбораман», деган», – дейди. Имом Қолун Имом Нофеъ ва Абу Жаъфарларнинг қироатларини арз (ўқиб эшиттириш) йўли билан олган. Шунингдек, имом Абу Жаъфар ал-Маданийнинг ровийи Ийсо ибн Вардонга ҳам ўқиб берган. Имом Қолун раҳматуллоҳи алайҳннинг қироатини у зотдан жуда кўпчилик, жумладан, ўғиллари Иброҳим ва Аҳмад, Иброҳим ибн Ҳусайн ал-Кисоий, Иброҳим бин Муҳаммад ал-Маданий, Аҳмад ибн Солиҳ ал-Мисрий, Аҳмад ибн Язид ал-Ҳулвоний, Исмоил ибн Исҳоқ ал-Қозий ва бошқалар ривоят қилган.

Абу Муҳаммад ал-Бағдодий айтади: «Қолун сурнай овозини эшитмайдиган даражада кар эди, аммо унга бирор қори Қуръон ўқиб берса, эшитарди».

Ибн Абу Ҳотим айтади: «Имом Қолун кар эди. Аммо Қуръон ўқитар, кишиларнинг хатою адашувларини эса лабларининг қимирлашидан англаб оларди».

Имом Варш

Исм-насаби: Абу Саид Усмон ибн Саид ибн Адий ибн Ғазвон ал-Мисрий. «Варш» лақаби билан танилган. Имом Варш оқ-сариқдан келган, кичик бўйли, биққисимон, ўзи чапдаст, чаққон эди. Шунинг учун Имом Нофеъ у кишини «Варшон» деган қушга ўхшатиб, «Кел, Варшон», «Ўқи, Варшон», деб мурожаат қиларди. Кейин бу исм қисқариб «Варш» дейиладиган бўлди ва бу лақаб у кишига исм бўлиб қолди. Имом Варш кейинчалик ҳам шу исм билан чақирилишни хуш кўрар ва: «Бу исмни менга устозим Нофеъ берганлар», дер эди. Баъзилар «варш» сутдан тайёрланадиган маҳсулот бўлган, имом Варш эса оппоқ одам бўлгани учун шундай номланган, дейишади. Имом Варш муҳаққиқ, моҳир қориларнинг шайхи, Қуръон қориларининг пешвоси, ўз даврида Миср диёрида энг пешқадам Қуръон устози бўлган.

Таваллуди ва вафоти: Мисрнинг Қифт шаҳрида 110/728-729 таваллуд топган. Асли Қайрувондан. У халифа Маъмун даврида 197/812-813 санада Мисрда вафот этган ва Кичик Қарофага дафн қилинган. 87 йил умр кўрган.

Маноқиблари: Имом Варш ҳижрий 155/772 санада Имом Нофеънинг ҳузурига бориб, Қуръонни бир неча марта ўқиб берган. Имом Варш илм талабида, Қуръон қироатини ўрганиш мақсадида Мисрдан Мадинаи Мунавварага келди. Бу ҳақда у кишининг ўзи шундай ҳикоя қилади: «Имом Нофеъга ўқиб бериш учун Мисрдан йўлга чиқдим. Мадинага етиб келгач, имом Нофеънинг масжидиги бордим. Қарасам, талабалар шу қадар кўп эканки, имом Нофега ўқиб беришнинг иложи йўқдек. Имом Нофеъ ҳар бирига ўттиз оятдан ўқитар эди. Келиб, ҳалқа орқасига ўтирдим ва бир одамдан: «Имом Нофеънинг наздида энг улуғ инсон ким?» деб сўрадим. У: «Жаъфарийларнинг каттаси», – деди. «Уни қандай топсам бўлади?» – дедим. «Унинг уйига ўзим сен билан бораман», – деди. Унинг уйига бордик. Бир мўйсафид чиқди. «Мен Мисрданман. Нофеъга Қуръонни ўқиб бериш учун келган эдим. Унга етиша олмадим. Сизнинг унга энг яқин дўст эканингизни эшитдим. Мен учун восита бўлишингизни хоҳлар эдим», – дедим. У: «Қандай ҳам яхши! Олийжаноб!» – деди. Тайласонини (елкага ташлаб олинадиган устки кийим) олди-да, биз билан Нофеънинг ҳузурига борди. Имом Нофеъга қараб: «Мен бунинг сенга воситачисиман. Мисрдан келган. Унинг тижорати йўқ. Ҳаж учун ҳам келган эмас. Хоссатан қироат учун келган, холос», – деди. Нофеъ: «Муҳожир ва ансорларнинг фарзандаларига таълим бераётганимни кўриб турибсан-ку», – деди. Ҳалиги дўсти: «Бунга бир чора қиласан», – деди. Нофеъ менга: «Масжидда тура оласанми?» – деди. «Ҳа», – дедим. Кейин масжидда қолдим. Бомдод бўлганида Нофеъ келиб: «Мусофир нима қилди?» – деди. «Мана мен! Сизга Аллоҳ раҳм қилсин», – дедим. У: «Сен ўқишга энг ҳақлисан», – деди. Мен хушовоз эдим, чўзиб ўқир эдим. Ўқишни бошлаган эдим, овозим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини тўлдириб юборди. Ўттиз оят ўқидим. Имом Нофеъ қўли билан «тўхта» деган ишорани қилди. Шунда ҳалқадан биров туриб, Нофеънинг олдига келди-да: «Устоз, Аллоҳ сизни азиз қилсин. Биз доим сиз билан биргамиз. Бу эса мусофир одам. Сизга ўқиб бериш учунгина сафар қилиб келган. Ўз улушимдан ўн оятни унга бердим, мен йигирма оят ўқийвераман», – деди. Имом Нофеъ: «Қандай ҳам яхши! Олийжаноб!» – деди. Кейин ўн оят ўқидим. Шунда бошқа бир йигит туриб аввалги шериги айтган гапни айтди. Яна ўн оят ўқидим. Шу зайлда ўқавердим, ҳатто ўқиб берадиганлардан бирортаси ҳам қолмасдан менга ўз улушларидан ҳадя қилишди. Имом Нофеъ менга: «Ўқи, ўқи», – дер ва мен эллик оятдан ўқиб берардим. Шундай қилиб Мадинадан чиқмасдан, бир нечта хатма ўқиб бердим». Бошқа бир ривоятда Имом Варш бир ҳафтада бир мартадан, бир ойда тўрт марта хатм қилиб топширганини ҳам айтган.

