
Ўлкамизда Қуръони Каримга хизмат
Ислом тарихшунослигида илмнинг муайян соҳасида хизмат қилган уламолар ҳаётига бағишланган асарлар ёзиш гўзал анъанага айланган. Бундай асарлар «табақот» дейилади. Мисол учун, «Ҳанафийлар табақоти», «Шофеъийлар табақоти» деб номланган китобларда ҳанафий мазҳаби ёки шофеъий мазҳаби намояндаларининг таржимаи ҳоллари келтирилади. Худди шунингдек, шонли тарихимизда қироат илми уламолари ҳаётига оид табақотлар ҳам бор бўлиб, уларда ушбу мўътабар илм борасида хизмат қилиб ўтган олимлар ҳақида сўз боради. Ана шундай манбаларнинг энг машҳурларидан бири имом Заҳабийнинг «Маърифатул-қурроил-кибор», яна бири эса имом Муҳаммад ибн Жазарийнинг «Ғоятун-ниҳоя фи тобақотил-қурро» номли асарлари ҳисобланади. Бу икки асар ушбу соҳага оид энг мўътабар, ишончли манба саналади. Имом Муҳаммад ибн Жазарий ўз асарини ёзишда имом Заҳабийнинг китобидан кенг фойдаланган бўлса-да, у зотдан кейинги қироат имомлари ҳақида сўз юритишдан ташқари қадимги қироат имомлари хусусида ҳам жуда кўп қимматли маълумотларни қўшимча қилган. Қуйида ушбу икки асар ва бошқа манбаларга асосланган ҳолда диёримиздан яшаб ўтган қироат илми мутахассислари ҳақида тарихий-тадрижий жиҳатдан тартибланган қисқача маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Абу Қосим Ҳайсам ибн Иброҳим ибн Аҳмад Бухорий. Қироат устозларидан бўлган. Ҳижрий 240 санада Муҳаммад ибн Ийсо Асбаҳонийдан қироат ўрганган. Ундан Аҳвазийнинг шайхи Абу Бакр Боҳилий қироат нақл қилган.
- Абу Жаъфар Аҳмад ибн Наср Термизий. Қироатни ўн қироат ровийларидан имом Қолуннинг шогирди Абу Марвон Муҳаммад ибн Усмон Устонийдан ривоят қилган.
- Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Абдуллоҳ Бухорий. Қироат устозларидан бўлган. Абдуллоҳ ибн Ҳошиддан арза ‒ ўқиб бериш йўли билан қироат нақл қилган.
- Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Фазл Бухорий. Ҳасан ибн Аббос, Ҳусайн ибн Алий ибн Ҳаммодлардан арза йўли билан қироат нақл қилган. Ундан Абу Бакр Шазоий қироат ривоят қилган.
- Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулазиз Бухорий ал-Ҳодий. Ўзи Ийсо ибн Меҳрондан қироат нақл қилган, ундан эса Аҳмад ибн Абдуллоҳ Жуббий қироат ривоят қилган.
- Абу Имрон Мусо ибн Ҳизом Термизий. Солиҳ, олим инсон бўлган. Яҳё ибн Одамдан тинглаш орқали, у Абу Бакр ибн Айёшдан, у Осимдан қироат нақл қилган. Яҳё ибн Одам орқали яна имом Кисоийнинг қироатини ҳам ривоят қилган. Абу Бакр ибн Айёш биздаги қироат ровийси имом Ҳафснинг шериги, имом Осимнинг икки ровийсидан биридир. Яҳё эса қироат илмида етук олимлардан бўлган. Мусо ибн Ҳизом имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан таълим олган улуғ муҳаддислардан бўлиб, Бухорий ва Термизийлар у зотдан ҳадис ривоят қилганлар. Ундан Абдуллоҳ ибн Абу Довуд, Муҳаммад ибн Аҳмад Термизий, Аҳмад ибн Юсуф Фосий, Абу Абдуллоҳ Розий қироат нақл қилган. Ибн Абу Довуд айтади: «У бизга 251 йили Термизда ҳадис айтиб берган. Уни абдоллардан дейишарди».
