БИРИНЧИ ФАСЛ: Қуръонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган танбеҳлар | ||||
|
Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4
БИРИНЧИ ФАСЛ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъсумликлари ҳақида Анбиё ва расуллар Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ичидаги сара бандаларидир. Уларни Ўзи сайлаб олгандир, алоҳида танлаб олгандир ва уларга махсус раббоний тарбия бергандир. Шу сабаб улар башариятнинг энг афзали бўлдилар, инсониятнинг энг яхшилари бўлдилар. Аллоҳ таоло уларни ҳифзи ила муҳофаза этди ва Ўз қарамоғига ва иноятига олди. Уларни барча гуноҳу маъсият ва хатолардан Ўзи асради, номақбул, мункар ва жирканч ишлардан сақлади. Аллоҳ таоло айтади: اللَّهُ يَصْطَفِي مِنَ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا وَمِنَ النَّاسِ إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ «Аллоҳ фаришталардан ва одамлардан Расуллар сайлаб олур. Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчи ва кўрувчи Зотдир». (Ҳаж сураси, 75‑оят)
Мусо алайҳиссаломга шундай дейди:
قَالَ يَا مُوسَى إِنِّي اصْطَفَيْتُكَ عَلَى النَّاسِ بِرِسَالاَتِي وَبِكَلاَمِي فَخُذْ مَا آتَيْتُكَ وَكُن مِّنَ الشَّاكِرِينَ {الأعراف/144} «У Зот деди: «Эй Мусо, мен сени одамлар узра рисолатларим ва гаплашишим ила танлаб олдим. Бас, сенга берган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!» (Аъроф сураси, 144 оят.)
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни сайлаб олгани ҳақида хабар бериб, шундай дейди:
وَمَن يَرْغَبُ عَن مِّلَّةِ إِبْرَاهِيمَ إِلاَّ مَن سَفِهَ نَفْسَهُ وَلَقَدِ اصْطَفَيْنَاهُ فِي الدُّنْيَا وَإِنَّهُ فِي الآخِرَةِ لَمِنَ الصَّالِحِينَ
«Ўзини билмаганларгина Иброҳимнинг миллатидан юз ўгирур. Албатта, Биз уни дунёда танлаб олдик ва албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай». (Бақара сураси, 130 оят.)
Аллоҳ таоло расулларини Ўзи ажратиб олгани, сайлаб олгани ҳақида бизга шундай хабар қилади: وَاذْكُرْ عِبَادَنَا إبْرَاهِيمَ وَإِسْحَقَ وَيَعْقُوبَ أُوْلِي الْأَيْدِي وَالْأَبْصَارِ إِنَّا أَخْلَصْنَاهُم بِخَالِصَةٍ ذِكْرَى الدَّارِ وَإِنَّهُمْ عِندَنَا لَمِنَ الْمُصْطَفَيْنَ الْأَخْيَارِ «Қўллар» ва «кўзлар» соҳиблари бўлган бандаларимиз – Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубни эсла. Албатта, Биз уларни холис бир хислат-ла ажратиб олдик. У (охират) диёрини эслаш эди. Албатта, улар Бизнинг ҳузуримизда сайлаб олинган ахёрлардандирлар. (Сод сураси, 45–47‑оят.)
Ҳа, Аллоҳ таоло уларни «қўллар» ва «кўзлар соҳиблари» деб васфлаган. «Қўллар» деганда куч‑қувват, «кўзлар» деганда эса илм ва динни чуқур англаш назарда тутилган. Яъни Аллоҳ таоло уларга ибодат, даъвату зикрга ва динни чуқур англашга куч‑қувват инъом этгандир. Аллоҳ таоло уларни Ўзи учун ажратиб олган ҳамда охират диёри сари йўл кўрсатувчи, ўз эргашувчиларига охират учун амал қилиш ва дунёдан зуҳд қилишда етакчи қилгандир. Мана шу билан улар Аллоҳ бишарият ичидан сайлаб олган ахёрлар бўлдилар. «Албатта, Биз уларни холис бир хислат-ла ажратиб олдик. У (охират) диёрини эслаш эди». (Сод сураси, 46‑оят). Иброҳим алайҳиссаломни олиб кўрайлик. Аллоҳ Ўзи у кишига рушду ҳидоят берган эди. Шунинг учун ҳам у рушду ҳидоятли, илмли ва маъсум ҳолда униб-ўсди: وَلَقَدْ آتَيْنَا إِبْرَاهِيمَ رُشْدَهُ مِن قَبْلُ وَكُنَّا بِه عَالِمِينَ «Батаҳқиқ, илгари Биз Иброҳимга рушду ҳидоятини берган эдик. Биз уни билгувчи эдик». (Анбиё сураси, 51‑оят.)
