ИККИНЧИ ФАСЛ: Расулуллоҳнинг Туъма ибн Убайриққа нисбатан муносабатлари | ||||
|
Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Туъма ибн Убайриққа нисбатан муносабатлари Туъма ибн Убайриқ мунофиқ, ўғри одам эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўғрилигини билмас эдилар. Бир куни унинг қавми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, уни ҳимоя қилиб, айбни бошқа бировга тўнкадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни тасдиқлаб, улар ўғирликда айблаган кишини маломат ҳам қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло Нисо сурасининг қатор оятларини нозил қилиб, Ўз Расулига танбеҳ берди:
« Албатта, Биз сенга Китобни одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун ҳақ ила туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма! Аллоҳдан мағфират талаб қил! Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли Зотдир. Ўз жонларига хиёнат қиладиганларнинг ёнини олма. Албатта, Аллоҳ хиёнаткор ва гуноҳкор бўлган кимсани суймас. Одамлардан яширарлар ва Аллоҳдан яшира олмаслар. Ҳолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир. Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни ихота қилгувчидир. Ҳой сиз, анавилар! Бу ҳаёти дунёда уларнинг ёнини олдингиз. Қиёмат кунида Аллоҳ олдида уларнинг ёнини ким оладир ёки ким улар устидан вакил бўладир?! Ким бир ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни тавбаларни қабул қилувчи, ўта раҳмли эканини топадир. Ким бир гуноҳ касб этса, уни фақатгина ўз зарарига касб этадир. Ва Аллоҳ билимдон ва ҳаким Зотдир. Ким бирор хато ёки гуноҳ касб этса-ю, сўнгра уни алоқадор бўлмаган кишига ағдарса, шубҳасиз, бўҳтон ва очиқ-ойдин гуноҳни ўз бўйнига олибдир. Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч қандай зарар етказа олмаслар. Аллоҳ сенга Китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли буюк бўлди». (105-113 оятлар)
Бу оятларнинг нозил бўлиш сабаби Келинг, бу ҳодисани яхши англаш ва оятларнинг маъносини яхши фаҳмлашимиз учун мазкур оятларнинг нозил бўлиш сабаби ва Ибн Убайриқнинг ўғирлик қиссаси билан танишиб чиқайлик. Ибн Жарир Табари Қатода ибн Нуъмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Ўзимизга қарашли бир хонадаон аҳли бор бўлиб, уларни «Убайриқ ўғиллари» дейилар эди. Улар Бишр, Бушайр ва Мубашширлар эди. Бушайр мунифиқ одам эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларини ҳажв қилиб шеърлар айтарди. Улар Исломдан олдин жоҳилият даврида қашшоқ, муҳтож хонадон эди. Амаким Рифоъа ибн Зайд бир юк оқ ун сотиб олиб, уни ўзининг чордоғига қўйиб қўйди. Чордоғда яна униyu қурол-аслаҳалари: иккита совут, икки қиличи ва созлагичлари бор эди. Тунда у ерга босқинчилик уюштирилди: чордоқ тешилиб, егулик, қурол‑аслаҳалар олиб кетилди. Тонг отгач, амаким Рифоъа келиб: «Жиян, бу кеча бизникига босқинчилик қилганидан хабаринг борми? Егулик ва қурол-аслаҳаларни олиб кетишибди», деди. Биз маҳалладан сўраб-суриштирган эдик, «Бу кеча Убайриқ ўғилларининг қозон ёққанларини кўргандик. Ўша кўрганларимиз ичида сизларнинг айрим емишларингизни ҳам кўрдик», дейишди. Биз маҳаллада суриштириб юрганимизда Убайриқнинг ўғиллари шундай деб қолди: «Аллоҳга