A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Ислом динида инсон ҳуқуқлари
PDF Босма E-mail

Ислом динида инсон ҳуқуқлари


Доктор Зубайр Фаттани

 

Аллоҳ таоло инсонлару оламларнинг мутлақ ва ягона Роббисидир. У олий ҳукмдор, қувват эгаси ва Раззоқдир. Унинг раҳмати бутун борлиқни тебратади. Аллоҳ таоло ҳар бир одамни инсоний қадр-қиммат ва ҳурмат билан тақдирлаган. Инсонлар аслида бир хилдир. Сезиларли даражада ва муҳим фарқ одамлар орасида барпо қилинмаган. Улар миллати, ирқи ва ранги билан ажралиб туради, холос. Ҳар ким шарафли ва севимли бандалиги билан мағфиратли Парвардигори – оламлар Роббисига боғлангандир. Шундай муҳитда ягона Аллоҳнинг Ислом жамоати етакчилик қилиб марказда турибди ҳамда энг муҳими танҳо инсонийлик ва биродарлик ғоясини маҳкам ушлаган.

 

Ислом дини бутун инсониятга ҳар томонлама мустаҳкам ҳуқуқларни жорий қилган. Ҳар қандай шахс Исломнинг хоҳ ичида бўлсин, хоҳ унинг ташқарисида; хоҳ у тинчлик даврини, хоҳ уруш лаҳзаларини ўз бошидан кечираётган бўлсин, уларга риоя қилинади ва барча шароитда эътибор берилади. Қуръони Каримнинг инглиз тилидаги таржимаси «Канзул иймон»да очиқ-ойдин келтирилган:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни (уларга нисбатан) адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор Зотдир» (Моида сураси, 8-оят).

Инсон жони ҳар қандай шароитда муқаддас ҳисобланади ва унга ноҳақдан тажовуз қилинмайди. Агар ким шу муқаддас инсониятнинг жонига ноҳақ қасд қилса, «Канзул иймон»да бу кимса бутун инсониятни ўлдириш билан тенглаштирилади:

«Шунинг учун ҳам Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақ ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам, ўлдирса, гўё барча одамларни ўлдиргандек бўлади. Ким уни тирилтирса, гўё барча одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга расулларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра бундан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар» (Моида сураси, 32-оят).

Аёллар, болалар, қариялар, касал ва дардманларни таҳқирлаш таъқиқланган. Хотин-қизларнинг номуси ва иффати ҳар қандай шароитда ҳурмат қилиниши шарт. Қорни оч қолган кишилар тўйдирилиши зарур, яланғоч қолганлар кийинтирилади ва жабр кўрган, дардга чалинган одамлар учун тиббий ёрдам кўрсатилади. Ҳаттоки Ислом динига алоқаси бўлмаган инсонлар ҳам бундан мустасно эмаслар.

Биз Ислом динида инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу ҳақ-ҳуқуқлар Аллоҳ таоло томонидан кафилланган, дея оламиз. Улар ҳар қандай қироллик ёки қонунчилик мажлиси томонидан чиқарилган эмас. Қироллик ёки қонунчилик мажлиси томонидан тақдим этилган ҳуқуқлар қайси йўл билан тақдим этилган бўлса, шу йўсинда қайта чақириб олиниши мумкин. Ҳокимият тарафидан қабул қилинган ва тан олинган ҳуқуқларда худди шундай ҳолат учраб туради. Улар истаган вақтда ҳуқуқий ҳужжатларни тақдим этишлари ва истаган вақтда чақириб олишлари, шунингдек, истаган вақтда очиқчасига бузишлари ҳам мумкин.

Лекин Ислом динида Аллоҳ таоло тарафидан инсонга ҳуқуқлар берилган экан, на дунёдаги ҳеч қайси қонунчилик мажлиси ва на ҳеч қандай ҳукумат ер юзида бу илоҳий ҳақ-ҳуқуқларга тузатиш ёки ўзгартириш киритиш ҳуқуқига ҳам, кучига ҳам эга эмас. Шунингдек, ҳеч ким уларни бекор қила олмайди ва қайтаролмайди.

Улар ким бўлибдики, асосий инсон ҳуқуқларини қоғозларда кўргазма учун чоп этишади-да, сўнгра ҳақиқий ҳаётда намойиш тугаши биланоқ инкор қилишади?!

Улар ҳеч қандай фалсафий концепцияларга ўхшамайди.

БМТнинг низом ва баёнотлари, қарорларини Аллоҳ таоло тарафидан берилган ҳуқуқлар билан тенглаштириб бўлмайди. Чунки инсонларнинг қарорлари ҳар кимга ҳам яроқлилигини кўрсата олмайди. Аллоҳ таолонинг фармойишлари эса ҳар бир иймонли учун янада фойдалироқдир. Улар Ислому иймоннинг ажратиб бўлмас қисмидир. Ҳар қайси мусулмон ёки ўзини мусулмон сифатида таъкидлаётган масъул илоҳий ҳақ-ҳуқуқларни қабул қилиши, тан олиши ва амалда қўллаши лозим.

