Хатм Қуръон тадориги | ||||
|
Ўн икки ойнинг султони, Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратлари чексиз ёғилгувчи, соғиниб кутаётганимиз Рамазони шариф ташрифига саноқли кунлар қолмоқда. Фазилатларга тўла мазкур ойнинг кечалари Қуръони Карим хатми билан янада мунаввар бўлади. Бу йил ҳам, Аллоҳ насиб этса, юртимизнинг деярли барча жоме масжидларида Қуръони Карим хатм қилинади. Таниқли тадқиқотчи олим, ҳофизи Қуръон Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг нашрга тайёрланаётган «Хатми Қуръонга марҳабо!» китоби Хатми Қуръон маъноси, тарихига оид маълумотлар, Хатми Қуръонга руҳий тайёргарлик, унда қатнашаётган намозхонлар одоби, тингловчиларга мурожаат ва бошқа қимматли маълумотларни қамраб олган. Таровиҳ намозларига оз фурсат қолаётганлиги сабаб муаллиф изни билан ана шу китоб мавзулари бўйича веб сайтимизда қисқа парчалар бериб боришликни ният қилдик. Мақсад, албатта, буюк Каломуллоҳга муҳаббат ила сомеъ бўлишлик одоблари ҳақида маълумотлар бериб, унга руҳан тайёргарлик кўриб боришда намозхонга кўмаклашишдир. «ХАТМИ ҚУРЪОН»НИНГ МАЪНОСИ НИМА ВА У ҚАНДАЙ АМАЛ? «Хатм» тугатиш, якунлаш деган маънони билдиради. «Хатми Қуръон» деганда Қуръони Каримни бошдан-оёқ тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Бирорта сура ёки оят ташлаб кетилса, том маънода хатм ҳисобланмайди. Шунингдек, Қуръонни ўзи нозил бўлган тилда – араб тилида ўқиб чиқилгандагина, хатми Қуръон қилган ҳисобланади, таржима ё тафсирини ўқиб чиқиш, гарчи буюк ажру савобларга эга амал бўлса‑да, хатми Қуръон саналмайди. Чунки Қуръоннинг маъноси ҳам, лафзи ҳам Аллоҳ таолодан. Уни бошқа тилга ўгирилганда маъноси ифода топса ҳам, лафзи ўзгаради, бузилади ва Қуръонлиги йўқолади. Хатми Қуръон қилиш суннат амалдир. Ҳар бир мусулмон Қуръонни хатм қила олиш билимига эга бўлиши шарт. Уламоларимиз айтадиларки, мусулмон киши Қуръонни узоғи билан қирқ кунда ёки бир ойда бир марта хатм қилиши керак, хатм муддати бундан ўтиб кетса, макруҳ иш қилган бўлади, макруҳ амалнинг гуноҳи бўйнига тушади. Қуръони Каримни умуман ўқимаслик, уни беэътибор ташлаб қўйиш энг катта гуноҳлардан бўлиб, у «Қуръонни ҳажр» қилиш дейилади. Бу гуноҳдан омонда бўлиш учун Қуръонни хатм қилиб туриш керак бўлади. Аллоҳ таоло Фурқон сурасида шундай марҳамат қилади: «Яна Расул: «Эй Роббим, албатта, менинг қавмим ушбу Қуръонни ҳажр этдилар», деди» (30‑оят). «Ҳажр» бир нарсани тарк этиш, бепарво ташлаб қўйиш, юз ўгириш, яккалаш маъноларини англатади. Оятнинг зоҳирий маъносида мушрикларнинг Қуръонга қулоқ тутмай, ундан юз ўгирганлари назарда тутилган бўлса‑да, унинг мазмунини қироат имомлари кенгроқ тушунишади. Айрим уламолар бундай дейди: «Қуръонни ҳажр қилиш беш хил бўлади: 1. Уни тинглашни ва ўқишни ташлаш. 2. Унга амал қилишни ташлаш, ҳалол‑ҳаром ҳақидаги ҳукмларига эътибор бермаслик. 3. Эътиқод ва амалда уни ҳакам қилмаслик. 4. Уни тадаббур қилишга, фаҳмлашга қунт қилмаслик. 5. Қалбий ва жисмоний касалликларда ундан даво изламаслик. Ушбу ҳажр турларининг барчаси мазкур оят остига киради, гарчи уларнинг бирининг гуноҳи бошқасиникидан енгилроқ бўлса ҳам. Ҳажрнинг кейинги тўрт тури Қуръони Каримнинг маъноларини тушунишга ҳаракат қилишни ҳам тақозо этади. Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири бўлмиш «Фатовои ҳиндия» номли асарда: «Ким Қуръонни йилда бир марта хатм қилиб турса, Қуръонни ҳажр қилган бўлмайди», дейилган. «Қуръонни хатм қилиш» деганда Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Қуръонни бир четдан тўлиқ эшитиб чиққан киши ҳам хатм қилганлик савобига эга бўлса‑да, уни хатм қилди, дейилмайди. ҚУРЪОННИ ХАТМ ҚИЛИШ ҚАЧОН БОШЛАНГАН? Қуръони Каримни хатм қилиш бевосита илоҳий топшириқ асосида жорий қилинган бўлиб, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида, у Зотнинг шахсий амаллари асосида йўлга қўйилган. Ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом ҳар Рамазон ойида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан айни пайтгача нозил бўлган сураларни тўлиқ ўтказдирар эди. Имом Бухорий «Қуръон фазилатлари китоби»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қуйдагича ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У Зотнинг энг кўп сахийликлари Рамазон ойида бўлар эди, чунки Жаброил Рамазон ойида то у чиқиб кетгунича ҳар кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашар, у Зот унга Қуръонни ўтказар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у Зот билан учрашганда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар». Ҳадис таржимасида «ўтказиш» деб ўгирилган жумла араб тилида «муъаародотун» дейилади. Бу бир-бирига ўқиб бериш, ўқиб ўтказиш деганидир. Бунда икки тарафнинг бир нарсани галма-гал тўлиқ ўқиши, бири ўқиганда, иккинчиси эшитиб, кузатиб туриши тушунилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Рамазон ойида Қуръон деярли тугал бўлиб қолган эди ва шу боис Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга икки марта хатм қилдирган эди. Манбаларда буни «арзаи охир» – сўнги ўтказиш деб юритилади. Ушбу сўнгги хатмга айрим саҳобалар гувоҳ ҳам бўлишган. Имом Бухорий Фотима розияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Жаброил менга Қуръонни ҳар йили бир марта ўтказдирар эди, бу йил икки марта ўтказдирди. Буни ажалим келиб қолганидан бошқа эмас, деб ўйлайман», деб пичирладилар». Демак, Қуръонни хатм қилиш намоз, рўза, ҳаж ва бошқа диний амаллар каби бевосита илоҳий кўрсатма асосида, намунаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларида кўрсатилган ҳолда шариатда жорий қилинган амал экан. Аллоҳ таоло Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларида жамлашни ва тилларида қироат қилдиришни Ўз зиммасига олган бўлса‑да, ваҳий фариштасини юбориб, унинг Расули Акрам алайҳиссаломга ҳар Рамазонда хатм қилдириши хатми Қуръон қилишнинг аҳамияти қанчалар юксак эканини кўрсатади. Қуръони Каримни илк бор қабул қилиб олиб, уни бутун вужудига сингдира билган дастлабки мусулмон авлод – саҳобаи киромлар ушбу ҳақиқатни яхши англаб етдилар ва илоҳий намуна бўлмиш Қуръонни хатм қилиш ишини ҳам жуда гўзал тарзда амалга оширдилар. Ҳатто айримлари Қуръонни ҳар куни бир марта тўлиқ ўқишни одат қилиб олган эди. Аммо ҳар ишда мўътадилликни шиор қилиб тутган Расулимиз алайҳиссалом бу борада ҳам меъёрни ушлашни буюрдилар.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
18.05.2016
|