қасамки, дўстингиз Лабид ибн Саҳм ўғрилаган деб ўйламиз», дейишди. У ўзимизнинг одам бўлиб, салоҳиятлик, мусулмон киши эди. Лабид бу гапни эшитгач, қиличини ялонғочлаб, Убайриқ ўғиллари олдига келиб, уларга: «Аллоҳга қасамки, ё мана бу қиличим сизлар билан тўқнашади ёки бу ўғриликни очиқлайсиз!» деди. Улар: «Ҳой инсон! Бор кет! Аллоҳга қасамки, буни сен қилмагансан», дейишди. Маҳаллани суриштириб юриб, охири буни ўшалар қилганига амин бўлдик, шубҳамиз қолмади. Амаким менга: «Эй жиян, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, буни у Зотга айтгинг-чи», деди. Расулуллоҳга бориб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ўзимизга қарашли бир хонадон аҳли жафокаш чиқиб қолди. Амаким Рифоъаникига босқинчилик уюштиришди. Чордоғини тешиб, қурол-аслаҳалари ва емишларини олиб чиқиб кетишибди. Бизга қурол-аслаҳаларимизни қайтиб беришсин. Емишлар майли, унга эҳтиёжимиз йўқ», дедим. Расулуллоҳ: «Мен буни дарҳол бир кўриб чиқай‑чи», дедилар. Убайриқ ўғиллари буни эшитишиб, ўзларидан Усайр ибн Урва деган бир кишининг олдига боришди ва унга буни айтишди. Маҳалладан бири гуруҳ кишилар унинг олдига тўпланишди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қатода ибн Нуъмон ва унинг амакиси биздан аҳли Ислом ва салоҳиятли бир хонадон аҳлига – Убайриқ ўғилларини айтмоқчи – тажовуз қилишмоқда: ҳеч бир ҳужжат-далилсиз уларни ўғриликда айблашяпти», дейишди. Мен Расулуллоҳнинг олдиларига келиб, у Зот билан гаплашган эдим, у Зот: «Мусулмончилиги ва салоҳияти оғизга тушган бир хонадон аҳлига тажовуз қилибсан, уларни ҳеч қандай далил‑исботсиз ўғриликда айблаётган экансан!» дедилар. Мен ортимга қайтиб, «Бир қисм молимдан кечиб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гапирмасам бўлар экан», деб юбордим. Амаким Рифоъанинг олдига келган эдим, у: «Ҳой жиян, нима қилдинг?» деди. Мен унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга айтган гапларини айтиб бердим. Шунда: «Ёрдам сўралувчи Зот Аллоҳнинг Ўзидир», деди. Кўп ўтмай Аллоҳ таоло Ўзининг ушбу сўзларини нозил қилди: «Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма!...» Ушбу Қуръон оятлари нозил бўлгач, қурол-аслаҳалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келиб берилди. У Зот уларни Рифоъага қайтардилар. Амаким қариб‑қартайиб қолган кекса одам эди. Мен унинг мусулмончилигини юзаки деб ўйлаб юрардим. Қурол-аслаҳаларини олиб келганимда, у: «Эй жиян! Булар Аллоҳнинг йўлига!» деди. Билдимки, унинг Исломи чинакам экан. Қуръон оятлари нозил бўлгач, Бушайр мушрикларга қўшилиб кетди. У Силофа бинт Саъд ибн Саҳлникига тушди. Аллоҳ таоло унинг хусусида Ўзининг ушбу сўзларини нозил қилди: «Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонига қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой! Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, қаттиқ адашган бўлур!» (Нисо сураси, 115–116-оятлар). У Силофанинг уйида қўним топгач, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу у аёлни шеър ёзиб айблади. Шунда Бушайрнинг юк‑тақларини олиб, бошига қўйди-да, Абтоҳга олиб чиқиб ташлади. Сўнгра: «Сен менга Ҳассоннинг шеърини «ҳадя» қилибсан‑да. Сен менга ҳеч бир яхшилик келтирмадинг», деди». (Тафсири Табарий.)