Агарда улар ҳаётга тадбиқ қила олмасалар, Аллоҳ таоло тарафидан ўрнатилган ҳуқуқларни инкор қилишни бошласалар ёки тузатишлар киритишса, амалда уларни бузишса, ҳукмларни бекорчи гап-сўзлар билан алиштирсалар, уларга Қуръони Каримнинг ҳукми очиқ-ойдин келтирилган:

«Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У билан У Зотга таслим бўлган набийлар, Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилишга мукаллаф бўлган роббонийлар ва аҳборлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритурлар. Улар бу китобга гувоҳ қилинганлар. Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Менинг оятларимни арзон баҳога сотманглар. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир» (Моида сураси, 44-оят).

 

Ҳаёт ва мол-мулк ҳимояси

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзларининг видолашув хутбаларида қуйидагиларни марҳамат қилганлар: «Бу кунингиз қандай муқаддас бўлса, бу ойингиз қандай муқаддас бўлса, бу шаҳрингиз қандай муқаддас бўлса, билингки, жонларингиз, молларингиз ҳам то Аллоҳнинг ҳузурига чиққунга қадар бир-бирларингизга бу муқаддас кун, бу муқаддас ой, бу муборак шаҳар каби муқаддасдир. Буларга қилинган ҳар қандай тажовуз ҳаромдир».

Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна бир ҳадиси муборакларида айтадилар: «Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради».

Шараф ҳимояси:

«Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар, ўзлари золимлардир.

Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи, раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 11–12-оятлар).

Шахсий ҳаёт ҳимояси ва дахлсизлиги:

«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз» (Нур сураси, 27-оят).

Хусусий эркин-эминлик ҳимояси:

Ислом дини шундай тамойилларга қурилганки, ҳеч бир фуқаро, агарки унинг қилган айби очиқ маҳкамада исбот қилинмаса, ҳибсга олинмайди. Ислом динида бирон киши гумонга асосланиб қўлга олиниши, маҳкама жараёнисиз қамоққа ташланиши унинг ҳимоясини таъминлаш учун асосли имконият тақдим этилмасдан йўл қўйилмайди.

Зулмга қарши чиқиш ҳуқуқи:

Ислом дини жорий қилган ҳуқуқлар орасида ҳукумат жабр-зулмига қарши чиқиш ҳуқуқи ҳам мавжуд. Қуръони Карим оятларига мурожаат қилинса, шундай дейилган:

«Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмас. Магар мазлумдан бўлса, майли. Аллоҳ эшитувчи, билувчи Зотдир» (Нисо сураси, 148-оят).

Ислом динида, юқорида таъкидланганидек, барча салтанат ва куч Аллоҳгагина тегишли. Одамга фақатгина ишончга асосланган ҳолда унга бошқарув топширилади. Шундай вазифани ўз зиммасига олган ҳар қандай киши одамлар олдида чуқур ҳурматда туриши лозим. Сабаби у ўз лавозимидан сўралади.

Ҳазрат Абу Бакр (р.а.) шундай деган эдилар: «Тўғри иш қилаётганимда менга ёрдам беринг. Лекин хато содир этганимда мени тўғрилаб қўйинг. Аллоҳ ва Унинг расули буйруқларига эргашаётганимда менга бўйсунинг. Мабодо, тўғри йўлдан оғсам, мендан юз ўгиринг».

 

Ўз фикрини билдириш эркинлиги:

Ислом дини барча фуқароларга фикрлаш ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқини беради. Шундай шарт биланки, унда фақат яхшиликни ва ҳақиқатни тарғиб қилиш керак. Лекин ёмонлик ва камчиликларни тарқатиш учун рухсат берилмайди. Ўз фикрини ифодалаш эркинлиги исломий концепцияси ғарбнинг оммалашган концепциясидан устунлиги билан ажралиб туради. Ҳар қандай шароитда ҳам ёмонлик ва мункар ишларни тарғиб қилишга йўл қўйилмайди. Бу, шунингдек, ҳеч кимга ҳақоратомуз ва тажовузкорона тилда танқидни қўллашга ҳуқуқ бермайди.

Мусулмонларнинг Расуллоҳдан (с.а.в.) маълум масалада илоҳий қайтариқ олишгани амалда бўлиб ўтган. Агарда у зот муайян ишларда илоҳий қайтариқ олмаганларини айтсалар, мусулмонлар унда ўз фикрларини эркин билдиришарди.

 

Уюшмалар эркинлиги:

Ислом дини инсонларга уюшмаларга бирлашиш эркинлигини ва ташкилотлар тузиш ҳуқуқларини беради. Бу ҳуқуқ маълум умумий қоидаларга тегишлидир.