- Абу Зарр Муҳаммад ибн Аҳмад Термизий. Мусо ибн Ҳизом орқали Яҳё ибн Одамдан Қуръон калималарининг ўқилишини нақл қилган.
- Абу Ҳусайн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Фарғоний. Мадинада истиқомат қилган. Буюк алломалардан бўлган, қироат ва ҳадис илмида ўз замонасининг пешвоси бўлган, ҳижрий 303 (ёки 304) санада Шомда вафот этган Ямут ибн Музарриъдан арза орқали қироат нақл қилган. Муҳаммад ибн Ҳасан Шерозий Қубода ундан қироатни арза йўли ила ўтказган.
- Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Алий Фарғоний. Исфаҳонлик Абдуссомад ибн Алийдан таълим олган.
- Абу Исмоил Суламий Муҳаммад ибн Исмоил ибн Юсуф ибн Муҳаммад Термизий. Кейинроқ Бағдодда яшаб, Бағдодий нисбасини ҳам олган. Машҳур олимлардан. Қироатни Абдуллоҳ ибн Заквондан ривоят қилган бўлиб, ундан бир асар нақл қилган. Бу асарда шомликларнинг қироатларини, яъни Абдуллоҳ ибн Омирнинг қироатларини нақл қилган. Ундан ушбу асарни «Мавсил соҳиби» номи билан машҳур бўлган Алий ибн Қосим ибн Солиҳ нақл қилган. Ибн Омирнинг ўн қироат имомларидан бири экани, Ибн Заквон унинг ровийларидан экани инобатга олинса, Муҳаммад ибн Исмоил Термизийнинг қироатда қанчалар олий санад ва мартабага эга бўлганини англаш мумкин. Қосим ибн Асбағ ҳам Бағдодда ундан қироат ўрганган. Имом Доний: «У ҳадис илми эгалари ва уламоларининг энг улуғларидан эди», дейди.
- Иброҳим ибн Исмоил ибн Аҳмад ибн Наср Хоразмий. Қироатни отасидан ривоят қилган. Ундан Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Нусайр Хулдий қироат ривоят қилган.
- Исмоил ибн Аҳмад Хоразмий. Аҳмад ибн Иброҳим ибн Варроқдан қироат ривоят қилган. Ундан ўғли Иброҳим қироат ривоят қилган.
- Абу Бакр Аҳмад ибн Иброҳим Хоразмий. Бу зотнинг ал-Муаддиб, ал-Муқрий деган унвонлари бўлган. У Муҳаммад ибн Илёс, Муҳаммад ибн Бишр, Аҳмад ибн Ҳусайн Ҳаририй ва бошқаларга ўқиб берган.
- Абу Закариё Яҳё ибн Зиёд Хоразмий. У ўн қироат имомларидан Алий ибн Ҳамза Кисоийнинг энг улуғ шогирдларидан бўлиб, қироатни ундан арза йўли орқали нақл қилган. Ундан Яҳё ибн Закариё Найсобурий ва бошқалар қироат ривоят қилган.
- Абу Фатҳ Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Мусо ибн Ийсо Хоразмий. Бағдодда истиқомат қилгани учун Бағдодий нисбасини ҳам олган. Кейинроқ Мисрда яшаган. Ибн Будҳан деган ном билан танилган. Ориф, ўткир қори, ниҳоятда тақволи, хушовоз, тажвиди билан донг таратган машҳур инсон бўлган. Қироат борасида ушбу соҳанинг энг буюк алломалари, устунлари бўлган қироат имомларидан таълим олган. Жумладан, Ҳафснинг набира шогирдларидан, ўз даврида қироат илми бўйича энг улуғ устозлардан бўлган Аҳмад ибн Саҳл Ушноний ва етти қироатни танлаб берган, қироат илмида тенги йўқ инсон – Абу Бакр ибн Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳнинг хос шогирдларидан бўлган. Қироат имомларидан Биззийнинг шогирдларидан Аббос ибн Аҳмаддан айрим қироат қоидаларини нақл қилган. У зотдан Убайдуллоҳ ибн Умар Қайсий, Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Нўъмон, Муҳаммад ибн Алий ибн Муҳаммад Моликий, Ҳасан ибн Сулаймон Антокий, шунингдек, Абдулмунъим ибн Ғалбун ва унинг ўғли, қироат илмида ўз даврининг етакчиларидан бўлган, «Ат-Тазкира фи қироатис-саман» номли асарида саккиз қироатни жамлаган олим Тоҳир ибн Абдулмунъим ибн Ғалбун ва бошқалар қироат илмидан дарс олишган.