Мазкур оятларнинг нозил бўлиши сабаби ҳақида бошқа бир ривоят Бошқа бир ривоятда шундай келади: «Қатода ибн Нуъмон ва амакиси Рифоъа ибн Зайд розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламниг ғазотларидан бирида у Зот билан бирга ғазотга чиқишди. Шунда икковларидан бирининг (Рифоъанинг) совути ўғирланди. Шубҳа Ансорлардан «Убайриқ ўғиллари» дейиладиган бир хонадон аҳлидан бир киши атрофида айланиб қолди. Совут эгаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Туъма ибн Убайриқ совутимни ўғирлади», деди. Ўғри буни кўриб, совутни олди‑да, уни Зайд ибн Самин деган бир яҳудий кишининг уйига ташлаб қўйди ва ўзининг бир гуруҳ қариндошларига: «Совутни яшириб қўйдим. Уни фалончи яҳудийнинг уйига ташлаб қўйдим. Энди уни уйидан топилади», деди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Набийси! Бизнинг одамимиз беайбдир. Совутни фалончи ўғирлаган. Биз буни атрофлича ўрганиб чиқдик. Одамларнинг олдида уни оқлаб, унинг ёнини олиб қўйинг. Чунки агар Аллоҳ уни сиз туфайли асраб қолмаса, ҳалок бўлади», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совутнинг яҳудийнинг уйидан топилганини билгач, туриб Ибн Убайриқни беайб деб айтиб, уни одамлар олдида оқлаб қўйдилар. Унинг аҳли совут яҳудийнинг уйидан чиқишидан олдиноқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Қатода ибн Нуъмон ва унинг амакиси биздан аҳли Ислом ва салоҳиятли бир хонадон аҳлига – Убайриқ ўғилларини айтмоқчи – тажовуз қилишмоқда: ҳеч бир далил‑исботсиз уларни ўғриликда айблашяпти», дейишганди. Мен Расулуллоҳнинг олдиларига келиб, у Зот билан гаплашган эдим, у Зот: «Мусулмончилиги ва салоҳияти оғизга тушган бир хонадон аҳлига тажовуз қилибсан, уларни ҳеч қандай исбот ва далилсиз ўғриликда айблаётган экансан!» дедилар. Мен ортимга қайтиб, «Бир қисм молимдан кечиб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллу алайҳи васалламга гапирмасам бўлар экан», деб юбордим. Амаким Рифоъанинг олдига келган эдим, у: «Ҳой жиян, нима қилдинг?» деди. Мен унга Расулуллоҳ соллаллу алайҳи васалламнинг менга айтган гапларини айтиб бердим. Шунда: «Ёрдам сўралувчи Зот Аллоҳнинг Ўзидир», деди. Кўп ўтмай Аллоҳ таоло Ўзининг ушбу сўзларини нозил қилди: «Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма!...» Ушбу Қуръон оятлари нозил бўлгач, қурол-аслаҳалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келиб берилди. У Зот уларни Рифоъага қайтардилар.
Ибн Убайриқ ўғриликни яҳудийга тўнкайди Ўтган икки ривоят мунофиқ Туъма ибн Убайриқ ёки Бушайр ибн Убайриқ томонидан қилинган ўғрилик ҳодисаси ҳақида хабар бермоқда. Уларга кўра, у Рифоъа ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг чордоғидан қурол-аслаҳа ва емишларни ўғирлаган. Рифоъа бу ишни суриштириб, ўғрилик қилган шахс Туъма эканини аниқлайди. Туъма ўзининг атрофида шубҳа айланиб қолганини пайқаб, яҳудий Зайд ибн Саминнинг уйига унга билдирмасдан қўйиб қўйиш орқали ўғриланган нарсалардан қутилмоқчи бўлади. Қатода ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга амакисининг уйида ўғрилик бўлганини ва ўғри Туъма ибн Убайриқ эканини айтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унга бу ишни кўриб чиқишни ваъда қиладилар. Туъма ибн Убайриқ қариндошлари – Бану Зафардан Расулуллоҳ олдиларида уни ҳимоя қилишларини сўрайди ва у ўғрилик қилмаганини, ўғри яҳудий Зайд ибн Самин эканини, қурол-аслаҳаю егуликлар унинг уйида эканини даъво қилади. Ўғирланган нарсалар яҳудийнинг уйидан чиқади. Бироқ ўғри эмаслигини, бу ҳақда умуман ҳеч нарса билмаслигини, ўғрининг ўзи ўғриликни унга тўнкаш учун унинг уйига бу нарсаларни қўйиб қўйганини айтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўғри яҳудий Ибн Самин деб, Ибн Убайриққа туҳмат қилганлари учун Қатода ва амакиси Рифоъага дакки берадилар.
