A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
УЧИНЧИ ФАСЛ: Расулуллоҳнинг заифҳол мусулмонлар билан бирга қолишлари ҳақида
PDF Босма E-mail

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг заифҳол мусулмонлар билан бирга қолишлари ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даъватлари билан аста кўзга кўриниб борар эканлар, у Зотга жамиятдаги заифҳол, фақир, камбағал ва қуллар биринчилардан бўлиб эргаша бошладилар. Қурайшнинг етакчилари, аслзодалари ва катталари у Зотдан юз ўгиришди. Улар ўзларининг мол-дунёлари, бола-чақалари ва обрў-мансаблари билан мағрурланишарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз даъватларида бардавом кетаётганларини кўргач, фириб ва найранг қилишни истаб, ўзларининг такаббурликларида, димоғдорликларида маҳкам турганларича у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бир номаъқул таклифни қилишди: «Сенга ичимиздан эси паст одамлар, қулларимиз эргашибди. Агар биз ҳозир улар билан бирга ўтирадиган бўлсак, улар бизга сапчийдиган бўлиб қолишади. Агар сенга эргашишимизни ва дининга киришимизни истасанг, уларни ҳайдаб юбор ёки бизларга алоҳида мажлис, уларга бошқа бир мажлис қил».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам уларнинг қалбини Исломга мойил қилиш учун истакларини қондирмоқчи бўлдилар. Шунда Аллоҳ таоло у Зотни уларнинг таклифларини қабул қилишдан қайтариб, заифҳол мўминлар билан бирга бўлишга буюриш маъносидаги оятларни нозил қилди:

وَلاَ تَطْرُدِ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُم بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ مَا عَلَيْكَ مِنْ حِسَابِهِم مِّن شَيْءٍ وَمَا مِنْ حِسَابِكَ عَلَيْهِم مِّن شَيْءٍ فَتَطْرُدَهُمْ فَتَكُونَ مِنَ الظَّالِمِينَ. وَكَذَلِكَ فَتَنَّا بَعْضَهُم بِبَعْضٍ لِّيَقُولواْ أَهَؤُلاء مَنَّ اللّهُ عَلَيْهِم مِّن بَيْنِنَا أَلَيْسَ اللّهُ بِأَعْلَمَ بِالشَّاكِرِينَ. وَإِذَا جَاءكَ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِنَا فَقُلْ سَلاَمٌ عَلَيْكُمْ كَتَبَ رَبُّكُمْ عَلَى نَفْسِهِ الرَّحْمَةَ أَنَّهُ مَن عَمِلَ مِنكُمْ سُوءًا بِجَهَالَةٍ ثُمَّ تَابَ مِن بَعْدِهِ وَأَصْلَحَ فَأَنَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ.

«Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисоб-китобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисоб-китобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма. «Орамиздан Аллоҳ марҳамат кўрсатганлар шуларми?» дейишлари учун, баъзиларни баъзилари ила ана шундай синадик. Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билгувчи эмасми? Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирадиганлар келсалар: «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёздики, сиздан ким жаҳолат ила ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилса ва ислоҳ қилса, бас, албатта, У ўта мағфиратли ва жуда ҳам раҳмлидир», деб айт» (Анъом сураси, 52–54-оятлар).

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳунинг ушбу оятларнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида айтган сўзлари.

Имом Муслим Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Олти киши (Исломнинг аввалида) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Мушриклар: «Манавиларни ҳайдаб юбор, яна бизга сапчийдиган бўлиб кетишмасин», дейишди. Мен, Ибн Масъуд, ҳузайллик бир киши, Билол ва мен исмини билмайдиган яна икки киши бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўнгилларига Аллоҳ тушишини хоҳлаган нарсалар келди. Уни ўзларига ўзлари гапирдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг қуйидаги сўзларини нозил қилди:

وَلاَ تَطْرُدِ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُم بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ

«Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! ...» (Анъом сураси, 52-оят).