Аҳмад ибн Абдулазиз Хоразмий 359 ҳижрий санада Байтул-мақдисда вафот этган.
- Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ғолиб Хоразмий. Қироат шайхларидан бўлиб, ҳофиз даражасига етишган. Қироатни Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Бишр ибн Шорибдан арза ‒ ўқиб бериш орқали нақл қилган. Ундан Абу Ҳасан Алий ибн Муҳаммад Хайёт қироат ривоят қилган.
- Масъуд ибн Солиҳ Самарқандий. Ҳузалийнинг айтишича, унда қироат борасида ихтиёр бўлган, яъни қироатлардан ўзи танлаган йўсинларда аралаштириб ўқиган.
- Умар Ҳаддод Самарқандий. Қуръон устозларидан. Қироатни Аҳмад ибн Абдуллоҳ Каробийсийдан ривоят қилган. Ундан ўғли Ҳафс нақл қилган.
- Абу Қосим Муҳаммад ибн Муҳамад Фустотий. Самарқандда ўз даврининг қироат устозларидан бўлган. Тахминан ҳижрий 370 йилларда яшаган. Улуғ қироат устози Аҳмад ибн Муҳаммад Ҳаддодий Самарқандда ундан таълим олган.
- Абу Яҳё Муҳаммад ибн Сулаймон Самарқандий. Хайёт ‒ тикувчи деган ном билан машҳур бўлган. Самарқанднинг қироат устози, шайхи бўлган. Абу Фазл ибн Абу Ғассондан қироатни ўрганган. «Ал-Ғуня» китобининг муаллифи Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий у зотнинг энг пешқадам шогирдларидан бўлган, тақрибан 20 йил устозининг ёнида, хизматида бўлган.
- Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий. «Ҳаддодий» деган ном билан машҳур бўлган. Буюк имом, нақлиёт билимдони, илм йўлида дунё кезганлардан бўлган, Абу Яҳё Муҳаммад ибн Сулаймон Хайёт, Абу Қосим Муҳаммад ибн Муҳаммад Фустотий, Абу Саъид Жаъфар ибн Муҳаммад Сижистоний, Абу Наср ибн Зозон, Абу Қосим Зарир ва бошқа кўплаб қироат имомларидан таълим олган. Қироат илмига доир «Ал-Ғуня» номли китоб ёзган. Бу зот шу ва бошқа устозларини номма-ном санаб, улар билан турли ўлкаларда учрашганини таъкидлар экан, жумладан шундай дейди: «Бу машойихларни айтиб ўтишимдан мақсадим – уларни эслаш билан ифтихор туйиш, ҳақларига дуо қилишга рағбатлантириш ва уларга эргашмоқчи бўлганларга уларни танитиб қўйишдир. Шунингдек, бу билан мен қироатни бир кишидан ёки биргина йўлдан олмаганим ҳам маълум бўлади. Зеро, кўплаб имомлардан ривоят қилинадики, ким қироатни ёки ривоятни биргина йўлдан олган бўлса, унинг асл бўйини туймабди, дейишади». Бу зотдан ўғли Наср, Ҳузалийнинг шайхи қироат ривоят қилган. Ўз даврида Самарқандда қорилар шайхи бўлган. У кишининг сўзи сўз, ривояти энг мўътабар нақл саналган. Вафоти ҳақида аниқ маълумот йўқ, 400 ҳижрий санада ҳаёт бўлгани қайд қилинган.
- Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Мирсид Бухорий ат-Тамимий. Ўз замонасининг шайхларидан, илмда мустаҳкам Қуръон устозларидан бири бўлган. Муҳаммад ибн Исҳоқ Бухорий ва Иброҳим ибн Юсуф Розийдан арза йўли ила қироат ривоят қилган. Бу зотдан эса Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Меҳрон ва Алий ибн Муҳаммад Жавҳарий ва бошқалар қироат нақл қилишган.