Ҳодиса хусусида тушган оятларга бир назар Аллоҳ таоло Нисо сурасида мазкур оятларни нозил қилиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни Туъма ибн Убайрқни ҳимоя қилганлари ва Қатода ва амакиси Рифоъани маломат қилганлари учун койиб берди. Бу оятлар яҳудийни ўғрилик туҳматидан оқлади ва ўғри – мунофиқ Туъма ибн Убайриқни қаттиқ қоралади. Шундан сўнг ўғирланган қурол-аслаҳалар эгаси Рифоъага қайтарилди. У эса уларни Аллоҳнинг йўлида хайрия қилиб бериб юборди. Туъма ибн Убайриқ эса Маккага, мушриклар олдига қочиб кетди ва шундан кейиноқ мунофиқ, кофир ҳолида ўлиб кетди. Аллоҳ таоло Расулига шундай дейди: «Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганидек ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма!» Аллоҳ таоло бу оятларда Қуръонни ҳақ ила, адолат мезони қилиб нозил қилганини ва бу одамлар ўртасида Аллоҳ ўргатган, билдирган ва кўрсатган тўғри ҳукмни чиқариши учун эканини эслатмоқда. «Одамлар орасида Аллоҳ кўрсатганидек ҳукм қилишинг учун» деган иборадан Аллоҳдан Ўз Расулига кўндаланг бўлган масалаларда ижтиҳод қилишга ва Ўзи нозил қилиб қўйган Китобдан унинг ҳукмини истинбот қилишга изн бўлганини тушуниш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ижтиҳодда хато қилишлари мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло у Зотга тўғри ҳукмни кўрсатиб, у Зотни ўшанга йўллаб туради. Яна Аллоҳ таоло Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни хоинларнинг ёнини олишдан қайтармоқда: «Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма!» Бу ерда хоиндан мурод ўғри Туъма ибн Убайриқдир. У ўғри бўлгани учун Аллоҳ таоло уни хоин деб васфламоқда. Чунки ўғрилик ҳам хиёнатдир. Кейин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни истиғфорга чорлаб: «Аллоҳдан мағфират сўра! Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли Зотдир», дейди. Сўнгра яна хоин, ўғриларни ҳимоя қилишдан қайтариб: «Ўз жонларига хиёнат қиладиганларнинг ёнини олма. Албатта, Аллоҳ хиёнаткор ва гуноҳкор кимсани суймас», демоқда. Яъни хоин ва ўғри Туъма ибн Убайриқни ёнини олиб ҳимоя қилма. Уни ўғриликда айблаб турган Қатода ибн Нуъмонни маломат қилма. Чунки Туъма ўғрилик қилгани учун хоин: у мусулмонларга хиёнат қилди, ўзига хиёнат қилди. Чунки ким умматга хиёнат қилса, ўзига хиёнат қилган бўлади. Ўзига ҳам, бошқаларга ҳам ҳиёнат қиладиганлар гуноҳкордирлар. Аллоҳ уларни севмас. ЗероЗ Аллоҳ таоло барча хиёнаткор ва гуноҳкорларни севмас. Энди қандай қилиб Аллоҳ севмаган кишининг ёнини олиб ҳимоя қилиш мумкин? Аллоҳ бу хоин, гуноҳкорларни жуда ҳам ёмон сифат билан васф қилмоқда, уларни жирканч бир суратда тасвирламоқда: «Одамлардан яширарлар ва Аллоҳдан яшира олмаслар. Ҳолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир. Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни ихота қилгувчидир». Бу ўғрилар ўзларининг фош бўлиб қолишларидан хавфсираб одамлардан яшириниб, беркиниб юришди. Ўғрилик режасини тузиб кечаси билан ухламай чиқишди. Ўғриликни қилиб бўлиб, кейин уни унга алоқаси бўлмаган одамларга юклаб, ичларидаги ҳақиқий ўғрини яшириш устида кечалари ухламай маслаҳатлашишга тушдилар. Аллоҳ таоло уларни қаттиқ маззамат қилади. Чунки улар кечалари билан ушбу ўғрилик устида режа тузиб, масалаҳатлашиб чиққан чоғлари Аллоҳ Ўз илми, эшитиш ва кўриш сифатлари билан доимо улар билан бирга эканидан, ушбу улуғ ҳақиқатдан ғофил эдилар. Улар У Зотдан хавф қилмас, қўрқмас ва ҳаё қилмас эдилар, тунлари ўзларининг Аллоҳ рози бўлмайдиган ёмон сўз ва қабиҳ ишларини махфий олиб борар эдилар. Сўнгра хитоб ушбу ўғри‑муттаҳамларни ҳимоя қилаётган мўминларга қаратилди: «Ҳой сиз, анавилар! Бу ҳаёти дунёда уларнинг ёнини олдингиз. Қиёмат кунида Аллоҳ олдида уларнинг ёнини ким оладир ёки ким улар устидан вакил бўладир?!». Сиз уларни бу дунёда ҳимоя қилиб ёнини олаётирсиз. Лекин қиёмат кунида ҳисоб‑китоб учун Аллоҳнинг олдида тик турганларида ким уларни ҳимоя қилиб, ёнини ола олади? Йўқ, йўқ! Улар у кунда ишларини зиммасига оладиган, улардан Аллоҳнинг азобни қайтара оладиган киши топа омлайдилар! Бу Туъма ибн Убайриқни ҳимоя қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам уни ҳимоя қилишларини сўраган мусулмонларга Аллоҳ таоло тарафидан дашном эди.
Учта қуръоний одил асос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга Ибн Убайриқ билан боғлиқ воқеа хусусида тенбеҳ берилгач, қатор уч оят одамларнинг ўз амалларига кўра жавобга тортилишларига қаратилган учта сўнмас одил асосни қатъийлаштиради: Биринчиси: гуноҳкор кишини Аллоҳ унинг гуноҳидан мағфират қилиш учун тавба ва истиғфорга чорлов. Бу қуйдаги оятда ўз аксини топган: «Ким бир ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни тавбаларни қабул қилувчи, ўта раҳмли Зот эканини топадир». Иккинчиси: жавобгарликда ҳар бир шахс ўзи масъул бўлиши. Ҳар бир айбдор, гуноҳкор киши гуноҳининг жавобгарлигини ёлғиз ўзи кўтаради, гуноҳининг оқибати, касофати фақат унинг ўзига қайтади, бунинг учун ундан бошқа одам ҳисобга тортилмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз ҳисоб‑китобида ўта одил Зот, ҳеч бир махлуқига зулм қилмайди. Бу қарор қуйидаги оятда эълон қилинган: «Ким бир гуноҳ касб этса, уни фақатгина ўз зарарига касб этадир. Ва Аллоҳ ўта билимдон, ҳаким Зотдир». Учинчиси: ўз айбини унга алоқаси бўлмаган бир покиза инсонга тўнкаб, хатосини унга юклашнинг оғир жиноят экани. Чунки бунда у ҳам бўҳтон, ҳам ёлғон, ҳам гуноҳни ўзи зиммасига ортмоқда. Бу ушбу оятда келади: «Ким бирор хато ёки гуноҳ касб этса-ю, сўнгра уни алоқадор бўлмаган кишига ағдарса, шубҳасиз, бўҳтон ва очиқ-ойдин гуноҳни ўз бўйнига олибдир».