Бу ривоятда Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу хабар бермоқдаки, у ўзи бир жамоа заифҳол мусулмонлар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлар, у Зотдан таълим олишар ва бу ҳол бир гуруҳ мутакаббир мушрикларнинг тинчини бузар экан. Шу боис, улар ўзларига бўйин товлайдиган бўлиб кетмасин дея Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу заифҳол кишиларни ҳайдаб юборишларини сўрашибди. Эҳтимол, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга агар уларни ҳайдаб юборсалар, у Зот билан бирга ўтиришга, динларига киришга ваъда бериб, у Зотни алдамоқчи бўлишгандир. Нима бўлмасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг таклифини қабул қилишни ўйлаб, хаёлдан ўтказдилар. Қалбларида уларнинг талабларига кўнишга бироз мойиллик ҳам пайдо бўлиб, заифҳол кишиларга алоҳида мажлис қилиб, бообрў кишилар учун бошқалар аралашмайдиган алоҳида бир мажлис қуришни ўйладилар ва буни даъват ишларининг ривож топиши ва мазкур бообрў кишиларнинг Исломга киришини кўзлаб қилмоқчи эдилар. Лекин Аллоҳ буни тўғрилаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фикрни амалга ошириб, ижро этмасларидан олдин у Зотнинг дилларидан уни кетказди ва у Зотга Анъoм сурасидаги мазкур оятларни нозил қилиб, у Зотни заифҳол мусулмонларни нари қилишдан қайтарди ва мутакаббир мушрикларнинг қарашлари ва мезонлари хато эканини айтди.


Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг мазкур оятларнинг нозил бўлиш сабалари ҳақида айтган сўзлари.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қурайшнининг бир гуруҳ аъёнлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан  ўтиб қолдилар. У Зотнинг ҳузурларида Хаббоб, Суҳайб, Билол ва Амморлар бор эди. Улар: «Эй Муҳаммад! Мана шуларга рози бўлдингми?» дейишди. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида ўзининг қуйидаги сўзларини нозил қилди:

وَأَنذِرْ بِهِ الَّذِينَ يَخَافُونَ أَن يُحْشَرُواْ إِلَى رَبِّهِمْ لَيْسَ لَهُم مِّن دُونِهِ وَلِيٌّ وَلاَ شَفِيعٌ لَّعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ

وَلاَ تَطْرُدِ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُم بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ مَا عَلَيْكَ مِنْ حِسَابِهِم مِّن شَيْءٍ وَمَا مِنْ حِسَابِكَ عَلَيْهِم مِّن شَيْءٍ فَتَطْرُدَهُمْ فَتَكُونَ مِنَ الظَّالِمِينَ

«У билан Роббилари ҳузурига тўпланишларидан хавф қиладиганларни огоҳлантир! Уларга ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқ. Шоядки, тақво қилсалар. Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини истаб илтижо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисоб-китобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисоб-китобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолмагин» (Анъом сураси, 51–52-оятлар).

Бошқа бир ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:

«Қурайшнининг бир гуруҳ аъёнлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидандан ўтиб қолишди. У Зотнинг ҳузурларида Хаббоб, Суҳайб, Билол ва Амморлар бор эди. Улар: «Эй Муҳаммад! Қавмингдан мана шуларга рози бўлдингми? Уларни ҳайдаб юбор. Агар уларни нари қилсанг, эҳтимол, биз сенга эргашиб қолармиз», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида ўзининг қуйидаги сўзларини нозил қилди:

«У билан Роббилари ҳузурига тўпланишларидан хавф қиладиганларни огоҳлантир! Уларга ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқ. Шоядки, тақво қилсалар. Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини истаб илтижо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисоб-китобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисоб-китобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолмагин. «Ичимизда Аллоҳ марҳамат кўрсатганлар шуларми?», дейишлари учун уларни бир‑бирлари билан мана шундай синаймиз». (Анъом сураси, 51–53-оятлар.)

Демак, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг талабларига рози бўлишга мойил бўлмай туриб, Аллоҳ таоло мазкур оятларни нозил қилиб, у Зотни заифҳол мусулмонларни нари қилишдан, мушрикларнинг таклифларини қабул қилишдан қайтарган.

Энди ўша вазиятда нозил бўлган мазкур оятларни бир қур кўриб чиқамиз.

Аллоҳ таолонинг заифҳол мусулмонлар хусусида Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга берган кўрсатмаси

Мўминларнинг иймон ва тақволари янада зиёда бўлиши учун Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уларни Қуръон билан огоҳлантиришни буюрмоқда. Аллоҳ таоло уларни қиёмат кунига иймон келтирадиган, ҳашрдан ва у кунда Аллоҳ таоло олдида тик туришдан хавфда бўладиган ва улардан Аллоҳ таолонинг азобини даф қиладиган Ўзидан ўзга валий ҳам, воситачи ҳам йўқ эканини яхши биладиган ва шунинг учун ҳам солиҳ амаллар қиладиган ва Қуръон билан огоҳлантирилса, фойда қиладиган кишилар деб васфламоқда:

وَأَنذِرْ بِهِ الَّذِينَ يَخَافُونَ أَن يُحْشَرُواْ إِلَى رَبِّهِمْ لَيْسَ لَهُم مِّن دُونِهِ وَلِيٌّ وَلاَ شَفِيعٌ لَّعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ

«У билан Роббиларига тўпланишларидан қўрқадиганларни огоҳлантир. Уларга ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқ. Шоядки, тақво қилсалар».