- Абу Ҳамийя Ҳасан ибн Аҳмад Самарқандий. Зоҳир ибн Аҳмад Сарахсийдан қироат ва ҳадис нақл қилган.
- Абу Бакр Аҳмад ибн Умар ибн Абу Ашъас Самарқандий. Бу зот буюк имом, муҳаққиқ, мусҳафни Усмон мусҳафи расми-хатида ёзиш бўйича мутахассис олим бўлган. Дамашқда Абу Алий Аҳвазийга Қуръонни ўқиб берган. Ундан Абу Карам Саҳразурий қироат нақл қилган. Дамашқда бир муддат яшаб, сўнг оиласи билан Бағдодга кўчиб ўтган. Унинг икки ўғли ‒ Абдуллоҳ ва Исмоиллар ҳам буюк олимлардан, энг мўътабар муҳаддислардан бўлиб етишишган ва оталарининг нисбаси билан «Ибн Самарқандий» ‒ «Самарқандийнинг ўғли» деб танилишган. Абдуллоҳ ибн Самарқандий ҳижрий 444 санада Дамашқда туғилиб, 516 йили вафот этган. Укаси Абу Қосим Исмоил 454 йили туғилиб, 536 санада вафот этган.
- Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ибн Абу Ашъас Самарқандий. Қироат устозларидан бўлган.
- Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Тоҳир Андижоний ас-Суфий. Тасаввуф машойихларидан, серибодат, ҳолу қол илмларида моҳир, ривоятларга билимдон Қуръон устозларидан бўлган. Хонақоҳда фақирларга хизмат қилган. Бухорода Абу Фазл Бакр ибн Муҳаммад ибн Алий Заранжарийдан, Марвда Абу Ражо Муаммал ибн Масрур Шошийдан, Абу Ҳасан Алий ибн Муҳаммад Ҳаррос ва бошқалардан ҳадис тинглаган. У Заранжарийнинг «Омолий»сидан айрим жузларни ўз қўли билан ёзиб олган. Аллома Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний ўзининг «Ал-Мунтахаб мин муъжами шуйухис-Самъоний» номли асарида Марвда Абу Ҳафс Андижонийдан таълим олганини айтиб, шундай дейди: «Унинг (Абу Ҳафснинг) менга айтишича, у 480 йилларда Андижонда туғилган ва Фарғонада ўсган экан. 504 йили Марвга келган. У зот 545 йили жумодул улонинг саккизинчиси, якшанба куни Фошонда (Марвдаги бир қишлоқда) вафот этдилар, шу куни жанозаларини ўқиб, сўнг дафн қилдик».
Ёқут Ҳамавий (1179-1229) ҳам ўзининг машҳур асари «Муъжамул-булдон» китобида Абу Ҳафс Андижоний ҳақида айтиб ўтган.
- Абу Маҳомид Тожиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий аз-Занданий. Машриқ диёрларининг қироат устози, улуғ имом, воиз, нақл илмининг билимдонларидан бўлган. Саҳиҳ ва шозз қироатларни Муҳаммад ибн Муҳаммад Жунбазийга ўқиб берган. Тафсир ва ҳадисни Ҳофизиддин Бухорийдан ўрганган. Абу Ҳанифа Анзорий ундан Қуръонни ўтказган. Абу Ало Фаразий ундан ушбу илмни ёзиб олган. Етти саҳиҳ ва шозз қироатлар бўйича қориларнинг ривоят ва туруқларини тугал билган, қироатларнинг сир-синоатларини пухта ўзлаштирган. Ҳижрий 700 сана атрофида вафот этгани тахмин қилинади.
- Абдурраҳмон ибн Закариё ибн Иброҳим Бухорий ал-Аздий ал-Искандарий.
- Фазл ибн Абу фазл Бухорий ал-Жорудий.
- Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Умар Шаҳобий ал-Холидий ал-Жунбазий ас-Самарқандий. Улуғ имом, устоз, нақлиёт илмлари билимдони, ориф зот бўлган. Ривоятларни отасидан ўрганган. Имом Заҳабий у киши ҳақида: «У Самарқандда қориларнинг сардори эди. Машҳуру шозз ривоятларнинг билимдони эди. Қироатни отасидан ўрганган, отаси кимдан таълим олганини била олмадим», дейди. Ундан ўғли Муҳаммад ва Абу Рашид Ғаззол нақл қилишган. Бу зот Ҳофиз Абу Саъд Самъонийдан ҳам таълим олган. Вафотининг аниқ санаси маълум эмас, ҳар қалай 620 ҳижрийда ҳаёт бўлгани айтилади, чунки Абу Маҳомид Бухорий ундан Қуръонни ўтказган. У эса мазкур йилларда туғилган.
- Абдуллоҳ Сабъа Хоразмий. Ўз даврида Хоразмнинг шайхи бўлган. Етти қироатни пухта ўзлаштириб, ўргатишда ном чиқаргани учун «Абдуллоҳ Сабъа» ‒ Абдуллоҳ Етти деб танилган. Шарафиддин ибн Шарафшоҳ, Фахриддин Усмон ибн Умар Хоразмий ва бошқалар у зотдан қироат илмида таълим олган. Абдуллоҳ Хоразмийнинг ҳижрий 760 йиллар атрофида вафот этгани қайд қилинади.
- Алий ибн Муҳаммад ибн Алий Хоразмий. Жуда кўркам инсон бўлган, ҳатто шу билан танилган. Ўз даврида ўн қироат бўйича таълим бериши билан донг таратган. Шерозда истиқомат қилган ва ўша ердаги жомеъда Қуръон ўқитган. Ўн қироатни устоз Алий Девонийдан ўтказган ва шу асосда кўпчиликка таълим берган. Ҳижрий 759 йили сафар ойида вафот этган.
- Абду Қосим Юсуф ибн Муҳаммад Хоразмий. Мутааххир қироат устозларидан. Мусҳаф расми-хати хусусида «Ат-Тақриб» номли китоб ёзган бўлиб, унда нодир фикрларни билдирган.
- Шамсиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий. Асли самарқандлик бўлиб, Ҳамадонда туғилган, Бағдодда яшаган. Буюк имом, илмда моҳир, тажвид мутахассиси бўлган. Муҳиб Жаъфар ибн Маккий ва Шараф Табризийдан олган қироатини отаси Маҳмуддан ҳам ўтказган. Ибн Абд номи билан танилган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммаддан қироатлар нақл қилган. «Шотибия»ни Аҳмад ибн Алий ал-Фахр орқали санади ила нозимдан ривоят қилган. Бир қатор китоблар муаллифи. Жумладан, «Ас-Саноиъ» номли кичкина рисоласида ўз қўли билан ёзган мусҳафида қўллаган маҳорат ва санъатини баён этган ҳамда қироатларга доир бошқа фойдаларни ҳам илова қилган. Шунингдек, жадваллар билан тузилган «Ал-Қироатус-сабъ» китоби, «Кашфул-асрор фи росми масоҳифил-амсор» ва «Ат-Тажрид фит-тажвид» асарлари, «Ал-ъақдул-фарид фи назмит-тажрид» номли манзума, «Ал-Мабсут фи қироатис-сабъ» китобини ҳам келтириш мумкин («Ал-Аълам», Хайриддин Зиркилий.)
- Абу Бакр Муҳаммад ибн Яъқуб Самарқандий. Қироат устозларидан. Абу Ҳорисдан қироатни ўтказган. Ундан Хизр ибн Ҳайсам таълим олган.
- Жамолиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Аҳмад Самарқандий. Шамсиддин Муҳаммаднинг отаси. Бағдодга сафар қилган, Жаъфар ибн Маккий ал-Мавсилий ва Шараф Табризийдан қироатни ўтказган. Ундан ўғли Муҳаммад таълим олган. Ҳижрий 720 йилларда ҳаёт бўлган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур улуғ аллома, қори аждодларимиз ҳақларидаги ушбу маълумотлар бир киши тарафидан қисқа муддатда, саноқлигина манбалар, юқорида айтганимиздек, «Маърифатул-қурроил-кибор» ва имом Жазарийнинг «Ғоятун-ниҳоя фи тобақотил-қурро» асарлари асосида жамланди. Агар бу борада яхшироқ тадқиқот олиб борилса, жуда катта натижаларга эришиш мумкин, албатта.