Кейин имом Варш Мисрга қайтди ва Қуръон таълими билан шуғулланди, ниҳоят бош устозга айланди, умрининг охиригача Қуръон нурини бутун юртга таратди. Бу ишда бирор киши унга тенг келолмайдиган даражага етди. Имом Варш раҳматуллоҳи алайҳ араб тилида, тажвид илмида етук маҳорат ва малакага эга, қироат ҳуруфлари борасида ишончли, ҳужжат даражасидаги имом эди. Жуда хушовоз, қироати гўзал эди, ҳамзани таҳқиқ билан, сермад, эъробларни очиқ баён қилиб ўқир эди. Уни тинглаган киши асло зерикмас эди.

Имом Варш илм ва қироат таълими орқали динга, халққа хизмат қилиш билан бирга, Ислом давлати ҳимоясида муробитлик – чегара соқчилиги вазифаси билан ҳам хизмат кўрсатган. Бу ҳақда унинг шогирди Абу Яъқуб ал-Азрақ шундай ҳикоя қилади: «Мен имом Варш билан битта ҳовлида турар эдим. Унга «таҳқиқ» ва «ҳадр» услубларида Қуръонни йигирма марта хатм қилиб ўқиб бердим. «Абдуллоҳ» масжидидаги ҳужрада турганимизда «таҳқиқ» билан ўқиб берар эдим. Ҳадр услубида эса Искандарияда у билан бирга муробитликда турганимда ўқиб берганман».

Имом Варшдан қироатни Абу Бакр ал-Асбаҳоний, Ҳофиз Аҳмад ибн Солиҳ, Довуд ибн Абу Таййиба, Юсуф ал-Азрақ, Абу Рабиъ Сулаймон Довуд, Абул-ашъас Омир ибн Саид, Абдуссамад ибн Абдурраҳмон ал-Қосим, Юнус ибн Абдул-Аъло ва бошқалар ривоят қилган.

Имом Нофеънинг қироатдаги манҳажидан намуна:

Имом Нофеънинг икки манҳажи бўлиб, биттасини имом Варшга, иккинчисини имом Қолунга ўргатган.

Қолун манҳажи:

1. Ҳар икки сура орасида басмалани ўқилади, фақат «Анфол» билан «Бароат» орасида уч важҳ жоиз: «қатъ», «сакта», «васл». Бу учала важҳда «басмала» айтилмайди.

2. Мунфасил мадни қаср – 2 ҳаракат ва тавассут – 4 ҳаракат билан ўқиш мумкин.

3. ٱتَّخَذۡتُمُ ва шу каби калималарда «зал»ни «та»га идғом қилинади.

4. «Жам мими»ни, ундан кейин, ҳамза ёки бошқа ҳарф бўлишидан қатъи назар, ҳаракатли ҳарф келса, «маддийя вав» билан ўқилади. Бу силани тарк қилиш ҳам бор.