Аллоҳ Ўз Расулини ўша солиҳ мўминларни Қуръон билан огоҳлантиришга буюргач, уларни мутакаббир мушрикларнинг гапига кириб, ҳайдаб юборишдан қайтаради:

وَلاَ تَطْرُدِ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُم بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ مَا عَلَيْكَ مِنْ حِسَابِهِم مِّن شَيْءٍ وَمَا مِنْ حِسَابِكَ عَلَيْهِم مِّن شَيْءٍ فَتَطْرُدَهُمْ فَتَكُونَ مِنَ الظَّالِمِينَ

«Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини истаб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисоб-китобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисоб-китобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма».

Аллоҳ таоло уларни Парвардигорларига куну тун тазарру қиладиганлар деб мақтамoқда. Яъни улар эртадан кечгача Аллоҳга ибодат қиладилар, Унинг учун намоз ўқийдилар, Уни зикр қиладилар, шундай қилиб, улар обид, намозхон ва зокир банда ўлароқ кун бўйи Аллоҳ билан бирга бўладилар. Улар бу дуо ва ибодатларини ихлос билан, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини истаб қиладилар, бирор бир дунё матосини кўзламайдилар.

Аллоҳ таоло таоло томомнидан айтилган ушбу мақтовлар уларни ҳайдашдан, чиқариб юборишдан қайтарилишининг асосий боиси эди. Улар ушбу сифатлари билан иззат‑икромга ва эҳтиромга лойиқдирлар, ҳайдаб юборишга эмас. Улар гарчи ҳеч қандай дунё матосига эга бўлмасалар ҳам, мазкур сифатлари билан анави зодагон, кибор мушриклардан афзалдирлар.

Ояти каримада яна Аллоҳ таоло Ўз Расулига ушбу заифҳол мўминларнинг ошкораю яширин феъллари туфайли ҳисоб қилинмаслигини, чунки уларнинг ҳисоб‑китоблари Аллоҳ зиммасида эканини эслатмоқда. Бу ҳам уларни ҳайдашдан қайтаришнинг сабаблардан биридир:

مَا عَلَيْكَ مِنْ حِسَابِهِم مِّن شَيْءٍ وَمَا مِنْ حِسَابِكَ عَلَيْهِم مِّن شَيْء

«Уларнинг ҳисоб-китобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисоб-китобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ».

Бордию у Зот алайҳиссалом бу бечора мўминларни нари сурадиган бўлсалар, золим бўлиб қоладилар, чунки уларни    ҳайдаш зулмдир:

فَتَطْرُدَهُمْ فَتَكُونَ مِنَ الظَّالِمِينَ

«Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма».

Мазкур қайтариқ муносабати билан ояти карималар Аллоҳ таоло заифҳол мўминлар билан мутакаббир кофирларни синашини ҳам хабар қилади. Бу уларнинг мўминларга ҳасад қилишлари, уларни ҳақир санаб, фазилату ҳурматда, мақому мартаба ўзларидан паст деб билишларида намоён бўлди. Шу боис улар инкор оҳангида шундай деб савол беришди: «Ичимизда Аллоҳ марҳмат кўрсатганлар манави хору зор бечоралар эканми? Буларнинг Аллоҳ наздида биздан афзал бўлиши ақлга сиғадими?»

Бунга жавобан Аллоҳ таоло шундай дейди:

كَذَلِكَ فَتَنَّا بَعْضَهُم بِبَعْضٍ لِّيَقُولواْ أَهَؤُلاء مَنَّ اللّهُ عَلَيْهِم مِّن بَيْنِنَا

«Ичимизда Аллоҳ марҳамат кўрсатганлар шуларми?», дейишлари учун уларни бир‑бирлари билан мана шундай синаймиз»

Мушрикларнинг ҳайратнамо саволларига Аллоҳ таоло «Ҳа, шундай», деб жавоб берди. Уларнинг ичидан ўша заифҳол мўминларга марҳамат кўрсатди. Уларга бундай илтифот бўлиши ва уларни ортиқ қилинишининг асосий сабаби – уларнинг Аллоҳ таолога шукр бажо келтиришлари, У Зотга гўзал бир тарзда ибодат этишлари, амалларини холис Ўзи учун қилишлари эди:

أَلَيْسَ اللّهُ بِأَعْلَمَ بِالشَّاكِرِينَ

«Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билгувчи эмасми?»