Шунингдек, бу ерда асосан Қуръон таълими билан танилган кишилар зикр қилинди. Аслида эса у даврларда деярли барча соҳа мутасассислари Қуръон қориси, олими бўлган. Мисол учун, имом Бухорий, имом Мотуридийлар Қуръон илмларида ҳам пешқадам бўлишган. Булардан ташқари, тажрибий илмларда донг таратган уламоларимиз, улуғ шоиру адибларимиз ҳам ёшликларидаёқ Қуръони Каримни ёд олганлари тарихдан маълум. Бундай олимларимизни ҳам Қуръон илми билимдонлари қаторида санайдиган бўлсак, яна сон-саноқсиз алломаларимизнинг номларини эсга олиш мумкин. Мазкур Қуръон устозларининг кўпчилиги ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмларда ҳам етук мақомга эга бўлганини улар ҳақидаги тарихий маълумотлардан ҳам билиб олса бўлади.
Шу билан бирга, биз ушбу қисқа маълумотларда бугунги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган қори устозларни эслаш билан чекландик. Аслида эса ўтган аср бошларигача бутун Турон замини Мовароуннаҳр ва Хуросон деб номланган яхлит бир ўлка бўлган. Бу заминда яшаб ўтган туркий халқлар бизга бобо ҳисобланади. Агар саноққа уларни ҳам қўшадиган бўлсак, яна жуда кўп қори аждодларимизни аниқлаш мумкин.
Юқоридаги сатрларда ҳижрий ўрта асрларгача яшаб, ижод қилган Қуръон устозлари хусусида сўз юритилди. Табиийки, юртимизда улардан кейин ҳам Қуръони Карим борасида етук мутахассислар етишиб чиққан ва Каломуллоҳ йўлидаги улуғ хизматлар бардавом бўлиб келган.
Амир Темур ўлкада қироат илмини ривожлантириш учун имом Шамсиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Жазарий раҳматуллоҳи алайҳни олиб келганида имом Жазарий Кешда, ҳозирги Шаҳрисабзда ва Самарқандда илм толибларига қироат илмидан таълим берганлар. Жумладан, Абдулқодир ибн Тилла ар-Румий, Ҳофиз Боязид ибн Баёз ал-Кеший ва Кешда қироат шайхи бўлган устоз Маҳмуд ибн Баёзлар Имом Жазарийдан Қуръон қироатларини тўла ўзлаштирганлар. Бу ҳақда буюк алломанинг ўзи таъкидлаб ўтган. Бошқалар битта‑иккита ёки ундан кўп қироатларни ўрганган бўлиши мумкин, аммо ўнта қироатда ҳамюртларимиз ичида ўша шайхдан бошқа ижоза олган зот нақл қилинмаган.
Амир Темурнинг вафотидан кейин имом Жазарий Ватанига қайтиб кетган бўлса-да, ўлкада Қуръон хизмати давом этди. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти «Таҳфизул-Қуръон» кафедраси ўқитувчиси Аҳмадхон Рашидов берган маълумотларга кўра, XVI асрда самарқандлик олим Ёрмуҳаммад Самарқандий ўзининг қироат ва тажвидга оид «Қавоидул-Қуръон» (Қуръон ўқиш қоидалари) номли асарини ёзган. Унда Имом Осим ва унинг ровийларининг қироат услуби ва қоидалари муфассал зикр қилинган.
«Ҳофизи калон» (катта ҳофиз) лақаби билан танилган Ҳофиз Бадриддин Бухорий ҳам қироат илмига оид «Дурратул-фарид» (Ягона гавҳар) номли асар ёзган. XVII асрда эса Ҳофиз Дўст Муҳаммад ибн Ёдгор Вазирий «Мажмаъул-ажаиб» (Ғароиботлар жамланмаси) номли асар битган бўлиб, унда етти, ўн ва шозз қироатларни баён этган. Муҳаммад Боқий ибн Турсун Муҳаммад ибн Бобожон ибн Мавлоно Мирон Бухорий ас-Сактарий эса Субҳонқулихонга бағишлаб, Имом Шотибийнинг қасидасини тўла равишда форсийда шарҳлаб чиққан. Бу асар 1914 йили Тошкентда Мавлоно Алий Қори ва Муҳаммад Шуъланинг шарҳлари билан бирга нашр этилган.
