Олмонияда 25та давлатдан ташриф буюрган 500та ҳофизи қуръонлар иштирокида катта Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди

Бир кун келиб Ғарб мамлакатларида, хусусан, Олмонияда Қуръони Карим мусобақаси бўлиши ва унда юзлаб қорилар иштирок этиши бирор мусулмоннинг хаёлига ҳам келмаган бўлса керак. 40 йил аввал Олмонияда биргина мусулмон бўлиб, у ҳам бўлса Қуръондан фақат қодир бўлганича ёдлаган Гуманитар фанларга ихтисослашган Европа коллежининг мудири Холид Ҳанафий эди.
Куни кеча Олмония пойтахти Берлинда 25та давлатдан ташриф буюрган 520та қори иштирокида катта мусобақа бўлиб ўтди. Бу мусобақани Олмониядаги энг катта Ислом ташкилотларидан бири Ислом жамияти ташкил қилди. Мусобақага қатнашувчиларнинг энг юқори ёши 35 ёш деб белгилаб қўйилди. Олмониянинг ўзидан 16 та қори ва қисман Норвегия ва Франциядан ҳам қорилар мусобақада қатнашдилар. Мусобақада иштирок этаётган қориларнинг чорак қисми араб тилини мутлақо билмайдиганлардир. Бу мусобақада 48 нафар иштирокчи Қуръонни мукаммал ёд олиш босқичида, 38 нафари Қуръоннинг ярмини ёдлаш босқичида ва қолганлари эса бошқа босқичларда қатнашдилар. Қуръонни тўлиқ ёдлаш бўйича ҳозирда Гамбург шаҳрида яшайдиган суриялик иштирокчи ғолиб бўлди.

«Бу мусобақани ташкил қилишдан асосий мақсад, Қуръони Каримни ёд олишга, маъноларини тадаббур қилишга ва унга руҳан яқинлашишга чорлашдир. Чунки Қуръонни ўрганиш ва унинг маънолирини англаш ўсиб келаётган ёш авлод учун жуда ҳам ижобий таъсир кўрсатади, яхшиликка чорлайди ва одамлар ўртасида ўзаро муҳаббатни пайдо қилади», деб таъкидлади Олмония уламолари ва даъватчилари ҳайъати раиси Тоҳо Омир. Гуманитар фанлар коллежи мудири Холид Ҳанафий ўз нутқида, қорилар ўртасидаги Қуръон мусобақасининг аҳамияти ёш авлод учун ва Олмония аҳолиси учун нечоғлик муҳим эканини айтиш билан бир қаторда, мусулмонларнинг ўз Роббиларига ва Қуръонга нисбатан муҳаббатлари барча ғулув ва тарафкашликка барҳам беришнинг энг афзал йўли эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Худди шу маънода, Аҳмад Исо Миъсаровий ҳам Қуръон мусобақси ҳақида ўзининг фикрларини билдириб ўтди. Жумладан, Қуръон мусулмон жамиятининг руҳи, сулуки, одоби ва хулқи бўлишини айтиб, бу борада Қуръон мусобақаси энг яхши услуб эканига ишора қилиб ўтди.
|