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мушрикларнинг талабларини қабул қилишдан қайтарар экан, у Зотни мўминларни янада иззат‑икром қилишга, ҳузурларига келишганида уларга салом беришга ва уларга Аллоҳ таолонинг ризоси, раҳмати ва мағфиратининг башоратини беришга буюрди. Токи улар Аллоҳга ибодатни кўпайтириб, У Зотнинг тоатида яна ҳам жўшқин бўлсинлар, тавба-истиғфорни кўпайтирсинлар:

وَإِذَا جَاءكَ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِنَا فَقُلْ سَلاَمٌ عَلَيْكُمْ كَتَبَ رَبُّكُمْ عَلَى نَفْسِهِ الرَّحْمَةَ أَنَّهُ مَن عَمِلَ مِنكُمْ سُوءًا بِجَهَالَةٍ ثُمَّ تَابَ مِن بَعْدِهِ وَأَصْلَحَ فَأَنَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

«Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирадиганлар келсалар: «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёздики, сиздан ким жаҳолат ила ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилса ва ислоҳ қилса, бас, албатта, У ўта мағфиратли ва жуда ҳам раҳмлидир», деб айт».

Бу буйруқнинг Каҳф сурасида ҳам таъкидланиши:

Анъом сурасидаги оятлар маъноси Каҳф сурасининг икки оятида ҳам таъкидланди:

وَاصْبِرْ نَفْسَكَ مَعَ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُم بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ وَلَا تَعْدُ عَيْنَاكَ عَنْهُمْ تُرِيدُ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَلَا تُطِعْ مَنْ أَغْفَلْنَا قَلْبَهُ عَن ذِكْرِنَا وَاتَّبَعَ هَوَاهُ وَكَانَ أَمْرُهُ فُرُطًا

وَقُلِ الْحَقُّ مِن رَّبِّكُمْ فَمَن شَاء فَلْيُؤْمِن وَمَن شَاء فَلْيَكْفُرْ إِنَّا أَعْتَدْنَا لِلظَّالِمِينَ نَارًا أَحَاطَ بِهِمْ سُرَادِقُهَا وَإِن يَسْتَغِيثُوا يُغَاثُوا بِمَاء كَالْمُهْلِ يَشْوِي الْوُجُوهَ بِئْسَ الشَّرَابُ وَسَاءتْ مُرْتَفَقًا

«Ўзингни эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини истаб дуо қилгувчилар билан бирга тут! Дунё ҳаётининг зийнатини истаб, улардан кўзларингни бурма! Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма. Сен: «Ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», дегин. Албатта, Биз золимларга саробурдаси* уларни ўраб оладиган оловни тайёрлаб қўйганмиз. Агар ёрдам сўрасалар, эритилган мис каби юзларни қовурувчи сув билан «ёрдам» берилади. Қандай ҳам ёмон ичимилик ва нақадар ёмон жой!» (28–29‑оятлар).

* «Саробурда» – чодирнинг атрофини ўраб турадиган қурилма. Унинг эшиги бўлиб, чодирга у орқали кирилади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу заифҳол мўминлардан узр сўрайдилар

Саҳобалар розияллоҳу анҳум бу раббоний буйруқни чуқур англадилар. Улар заифҳол мўмин-мусулмонларни ҳурматлар, фазилатларини қадрлар, мутакаббир мушриклардан устун кўрар ва ранжитмасликка ҳаракат қилишар эди. Бу ҳақда иккита ҳодисани эслаш билан кифояланамиз. Уларнинг бири Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан, иккинси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан боғлиқ.

Имом Муслим Оиз ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Абу Суфён бир неча кишилар билан Салмон, Суҳайб ва Билол розияллоҳу анҳумнинг олдига келди. Шунда улар: «Алоҳга қасамки, Аллоҳнинг қиличи Аллоҳнинг душмани бўйнидан оладиганини олмади‑да», дейишди. Абу Бакр: «Қурайшни каттасига ва сардорига шундай дейсизларми?» деди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни айтиб берди. Шунда у Зот: «Эй Абу Бакр! Эҳтимол, бу билан сен уларни ранжитгандирсан. Агар уларни ранжитган бўлсан, батаҳқиқ, Роббингни ранжитибсан», дедилар. Абу Бакр дарҳол уларнинг олдига бориб: «Эй биродарлар! Сизларни ранжитиб қўйдимми?» деди. Улар: «Йўқ. Аллоҳ сени мағфиратига олсин!» дейишди.[1]

Бу воқеа Мадинада, Макка мушриклари Ҳудайбияда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўрталарида тузилган аҳдни бузгач, Қурайш намояндаси Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни алдаш учун Мадинага келган ва ўз ишини битира олмай, муваффақиятсиз қайтган кунлари бўлиб ўтган эди.