5. Битта калимада келган иккита ҳамзанинг орасига алиф қўшиб, иккинчи ҳамзани тасҳил қилинади.

6. Иккита калимадан, бирининг охири, иккинчисининг бошида иккита фатҳали ҳамза келган бўлса, кетма-кет ҳамзаларнинг биринчиси тушириб қолдирилади. Агар иккаласи ҳам касрали ёки заммали бўлса, биринчиси тасҳил қилинади. Учала ҳолатда ҳам биринчи ҳамза тасҳил, иккинчиси таҳқиқ қилинади. Аммо иккала ҳамза бошқа-бошқа бўлса-ю, фатҳа-касра ёки фатҳа-замма бўлса, иккинчи ҳамза тасҳил қилинади, касра-фатҳа бўлганда эса биринчи ҳамза «йа»га, замма-фатҳа бўлса, «вав»га алмаштириб ўқилади. Агар замма-касра бўлса, иккинчи ҳамза тасҳил қилинади ёки «йа»га алмаштирилади. Демак, агар икккита сўзда келган икки ҳамза икки хил ҳаракатда бўлса, уларнинг биринчиси доим таҳқиқ қилинади.

7. ٱلتَّوۡرَىٰةَ калимаси Қуръоннинг барча жойида тақлил билан ўқилади. Имола фақат Тавба сурасидаги هَارٖ калимасидагина учрайди.

8. «Изофа ёси»дан кейин ҳаракатли ҳамза ёки «маърифа ломи» келса, «йа» фатҳали ўқилади: إِنِّيَ أَعۡلَنتُ, فَتَقَبَّلۡ مِنِّيَ إِنَّكَ, إِنِّيَ أُرِيدُ, عَهۡدِيَ ٱلظَّٰلِمِينَ каби. Тафсилоти қироат китобларидан топилади.

9. «Зоида ё»нинг баъзилари васлда исбот қилинади, ўқилади: مَا كُنَّا نَبۡغِي فَٱرۡتَدَّا

Варш манҳажи:

1. Ҳар икки сура орасида учта важҳ жоиз: «басмала», «сакта», «васл». «Анфол ва «Бароат» орасида ҳам учта важҳ жоиз: «қатъ», «сакта», «васл».

2. Мунфасил ва муттасил мад ишбоъ – 6 ҳаракат билан. Бадал мадди қаср, тавассут ва ишбоъ билан, лин ҳарфи тавассут ва ишбоъ билан ўқилиши мумкин. Қориларнинг орасида Варшдан бошқа ҳеч ким бадал ва лин ҳарфларини чўзиб ўқимайди.

3. خَيۡرٗا ва خَيۡرٌ каби калималарда «ро»ни маълум шартлар билан тарқиқ қилиш.

4. Фатҳали ёки сукунли «сод», «то», «зо» ҳарфларидан кейин келган фатҳали «лам» тағлиз қилинади: ٱلصَّلَوٰةَ , ٱلطَّلَٰقُ , ظَلَمَ .

5. Битта калимада кетма-кет қелган икки ҳамзанинг иккинчиси тасҳил қилинади. Орасига алиф киритилмайди. Агар иккинчи ҳамза фатҳали бўлса, ҳарфи мадга алмаштирилиши ҳам мумкин: ءَأَنذَرۡتَهُمۡ , ءَانذَرۡتَهُمۡ .

6. Иккита калимада бир хил ҳаракатли икки ҳамза кетма-кет келса, иккинчи ҳамзани тасҳил қилинади ёки мад ҳарфига алмаштирилади. Ҳаракатлари турлича бўлса, Қолун қироати каби ўқилади.

7. Заммадан кейин келган фатҳали ҳамза, агар калиманинг «фа»си баробарида бўлса, «вав»га алмаштирилади. Агар калиманинг «фа»си бўлган ҳамза сукунли бўлса, мад ҳарфига алмаштирилади. Баъзи калималар мустасно.

8. «Жам мими»дан кейин қатъий ҳамза келса, «мим»дан кейин «вав» сила қилинади.

9. قَدۡ калимасидаги «дал» ҳарфи «зод» ва «зо»га, «муаннаслик та»си «зо»га ҳамда сукунли «зал» «та»га идғом қилинади: لَقَد ظَّلَمَكَ , كَذَّبَت ثَّمُودُ, ٱتَّخَذتُّمُ .

10. «Изофа ёси» Қолун каби ўқилади. Баъзи калималар мустасно.

11. «Зоида ё»ни ҳам Қолун билан бир хил ўқилади. Баъзи калималар мустасно.