 

Виждон ва эътиқод эркинлиги:

Қуръони Каримда қуйидаги оятлар нозил қилинган:

«Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради. Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлабди. Ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи Зотдир» (Бақара сураси, 256-оят).

Шунга қарамай, тоталитар жамиятлар одамларни ўз эркинлигидан маҳрум қилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам давлат ҳокимиятининг мана шундай даражада «юксалиши» инсоният томонидан қулликнинг бир кўринишига туртки бўлиб хизмат қилади. Бир вақтлар қуллик одам устидан одамнинг тўла назоратини билдирар эди. Эндиликда эса бу турдаги қуллик қонунан бекор қилинган. Лекин унинг ўрнига тоталитар жамиятлар одамлар устидан шунга ўхшаш назоратни жорий қилмоқда.

 

Диний ҳис-туйғулар эркинлиги:

Эътиқод ва виждон эркинлиги билан биргаликда Ислом динида ҳар бир шахсга ҳуқуқ берилганки, унинг диний ҳис-туйғуларига ҳурмат ила қаралади, бу ҳуқуқига тажовуз қилинадиган ҳеч нарса дейилмайди ва қилинмайди.

 

Ўзбошимчалик билан озодликдан маҳрум қилиш ҳимояси:

Ислом дини ўзгаларнинг жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилиш ёки қамоққа олиш мумкин эмаслиги ҳуқуқини эътироф этади.

 

Турмушдаги асосий эҳтиёжларга бўлган ҳуқуқи:

Ислом дини муҳтож одамлар учун уларга ёрдам ва кўмаклашишни таъминлаш ҳуқуқини эътироф этади. Қуръони Каримнинг қуйидаги оятларида шундай марҳамат қилинади:

«Ва молу мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бордир» (Зориёт сураси, 19-оят).

 

Қонун олдида ҳамма тенглиги:

Ислом дини ўзининг фуқароларини қонун олдида мутлақо ва бутунлай тенг ҳуқуқлилигини таъминлайди.

 

Ҳукумат бошқарувчилари қонун олдида устун эмаслиги:

Юқори табақали ва обрўли оилага тегишли бўлган бир аёл ўғриликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Ушбу ҳолат билан у Пайғамбаримиз (с.а.в.) олдиларига келтирилди. Бу аёлни жазодан олиб қолиш кераклигини айтишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: «Сиздан олдинги умматларнинг Аллоҳ тарафидан йўқ қилиб юборилиши сабаби улар оддий одамларни жиноятлари учун жазолашар эди ва мансабдор шахсларни эса жазоламасдан қўйиб юборишарди. Мен жоним қўлида бўлган Аллоҳ билан қасам ичаманки, ҳаттоки Фотима – Муҳаммаднинг (с.а.в.) қизи шу жиноятни содир қилганида мен унинг қўлини кесган бўлардим».

Давлат ишларида иштирок этиш ҳуқуқи:

Бу Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:

«Роббларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро шууро ила бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қиладиганлар учундир» (Шууро сураси, 38-оят).

«Шууро» ёки қонунчилик мажлиси ўзида бошқа маънони ўз ичига олмайди, фақат ҳукуматнинг ижроия бошқаруви ва мажлис аъзолари одамларнинг эмин-эркинлиги йўли билан сайланиб олиниши лозим.

Ниҳоят, очиқ-ойдин келадики, Ислом дини юқорида зикр қилинган инсон ҳуқуқларига ва кўп бошқа нарсаларга эришишга ҳаракат қилади. Нафақат маълум даражада ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш билан, балки асосан инсониятга таклиф қилиниши лозим бўлган нарса – бу одамзотнинг ҳайвоний ҳаётнинг қуйи даражасини енгиб ўтиб, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашдан юқорига чиқиши, ирқий устунлик ва оғзаки мағрурликни енгиб, иқтисодий имтиёзларни бажара олиши лозим. Бу инсониятга яшаб турган даражасида давом этишни таклиф қилади. Ўзининг ички комиллиги сабабли одам биродарлик камолотини англаб олиши мумкин.

«Канзул Иймон», шубҳасиз, Қуръони Каримнинг энг яхши таржимасидир. Юқорида келтирилган мақоладаги хато-камчиликлар бутунлай менга тегишли.

Барча муносиб келтирилган маълумотлар тўплами ва ёзувлар, мақоладаги зикрлар Аллоҳга хосдир. Ўзи учун бўлган, Унинг марҳамати ва раҳмати ёғилган тўғри йўлни кўрсатсин. Сон-саноқсиз солату саломлар Муҳаммад алайҳиссаломга бўлсин. Ассолату вассаламу алайка, ё Расулаллоҳ.

 

Ислом Академияси,

Техас, АҚШ

Таржимон: Хабибулло Фарид Усмон ғўли