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Ўзи муҳофаза этиб, қарамоғида ўстирди. Хавф-хатарлар ичида унга алоҳида тарбия берди. Фиръавннинг қасри ичида уни Ўз инояти билан қуршаб турди. Шу боис у раббоний бир ҳолда, тўғри йўлда униб‑ўсди:
وَلَمَّا بَلَغَ أَشُدَّهُ وَاسْتَوَى آتَيْنَاهُ حُكْمًا وَعِلْمًا وَكَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ «Қачонки у вояга етганида ва камол топганида, унга ҳикмат ва илм бердик. Яхшилик қилгувчиларни ана шундай мукофотлармиз». (Қасос сураси, 14‑оят.)
Мусо алайҳиссалом Мадяндан қайтар экан, Тур тоғи бағрида Аллоҳ таоло у билан сўзлашди ва унга Фиръавннинг олдига боришни юклади. Унга бўлган Ўз фазлу марҳаматини, уни Ўз қарамоғида тутганини эслатди: وَلَقَدْ مَنَنَّا عَلَيْكَ مَرَّةً أُخْرَى {37} إِذْ أَوْحَيْنَا إِلَى أُمِّكَ مَا يُوحَى {38} أَنِ اقْذِفِيهِ فِي التَّابُوتِ فَاقْذِفِيهِ فِي الْيَمِّ فَلْيُلْقِهِ الْيَمُّ بِالسَّاحِلِ يَأْخُذْهُ عَدُوٌّ لِّي وَعَدُوٌّ لَّهُ وَأَلْقَيْتُ عَلَيْكَ مَحَبَّةً مِّنِّي وَلِتُصْنَعَ عَلَى عَيْنِي {39} إِذْ تَمْشِي أُخْتُكَ فَتَقُولُ هَلْ أَدُلُّكُمْ عَلَى مَن يَكْفُلُهُ فَرَجَعْنَاكَ إِلَى أُمِّكَ كَيْ تَقَرَّ عَيْنُهَا وَلَا تَحْزَنَ وَقَتَلْتَ نَفْسًا فَنَجَّيْنَاكَ مِنَ الْغَمِّ وَفَتَنَّاكَ فُتُونًا فَلَبِثْتَ سِنِينَ فِي أَهْلِ مَدْيَنَ ثُمَّ جِئْتَ عَلَى قَدَرٍ يَا مُوسَى {40} وَاصْطَنَعْتُكَ لِنَفْسِي {41} «Батаҳқиқ, Биз сенга бошқа марта ҳам марҳамат кўрсатган эдик. Ўшанда онангга илҳом қилинадиган нарсани илҳом қилдик: «Уни тобутга сол, уни эса дарёга ташла. Дарё уни соҳилга отсин. Уни Менинг душманим ва унинг душмани олади» деб. Ва сенга Ўзимдан муҳаббат солдим. (Буни) Менинг риоятимда етиштирилишинг учун (қилдим). Ўшанда опанг юриб бориб: «Уни кафилликка оладиганларни кўрсатайми?» – деган эди. Бас, Биз сени кўзи қувониши ва хафа бўлмаслиги учун онангга қайтардик. Ва бир жонни ўлдирдинг. Бас, Биз сени ғамдан қутқардик ва турли синовлар ила синадик. Сўнгра Мадян аҳли ила йилларча қолдинг ва тақдирга биноан келдинг, эй Мусо! Мен сени Ўзим учун етишдирдим». (Тоҳа сураси 37–41‑Оят.)