Милодий XVIII-XIX асрларда ҳам ўлкамизда қироат ҳамда тажвидга оид асарлар яратилган. Умуман олганда, Марказий Осиёлик олимлар Қуръони Каримга хизмат қилиб, бошқа исломий илмлар қатори қироат ва тажвид илмлари ривожига ҳам жуда катта ҳисса қўшганлар. Аммо афсуски, юқорида айтиб ўтилганидек, ҳалигача бу мавзу етарлича ўрганилмаган.
Қайсидир манбада Мирзо Улуғбек раҳматуллоҳи алайҳининг нафақат Қуръон ҳофизи, балки етти қироат бўйича олим бўлганини ўқиган эдим, аммо кейин бу маълумотни ҳеч қаердан топа олмадим. Мирзо Улуғбекнинг Қуръон илмига қанчалар эътибор берганини унинг XV аср охири ва XVI аср бошларида Қуръон таълими ривожи учун «Дорут-тилова» (Тиловат уйи) билимгоҳига асос солганидан ҳам билиб олса бўлади.
Тарихий маълумотларга кўра, Хивадаги Ичанқалъанинг ўзида жами 96 та қорихона фаолият юритган экан. Улардан қарийб ярми тарихий бино ўлароқ ҳозиргача сақланиб қолган. Ўша қорихоналардан етишиб чиққан қорилар ўртасида ҳар йили Қуръон мусобақаси ўтказилиб, ғолибга Хива хони тарафидан бир хум тилла танга совға қилинар экан. Ўша мукофотни олган ғолибларнинг охиргиси Ниёз Муҳаммад қори деган киши бўлиб, коммунистлар тарафидан қорилар қирғин қилинганда қочиб қутулиб қолган ва 1980 йиллардагина Ватанга қайтган.
Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қўқон, Андижон ва бошқа шаҳарларда ҳам мадрасалардан ташқари алоҳида қорихоналар фаолият олиб борган. Уларда ўнлаб, юзлаб қорилар етишиб чиққан. Андижонда Мир Комилбой тарафидан қурилган «Жомеъ» мадрасасида ҳам қатор устоз қорилар етишиб чиққан. Улар орасида Андижон Қуръон мактабининг йирик намояндаларидан Комил қори ака, Абдулмўмин қори ака, Ҳабибуллоҳ ҳожи дада ва бошқаларни санаш мумкин.
XIX-XX асрларда бир қатор аждодларимиз юртимиздан Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага бориб, у ердан етти қироатни ўрганиб, ижоза олиб қайтганлар ва юртда Қуръон таълими билан шуғулланганлар. Жумладан, Тошкентда ўтган марҳум устоз Абдулазиз қори буванинг устози, асли андижонлик Рўзи қори домла, Андижоннинг Ҳакан мавзесидан Довудхон тўра, Марғилонлик Муҳаммад Амин домла ва бошқаларни эслаш мумкин. Мазкур устозларнинг ҳаммалари ҳам фақат Шотибий тариқаси бўйича етти қироатни эгаллаганлар, қолган уч мутавотир қироатни ўрганмаганлар. Ўтган асрда Тошкентда яшаб ўтган Сулаймон қори дада имом Шотибийнинг етти қироатга бағишланган манзумасини ўзбек тилига таржима қилишга киришган, бироқ умрлари кифоя қилмай, бу ишни охирига етказа олмаган.