Бу уч асос ҳеч бир ўзгариш ва алмашишсиз қиёматга қадар сўнмас, доимий ва боқий қоидалар ҳисобланса‑да, бу ўринда улар Ибн Убайриқ ва уни ўғрилигини билмай ҳимоя қилган қариндошларига қаратилгандир. Ибн Убайриқ ўз қариндошларига ўзини беайб, ўғри эса яҳудий Ибн Самин деб уқтирган эди. Мазкур оятлар Ибн Убайриқнинг қариндошларини тавба ва истиғфорга чақиряпти, улар жиянларини Туъма ибн Убайриқнинг қилган ўғрилигининг гуноҳи ва жаримасини зиммаларига ололмасликларини, чунки бунинг жаримаси айнан унинг ўзига қайтишини баён қилмоқда. Шу билан бирга, Ибн Убайриқнинг жинояти жуда ҳам катта, оғир эканини уқтирмоқда. Чунки у ўғрилик қилди, бу ҳам етмаганидек, буни бир беайб инсонга ағдарди ва бу билан у бўҳтон иш ва очиқ‑ойдин гуноҳни ўзига ортиб олди. Бу воқеага оид мазкур қоида ва ҳақиқатлар баён қилингач, Аллоҳ Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзиниг у Зотга бўлган фазлини ва бошқаларнинг у Зотни хато ва адашувга туширишга бўлган уринишларидан асраганини эслатади: «Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч қандай зарар етказа олмаслар. Аллоҳ сенга Китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли буюк бўлди».
Дарҳақиқат, Аллоҳ Ўз Расулига ҳақ ҳукм чиқаришга чиқаручи ва воқеанинг асл ҳақиқатини баён қилиб бервучи оятларни нозил қилиш билан у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни одамларнинг у Зотни адаштиришга бўлган уринишларидан асраган эди. Бу, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган фазлу раҳматидир. Агар бу бўлмаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янглишиб, ҳукм чиқаришда жабр қилиб қўйган, бир беайб инсонга ўғриликда айблангани сабабли зулм қилиб қўйган бўлар эдилар. Ҳа, Аллоҳ таоло Ўз Расулини хато ва адашишликдан асраган эди. Хоинлар ва фитначилар фақат ўзларини адашитирадилар ва азоб-уқубатга қўядилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Чунки у Зот доимо Аллоҳ таолонинг ҳифзи ва тавфиқидадирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Туъма ибн Убайриққа нисбатан бўлган муносабатларининг тўғриланиши Ҳодиса хусусида нозил бўлган ушбу тўққиз оят маъноларини баён қилгач, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг воқеага муносабатлари ва Аллоҳ таолонинг у кишига берган танбеҳи ҳақида тўхталамиз. Дарҳақиқат, Туъма ибн Убайриқ мўмин ва солиҳ бўлган ҳеш-ақраболарини алдади. У Қатода ибн Нуъмоннинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ундан шикоят қилганини ва уни ўғриликда айблаганини билгач, ўғирланган нарсаларни олди-да, ҳеч кимга билдирмасдан яҳудий Зайд ибн Саминни уйига ташлаб қўйди. Кейин солиҳ қариндошларини чақирди‑да, уларга ўзининг ўғриликка алоқаси йўқлигини, ўғирланган нарсалар яҳудий Ибн Саминникида эканини далил қилиб, ўғри ўша яҳудий эканини ва Қатода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида уни ўғриликда айблаб унга бўҳтон қилганини айтди. Улар ўғирланган нарсаларни Ибн Саминнинг уйидан топишгач, уни ўғри ва жиянларини эса туҳматга қолган беайб инсон деб ҳукм чиқариб қўяқолишди. Ҳа, улар бунда хато қилишгани йўқ, чунки ўғирланган нарсалар яҳудийнинг уйидан чиққан эди‑да. Улар ҳам одам, ғайбни билишмайди. Барча ашёвий далолатлар Туъмани