Мусо алайҳиссаломнинг туғилган кунидан бошлаб бошдан ўтказган ҳодисаларини бирин‑кетин келтириб турган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзи эди. Буни Ўзининг Мусо алайҳиссаломни кейинчалик Набий, Расул этиш борасидаги иродасини рўёбга чиқариш учун қилди. Бунинг учун унинг онасига уни сандиққа солишни ваҳий қилган ҳам, дарёга сандиқни Фиръавн қасрига олиб боришни буюрган ҳам, Фиръавннинг хотинининг қалбига Мусо алайҳиссаломнинг муҳаббати ва уни боқиб олиш фикрини солган ҳам, уни эмизиши учун яна ўз онасига қайтарган ҳам, уни ёшлигидаю йигитлигида ҳифзу ҳимоя этган ҳам, бир қибтийликни ўлдириб қўйгач, Мадян сари боришини тақдир қилган ҳам Унинг Ўзи эди. Энди эса унга Аллоҳга даъват қилиш учун Фиравннинг олдига боришни юкламоқда. Юқоридаги оятларнинг иккита жумласига алоҳида эътиборни қаратиш лозим: Биринчиси: Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи: «буни Менинг кўз олдимда етиштирилишинг учун қилдим». Яъни Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Ўз назарида, қарамоғида хос ҳолда униб‑ўсиши учун, уни Ўз муҳофазасида, эътиборида махсус тарбия топиши учун шуни тақдир қилган эди. Иккинчиси: Аллоҳ таолонинг «Мен сени Ўзим учун етишдирдим» деган сўзидир. Яъни Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни сайлаб олди, парвариш қилди, асраб‑авайлади, унга алоҳида эътибор бериб, муҳофаза этди ва ҳаётидаги воқеаю ҳодисаларни бирин‑кетин келтириб борди ва шундай қилиб уни Ўзи учун етиштирди ва Ўз рисолати учун танлади. Аллоҳ таоло уни Ўзи етиштириб, парваришлаб, ҳифзу ҳимоя қилиб, асраб-авайлаган экан, демак, уни барча гуноҳу маъсият ва хатолардан Ўзи асраган, номақбул, мункар ишлардан сақлаган. Аллоҳ кимни асраган бўлса, демак, асралган – маъсумдир. Энди шайтон унга йўл топа олмайди, уни иғво қила олмайди. Бу фазилат Мусо алайҳиссаломнинг шахсан ўзларига хос эмас. Балки бу барча анбиё ва расулларни: сайлаб олинган ахёрларни ўз ичига олади. Зотан, Аллоҳ уларни Ўзи сайлаб, танлаб олган, парваришлаб, асраб‑авайлаган, уларга алоҳида эътибор бериб, муҳофаза этган ҳамда уларни маъсияту гуноҳлардан, хатою номақбулликлардан асраган ва шайтонга уларга йўл бермаган.
Анбиёлар маъсум эканлигидаги энг кучли сўз Анбиёлар гуноҳдан маъсум экани ҳақидаги биз қувватли деб билган фикр шуки, Аллоҳ таоло уларни Пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам, кейин ҳам: туғилганларидан то вафотларигача куфр, ширк, гуноҳу маъсиятлардан, хатога йўл қўйиш ва номақбул ишлардан асраган, каттаю кичик гуноҳлардан сақлагандир. Қуръони Каримда кўринишда мазкур фикрга хилоф ўлароқ нисбат берилган баъзи бир ҳолат ва тасарруфлар, сўз ва ишлар фақат ва фақат уларни унданда авлороқ, афзалроқ, мукаммалроқ ва тўғрироқ ишга йўллаш учун бўлган. Улардан содир бўлган нарса ҳам аслида тўғри бўлган, хато ё гуноҳ бўлмаган. Лекин Аллоҳ уларга яна ҳам яхшироғи, энг тўғриси бўлишини истайди. Шунинг учун ҳам уларга танбеҳ берган ва ўша яхшироғига йўллаган. Аввалги «Анбиё ва расулларнинг Қуръондаги ҳолатлари: таҳлил ва изоҳ» китобимизнинг хулосаси шудир. Пайғамбарларнинг маъсумлиги ҳақидаги ушбу тушунча Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам тегишлидир. Зотан, у Зот Аллоҳнинг наздида махлуқотларнинг энг мукаррами ва энг афзалидирлар. Биз «Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни гуноҳлару маъсиятлардан, хатою мункар ишлардан, каттаю кичик гуноҳлардан пайғамбарликларидан олдин ҳам, кейин ҳам Ўзи асраган. Шу боис, у Зот бирор марта ҳам гуноҳ қилмаганлар, каттаю кичик гуноҳга қўл урмаганлар, хато ё бирор маъсиятга қадам босмаганлар», деб эътиқод қиламиз. У Зотнинг айрим ҳоллардаги Аллоҳ танбеҳ бериб, тўғрилаб қўйган ишлари ҳам аслида ўзи тўғри бўлган, хато бўлмаган. Аллоҳнинг танбеҳи эса янада авлороқ ва афзалроғига, тўғрироқ ва мукаммалроғига йўллаш қабилидан бўлган. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни туғилган онларидан бошлаб Ўз ҳифзу ҳимоясига олди ва Ўзи учун етишдирди. Шу боис, у Зот тўппа‑тўғри, салоҳиятли бўлиб униб‑ўсдилар. Буни Аллоҳ Ўзининг қуйидаги сўзларида алоҳида эслатади: وَالضُّحَى {الضحى/1} وَاللَّيْلِ إِذَا سَجَى {الضحى/2} مَا وَدَّعَكَ رَبُّكَ وَمَا قَلَى {الضحى/3} وَلَلْآخِرَةُ خَيْرٌ لَّكَ مِنَ الْأُولَى {الضحى/4} وَلَسَوْفَ يُعْطِيكَ رَبُّكَ فَتَرْضَى {الضحى/5} أَلَمْ يَجِدْكَ يَتِيمًا فَآوَى {الضحى/6} وَوَجَدَكَ ضَالًّا فَهَدَى {الضحى/7} وَوَجَدَكَ عَائِلًا فَأَغْنَى {الضحى/8} 1. Чоштгоҳ билан қасам. 2. Сукунатга чўмган тун билан қасам. 3. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, сенга нафрат қилгани ҳам йўқ. 4. Ва албатта, охират сен учун дунёдан яхшидир. 5. Ва тезда Роббинг сенга ато этур ва сен рози бўлурсан. 6. У сени етим топиб, жойлаб қўймадими? 7. Ва У сени ҳайрон ҳолда топиб, ҳидоятга бошламадими? 8. Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими? (Зуҳо сураси)
Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини ёриш воқеаси Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаликларидаёқ кўксиларини ёриб, ундан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлаган. Имом Аҳмад ўзининг «Муснад» китобларида Атаба ибн Абд Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули (пайғамбарлик) ишингиз биринчи нимадан бошланган?» деб сўради. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Энагам Бану Саъд ибн Бакрлик эди. Мен унинг ўғли билан билан қўзиларни боққани чиқдик. Ёнимизга бирор егулик олмабмиз. Шунда мен: «Ака, бор, онамиздан бирор егулик олиб келгин», дедим. У жўнаб кетди. Мен эса қўзилар олдида қолдим. Шу пайт иккита оқ қуш мен томон кела бошлади. Улар худди бургутга ўхшарди. Бири шеригига: «Бу ўшами?» деди. У: «Ҳа», деди. Икковлон шошганча келиб, мени чалқанчасига ётқиздилар ва қорнимни ёрдилар. Кейин юрагимни чиқариб, уни ёрдилар ва ундан иккита лахта қонни олиб ташладилар. Бири иккинчисига: «Қор сувини келтир», деди ва иккови ўша билан ичимни ювишди. Кейин: «Муздек сув келтир», деди. У билан юрагимни ювишди. Сўнг: «Сокинликни келтир», деди. Уни юрагимга сепишди. Сўнгра бири шеригига: «Тикиб қўй», деди. У тикди ва унга нубувват тамғасини босди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини ёриб, ундан шайтоннинг насибаси чиқариб ташлашлик билан Аллоҳ у Зотни пайғамбарликка ҳозирлаган ва тайёрлаган эди. Бу билан у Зотни ҳатто Пайғамбар бўлишларидан буруноқ маъсият ва мункар ишлардан ва ҳаромга яқинлашишдан асраган эди.
Аллоҳ Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни беҳуда нарсаларни эшитишдан ҳам муҳофаза этган Имом Байҳақий ва бошқалар Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Жоҳилият аҳли қиладиган хунук ишларни умримда фақат икки маротаба қасд қилганман. Иккисида ҳам Аллоҳ мени бундан асраган. Бир кеча Макканинг юқорисида ўша ерликларнинг қўйларини боқиб юрганимизда ёнимдаги бир қурайшлик йигитга: «Қўйларимга қараб тур, мен ҳам йигитларга ўхшаб Маккада бир базм қилиб келай», дедим. У: «Хўп», деди. Йўлга чиқиб, Маккадаги энг яқин ҳовлига етиб келганимда, ашула, чилдирма ва сурнайлар овозини эшитиб қолдим. «Бу нима?» десам, «Фалончи пистончига уйланяпти», дейишди. Бирдан кўзим кетиб қолди. Кейин қуёш иссиғи уйғотгунча уйғонмабман. Қайтиб келган эдим, (шеригим): «Нима қилдинг?» деди. Мен бор гапни унга айтиб бердим». Бошқа бир кеча унга яна ўшандай деб, шундай қилдим. Йўлга чиқдим ва яна ўшанга ўхшаш нарсани эшитиб қолдим. Менга яна ўшандагига ўхшаш гап айтишди. Эшитиб турган нарсамга энди берилаётган эдим, кўзим кетиб қолди. Кейин қуёш текканида уйғондим. Сўнг шеригимнинг олдига қайтиб келсам, у: «Нима қилдинг?» деди. Мен: «Ҳеч нарса қилмадим», дедим. Аллоҳга қасамки, шундан сўнг то Аллоҳ мени пайғамбарлик билан икром қилгунга қадар бирор марта ҳам жоҳилият аҳли қиладиган ёмон ишни қилишга интилмадим». Изоҳ: Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик чоғларида хаёлларига ўзлари тенгқур йигитлар ўйин‑кулги қилгани каби оддий бир кўнгилхуши қилиш келиб қолди. Жоҳилиятда ҳамма ҳам ўйин‑кулги қилар, ашула ва мусиқалар тинглашар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шерикларидан қўйларига эътибор бериб туришини сўраб, базмчилар билан бирга Маккада бир базмга қатнашмоқчи бўлиб турибдилар. Бир уйга яқинлашганларида, куй-қўшиқ, чилдирма ва сурнай садоларини эштиб қолдилар. Бунинг сабабини сўраган эдилар, бирларининг никоҳ тўйидаги куй-қўшиқ эканини айтишди. Расулуллоҳ қулоқ солмоқчи бўлгандилар, Аллоҳ таоло у Зот учун буни истамади ва у Зотни уйқуга чўмдирди. У Зот кечаси билан ухлаб, ҳеч нарса эшитмадилар ва эртаси куннинг чошгоҳ вақтигача фақат ухладилар. Кейинги кечада ҳам Аллоҳ таоло яна шундай қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билдиларки, Аллоҳ у Зотга яхшиликни ирода қиляпти. Шу‑шу иккинчи марта куй ва ўйин‑кулгига қадам босмадилар. У Зотни куй‑қўшиқ эшитишдан тўсиши, бу фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг исмати – асрашидир, бошқа нарса эмас. Ҳолбуки, у Зот ҳали Пайғамбар бўлмаган эдилар, куй‑ашулани ҳаром қилиш ҳукмлари ҳали шариатга киритилмаган эди. Лекин Аллоҳ у Зотга ҳатто пайғамбарликларидан олдин ҳам ўзларига нолойиқ ишларни қилишларини истамади. |
Янгиланди ( 11.07.2017 23:13 ) |