Бу ҳадиси шарифдан заифҳол саҳобаларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомларини билиб олишимиз мумкин. Чунки ҳадисда уларни ранжитиш Аллоҳ таолони ранжитиш билан тенглаштирилганди.

Умар розияллоҳу анҳу Исломга илгарироқ кирганларни муқаддам қўярди

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мўминлар амири бўлиб турган кезлари мусулмонлардан икки гуруҳ у кишининг олдиларига киришга изн сўрашди. Бири Исломга биринчилардан бўлиб кирган Билол, Салмон Форсий ва Суҳайб розияллоҳу анҳумдан иборат бўлса, иккинчи гуруҳ Исломга кейин кирган, мусулмон бўлишларидан аввал зодагонлардан ҳисобланган Абу Суфён, Суҳайл ибн Амр ва Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳумлар эди. Умар розияллоҳу анҳу фазлу ҳурматда кейингилардан устун бўлганлари эътиборидан Исломга биринчи бўлиб кирган кишиларга изн бериб, уларни ўз мажлисига киритди. Мазкур учта раҳбар эса эшик олдида кутиб қолаверишди, уларга изн берилмади.

Бу ҳол Абу Суфён розияллоҳу анҳуга қаттиқ таъсир қилди, буни ўзининг улуғлигига номуносиб деб билди ва биродарларига: «Бугунгидек хорлик кўрмаганман. Қандай қилиб биздан олдин манави бу қулларга изн беради?» деди. Шунда Суҳайл ибн Амр ҳакимона жавоб берди: «Биз ўз жонимизга жафо қилганмиз. Улар ҳам, бизлар ҳам Исломга даъват қилиндик. Улар дарҳол «Лаббай» деб Исломга кирдилар. Биз эса кечикдик. Қиёмат куни жаннатга ҳам сизлардан олдин чорлансалар, ҳолингиз қандоқ бўларкин? Олдимизда фақат бир йўл бор. У ҳам бўлса, Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқишимиз, шояд, шаҳидлик мақомига илиниб қолсак», деди.

Улар Шомга қараб юрдилар ва Ярмук жангида қатнашдилар. У ерда қаттиқ синовларга дуч келишди, Икрима ибн Абу Жаҳл ва Суҳайл ибн Амр розияллоҳу анҳумолар шаҳид бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам заифҳол мусулмонларни ҳайдамаганлар

Баҳсимизга хулоса ясар эканмиз, юқоридаги сўзлардан шу нарса маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам заифҳол мусулмонларни ҳайдамаганлар, мушрикларнинг таклифларига розилик изҳор этмаганлар. Балки уларнинг сўровларини кўнгилларида муҳокама қилиб, ўйлаб кўрганлар ва ўз ижтиҳодлари билан уларнинг таклифларини қабул қилиш манфаатли бўлса керак, деган ўйга бориб турганларида Аллоҳ таоло у Зотнинг фикрларини тўғрилаб, ўнглаб қўйди: Анъом сурасидан бир неча оятларни нозил қилди ва Каҳф сурасида у маъноларни яна ҳам таъкидлаб, мустаҳкамлаб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмоқчи бўлган тадбир ҳам умуман олганда шариатга хилоф, ножоиз ёки эзгуликдан айри иш эмасди, аммо намунали, авло ечим эмасди. Шунинг учун мазкур оятлар нозил қилинди ва улар бутун инсоният учун яна бир юксак тушунчаларни тақдим қилди.

Ҳа, Аллоҳ таоло Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга ишларнинг энг афзали ва авлосини раво кўриб, у Зотни шунга йўллади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу буйруқларни маҳкам тутиб, иззат‑икром қилишда, бировни бошқадан устун қўйишда Раббоний, энг тўғри мезонда иш қилдилар:

إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир» (Ҳужурот сураси, 13‑оят).

Имом Муслом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло суратларингиз ва мол-дунёларингизга қарамайди, балки қалбларинигиз ва амалларингизга қарайди», дедилар».[2]



[1] Саҳиҳул Муслим, «Саҳобалар фазли» китоби, «Салмон, Суҳайб ва Билол розияллоҳу анҳумларнинг фазли» боби, 2504-ҳадис.

[2]Саҳиҳул Муслим, «Яхшилик, силайи-раҳм ва одоб» китоби, «мусулмонга зулм қилиш ҳаромлиги» боби, 2564-ҳадис.

 

Янгиланди ( 10.07.2017 16:10 )