оқлаб, яҳудийни айбдор деб кўрсатар эди. Мана шу асосда улар жиянлари Туъмани ҳимоя қилиш ва Қатодани унга туҳмат қилганликда маломатлаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам воқеа жараёнини кўриб чиқдилар. Бу ҳақда ҳеч қандай оят нозил бўлмаган эди. Олдиларидаги барча ҳужжат-далиллар, ҳодисалар Туъама ибн Убайриқни беайб, яҳудий Ибн Саминни айбдор деб даъво қилар эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ижтиҳод қилиб, Ибн Убайриқни беайб деб ўйладилар ва Қатода ибн Нуъмонни унга туҳмат қилгани учун маломат қилдилар. Чунки Қатоданинг аниқ ҳужжати йўқ эди-да. Унга: «Мусулмончилиги ва салоҳияти оғизга тушган бир хонадон аҳлига тажовуз қилибсан, уларни ҳеч қандай далил‑исботсиз ўғриликда айблаётган экансан!» дедилар. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хато қилганлари йўқ, чунки у Зотнинг атрофларидаги барча далиллар Туъманинг беайблигини кўрсатар эди. У Зот ўзлари эшитиб турган гап‑сўз ва хабарларга қараб ҳукм чиқардилар. У Зот ҳам Аллоҳ билдиргандан бошқа ҳеч қандай ғайбни билмас эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари эшитганларига асосон ҳукм чиқаришлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини башар эканларини, хусуматчилар орасида улардан эшитган ҳужжат-далилларга асосланиб ҳукм чиқаришларини ва бу ҳукмда гоҳида хато қилишлари мумкунлигини ва бунинг учун маломат қилинмасликларини очиқ айтиб қўйганлар. Чунки у зот бор имкониятларини сарфлаб ижтиҳод қилдилар, Аллоҳ эса у Зотдан ғайбни билишни талаб қилмаган. Бухорий ва Муслим Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужралари эшиги олдида бир хусуматчининг шовқин-суронини эшитиб қолдилар. Уларнинг олдига чиқдиб: «Сизлар хусуматлашиб менинг олдимга келасизлар. Мен ҳам бир башарман. Эҳтимолки, бирингиз бошқангиздан кўра ўз ҳужжатини келтиришда сўзамопплроқ бўлиб, мен эшитганимга кўра, унинг фойдасига ҳукм чиқариб беришим мумкин. Бас, бордию мен бирортага ўз биродарининг ҳаққидан юлиб бериб қўйсам, у буни олмасин. Зотан бунда мен оловдан бир парча юлиб берган бўламан. Энди у буни хоҳласа олсин, хоҳласа олмасин», дедилар. Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари фасоҳати ва ҳужжатига биноан фойдасига ҳукм чиқарган, бироқ бу ҳукм тўғри бўлмаган кишини огоҳлантиряптилар. Чунки у Зот ҳам башардирлар, эшитганлари асосида ҳукм чиқарадилар. Яна таъкидлаяптиларки, у Зот чиқарган ана ўша ҳукм айни вақтда ҳукм фойдасига чиқарилган тарафга ўз биродарининг ҳаққини олишни мубоҳ қилмайди ва агар уни олса, гуноҳкор бўлади ва азобга қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқарган бу ҳукмлари учун маломат қилинмайдилар, чунки у Зот ўз олдиларидаги далолатларга асосланиб, ижтиҳод ва текширувлардан сўнг ҳукм чиқарганлар. У Зот бир башардирлар, ғайбни билмайдилар. Ушбу ҳадисни кўриб чиқиш давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ибн Убайриқни беайб деб ўйлашлари, Қатода ибн Нуъмонни туҳмати учун маломатлашалари сабабларини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гумон ва маломатда хато қилмаганларини тушунамиз: у Зот эшитганлари асосида ижтиҳод қилдилар, атрофларидаги ҳамма нарса Ибн Убайриқнинг беайб, яҳудий Ибн Саминнинг айбдор деб кўрсатар эди.