Сўнгги асрларда минтақамизда Қуръон таълими бўйича Андижон шаҳри етакчиликни эгаллади. Андижонлик Қуръон устозларининг хизматлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон, ҳатто Кавказ юртларини ҳам қамраб олди. Ҳозирда ушбу минтақадаги кўп қориларнинг силсиласи айнан андижонлик Қуръон устозларига бориб тақалиши ҳам сўзимизнинг далилидир.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозим бўлган яна бир жиҳат шуки, XIX аср охири ва XX аср бошларида ўлкада Қуръони Каримни асосан форсий лаҳжада ўқиш кенг ёйилган. Унга кўра, чўзиқ алиф ҳарфи ҳамиша «о» тарзида ўқилган (аслида бундай ўқиш тажвид илмига кўра хато ҳисобланади). Ҳозирда биз билган қироат усули эса «арабий қироат» деб аталган. Андижонлик улуғ зотлардан Одилхон ҳожи дада раҳматуллоҳи алайҳ айтган маълумотга кўра, ушбу арабий қироатни юртимизда тарқатган устозларнинг энг кўзга кўринганлари Рўзи Муҳаммад қори домла, Бин Ямин қори ака, Муҳаммад Амин Маккий ва Довудхон тўралар бўлиб, бу устозларнинг барчалари андижонлик бўлган. Шу билан бирга, уларнинг таълимини пухта ўзлаштириб, ўлкада энг кўп ёйган кишилар ҳам Андижон фарзандлари бўлди. Жумладан, Муҳаммад Амин Маккийдан бевосита таълим олган Шаҳобиддин қори ака ва у кишининг пешқадам шогирдлари Муҳаммад Мубин қори ака, Рўзи Муҳаммад қори домланинг таълимини давом эттирган ўғиллари Абдулбоқий махдум домла, Рўзи қори домладан бевосита таълим олган Абдулазиз қори бува, Довудхон Тўранинг шогирдлари Солиҳ қори домла, Муҳаммад Амин Марғилонийнинг набира шогирди Ҳусайнхон қори домла ва бошқаларни эслашимиз мумкин. Бу улуғ устозлар ўша пайтдаги динсиз тузумнинг тазйиқига қарамай, Қуръони Каримга чин ихлос билан хизмат қилиб, минтақада Қуръон таълимида етакчи бўлдилар. Улар қироат таълими баробарида ёш авлодга юксак одоб-ахлоқ, мумтоз маданият ва қадриятларимизни ҳам сингдириб борганлар. Уларнинг Қуръон ўргатишдаги мисли кўрилмаган хизматлари, тенгсиз жасоратлари боис Мовароуннаҳр юртида «Андижон Қуръон мактаби» деган тушунча майдонга чиқди. Уларнинг ушбу хизматни адо этишларида Андижондаги Қуръонга мухлис инсонлар беминнат кўмак берганини ҳам алоҳида эслаб ўтиш лозим. Ана шундай саъй-кўшишлар сабаб Андижон минтақада Қуръон таълими билан ном чиқарди.
Бу йил мамлакатимизда ўтказилган Қуръон мусобақасида 5500 дан ортиқ қори ва қориялар иштирок этиб, улардан 1100 дан ортиғи совринли ўринларни қўлга киритган бўлса, ушбу ғолибларнинг деярли барчаси Қуръон борасида Андижон устозларига шогирд бўлиб чиқди. Шунинг ўзи ҳам юқорида айтилган фикримизни қувватлаб турибди.
Хулоса қилиб айтганда, халқимиз Қуръони Каримга қадимдан ўзгача ихлос-муҳаббат билан ёндашган. Ҳар бир оила фарзандига Қуръондан нимадир ўргатган. Кўпчиликлари эса, Абу Али ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек, боланинг тили чиқиши билан унга дастлаб Қуръон сураларини ўргатишган. Буюк кашфиётчи олимларимиз, улуғ адибларимизнинг деярли барчалари Қуръон қорилари, билимдонлари бўлишган. Улар қаторида Қуръон қироатида ном чиқарган аждодларимиз ҳам кўп бўлган. Сўнгги асрларда минтақада бу соҳадаги хизматни Аллоҳ таоло кўпроқ андижонликларга раво кўрган экан, бу ҳам ўзига яраша фахру ифтихор боисидир, албатта.
Юртимизда Қуръони Карим маркази ташкил этилса, юқорида санаб ўтилган буюк аждодларимиз бошлаб берган буюк хизмат яна давом этади, жаннатмакон ватанимизда Қуръон ходимларининг янги-янги авлодлари етишиб чиқиб, бутун дунёга машҳур бўлган Мовароуннаҳр Қуръон мактаби яна қайта тикланади, иншааллоҳ.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид |