Муҳаммад Айюб Қори | ||||
|
Муҳаммад Айюб Қори Масжиди Набавийнинг собиқ имоми, ўзининг қўнғироқ овози, бетакрор қироатлари билан бутун Ислом оламида машҳур бўлган қори Муҳаммад ибн Муҳаммад Юсуф бугун – ҳиж. 1437 йил 9 ражаб, мил. 2016 йил 16 апрель шанба куни бомдод намозидан кейин Мадинаи Мунавварада вафот этди. Жанозаси пешиндан кейин Масжиди Набавийда ўқилиб, «Бақиъ» қабристонига дафн қилиниши оила аъзолари тарафидан маълум қилинган. Муҳаммад Айюб 1372/1952 санада Маккаи Мукаррамада таваллуд топган. Ёшлигидан Қуръонни ёдлашга уриниб, 12 ёшида ҳофизи Қуръон бўлиб етишди. Кейин Мадинага бориб, ўрта мактабни битирди ва институтда ўқиб, ҳиж. 1396 йили Ислом университетига шариат факултутетига ўқишга кирди. У магистратурани битириб, шу ерда тафсир, қироат илмларидан таълим берди. У киши Шайх Абдулазиз ибн Муҳаммад Усмон, Шайх Муҳаммад Саййид Тантовий, Муҳаммад Амин Шинқитий ва бошқа кўзга кўринган олимлардан таълим олган. Мадина қорилари шайхи Ҳасан ибн Иброҳим, Шайх Аҳмад Абдулазиз Зайёт, Шайх Халил ибн Абдурраҳмон Қори, Абдуллоҳ Муҳаммад Ғанимондан Ҳафснинг Осимдан қилган ривояти бўйича ижоза олган. Шайх Муҳаммад Айюб 1410–1417 йилларда Масжиди Набавийда имомлик қилди. У илк имом бўлиб сайланган йили Рамазонда бир ўзи хатм қилиб берди. Кейин Қубо масжидида таровеҳда хатм қилиб берадиган бўлди. 1403 йилдан «Абдуллоҳ Ҳусайний» масжидида имомлик қилиб, шу ерда 23 йил хизмат кўрсатди. У ердан кейин «Аҳмад ибн Ҳанбал» масжидида хатибликка ишга ўтди. 1436 йилнинг Рамазонида Салмон ибн Абдулазизнинг буйруғи билан Масжиди Набавийга яна имом этиб тайинланган эди. Аллоҳ Ўз раҳматига олган бўлсин. Шайх Муҳаммад Айюб бутун Ислом оламида энг машҳур қорилардан бири ҳисобланади. Малазия, Инданезия, Покистон, Туркия ва бошқа мамлакатларда араб тилидан махсус тўгаракларда дарс берар эди. Британиядаги Ислом университетитининг таклифи билан у ердаги жомеъда Рамазонда таровеҳда хатм қилиб берган. У кишининг «Подшоҳ Фаҳд матбаанашрёти»да ёзилган таровеҳдаги ва студиядаги тўлиқ хатми бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган. Муҳаммад Айюб қоридан 5 ўғил, икки қиз қолди. Барчалари Қуръон ҳофизларидан ва жамиятнинг турли соҳаларида ўқиб, хизмат қилишади. Аллоҳ у кишига ўқиган Қуръонларини ҳамроҳ ва шафоатчи қилсин, охиратларини обод айласин! Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
|