Мазкур оятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатма ва кўрсатма беришдир, у Зотни хатокорга чиқариш эмас Ўша воқеа ҳақида сўз юритган оятларни кўриб чиқар эканмиз, биз уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни айблаш ёки у Зотнинг тутган мавқифларини хатога чиқариш, ҳатто очиқ‑ойдин у Зотга қаратилган бирор ёрқин хитоб ҳам топмаймиз. Балки бу уларда фақат эслатма ва кўрсатма ҳамда хоин ва ўғриларни ҳимоя қилишдан қайтариқ бордир. Бу қайтариқ қуйидаги оятларда келган: Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма! Ўз жонларига хиёнат қиладиганларнинг ёнини олма. Бу оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қоралаш, хатокорга чиқариш мазмуни йўқ. Бу худди ушбу оятга ўхшайди: «Эй Набий! Аллоҳга тақво қил ва кофиру мунофиқларга итоат этма!» (Аҳзоб сураси, 1-оят) Бу оятдан ҳеч қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога тақво қилмасликлари ёки кофир ва мунофиқларга итоат этганлари тушунилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қатодага айтган барча гаплари унинг Убайриқ хонадонини мусулмонлиги ва салоҳияти билан танилган бўлишига қарамай, ҳеч қандай далил‑исботсиз шошма‑шошарлик билан айблаганини инкор этиш мазмунида бўлган. Бу ҳеч қандай ғубори йўқ, жуда ҳам тўғри гапдир. Бу Туъмани оқлаш учун чирилган ҳукм эмас. «Албатта, Биз сенга Китобни одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун ҳақ ила туширдик», «Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч қандай зарар етказа олмаслар. Аллоҳ сенга Китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли буюк бўлди» оятлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматини эслатма бўлиб, буларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қоралаш, у Зотни хатокор дейиш маънолари йўқ. Ҳаттоки Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳдан мағфират талаб қил! Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмлидир», дея Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни истиғфорга буюриши ҳам у Зотнинг истиғфорни вожиб қиладиган бирор гуноҳ иш қилганликларини кўрсатмайди. Зеро, у Зот гуноҳдан маъсумлар. Истиғфор айтишлари эса Аллоҳ таолони зикр қилишлари ва Унга ибодат қилишларининг бир сурати, холос. Бу оятлар ўғри Туъма ибн Убайриқни қоралайди, унинг ўғрилик, тунда қилган қабиҳ иш ва уйдирмалари, бир беайб яҳудийга туҳмат қилишдаги аблаҳликларини тасвирлайди ва унга қиёмат кунидаги азоб билан таҳдид қилади.
Бу то қиёмат қойим бўлгунича мусулмонлар учун бир дарсдир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳодисага нисбатан тутган йўллари равшан бўлса‑да, ундан у Зот алайҳиссаломнинг қиёматгача келадиган умматлари назарда тутилган бўлишига қарамай, оятдаги хитоб тўғридан-тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилгандир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг етакчисидирлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган хитоб, модомики хослашга далил келмаган бўлса, умматларига қилинган хитоб ҳисобланади. Қуръонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган кўплаб кўрсатмалар борки, уларда умматлари кўзда тутилган. Ушбу изоҳ ва таҳлилларни қилиш билан бирга, биз яна бу оятларда шиддатли сиёқ, кескин оҳанг ва юқори ўткирликни ҳам кўрамиз. Зеро, оятлар мавзуси ана шундай кескирлик, шиддат ва ўткирликни талаб қилади. Бу гарчи душман бўлса ҳам, беайб кишиларга туҳмат қилмаслик ва қавм-қариндош, ёру дўстлар бўлса ҳам, гуноҳкор жиноятчиларни мудофаа қилмаслик асосини ўрнатиш учундир. Муфассирларимиз ушбу ҳодиса ва у ҳақда нозил бўлган оятлар хусусида айтган гапларида, жумладан, шундай дейдилар: «Бу оятлар бизга ер юзида мисли бўлмаган, башарият ўхшашини кўрмаган ажиб бир қиссани ҳикоя қиладики, шунинг ўзи ушбу Қуръон ва бу дин фақат ва фақат Аллоҳнинг ҳузуридан эканига гувоҳлик беради. Мадина яҳудийлари ифлос садоқларидаги барча заҳарли ўқларини Ислом ва мусулмонарга қарата отаётган бир вақт... Ана шундай танг, хатарли ва ўта хавфлик бир пайтда ушбу оятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмон жамоасига ноҳақ равишда ўғрилик билан айбланаётган яҳудий ҳаққида инсоф қилсинлар деб ва уни айбдор қилишга уринган кимсаларни ёзғилашлари учун нозил бўлди. Ҳолбуки, мазкур кишилар Мадинадаги ансорий хонадонлардан бирининг вакиллари эди. Айни вақтда ансорлар яҳудийларнинг макр-ҳийлаларига қарши курашишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни асосий қуроллари ва лашкарлари эдилар…»
|
Янгиланди ( 10.07.2017 23:01 ) |